Денов адабий муҳити

Қўқон адабий муҳитидан фарқли ўлароқ, Денов адабий муҳити ХХ аср охири ва ХХI аср бошларида шаклланди. Фикримизнинг исботи сифатида таниқли адабиётшунос олим, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Денов тумани Маънавият ва маърифат тарғибот бўлими раҳбари Тоштемир Турдиев тўплаб, нашрга тайёрлаган “Денов тафаккур чароғлари” (Тошкент, “Университет”, 2010) номли китобни кўрсатиш мумкин. Кейинги бир ярим минг йил давомида битилган манбалардан намуналар жамланган қўлингиздаги ушбу асар аллақачон китобхонлар мулкига айланди.

“Денов тафаккур чароғлари” анъанасининг давоми сифатида кейинчалик “Чағониён тараннуми” (Тошкент, “Мусиқа” нашриёти, 2015) китоби чоп этилди. Унда Денов ҳамда Сурхондарёнинг бошқа туманларидаги эътирофга лойиқ бир қатор ижодкорлар асарларидан намуналар жамланган. Бундан ташқари, турли касб-ҳунар эгалари бўлмиш элликдан ортиқ маҳаллий ижодкорларнинг фотосуратлари Денов тумани ҳокимлигидаги Т.Турдиевнинг хизмат хонасини бетакрор ва тенги топилмайдиган “музей”га айлантирган. Хонанинг бир бурчагида эндигина босмахонадан келтирилган кимларнингдир китоблари уюми, стол устида эса кундалик газета ва журналлар тахлами туради.

Т.Турдиевнинг икки қўли доим кўксида, меҳмонларга нисбатан: “Хуш келибсиз, буюгим, хизматдамиз!” дейди. Бошқа бир мансабдорнинг қабулидаги муҳитга қарама-қарши ўлароқ, бундай меҳрибон ижодкор қаршисида, айниқса, ёшларнинг юзидан табассум аримайди, тилидан бол томади: “Устоз, устозжон!” Ҳа, биз билган Денов адабий муҳитининг маркази — шундай фусункор, мафтункор ва оҳанрабо жойдир.

Денов — Чағониённинг энг қадимги манзилларидан бири. Биз қаламга олаётган адабий муҳитнинг ўқ илдизи Чағониён тарихига ва ўша заминга бориб тақалиши — бор гап. Қадимги Чағониён ҳудуди эса ҳозирги Сурхондарёнинг Бойсун, Қизириқ, Қумқўрғон, Олтинсой, Шўрчи, Денов, Сариосиё, Узун туманлари ҳамда Тожикистон Республикасининг жанубий-ғарбий қисмларидан иборат бўлган. Ёзма тарихий манбалар ва тошбитиклар Абу Бакр ас-Сағоний, Аҳмад ибн Муҳаммад ас-Сағоний, Абу Ҳамид Устурлобий ас-Сағоний, Абу Али Ҳусайн ибн Аҳмад Салломий, Абул Қосим Али ибн Муҳаммад Искофий, Тоҳарий, Маъруфий, Абу Мансур Муҳаммад ибн Аҳмад Дақиқий каби таниқли сиймолар Чағониёнда яшаб ўтганлигидан хабар беради.

Тўрт минг йиллик Эрон ва Турон тарихини, энг қадимги афсона, ривоят, қисса ва юздан ортиқ достонларни, элликта подшолик ҳамда тўртта сулола давридаги воқеаларни кўкларга кўтарган, олтмиш минг байтдан иборат “Шоҳнома” сингари асарнинг муаллифи Абулқосим Фирдавсий умрининг ўттиз уч йили давомида ёзган ушбу асарнинг дастлабки минг байти аслида Аҳмад Дақиқийники эканини эътироф этган. Бу шунчаки оддий мақтов эмас, балки тарихий ҳақиқатдир.

