Чироқларнинг тилидай куйдим

Ибодат РАЖАБОВА

Муаллиф ҳақида:

Ибодат РАЖАБОВА Бухоро вилояти, Пешку туманида туғилган.

Самарқанд давлат университетининг филология ҳамда Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетларини тамомлаган.

Турли йилларда ижодкорнинг “Осмондаги фаришта”, “Қуш киприги”, “Бухорнур ёки етти пир”, “Бухорода гужум гуллади”, “Варазруд гулоби” сингари шеърий ва насрий китоблари чоп этилган.

Ўз услубига эга истеъдодли шоиранинг шеърлари адабиёт ихлосмандларининг назарига тушган.

Эрта сизни кўришга боргум…

 

Эрта Сизни кўришга боргум,

Адоғимга кияман шамол.

Рўмолимни дазмоллаб берар

Майин сочи билан мажнунтол.

 

Камзулимга тугма қадайди —

Тўмарисни кўрган ниначи.

Қирқ туяга миниб чиқади —

Абдуллахон ҳамёнин ичи!

 

Ҳавзи бобо ҳомуза тортар,

Атрофида кўзалар қатор.

Боларилар Боғи Ойимдан

Лабларига суртиб чиқар бол.

 

Мўлиёндан шарбат оламан.

Зарафшондан бир дунё ҳилол.

Оқ жўхори бошларин ювиб,

Ширин-ширин суради хаёл.

 

Чирмандалар гир-гир айланар,

Боришимни қилиб овоза.

Калитларин менга ишонар,

Бухорода ўн бир дарвоза.

 

Моҳонкўлдан бугун қайтаман,

Ойбалиқлар сутини ичиб

Ва Кубродан дуо оламан

Ҳассасига бошимни қўйиб.

 

Эрта Сизни кўришга боргум…

 

* * *

Онам боғдай гўзал қариди,

Сочлар оппоқ, кўйлаклар узун.

Дуолардан саҳар бўларди —

Бобом, Румий, Мажнун кўрган тун.

 

Маҳсисига гулоб суртарди,

Тўйпаловдан қошларига ёғ.

Кўк сомсага кўнгли кетарди,

Ҳут-ҳут келиб, яшиллангач боғ.

 

Дарчаларни очиб қўярди,

Хом туш кўрса, чиқарарди ис.

Кўк чойига қаймоқ бўларди,

Гулмихларда қуриган ялпиз.

 

Қишлоқ рўзғор — ҳандалак — қоқ,

Гужум япроқ бўлганда совун.

Қўшнига ҳам чиқиб борарди,

Сандалида исинган қовун.

 

Нима топса, қирққа бўларди,

Шукронасин Худога йўллаб.

Қачон борсам тўйчопон тикиб,

Ўтирарди қиблага қараб.

 

* * *

Чироқларнинг тилидай куйдим,

Ёғду мени обдан таратди.

Ҳовучини тўлдириб олди,

Нурзаррамдан Сулаймон тахти.

Тоғдан тушди пиллапоялар,

Гулажриқлар кетди тўлишиб.

Хожа Минор эртакка кирди,

Қанотини қушларга қўшиб.

 

Вақт оларлар додини бердим,

Ҳаққуш кўзин олмади мендан.

Юрагимни тонглар, бўйнига

Емхалтадай илди оқ саман.

 

Кубро қоши ўсиб чарчамас,

Спитамен ёдлар “Авесто”.

Қосим Шайхнинг Кўҳакда қилган

Дуолари қилмайди қазо.

 

Ибодат…

 

Капалаклар билан ўйнадим,

Сўнг йиғладим, кўнглим пойида.

Шамшодгуллар расмимни чизди,

Торобийнинг темир ёйида.

 

Тоштобутни уд қилиб чалдим,

Гирдоблардан тиктирдим салла.

Калтаминор титраб кетди, мен

Азон билан югурган палла.

 

Афросиёб ёқасин тутди,

Озиб кетди Лайли мушкдони.

Қаламимга писта-мағз бўлди

Хайригуллар ям-яшил қони.

 

Искандарнинг шохини уздим,

Тоштандирда куйдирсам, тутун

Гужум косов учини тишлаб,

Мени кутди овлоқда минг кун.

 

Бонобийнинг базмига бордим,

Жар ҳам солдим: “Душманлар гаранг!”

Онам тиккан нимчамни кийиб,

Алвастилар билан қилдим жанг.

 

Ғолиб бўлдим. Ғовларни буз, деб

Қўшкиприкдан қурдим кошона.

Шом туғларнинг тўйига бориб,

Ўйнаб, айтдим широқтарона.

 

* * *

Мажнун билан жунун талашдик,

Битта йўлда минг бор адашдик.

Ой ортига бориб ярашдик,

Кўнглим дардин қудуққа айтдим,

Бурғу чалиб жанггоҳдан қайтдим.

 

Зуннун тиши менга йиғади,

Шайх Санъонни кўнгли тиғлади.

Дажлани ким жанда михлади,

Кўнглим дардин қудуққа айтдим,

Бурғу чалиб жанггоҳдан қайтдим.

 

Робияни булутга сотдим,

Қизил рангнинг қарзига ботдим.

Минг бир вулқон пойида ётдим,

Кўнглим дардин қудуққа айтдим,

Бурғу чалиб жанггоҳдан қайтдим.

 

Савдом билан бозор тенг эмас,

Тарозийлар, мени қил алас.

Исо, уйғон томчиларда дарз,

Кўнглим дардин қудуққа айтдим,

Бурғу чалиб жанггоҳдан қайтдим.

