“Ангела Меркель – мамлакатни тизимли фикрлаб бошқарган мутахассис”

(профессор асқар артиков билан суҳбат)

Педагоглик касбим ва ўрганган асосий хорижий тили олмон забони ҳамда Германия мамлакатшунослиги бўйича олиб борадиган дарсларим, матбуотда эълон қилган суҳбатларим туфайли кўплаб маслакдош ва фикрдош ҳамюртлар орттирганман. Қолаверса, Германияда чоп этиладиган “AVICENNA” номли илмий-оммабоп журнал бош муҳаррири сифатида кўплаб ўзбек олимларининг мақолалари орқали олмон олимларининг эътиборини ўзига жалб қилган ҳамюртларим билан яқин мулоқотда бўламан. Шуларнинг ичида техника фанлари доктори, Тошкент кимё-технология институти профессори Асқар Артиков билан ушбу суҳбатни уюштирдик.

Мақсад Германия федерал республикаси Президенти Франк-Валтер Штайнмайернинг мамлакатимизга режалаштирилган навбатдаги ташрифи арафасида профессор Асқар Артиковнинг шу давлатнинг собиқ ҳукумат раҳбари Ангела Меркель хонимнинг бошқарув услуби таҳлилига бағишланган фикр-мулоҳазалари хусусида газетхонлар билан фикр алмашмоқчимиз.

Профессор Асқар Артиков ўзбек олимларига ўзининг кенг қамровли фикр ва мушоҳадалари акс этган кўплаб илмий ва илмий-оммабоп нашрлари билан таниш. Унинг “Системное мышление в процессе создания и управления инженерными технологиями” (2023) ўқув қўлланмаси, “Моделлаштириш ва лойиҳалаш тизимлари” (2024), “Тизимли фикрлаш. Моделлаштириш” (2025) дарсликлари, “Тизимли таҳлилга кириш” каби илмий ва дидактик адабиётлари кўпчилик мутахассисларга маълум.

— Асқар ака, биласизки, Ангела Меркель хоним собиқ СССР назоратида бўлган ГДРда таваллуд топган. Сизнингча, нега айнан шу ГДРлик физик олим XXI аср Европасининг энг кучли, етук раҳбари бўлиб чиқди?

— Маълумки, ўн олти йил мобайнида учта глобал инқирознинг гувоҳи бўлган, бюджетда битта “қора ноль” ва жон бошига ЯИМнинг деярли икки баравар ўсишига эришган Ангела Меркель 2021 йил декабрида катта сиёсатдан кетди. Ўшандан бери у ҳақида юзлаб мақолалар ва қалин мемуарлар ёзилди. Лекин деярли ҳеч ким асосий нарсани айтмади: у сиёсатчи каби эмас, балки муҳандис каби фикрлар эди.

Ўзбекистонда бундай тафаккур методини ишлаб чиққан — профессор Асқар Артиков (ТКТИ, № 000300 ва IAP 20250427 интеллектуал мулк гувоҳномалари муаллифи). Агар унинг услубини Меркель давридаги Германияга қўлласак, ҳайратланарли манзара очилади: мамлакат яхши мойланган механизм каби ишлаган, ҳар бир винт ўз ўрнини топган.

— Асқар ака, 2005 йил Европа ҳаётида қандай из қолдирган эди?

— Меркель канцлер бўлганда, Германияни “Европанинг касал одами” деб аташарди. Чунки 15 йил аввал Шарқ ва Ғарбнинг бирлашуви бюджетни қуритган эди. Ишсизлик 11 фоизга етган (ҳозир — 3,6 фоиз), кўплаб заводлар ишламасди. Ёшлар кетиб қоларди. Оддий сиёсатчи бундай вазиятда бақириб бошларди: “Ўсиш берайлик! Пул чоп этайлик! Қурайлик!”. Меркель бақирмади. У тизимни даражалар бўйича таҳлил қилишга киришди.

— Меркель бошқарувида амалга оширилган ишларни сиз оддий алгоритмда олти қадам деб белгилабсиз. Бу қандай қадамлар эди?

Биринчи қадам: объектга бир вақтнинг ўзида уч нарса сифатида қараш.

Ҳар қандай тизим — бу материя+жараён+энергия.

Германия учун:

материя — заводлар, йўллар, одамлар, шунингдек, болалар боғчалари, мактаблар ва илмий институтлар.

жараён — ишлаб чиқариш, экспорт, миграция, таълим.

