“Мабдаи нур” асари муаллифи ким?

Кутубхонам унчалик катта эмас. Бироқ менга зарур бўладиган ахборотларнинг барчаси ундан топилади. Ўқийман деса, ундаги китоблар қўшниларимга ҳам етади. Бугун яна одатдагидек унинг оламига киряпман. Китобларга кўз югуртира бошладим. Мана, манбашунос олим Абдусаттор Жуманазарнинг 2015 йилда “Академнашр” нашриётида чоп этилган “Машраб” номли китоби. У мумтоз адабиётимизнинг икки нафар забардаст вакили — оташнафас шоир Бобораҳим Машраб ва Қашқадарёнинг Касби тумани Қамаши қишлоғида ҳаёт кечирган Машраби Соний (Иккинчи Машраб) номи билан машҳур Рўзибой охунд ҳаёти ва ижоди, “Мабдаи нур” асари муаллифлигига оид муаммоларга бағишланган. Бу китобда анчагина муҳим янги маълумотлар берилган, қизиқарли жиддий фикр-мулоҳазалар билдирилган.

Адабиёт ихлосмандлари бундан қарийб ўн беш йил аввал “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафтаномасида бошланган қизғин мунозара ва баҳсларни ёддан чиқармаган бўлсалар керак. Унда Абдусаттор Жуманазарнинг “Мабдаи нур” асарининг шу кунгача дарслик ва қўлланмаларда Бобораҳим Машрабга тегишли эканлигига эътироз билдирувчи туркум мақолалари эълон қилинган эди. Муаллиф чиқишларида бирламчи манбаларга таяниб, бу мўътабар асар Ҳофиз Рўзибой охунд Машраб қаламига мансуб эканини асослаб бергани ушбу қизғин мунозараларга сабаб бўлган эди.

Албатта, Абдусаттор Жуманазарнинг бу чиқишлари кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Шу билан биргаликда машрабшунос Абдулла Жаббор, Жалолиддин Юсупов каби олимлар бунга эътироз билдиришга ҳаракат қилиб кўришди. Бу борада изланишлар олиб борган Поён Равшанов ва Олим Равшановлар ҳам мазкур баҳсда иштирок этишганди.

Муаллифнинг таъкидлашича, қарийб бир асрдан буён баҳсу мунозараларга сабаб бўлган “Мабдаи нур” масаласига илк бора рус тадқиқотчилари Н.С.Ликошин, В.Л.Вяткин, машҳур адабиётшунос ва адиб Абдурауф Фитрат, Озод Шарафиддинов, Абдуқодир Ҳайитметовлар ҳам эътибор қаратган, аллома шоир Ғафур Ғуломнинг “Икки Машраб” мақоласи бу масалага ўқувчилар оммаси қизиқишини янада кучайтирган. Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижоди билан Порсо Шамсиев, Пўлатжон Қаюмов, Абдурашид Абдуғафуров, Воҳид Абдуллаев, Исматулла Абдуллаев, Абдулла Носиров, Муҳсин Зокиров каби таниқли олимлар ҳам узоқ йиллар давомида изланишлар олиб боришган. Ғафур Ғулом, Пўлатжон Қаюмов, Абдулла Носиров ва Муҳсин Зокировлар эл орасида машҳур бўлган бу асарни Бобораҳим Машраб қаламига мансуб эмаслигини таъкидлашган. Аммо орадан йиллар ўтиб, негадир бутун умрини машрабшуносликка бағишлаган Муҳсин Зокиров ўз фикридан қайтгани ҳақида ёшлар газетасида мақола эълон қилади.

Шу орада яна Машрабнинг ижодидан намуналар жамланган китоблар бир неча бор нашр этилди. Уларда “Мабдаи нур” ва “Кимё” асарлари, бир туркум шеърлар Бобораҳим Машрабники деб бот-бот такрорланди.

Абдусаттор Жуманазар ёзади: “Аввало, Германиянинг Герда Ҳенкил жамғармаси билан Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ходимлари ҳамкорлигида қўлёзма асарлар электрон каталогини тузиш ишида “Мабдаи нур”, “Кимё” ва “Ғазалиёти эшон Машраб” каби шеърлар тўпламига дуч келиб, уларни аниқ ва батафсил тавсиф қилиш зарурияти пайдо бўлди. Иккинчидан, “Мужаддидийларнинг Бухоро хонлиги маърифий ҳаётида тутган ўрни” мавзусидаги тадқиқотда Рўзибой Машраб исмли шахс мужаддидийлар сафида чиқиб қолди”.

