Тоғам

Ўтган якшанба куни     болалар   билан   пойтахтимиздаги   “Ғалаба боғи” га бордик. Бу ерда бўлган одам, энг аввало, тинч осмонимиз, осуда   кунларимиз, тўкин   дастурхонларимиз учун шук­рона   қилади. Шундай юртда яшаётганимиздан фахрланади.   Негаки   боғдаги барча экспонатлар,   ёвуз урушнинг оқибатлари,   ўша пайтдаги куй-қўшиқлар,   ҳарбий техника ва қурол-яроғлар, меҳнаткаш   халқимизнинг уруш   ва   уруш ортидаги заҳматларига гувоҳ   қилади гўё…  

Яқиндагина “Илҳақ” бадиий фильми орқали танишганимиз — матонатли Зулфия она   Зокирова   бутун ўзбек аёлларининг садоқати рамзи сифатида   турибди.

301 нафар қаҳрамон хотирасига экилган дарахтлар, афсонавий ўзбек генерали Собир Раҳимов ва унинг ёнида   ўзбек жангчилари бугунги тинчлигимиз нақадар буюк неъматлигини минг карра анг­латаётгандай…

Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари қаторида эса тоғам — Совет Иттифоқи Қаҳрамони Шоди Шоимовнинг ҳам борлиги жуда фахрлантиради.

Ҳар гал боққа борсам Шоди Шоимов деб ёзилган оқ мармарнинг ёнида ёки музейга кираверишдаги ўнг томонда кичкинагина белкуракчаси билан немисни   ураётган солдат павильони   ёнида узоқ қолиб кетаман.

Ёнидаги ўқ ва гранаталари тугагач қўл жангида бир пайтнинг ўзида 13 та немис солдатини енгган, деган ёзув­ни қайта-қайта   ўқийман, шу йигитча менинг тоғам, — шаҳрисабзлик қаҳрамон Шоди Шоимов бўлади.

Не тонгки,   бор   йўғи   17 ёшида   урушга кетган,   қорачадан   келган, чайир,   раҳматли   Каттаэнамнинг айтишларича   қўрқмас, жудаям қайсар “газанда” лақабли шаҳрисабзлик болани кўргим келаверади. Рўйхатларда номини кўрсам беихтиёр кўзларим ёшга тўлиб   онам раҳматлининг “Чимилдиғам кўрмадия” деб йиғлаганларини эслайвераман.

— Урушнинг нималигини тушуниб   етганмикан, она, — деб сўрасам, — ёшлигида ота-онадан етим қолди, аввал поччам, кейин опам кетма-кет ўтиб қолдилар,   рўзғор бошига   тушди, катталарга ўхшаб   рўзғор учун чопадиган   бўлди. Ўзини ҳар ёнга уриб бир бурда нон топиш илинжида ҳаммоллик қилди.   Кимнингдир ерини чопиб, кимнингдир   ўтини ўриб рўзғорга қарашиб турди.

Бир куни ҳамма тилловарларимни йиғиштириб   бир қоп буғдойга алиштириб келдим. Қопни Шоди осонгина елкасида кўтариб уйгача обкелди. Шунда ёш бўлса ҳам ишлаб елкалари пишганига гувоҳ бўлдим. Кўп ўтмай қаҳатчилик жонига теккач урушга кетаман деб туриб олди, худди у борса ҳаммаёқ тинчийдигандай “военкомат”га бориб ёздириб келди. Кўп ўтмай чақирув қоғоз келди, ҳаммага ўхшаб албатта қайтаман, деб урушга кетди.

Шоди Шоимов 1925 йили Шаҳрисабзнинг Арабон қишлоғида туғилган эди. Шу ердаги Тельман номли мактабда ўқиган.

Мактаб ҳозирам бор. Тала-тумлардан, буз-бузлардан омон ўтиб кел­япти.

Онам ҳам шу   мактабда ўқиганлар.

Қачон шу кўчадан ўтсак онам раҳматли “Ана, мани мактабим”, дердилар, шундан биламан Шоди Шоимов шу мактабда ўқиганлигини.

Минг афсуски, совуқ уруш ёшу қарини ҳечам аямаган…

Дарҳақиқат, 1937   йил Шоди Шоимовнинг отаси,   1939 йил эса   онаси оламдан ўтишади. Уйда синглиси тўрт ёшли Тиловат билан чин етим бўлиб қолишгач, икки норасидага бир муддат Худойберди тоғаси, Зухра холаси ғамхўрлик қилиб туришади. Сўнгра Зулайҳо холасининг уйига кўчиб ўтишади.

Тоғам урушга кетгач биринчи хатида “Фрунзе деган жойдаман, милтиқ отишни ўрганаяпман”, деб ёзган экан. Кейинги хатларида ҳам ҳарбий машқлари ҳақида ёзиб турган. Ўша хатлар шаҳрисабзлик журналист Шарофжон Орифийнинг қўлига берилган.Чунки Шарофжон Орифий урушдан кейин Шоди Шоимовнинг изларини излаб Могиловскийга борган. Адиб бу ҳақда 1977 йил менга совға қилган “Бир томчи қон” китобида ҳам батафсил сўз юритган.