энергия — бюджет, қонунлар, фуқароларнинг ишончи.

Меркель ҳеч қачон фақат битта нарсага берилмасди. Бошқа канцлерлар йўл қуриш (материя) ёки ватанпарварлик ҳақида бақириш (энергия) билан машғул бўлганда, у учала расмни бир вақтнинг ўзида сақларди.

Иккинчи қадам: иерархик поғоналарга ажратиш ва улар ичида квазиобъектларни кўриш.

Менинг назаримда, юқори иерархик поғонадан пастки иерархик поғонага сакраб ўтиб бўлмайди. Аниқ нарвон бўлиши керак. Меркель бу нарвонни қуйидагича кўрарди:

1-иерархик поғона — Евроиттифоқ ичидаги Германия, унинг квазиобъектлари;

2-иерархик поғона — 16 федерал ер (ҳар бирининг ўз бюджети), унинг квазиобъектлари;

3-иерархик поғона — тармоқлар ва оилавий бизнес (Mittelstand), унинг квазиобъектлари;

4-иерархик поғона — алоҳида корхоналар, заводлар (“Volkswagen”, “Siemens”), унинг квазиобъектлари;

5-иерархик поғона — кадрларни, инсон капиталини тайёрловчи “материя” — яъни болалар боғчалари, мактаблар, коллежлар, университетлар ва илмий, маънавий, диний ва бошқа ташкилотлар, унинг квазиобъектлари;

6-иерархик поғона — чақалоқдан бошлаб етук мутахассисгача, кадргача етиб борадиган ва умуман, меҳнат қилаётган инсон.

Учинчи қадам: ҳар бир иерархик поғона ва унинг квазиобъектлари учун — ўз “кириш” ва “чиқиш” параметрлари бор. Меркель ҳар бир даража бўйича ҳисобот берилишини талаб қилган.

Жумладан, 6-иерархик поғона учун чиқиш параметрлари: энг кучли билағон ёш авлод, асосий нуқта — инсон манфаати.

— Сизнинг методингизда инсон капиталини тайёрловчи “материя” — яъни болалар боғчалари, мактаблар, коллежлар, университетлар ва илмий институтлар алоҳида ўрин тутади. Меркель бу масалада қандай йўл тутган?

— Бу жуда муҳим савол. Иерархик поғонада 5-жойда. Меркель физик олим сифатида, болалар боғчаси ҳам завод каби мамлакат материалининг бир элементи эканини тушунган. Фақат завод деталлар ишлаб чиқаради, болалар боғчаси эса келажакда шу заводда ишлайдиган инсонни тайёрлайди. Шунинг учун унинг даврида Германияда таълим ва фан инфратузилмасига тегишли ҳеч қандай объект тежамкорлик сабабли ёпилмади.

Келинг, бу материянинг кўламини тасаввур қилайлик. Меркель канцлер бўлган 2005 йилдан бошлаб 2021 йилга келиб, Германияда қуйидаги тизим фаолият кўрсатарди (бу ерда рақамлар ўзгачароқ гапиради):

Мактабгача таълим: 55 000 га яқин болалар боғчаси, улар 3-6 ёшли болаларнинг 95 фоизини қамраб, мактабга тайёрлигини таъминлаган.

Бошланғич мактаблар: 16 000 мактабда 100 фоиз болалар ўқиш, ёзиш ва ҳисоблашни ўзлаштирган.

Ўрта мактаблар: 6 000 “Hauptschule” (касб-ҳунарга тайёрлов, ўқувчиларнинг 20 фоизи), 5 000 “Realschule” (ўрта техник таълимга тайёрлов, 40 фоиз) ва 3200 гимназия (университетга тайёрлов, 35 фоиз) орқали ўқувчиларнинг тақрибан 95 фоизи аниқ траектория бўйича йўналтирилган. Ўқитувчи ойлиги ўртача ойликдан 1,9 маротаба кўп даражада.

Касб-ҳунар таълими: 2 500 касб-ҳунар билим юрти ва 430 000 корхона иштирокидаги дуал тизим ҳар йили 500 000 дан зиёд сертификатланган мутахассис тайёрлаган.

Олий таълим: 120 та классик университетда 1,8 млн талаба таҳсил олиб, йилига 40 000 нафар фан доктори (Dr) тайёрланган. Шунингдек, 250 та амалий фанлар университети (“Fachhochschule”)да 100 000 дан ортиқ амалиётчи инженер-ишлаб чиқарувчилари битирган.