Хўш, Рўзибой Машраб ким бўлган? Аллома шоир Касбининг Қамаши қишлоғида тахминан 1785-1871 йилларда яшаб ўтган ва қабртоши ҳам сақланиб қолган.

Муаллиф “Дариғ” радифли таркиббанд ва “Олдимга кел” мухаммасини шоирнинг таржимаи ҳоли ҳамда “Мабдаи нур” асари ҳақида хабар берувчи илк ишончли манбалар деб ҳисоблайди. Айниқса, “Дариғ” таркиббандининг икки бандида Рўзибой Машраб ҳаётининг айрим қирралари қисқа ва лўнда баён этилганига эътибор қаратади.

 

Бор эди бир шайх, гўё ул манго мавло эди,

Исми поки Ёрмуҳаммад, соҳиби тақво эди.

Гуҳари кўзидин ниҳону илмга дарё эди,

Кони Соҳибзодадин чиққан дурру якто эди.

 

Шоирнинг биринчи устози мулла Ёрмуҳаммад исмли кўзи ожиз киши бўлган. Илмий тадқиқот ва адабиётларда бу шахс ҳақида деярли маълумотлар учрамайди. Унда Соҳибзода сўзи нимани англатади? Тарихий манбаларда бир неча шахс шу ном билан аталган. Биринчиси Миён Фазл Аҳмад, иккинчиси унинг ўғли Миён Ғулом Қодир Соҳибзодадир. Биринчиси Бухоро, иккинчиси Қўқон хонлигида фаолият олиб борган мужаддидий шайхлардир. Улардан давом этган авлодларнинг айримларига “соҳибзода” сўзи қўшиб айтилган. Амир Шоҳмурод Бухоро тахтига ўтиргач, у бош пир ўрнини эгаллайди. Миён Фазл Аҳмад жуда кўп сўфийларга устозлик қилган, шеъриятни қадрлаган ва ўзи ҳам асарлар ёзган. Мулла Ёрмуҳаммад худди шу устозидан тариқат илмини ўрганади ва устозининг кўрсатмаси билан Қаршида фаолият олиб боради. Рўзибой Машраб дастлаб шу кишидан 1790-1800 йилларда тариқат сабоғи олган бўлса, 1800-1801 йилларда Қаршига унинг иккинчи устози Абдураҳмон ан-Насафий кўчиб келади. Рўзибой Машраб ундан тариқат илмини ўрганган пайтларда 30-35 ёшларда бўлган.

Муаллиф яна ёзади: “Асар Бобораҳим Машрабга тегишли дейишимиз учун унда Наманган, Андижон, Марғилон, Ўш, Кошғар, Ғўлжа, Хўтан, Бадахшон каби юртлар ва у ерларда яшаб ўтган азиз-авлиёлар оламини кўришимиз лозим эди. Лекин улар учрамади. Аммо асарда Насафнинг Патрон қишлоғида Хожа Шарафиддин ва Касби, Фазли томонда яшаган Хожа Шариф исмли тарихий шахслар номи зикр этилган. Шунингдек, Хожа Размоз номли зиёратгоҳ эса Ғузордан 14 чақирим узоқликда жойлашган”.

Бундан ташқари, “Мабдаи нур” асарида учрайдиган шевага оид сўзларнинг Қарши, Ғузор, Шаҳрисабз, Китоб шаҳарларида яшовчи аҳолининг тилига яқинлигига эътибор қаратган.

Шунингдек, ҳажми 18 варақли, №12318/8-рақамли “Рисолои мансубаи девони Машраб” номли янги топилган қўлёзмада унинг тугатган санаси солиштирилганда Рўзибой Машрабга тўғри келишини аниқлаш билан бирга ўқувчига: “Бобораҳим Машраб ХIХ асрда нима қилиб юрибди?” деган саволни беради.

Муаллиф Рўзибой охунд қаламига мансуб бўлган Шарқшунослик институти хазинасида сақланаётган қўлёзмалар рўйхати ва шоирнинг “Иккинчи Машраб” номи билан “Туркистон вилоятининг газети”нинг 1902 йил 1 февраль сонида босилган сўзбоши билан эълон қилинган “Дариғ” таркиббандини излаб топгани таҳсинга лойиқдир.

Китоб: “Кичкина бир тавсиф тарихи якунига етди. Кўриб чиқилган матнлар ҳамда улардаги маълумотларга асосланиб тузилаётган электрон каталог тавсифидаги биргина “Муаллиф: …” бандига “Ҳофиз Рўзибой Машраб” деб ёзишга мажбур бўлдим”, сатрлари билан якунланади.