Тошкент тарихидан маълум ва машҳур бўлган алломалардан бири Хожа Убайдуллоҳ Аҳрордир. У Хожа Маҳмуднинг ўғлидир. Хожа Убайдуллоҳнинг бобоси бўлмиш Хожа Хованд Таҳурнинг отаси эса Шайх Умар Боғистонийдир. У ўғли Хожа Хованд Таҳурга шундай насиҳат қилган экан: “Болам, мулла бўлма, сўфи бўлма, шайх бўлма, мусулмон бўлгин!”

Хожа Убайдуллоҳни “Мусулмон ким?” деган сўроқнинг жавоби қизиқтириб қолади. Самарқанд, Бухоро ва Ҳирот уламою фузалоларидан бу сўроғига жўяли жавоб топа олмайди. Ниҳоят, ҳалиги саволга жавобни у Чағониён заминидан, жумладан, деновлик Яъқуб Чархий ибн Усмон ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад Ғазнавийдан (1363-1447) топади. Алломанинг жавоби шундай эди: “Фуқаро манфаатлари учун яшамоқ — мусулмон бўлмоқдир”. Ушбу илмий хулосаси билан Мавлоно Яъқуб Чархийни Ғарбий Европа ва АҚШдан қарийб уч аср илгари “Касаба уюшмалари” ғоясига асос солган арбоб дейиш ўринлидир.

Айни дамда биз учун Сўфи Оллоёр (1644, Каттақўрғон беклиги, Минглар қишлоғи — 1724, Денов) ҳазратларининг сиймоси муҳим. Чунки Денов адабий муҳити шаклланишида у зоти шарифнинг ҳам ижобий таъсири катта бўлган. Деновлик ижодкорлардан қайси бири Сўфи Оллоёр шахсияти билан боғлиқ ривоятлар туғёни туфайли шеър, илмий мақола, қисса ёки достон ёзмаган дейсиз?

Айни пайтда камина ҳам “Гоургон” достонини ёздим. Достон ўн уч қисмдан иборат. Унинг мазмун-моҳиятига ҳам форсий, ҳам туркий тилда қалам тебратган Сўфи Оллоёрнинг илонларга нисбатан: “Тоши юмшоқдир, ичи заҳар”, — деган хулосасини сингдириб юбордим.

 

Тепа эмас, ларзон вужудим,

Тупроқ мисол сукутга толган.

Қай бир одам тили учида

Илон заҳри ўрнашиб қолган.

Илон заҳри зангга ўхшамас,

Бировларнинг қонига кўчган.

Бировларнинг жуссаси катта,

Юрагидан оқибат ўчган…

Бировларнинг замини заҳар,

Осмонидан заҳар ёғади.

Эрта-ю кеч бемор онаси

Сигиридан оғу соғади.

 

“Ёзиш, — деган эди бобомиз Абу Райҳон Беруний бундан минг йиллар бурун, — хабар турларидан бири бўлиб, уни бошқа турлардан кўра шарафлироқ санаш мумкин; қаламнинг абадий излари бўлмаганда, халқларнинг хабарларини қайдан билар эдик?” Бу фикр осмондаги ҳилолдек ҳақиқатдир.

Албатта, Денов адабий муҳити шаклланишида халқ оғзаки ижодининг ўрнини ҳам рад қилиб бўлмайди. Халқ оғзаки ижоди неча-неча асрлар оша қайнаб ётган минг кўзли булоққа ўхшаб кетади. Бундай бетакрор халқ булоқларининг сони минг-мингтадир. Улардан бири — бир ярим минг йилдан буён қовун пишиғини кўрган “Алпомиш” достони ҳисобланади. Бу достоннинг бошқача ишланган вариантлари ҳам оз эмас. Хусусан, унинг сурхондарёча вариантини Т.Турдиев халқ бахшиси Хушбоқ Мардонақул ўғлидан ёзиб олди. Уни кўп нусхада қайта-қайта чоп эттирди ва китобхонлар мулкига айлантирди.