Илмий тадқиқот институтлари: 86 та “Max-Planck” (фундаментал фан), 75 та “Fraunhofer” (амалий тадқиқотлар, ҳар бир евро давлат маблағи 6-8 евро иқтисодий фойда келтирган), 19 та “Helmholtz” (йирик қурилмалар: тезлаштиргичлар, телескоплар) ва 96 та “Leibniz” (фанлараро) институтлари. Уларнинг умумий бюджети миллиардлаб еврони ташкил этган.

Технологик парклар: 50 га яқин технопарк (масалан, Берлиндаги “Adlershof” — 1200 компания, 25 000 иш ўрни) трансфер технологиялар ва стартапларни инкубация қилган.

Меркель бу материяни эътибордан четда қолдирмади, у чиндан ҳам инженерча фикрларди: агар сиз 10-15 йилдан кейин заводларда ишлайдиган малакали кадрларга эга бўлмоқчи бўлсангиз, бутун болалар боғчаси, мактаб ва илмий институтлар тизимини ишлатишингиз керак. Бу ерда “кириш” — давлат ва халқ маблағи ва стандартлар, “чиқиш” — миллий иқтисодиётни ҳаракатга келтирадиган инноватор ва мутахассислардир.

У болалар боғчасидан тортиб, илмий институтларгача бўлган бутун таълим занжирини мамлакатнинг “невидимой материяси” — яъни кўзга кўринмас, лекин ҳал қилувчи материяси сифатида қаради. Чунки айнан шу материя касб-ҳунар мактаби, университет ёки технологик парк орқали иқтисодиётга ҳаракат берувчи “инсон капитали”ни ишлаб чиқаради. Буни тушунмаган ҳар қандай индустриал лойиҳа ўн йил ичида қуриб қолади.

2012 йилдан 2019 йилгача Германия янги қарзларсиз яшади. Даромадлар харажатлардан ошди. 2018 йилда профицит ЯИМнинг 1,9 фоизига етди. Бу Европанинг энг йирик иқтисодиёти учун деярли фантастика.

Тўртинчи қадам: пастдан юқорига моделлаштириш, юқоридан пастга эмас!

Кўпчилик сиёсатчилар аввал баландпарвоз қарор чиқаради (1-иерархик поғона), кейин уни жойларга “тушириш”га уринади. Меркель тескарисини қилган. Мисол — Фукусимадан кейин атом энергиясидан воз кечиш (2011).

У “ҳаммасини ёпамиз!” демади. У паст поғонадан юқорига қараб фикрлади: энг аввал реактор ичида нима бўляпти, қандай янги тикланувчи энергия ва бошқа ишланмалар бор, электр нархига, ишлаб чиқариш саноатига қандай таъсир қилади, АЭС турган ерлар, Франция (у ерда 70 фоиз атом энергияси) билан муносабатларни кўздан кечирди. Ва фақат шундан кейин 2022 йилгача босқичма-босқич ёпишни эълон қилди. График сақланди. Тизим қуламади. Қайта тикланувчи энергия улуши 18 фоиздан (2005) 52 фоизгача (2023) ўсди.

Бешинчи қадам: ҳамма нарсани комплекс моделга йиғиш.

Меркелнинг тўртта асосий кўрсаткичи бор эди, у ҳеч қачон уларни кўздан оғдирмасди. 2005 йилга нисбатан 2021 йилга келиб:

жон бошига ЯИМ (ХС) 32 314 доллардан 62 531 долларга ўсди;

ишсизлик 11 фоиздан 3,6 фоизга тушди;

бюджет дефицити — 3,3 фоиздан 2010-йилларда ўртача плюс 0,9 фоизга кўтарилди (профицит);

“яшил” энергия улуши 18 фоиздан 45 фоизга етди.

Одатда, бу нарсалар бир-бирига зид келади. Иқтисодий ўсиш қарзларни орттиради. Экология саноатга зарба беради. Меркель: агар тизим тўғри созланган бўлса, ҳаммасини бир вақтнинг ўзида бажариш мумкинлигини исботлади.

Олтинчи қадам: бузиб ташламасдан оптималлаштириш.

