Болаларни ким ҳимоя қилади?

Рақамли маконда болалар хавфсизлигини таъминлашда ОАВ масъулияти ва соҳадаги амалий муаммолар муҳокама қилинди

Рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва медиасаводхонлик ҳақида кўп гапирилаётган бугунги даврда болаларнинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Бироқ бу борадаги тарғибот ва амалиёт ҳар доим ҳам бир-бирига мос келавермайди. Айниқса, болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш мавзусига бағишланган тадбирларнинг ўзида ҳам ахборот маҳсулотларини ёшга оид таснифлаш ва маркировкалаш талабларига амал қилиниши зарур.

Зеро, хавфсиз ахборот муҳити ҳақида фақат гапиришнинг ўзи етарли эмас, уни амалда таъминлаш ҳам муҳимдир. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ташкил этилган “Рақамли даврда болаларнинг ахборот хавфсизлиги: ОАВ масъулияти, киберҳимоя ва этик мезонлар” мавзусидаги ўқув курси болалар манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда медиа масъулиятини кучайтириш масалаларини кенг муҳокама майдонига айлантирди.

2026 йил 23-25 июнь кунлари Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси (“Ўзкомназорат”) томонидан ушбу мавзуда махсус ўқув курси ташкил этилди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси бошлиғи Фаррух Рустамов, Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиев, Инспекция бошлиғи маслаҳатчиси Асаджон Ходжаев, Болалар омбудсмани сектори мудири Саттор Раҳматов, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети проректори, профессор Нозима Муратова, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси бошқаруви раиси ўринбосари Раҳматжон Умаров ҳамда Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева сўзга чиқдилар. Улар болалар учун хавфсиз ахборот муҳитини яратиш, оммавий ахборот воситаларининг масъулияти ва зарарли контентнинг олдини олиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Соҳа мутасаддилари ва экспертлар рақамли маконда болалар хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталдилар. Таъкидланганидек, бугунги кунда интернет болалар учун таълим ва мулоқот имкониятларини кенгайтирган бўлса-да, уларни кибербуллинг, манипулятив ахборотлар, ёлғон хабарлар, ноқонуний реклама ҳамда сунъий интеллект асосида яратилаётган “deepfake” материаллари каби хавфларга ҳам дучор қилмоқда.

Уч кун давом этган тренингда республиканинг турли ҳудудларидан келган оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди. Тадбир болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш, хавфсиз ахборот муҳитини шакллантириш ҳамда ахборот маҳсулотларини ёшга оид таснифлаш бўйича амалий кўникмаларни мустаҳкамлашга қаратилди.

Ўқув курсида келтирилган маълумотларга кўра, ЮНИСЕФ  ҳисоб-китобларига асосан дунё бўйлаб ҳар куни 175 мингдан ортиқ бола илк бор интернетдан фойдаланишни бошламоқда. Шунингдек, жами интернет фойдаланувчиларининг қарийб учдан бир қисмини болалар ташкил этиши алоҳида таъкидланди.

Тадбир давомида Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси томонидан олиб борилган мониторинг натижалари ҳам маълум қилинди. Унга кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида миллий ахборот маконида жами 1068 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган. Шундан 636 таси болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилишга оид талаблар билан боғлиқ. Бундай қонунбузилишларнинг салмоқли қисми интернет нашрлари, телевидение ва радиоканаллар фаолиятида кузатилган.

Тренинг давомида иштирокчилар болалар учун хавфли медиаконтентни аниқлаш, журналистик этика, фактчекинг (фактларни текшириш), визуал материалларни верификация қилиш, сунъий интеллектнинг ахборот маконига таъсири, дипфэйк ва манипулятив контентларни аниқлаш усуллари бўйича назарий ҳамда амалий билимларга эга бўлдилар. Шунингдек, болалар иштирокидаги материалларни ёритишда “зарар етказмаслик” тамойили, интернет хавфсизлиги ва киберҳимоя масалалари ҳам кенг муҳокама қилинди.

Мутахассислар болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилишда давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, блогерлар, педагоглар ва ота-оналарнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этишини қайд этдилар. Тадбир якунида иштирокчиларга сертификатлар топширилди ҳамда болалар учун хавфсиз ахборот муҳитини яратиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Фарангиз АБРУЕВА,

“Hurriyat” мухбири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + 9 =