Ватан, миллат, муҳаббат
Ғайрат МАЖИД
Маним кўзим, қароғим,
Мангу яшил япроғим,
Миллион йиллик сабоғим,
Ватан, миллат, муҳаббат.
Тўқсон икки бовли эл,
Ҳам ёрли, ҳам ёвли эл,
Ёвқур, жасур, довли эл,
Ватан, миллат, муҳаббат.
Ичимда дард, армон бор,
Довул бордир, бўрон бор,
Туркистон бор, Турон бор,
Ватан, миллат, муҳаббат.
Сўнмас шиддат, сурондир,
Енгилмас куч иймондир,
Амир Соҳибқирондир,
Ватан, миллат, муҳаббат.
Озод бўлгин, қул бўлма,
Қовжираган гул бўлма,
Боши хам қиз, ул бўлма,
Ватан, миллат, муҳаббат.
Ҳеч қуламас устунлар,
Якдил бўлса будунлар,
Бўлинмайди бутунлар,
Ватан, миллат, муҳаббат.
Маҳшаргача сўзим шу,
Ойдай ёруғ юзим шу,
Маним борим, ўзим шу,
Ватан, миллат, муҳаббат.
Орим, шаъним, шонимсан,
Бобомерос қонимсан,
Ўзбекистон, жонимсан,
Ватан, миллат, муҳаббат.