Менинг назаримда, оптималлаштириш — бу “бирорта нарсани имкон қадар кўпроқ қилиш” эмас. Бу мувозанатни топиш. Меркель нопопуляр Харц ислоҳотларига (2003-2005) тегмади, гарчи бу унга овозларни олишда қимматга тушган бўлса ҳам. У тушунди: эгилувчан меҳнат бозори — бу “кириш”, у барқарор “чиқиш” (паст ишсизлик) беради. У “қарз тормози”ни жорий қилди (таркибий дефицит ЯИМнинг 0,35 фоизидан ошмайди) — бу буғ қозонидаги ҳимоя клапани каби. Зерикарли. Қаҳрамонлик эмас. Аммо тизим ўн йиллар давомида ишлайди.

Ўзи гапираётган рақамлар:

экспорт 2005 йилги 786 млрд евродан 2021 йилда 1 378 млрд евро — плюс 75 фоиз;

давлат қарзи учта инқирозга қарамай, ЯИМнинг 68 фоизи атрофида бир хил даражада қолди;

аҳоли бандлиги 45 млн кишидан ошди (тарихий максимум);

CO2 чиқиндилари иқтисодиёт ўсиши билан бирга 845 млн тоннадан 762 млн тоннага — минус 10 фоиз камайди.

Қизиқ томони, бу объектларнинг барчаси бир-бири билан боғланган. Агар мактаб сифатли “чиқиш” бермаса, университет “кириш” танқислигини бошлайди. Агар илмий институтлар янги билимларни “чиқариш”ни тўхтатса, технологик паркларда (масалан, “Adlershof”да 1200 компания 25 000 кишини иш билан таъминлаган) ҳеч қандай стартап бўлмайди. Меркель бу занжирни биларди ва ҳеч қачон таълимга тежамаган.

— Меркель нима қилмади (ва бу ҳам тизимли тафаккурми)?

— У тезкор мўъжизаларни ваъда қилмади. Унда баландпарвоз шиорлар йўқ эди. “Асрнинг буюк қурилиши” ёки “Кутилмаган сакраш” деган гаплар бўлмади. У иерархик поғоналардан сакраб ўтмади. 2015 йилда Германияга деярли бир миллион қочқин келганда, у муаммони ечиш учун “барча немислар мигрантларни севиши керак” демади ёки “чегараларни зудлик билан ёпиш” даражасида ҳал қилишга уринмади. У ерлар (2-иерархик поғона), муниципалитетлар (3-иерархик поғона), иш бера оладиган корхоналар (4-иерархик поғона) билан ишлади. Қийин бўлди, хатолар бўлди, аммо тизим чидади. У иқтисодиётни қиздириб юбормади. Меркель даврида Германия Хитой ёки АҚШдан секинроқ ўсди. Лекин бу ўсиш барқарор эди. У кетганидан кейин тизим қуламади.

Ангела Меркель ҳукумати бундай ёндашувнинг амалдаги энг ёрқин намунасидир.

— Домла, қизиқарли суҳбатингиз ва жиддий, яъни тизимли фикрлашга даъват қиладиган мулоҳазаларингиз учун катта раҳмат. Мамлакатимизнинг барча соҳаларида тизимли фикрлашни эгаллаган лаёқатли мутахассислар бор, албатта. Шулар қаторида ўша Германияда охирги 30 йилда ўқиб ва ишлаб, кейинчалик Президентимизнинг 2019 йил январь ойида Германияга қилган сафарлари пайтида Германиядаги ўзбек йигит-қизларини Берлиндаги Ўзбекистон элчихонасига йиғиб, улар билан бўлган суҳбат ва даъватларидан кейин юртимизга юқори малакалар билан қайтиб келаётган юзлаб юртдошларимиз борки, улар турли вазифаларда немисча тизимли тафаккур, ҳақиқий профессионал билим ва тажрибаларни энди ўзбек корхона ва таълим муассасаларида жорий қилишмоқда. Бундай ноёб мутахассисларга керакли шарт-шароитлар яратилса, Ўзбекистонда Президентимиз ўйлаганларидай натижалар пайдо бўлиши муқаррар. Охирги хулосам шуки, профессор Артиков таклиф қилаётган тизимли тафаккур дастурини барча соҳаларда жорий қилиш учун амалий семинар машғулотларини ташкил қилиш лозим. Бундай тафаккур биз мақсад қилиб қўйган УЧИНЧИ РЕНЕССАНС пойдеворини бунёд этишда муҳим аҳамиятга эга бўлиши мумкин.

Суҳбатдош: Хуррам РАҲИМОВ.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 10 =