 

— Она, — дедим, — қишлоқ иму жим…

Энди қайдан топаман, дедим.

Кўзларимдан тўкилди кўнглим,

Кўнглим дардин қудуққа айтдим,

Бурғу чалиб жанггоҳдан қайтдим.

 

* * *

 

Шоир Баҳриддин Садриддиновга

 

Ҳазорадан йўлимни топдим,

Ревартундан дунё калитин.

Қосим Шайхнинг жойнамозидан

Хом симобдай тин олди кўнглим.

 

Малик чўлдан совға олдим от,

Бир сакраса, Минор берди тан.

Юрагимда михлаб қўяй, деб

Навоийдан қарз олдим расан.

 

Бой Хатирчи кўрмана берди,

Аҳадхондан Бухоро тахти…

Қизил дўнан пешонасидан

Келиб ўпди, Кармана бахти.

 

Сармаст тошган Кўҳак дарёга

Яктагини отди Деггарон.

Нур Атолар булоқларини

Ўзингдай шўх қилдинг, Художон.

 

Нурафшоннинг нурлари серпушт,

Йўлсардоба Худога яқин.

Шайх Шоди салласин ечиб,

Йигитларнинг боғлади белин.

 

Миёнқолнинг уруғи — жаннат,

Тотли булоқ — Кавсар қўшиғи.

Зармитаннинг сутлари ёғу.

Қанддай қаттиқ бўлди қатиғи.

 

Баҳриддин ака!

Юзга киринг, Ой ортидан

Дуо қилар Нурсаид Баҳром.

“Пахтачи”нинг момиғин солиб,

Ўзим Сизга тикаман чопон.

 

Зомин тоғларида

 

Хонқизининг нимчаси қалин,

Сутбалиқнинг келар ҳаваси.

Ойга ёзган мактубимни тонг

Олиб кетди турналар саси.

 

Шаршаралар бунча шовқинчи…

Тошлоқ сойлар қолишмас ундан.

Дўланагул мени ўғирлаб

Кетмасин, деб ҳайиқдим тундан.

 

 

 

Теракларни пойлоқчи қўйдим

Зубтурумлар чиқарди кокил.

“Кўкдан сенга мактуб келди”, деб

Тўрт томонни уйғотди булбул.

 

Дуобада қисилиб қолдим,

Зира териб бироз шошдим-да…

Қаймоқларин юзимга суртиб,

Эчки сути келди бошимга.

 

Пуф-пуф десам, қоқигул шишди,

Қушқўнмасда сиғмади жоним.

Чопиб чиқсам, тоғ сўқмоқларнинг

Музларида куйди товоним.

 

МЕН…

 

Қадим саҳролардан ой миниб ўтдим,

Қадим қуббаларда ўтирдим чилла.

Девор, дизаларнинг пойида чўксам,

Маъбуд момотутлар пиширди тилла.

 

Ўчоқ, ертандирлар олов сўради,

Қари тегирмонлар қаноти — қайроқ.

Махфий йўллар кўнглин сўрашга кирсам,

Мироншоҳ қўлимга тутқазди байроқ.

 

Зарпат чопонимнинг зарлари уйғоқ,

Гулли сарбандимдан туғилар чаман.

Оқсоқ Бухорхудот уюрин боқиб,

Қаққуш миниб олиб, ҳамон йўлдаман.

 

Мосаф дарёмизнинг тўйига бордим,

Қирқ қалъа қирқ қулоч ўйнади: “Ё, ҳу!..”

Қайтишда енгимга совға солди руд,

Тонг очиб қарасам, қирқта туя бу…

 

Бухорий ҳовлимда деворим ўркач,

Бухорий шифтимда қалдирғоч қатор.

Сиз мени: “Шамолни ҳайдовчи туғ” деманг,

Феълимнинг фаслида қайнар хумча бор.

 

* * *

Тўғон бир кун тўзадир,

Сархуш дунё бўзадир.

Заминнинг-ку оғзи бор,

Қуёш ҳар кун рўзадир.

 

Чумолини хас емас,

Пирҳасса бу — кам эмас…

Дунё ризқдан тўлса ҳам,

Дарахт оч қолдим демас.

 

Ҳо дарвешо, ҳо дарвеш,

Қаноатда ишинг беш!

Бир кун менинг суратим

Юрагингга урса ниш —

 

Тасбеҳинг — олтин ковуш,

Икки қўлинг — она қуш.

Ҳассангнинг фарёдидан

Уйғонади Алпомиш.

 

ХОЖА БАРГИЙ

 

У тўрт кун дунёга сиғди,

Аёлига “пиш” деди, кетдик.

Бугун менинг юким тортмоққа

“Шамол шамшод, кўприклар тетик”.

 

Бозорларнинг нозига миниб,

Дуо қилса осма тарози,

Метинработ омборларидан

Бўлиб кетди Худога қози.

 

Шўх булбулга ёқача тикди,

Боларига йиғиб берди бол.

Кишмиш гули ҳалвоча бўлмай,

Пичир-пичир қилди мажнунтол.

 

Қулоғини булоққа қўйди,

Чирмовиққа ясади эгар.

Анорзорга: “Чорлаб кетдинг”, деб,

Зарафшондан сиқиб берди зар.

 

Аёлига йўрма тўқиди,

Сув мавжидан тиктирди ковуш.

Сарбандидан қуёшни ечса,

Уй шифтида ин қурди Ҳаққуш.

 

Ой изини кўксидан топди,

Ушлаб кўрди, сохтамас, мумтоз.

Сўнг соясин гулмеҳроб кўриб,

Бор кўнглида ёзди жойнамоз.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 5 =