Асрлар соясидаги ҳаёт

Фарғона водийси нафақат ҳосилдор тупроғи, балки табиатни севган инсонлари билан ҳам қадрлидир. Бу юртда дарахтни оддий ўсимлик эмас, балки ҳаётнинг нафаси, авлодлар хотираси деб билувчи одамлар кўп.

Экология соҳасида кўп йиллар давомида меҳнат қилган устозларимиздан бири Бахтиёржон Муратов яқинда қадимий Шаҳрисабз томон сафар қилди. У зиёратдан қайтгач, гўё кўнглида бошқача туйғулар пайдо бўлганди. Чунки у ерда оддий дарахтларни эмас, минг йиллик арчаларни кўрган эди.

Айтишларича, Шаҳрисабз тоғлари бағрида ўсиб турган айрим арчалар бир неча сулолалар алмашинувига, неча асрлик шамоллару қорларга гувоҳ бўлган. Уларнинг танасида вақт излари бор. Қадимий шохлари осмонга интилганча худди инсонга сабр ва бардош ҳақида сўзлаётгандек туюлади. Табиатсевар меҳмон ана шу арчалар қаршисида узоқ туриб қолганини айтди.

“Дарахтлар ҳам инсон каби хотира сақлайди, — деди у, — фақат улар гапирмайди, лекин шамол эсганида барглари билан бизга ниманидир айтади”.

Унинг фикрича, минг йил яшаган дарахтни кўриш вақт билан юзма-юз туриш демакдир. Чунки бу арчалар Амир Темур замонидан ҳам олдин униб чиққан бўлиши мумкин. Улар тарих китобларига сиғмаган воқеаларнинг жонли гувоҳларидир.

“Фарғона водийси асрлар давомида сақланиб келаётган қадимий дарахтлари билан ҳам машҳур. Бу дарахтлар вилоятнинг қадимий қишлоқлари, зиёратгоҳлари, масжид-мадрасалари, тарихий боғлари ва хиёбонларида учрайди, — деди Ўзбекистон Экологик партияси Фарғона вилоят кенгаши ахборот хизмати раҳбари Баҳромжон Мадумаров. — Улар нафақат табиат ёдгорлиги, балки халқнинг маданий ва маънавий меросининг бир қисми ҳисобланади”.

Фарғона водийсида узоқ умр кўрувчи дарахт турлари орасида, айниқса, чинор муҳим ўрин тутади. Фарғона деганда, аввало, кўз ўнгимизда баланд ва қадим чинорлар намоён бўлади.

Чинор — 800-1000 йилгача яшайдиган дарахт тури бўлиб, энг машҳур қадимий дарахт ҳисобланади. Шунингдек, ёнғоқ, тут, арча ҳам узоқ умр кўрувчи дарахтлар сирасига киради.

Фарғона туманидаги энг гўзал ва сўлим қишлоқ — Водилда Ўзбекистондаги энг машҳур қадимий чинорлардан бири қад ростлаб турибди. Манбаларда унинг ёши тахминан 800 йил деб келтирилади. Дарахтнинг улкан ковагига бир вақтлар кичик дўкон ҳам сиққан, деган ривоятлар ҳам бор.

Шунингдек, Фарғона водийсининг ажойиб тоғли ҳудудларидан бири саналган Шоҳимардонда ҳам кўп асрлик дарахтлар яхши сақланиб қолган. Бу ерда 300-800 йиллик чинорлар, ёнғоқлар ва арчалар учрайди. Айниқса, Шоҳимардон сойи атрофи, Хўжа Аҳмад Валий зиёратгоҳи яқинида, тоғ йўллари ва сой бўйларида.

Қадимий дарахтлар бу ҳудуднинг экологик барқарорлигини таъминлаш билан бирга, зиёрат ва экотуризм салоҳиятини ҳам оширади.

Ҳа, табиат бағрида оламга яшиллик, гўзаллик бахшида этувчи дарахтлар инсониятга саломатлик, тоза ҳаво етказиб бериб туриши билан ҳам аҳамиятлидир. Дарахтлар нафақат табиат бойлиги, балки халқимизнинг экологик мероси, келажак авлодга қоладиган бебаҳо неъматдир. Асрлар давомида водий иқлимига мослашиб, инсониятга соя, ҳавога софлик ва юртга гўзаллик бағишлаб келаётган бу улкан дарахтларни асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Агар биз бугун табиатга эҳтиёткор муносабатда бўлсак, эртанги кун авлодлари ҳам Фарғона водийсининг яшил, файзли манзараларидан баҳраманд бўлади. Зеро, табиатни асраш — келажакни асраш демакдир.

Фотима МАНСУРОВА,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six − 4 =