Шундай қилиб Шоди Шоимов бош­ланғич ҳарбий тайёргарликдан ўтиб 385-ўқчи дивизиянинг 1266-ўқчи   полкида автоматчи сифатида жангга киради. Белоруссияни фашистлардан тозалаш операцияларида иштирок этади.

1944 йилнинг 27 июнида 1266-ўқчи батальони олдига Белоруссиянинг Могилёв вилояти Дашковка қишлоғи яқинида Днепр дарёсини кечиб ўтиш ва асосий кучлар етиб   келгунича уни ушлаб туриш вазифаси   қўйилган эди.

Шоди тоғам кўнгилли бўлиб   дарёнинг ўнг соҳилига   сузиб ўтиш таклифини беради. Унинг Шаҳрисабздаги Танхоз дарёсида балиқдай сузиб катта бўлганини қаердан билсин, рота командири рози бўлмайди.

— Илгари дарёда сузганмикин,   ўзи, — деб эътироз билдиради.

Аммо қайсар бола, бу вазифа ўта хавфли эканлигини билса-да, Шаров деган сафдоши билан биргаликда ўзини сувга ташлайди. Нариги қирғоққа сузиб ўтиб Дашковка қиш­лоғи яқинида Днепр дарёсини кечиб ўтиш ва асосий кучлар етиб келгунича кун бўйи уни ушлаб туришга эришади… Унинг қаҳрамонлиги билан 1266-ўқчи полки тезкорлик билан дарёнинг нариги соҳилига талафотсиз   ўтиши таъминланади. Дашковка қиш­лоғи яқинида дарё устида   портлатишга мўлжаллаб турилган кўприк омон қолади.

Ва биз юқорида тилга олган қўл жанги шу вақтда юз беради. Бу билан Шоди Шоимов минглаб дивизия жангчиларининг талафотларсиз кўп­рик устидан ўтишларига имкон яратади.

Шоди Шоимовга ўқ тегмайди, фақат курашда қаттиқ жароҳат олиб 1944 йилнинг 28 июнида вафот этади. Қиш­лоқ аҳли ҳурмат-иззат билан уни шу жойда дафн этадилар…

Вафотидан сўнг Совет иттифоқи   Қаҳрамони унвони, Ленин ордени ҳамда “Қизил юлдуз” медали билан тақдирланади.

1266-ўқчи полки командири Коновалов унвонга тавсия этар экан, шундай   сўзларни ёзади:

“1944 йил 27 июнда батальон Днепр дарёсини кечиб ўтиб,   асосий кучлар етиб келгунига қадар плац­дармни ушлаб туриш вазифасини олди. Душманнинг шиддатли ўт зарбаси остида батальон дарёга яқинлашиб кела олмади, Днепрнинг чап соҳилида ерга ётиб олди.

Ўртоқ Шоимов   кўнгиллилардан бўлиб дарёнинг ўнг қирғоғига ўтиш истагини билдирди. Ўзи билан автомат, ўқ-дорилар   олиб, ўртоқ Шаров билан биргаликда дарёга ўзини отди. Душманнинг ўқ ёғдириб туришига қарамасдан дарёнинг ўнг соҳилига етиб олишга муваффақ бўлди.   Кечиб ўтган мард жангчиларимизни сезиб қолган душман уларни йўқ қилиш ва миналаштирилган кўприкни портлатиш учун автоматчилар гуруҳини ташлади.

Ўртоқ Шоимов   мардлиги, матонати боис кун давомида душманнинг кичик гуруҳлари   ҳужумини қайтариб турди. Кун охирида қатъият билан душманнинг ўт очиш нуқталарига зарба берди. Ва душман сафида саросималикни келтириб чиқарди. Юзага келган қулай вазиятдан фойдаланиб батальон роталари қисқа муддатда дарёни кечиб ўтди. Кечиб ўтган жангчиларни Шоимов душман истеҳкомларини штурм қилишга бош­лади. Ўқ-дориси тугаб қўл жангига киришиб кетди ва 13 фашистни яксон қилди. Ва ушбу жангда қаҳрамонларча ҳалок бўлди.

Кўрсатган жасорати учун Шоди Шои­мовни Совет иттифоқи Қаҳрамони унвонига тавсия этаман”.

Ҳа, тоғам Шоди Шоимов 1945 йил 24 март куни вафотидан сўнг юксак мукофотлар билан тақдирланди.

…Турсунтош момом неварасидан кўнгли тўқ эди. Ерга урса кўкка сапчийдиган боласини одамлар “Тегирмонга тушса бутун чиқади” деб таърифлашларини биларди. Шу боис урушни тугатиб қайтади, деб қатъий ишонган эди. Кўнглини бузмади. Аммо Шодисидан қора хат келди.

Айвон тўла одам неварасининг мардлигини, ўлимга тан бермаслигини қайта-қайта айтсалар-да, ўзини ўнглолмай ётиб қолди.

Кейинчалик арабонликлар Турсуной момомни “Герой момо” деб чақиришар эди.

Инобат ОЙДИН

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five + three =