Музейларга эътибор

Сўнгги йилларда музейларга катта эътибор қаратилмоқда, янги музейлар сони ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан музейлар ва музей ходимларига эътибор, эътироф кучайган.

Яқинда Хива шаҳрида музей раҳбарлари ва ходимлари учун “Замонавий музейлар ва рақамли фондлар: инновацион бошқарув стратегиялари” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди. Тадбирда 100 дан зиёд музей ходимлари иштирок этди. Семинар-тренингда бугунги кунда музейлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳолини музейларга кенг жалб қилиш, сунъий интеллектдан музей соҳасида оқилона фойдаланиш масалалари ҳақида фикр алмашилди. Сабаби, бугунги кунда аҳолининг кўп қисмини ташкил этувчи ёшларни музейларга жалб қилиш оғриқли муаммоларимиздан бири бўлиб қолмоқда, шу масалалар биргаликда кўриб чиқилди.

Семинар-тренингни Маданий мерос агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Элмурод Нажимов, Хива шаҳар ҳокими Темур Давлатов очиб берди.

Тадбир давомида музей соҳасида неча йиллардан буён ишлаб келаётган соҳа мутахассислари музей фаолиятини тарғиб қилишда PR-технологияларнинг ўрни, музей ашёларини қайд этиш ва илмий рўйхатга олишда сунъий интеллект интеграцияси ва яна бир неча мавзуда маърузалар қилишди. Бу семинар-тренинг ёш музей ходимлари учун янги билим ва малака бўлиб хизмат қилди. Барча қатнашчилар савол-жавоб орқали ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Тадбир давомида йиллар давомида жонкуярлик билан ишлаб келаётган музей ходимларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу рағбатлантириш уларнинг ўз ишларига меҳрини оширади, келгусида музей соҳасида янгилик қилишларида кўмакчи бўлиб хизмат қилади.

24 май куни музей ходимлари учун Ичанқалъа бўйлаб саёҳат ташкил этилди. Очиқ осмон остида жойлашган бу музей йиллар давомида чет эллик меҳмонларни ҳам ўзига жалб қилиб турибди. Бундай экскурсиялар ходимларнинг малакасини ошириш, музей соҳасида янгиликларни ўрганишда ёрдам беради.

Ичанқалъа — Ўзбекистоннинг энг қадимий ва сирли тарихий масканларидан биридир. У Хива шаҳрининг ички қалъаси ҳисобланади. Қалин деворлар билан ўралган бу ҳудуд қадим замонлардан буён бутун бошли тарихий шаҳар сифатида сақланиб келмоқда. Шу сабаб Ичанқалъа кўпинча “очиқ осмон остидаги музей” деб аталади.

Ичанқалъа ҳудудида ўнлаб мадраса, масжид, минора ва саройлар мавжуд. Уларнинг ҳар бири ўзига хос меъморчилик услуби ва тарихига эга. Айниқса, Калтаминор минораси ўзининг мовий кошинлари билан сайёҳларни ҳайратга солади. Бу минора жуда баланд қилиб қурилиши режалаштирилган, аммо қурилиши тугалланмай қолганлиги сабаб “Калтаминор” деб ном олган.

Қалъанинг энг машҳур жойларидан яна бири Кўҳна Арк саройидир. Бу ер қадимда ҳукмдорлар яшайдиган ва давлат ишлари олиб бориладиган марказ бўлган. Шунингдек, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси ҳам муқаддас зиёратгоҳлардан бири ҳисобланади. 1990 йилда ЮНЕСКО Ичанқалъани Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритган. Бу эса унинг нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё маданий мероси учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади.

Ичанқалъада сайр қилиш жараёнида ўзимизни гўё бир неча аср олдинги Шарқ шаҳрига тушиб қолгандек ҳис қилдик. Қадимий кўчалар, лой деворлар ва мовий кошинлар тарих нафаси билан уйғунлашиб, инсон қалбида унутилмас таассурот қолдиради.

Ҳа, музейлар — ўтмишдан, миллий ўзлигимиздан сўзлайдиган муҳташам масканлардир.

Гулнора РАЖАБОВА,

Сергей Бородин уй-музейи

директори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + 10 =