Асар охирида муаллиф фойдаланган 200 дан ортиқ манба, илмий адабиёт ва тадқиқотлар, луғат ва каталоглар рўйхати илова қилинган.

Хуллас, китобни мутолаа қилган ўқувчи мумтоз адабиётимизда жўшқин шеърияти билан ўчмас из қолдирган Бобораҳим Машраб ижоди, у яшаган давр, устозлари ҳақида тўлиқ маълумот олиш билан бирга улуғ шоир қаламига мансуб деб келинган “Мабдаи нур”, “Кимё” каби асарларнинг уники бўлмаганини, “Машраби Соний” номини олган яна бир улкан шоир — Рўзибой Машраб ҳам борлигини билиб олади.

Шу ўринда яна бир мушоҳада: ҳануз мактаб ва олий ўқув юртлари ўқувчилари ва талабалари учун минглаб нусхада чоп қилинаётган адабиёт дарсликларида юқорида номи зикр этилаётган асарларнинг муаллифи Бобораҳим Машраб деб кўрсатилаётгани ажабланарлидир. Абдусаттор Жуманазар мазкур соҳага олиб кирган янгиликлардан юртимиз мактабларидаги барча адабиёт муаллимлари хабардорми? Нега бугун бу маълумотларга деярли эътибор қаратилмаяпти? Дарсликларда ҳамон эски ҳаммом, эски тоғора!

Ҳозир Абдусаттор Жуманазарнинг кишини ўзига тортувчи оппоқ жилдли “Машраб” китобини варақлаб, шу каби фикрлар яна кўнглимдан кеча бошлади. Бу айтганларимни илгари ҳам вараққа туширгандим. Яқинда “Жадид” газетасида (2026 йил 24 апрель) педагогика фанлари доктори, машрабшунос Мўмин Ҳошимхонов ва Иқбол Мирзаалиевнинг “Ҳар кимки Машрабга етибдур…” номли суҳбатини ўқигандим. Унда: “Машраб туғилиб ўсган она шаҳри Намангандан чиқиб, жуда кўплаб шаҳар ва мамлакатларга, Яқин Шарқ давлатларига, Европа, Осиё, Африка қитъаларигача саёҳатда бўлади. Шеъриятидан кўплаб мамлакатлар халқларини баҳраманд этди”, каби сатрлар ҳам бор. Бу маълумотлар илгаридан кўп-кўп такрорланади. Бироқ уларнинг ҳақиқатан ҳам бўлганини ҳеч бир тадқиқотчи ҳозиргача бирламчи манбалар асосида ишончли илмий далиллар билан кўрсатиб бермаган. Шахсан мен Бобораҳим Машрабнинг Африка ва Европада бўлганини сира кўз олдимга келтира олмаяпман. Тадқиқотчи жаноблар, бундай ахборотларни ўқувчиларга тақдим этаётганда, илтимос, ёнида тўлиқ бирламчи ёзма манбалар матнлари билан бирга беринг! Ҳеч бир шубҳага ўрин қолдирманг.

Шу сатрларни эндигина ёзиб тугатганимда, ижодкор дўстлардан бири “Маънавий ҳаёт” журналининг янги сонини (2026 йил, №1) юборди. Қарасам, унда Абдусаттор Жуманазарнинг “Машраб мозаикаси” номли мақоласи чоп қилинибди. Бирдан ўқишга киришиб кетдим…

Мақола ўқувчининг Бобораҳим Машраб ҳақидаги тасаввурларини бутунлай ўзгартириб юборади. Мақола энг қизғин жойига келганда бирдан тўхтатилган. Хайрият, муаллиф унинг давоми борлигини айтиб, ўқувчи кўнглига бироз таскин беради.

Демак, “Мабдаи нур” ва “Кимё” асарларининг ҳақиқий муаллифи ҳақида ўйлаётганларим беҳуда эмас экан. “Машраб мозаикаси”га доир фикрларимизни биз ҳам кейинги мақолага қолдирамиз. Назаримизда, суюкли ва дарвеш шоир Бобораҳим Машраб ҳаёти ва ижодини ўрганишда бир ўзгача янги давр бошланаётир. Уни энди тўхтатиб бўлмайди… Барибир, сизга шу саволни қолдираман: “Мабдаи нур” асари кимники?

Ўролбой ҚОБИЛ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + six =