Т.Турдиев шоира Раъно Узоқова ижодини миридан сиригача бенуқсон ўрганди. Унинг вақтли матбуотда эълон қилинган шеърларини архив материаллари орасидан излаб тўплади, нашрга тайёрлади ва китоб ҳолида ўқувчилар ҳукмига ҳавола этди. Ниҳоят, Тоштемир Турдиев “Субҳидам қалдирғочи” китобини Раъно Узоқова ижоди ва умр йўлига бағишлади.

Ҳозир Деновда Раъно Узоқованинг издошлари бисёр. Улардан Гуландом Тоғаева (2-даражали “Соғлом авлод учун” ордени, “Шуҳрат” медали сингари давлат мукофотлари соҳибаси), Дилрабо Норқулова (2002 йилги Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори), Шаҳноза Турсунова (2005 йилда адабиёт йўналиши бўйича Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори бўлган), Фарида Тошпўлатова (2011 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига лойиқ топилган). Худди юқоридагилар каби Феруза Қурбонова билан Рухшонабону Абдураззоқова ҳам Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларидир. Шундай юксак мукофотларга даъвогар деновлик ижодкор қизлар сафининг охири кўринмайди.

Туманда Денов адабий муҳитига бош-қош бўлган, ортиқча мақтовларга номуҳтож бешта Ўзбекистон Қаҳрамони етишиб чиққан. Тоштемир Турдиев ақлий, жисмоний ва малакали меҳнатда уларга намунадир:

Эй халойиқ, Денов огоҳ,

Қуёш гувоҳ, фурсат ўқ.

Тоштемирнинг мўлжали кўп,

Кексаришга вақти йўқ!

Борлиқ гувоҳ — чумолида  ором бор, аммо Тоштемир Турдиевда тиним йўқ. Ўтган куни у академик Назар Тўраев уй-музейини ташкил этилишига бош-қош бўлди. Куни кеча эса Ҳазарбоғдаги 27-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 100 йиллигини нишонлашда ташаббус кўрсатди ва “Шуҳрат топган мактабнинг шарафли йўли” (“Surxon-nashr”, 2025) китобини ёзди.

Китобдан ўқиймиз: “…мактабни 1953 йилда тамомлаган Тошпўлат Темиров Самарқанд давлат университетининг математика фани ўқитувчиси бўлиб етишди… Ўқув масканини 1965 йили тамомлаган Виталий Касабринов Сибирь Фанлар академияси академигидир. Алик Кисатаев эса Санкт-Петербург Атом энергияси назорати бўлим бошлиғи. 1978 йили мактабни тамомлаган Дилбар Аҳмедова Бухоро вилояти хотин-қизлар қўмитасининг раиси…” Китобда номлари қайд қилинган ва қайд қилинмаган, ҳавас қилса арзийдиган мактабнинг собиқ ўқувчилари — Денов фарзандлари, Денов адабий муҳитига алоқадор давлат ва илм-фан арбобларидир.

Бугунга қадар Денов адабий муҳити таъсири сабабли Ҳамид Бадалов (1928-1995), Менгзиё Сафаров (1938-1994), Аббос Малик (1938-2008), Чори Ёқубов (1940-2003) каби ўнлаб таниқли истеъдодлар етишиб чиқди. Улардан ҳар бири ўзбек миллий адабиёти ва Денов адабий муҳити тарихида тенги йўқ, бетакрор сиймолардир.

Энг муҳими, бугунги Денов адабий муҳити ҳам ўз ўрнига эга. Бугун Деновда яшаб самарали ижод қилаётган таниқли ёзувчи ва шоирлардан Чоршанби Деҳнавий, Ҳуррам Райимов, Очил Арслон, Насрулло, Холбиби Эргашева сингари етук иқтидоларни бутун мамлакатимизда яхши билишади. Улар билан бир қаторда Сарвар Тўраев, Феруза Тўраева, Шуҳрат Азизов сингари ёш ижодкорларни алоҳида таъкидлаш мумкин.

Хушбоқ РАҲИМ,

фалсафа фанлари номзоди,

“Дўстлик” ордени соҳиби.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 2 =