Китоб ўқиш — эҳтиёжга айланиши керак!
Маърифатпарвар аждодларимизнинг “Илмдан бошқа нажот йўқ” деган шиори бугун мамлакатимизда кенг қулоч ёйди. Китобхонлик ва халқимизнинг мутолаа маданиятини ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Миллий китобхонлик ҳаракати” дастури кенг кўламда амалга оширилмоқда.
Тўққиз йил олдин бошланган “Ёш китобхон” танлови бугунги кунда миллионлаб ёшларни китоб билан яқиндан дўстлаштирди, мутолаа маданияти секин-аста хонадонларга кириб бормоқда. Ушбу танловнинг якуний босқичида мукофот фонди 240 минг долларни ташкил этиши, ғолиб эса 50 минг доллар билан тақдирланиши — буларнинг барчаси мукофот салмоғини белгилабгина қолмай, балки юртимизда маърифий тараққиётнинг янги босқичи бошланганидан ва тобора кенг қулоч ёйиб бораётганидан далолат беради.
Хусусан, Президентимизнинг 2026 йил 15 январдаги “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-9-сонли қарори китобхонлик ҳаракатини ривожлантиришда яна бир муҳим қадам бўлди. Бундан кўзланган асосий мақсад — ҳар бир инсоннинг йилига камида 10 та китоб ўқишига эришиш, пировардида мутолаа маданиятини умумхалқ ҳаракатига айлантиришдан иборат.
Дунёда ахборот уруши тобора авж олиб бормоқда. Шундай шароитда халқимизни тезкор ахборот билан таъминлаш, соҳаларда рақамлаштиришни кенг жорий этиш ва одамларимизнинг мутолаа маданиятини ривожлантириш давр тақозосига айланди. Чунки дунёдаги ҳар қандай ривожланган давлатни олиб қарамайлик, унинг замирида илм-фанга, таълимга, янада аниқроқ айтганда, китобга эътибор ётади. Китобхонликни ривожлантирмай туриб, маърифатли жамият қуриб бўлмаслиги аллақачон исбот топган ҳақиқатдир.
Самарқандлик мутафаккир, жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси китобдан юз ўгириб, жаҳолатга юз тутган кимсанинг фожиали тақдиридан ҳикоя қилувчи асар эканини яхши биламиз. Китобни, маърифатни ўзига душман билган кимсанинг қисмати ғоят ачинарли бўлиши сир эмас, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод вакиллари буни теран англашлари лозим.
Шу ўринда баъзи мулоҳазаларни билдириб ўтиш жоиз. Биринчидан, китобхонликни умумхалқ ҳаракатига айлантириш, мутолаа маданиятини ривожлантиришдек эзгу ишларни фақатгина ёшлар ўртасида олиб бориш билан чекланиб қолмаслик керак. Ушбу ҳаракат аҳолининг барча қатламларини қамраб олиши лозим. Китоб билан фақат ёшлар эмас, катталар ҳам дўстлашишлари зарур. Чунки ёшлар биринчи навбатда оилада катталардан ўрнак олади.
Иккинчидан, китобхонликни ривожлантириш тадбирларини таълим соҳасидан ташқари, бошқа соҳаларда (саноат, қурилиш, тиббиёт, транспорт, алоқа, қишлоқ хўжалиги, санъат ва ҳ.к.) ҳам кенг жорий қилиш зарур. Шунингдек, вилоятимиз маҳаллаларида таълим муассасалари билан ҳамкорлик доирасида кутубхоналар тармоғини кенгайтириш, шу орқали ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарувчи нохуш ҳолатларнинг олдини олиш муҳим аҳамият касб этади.
Давлатимизнинг китобхонлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилган дастурларини амалга ошириш борасида Мактабгача ва мактаб таълими тизимида муайян ишлар қилинаётганини таъкидлаб ўтиш ўринлидир. Бугунги кунда мактаб таълими соҳасида фаолият олиб бораётган, таълим-тарбия жараёнининг иштирокчиси бўлган ҳар бир инсон — хоҳ ўқувчи бўлсин, хоҳ ўқитувчи — китобга меҳр қўйиши, мутолаа маданиятини оширишга эришиши лозим. Бу ишга маънавий эҳтиёж сифатида ёндашиш зарур.
Ушбу йўналишда вилоят Педагогик маҳорат марказида олиб борилаётган ибратли ишларни эътироф этиш жоиз. Якунига етган ўқув йилида ушбу масканда китобхонлик маданиятини тарғиб қилишга алоҳида — педагогнинг касбий ривожланишига кўмак берувчи муҳим омил сифатида ёндашилди. Ўзбек адабий муҳитида муҳим ўрин эгаллаган янги нашрлар, маърифатпарвар адибларимиз яратган адабий-тарихий асарлар тақдимоти, мустақиллик даври ўзбек ёзувчиларининг асарларини ўрганишга бағишланган “Зукколар беллашуви” сингари танловлар, шунингдек, “Касбий ривожланиш куни”, “Касбий ривожланиш соати” каби тадбирларни мунтазам ўтказишдек эзгу анъаналар қарор топди.
Айниқса, марказда “Китобхонлик соати” танловининг анъанавий тус олгани алоҳида эътиборга лойиқ. Юртбошимизнинг юқоридаги қароридан келиб чиқиб, вазирликнинг махсус низоми асосида ўтказилаётган мазкур танловга буюк Соҳибқирон Амир Темурнинг “Тузуклар”и, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома”си, машҳур адибларимиздан Абдулла Авлонийнинг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ”, Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар”, Саид Аҳмаднинг “Уфқ” трилогияси, Ойбекнинг “Навоий”, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романлари, Хайриддин Султоннинг “Ялдо кечаси” романи, шунингдек, ёш ёзувчилар ҳамда жаҳон классикларининг асарлари бош мавзу қилиб олинди.
Танловлар марказ профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари иштирокида мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ғолиблар тегишли тартибда моддий ва маънавий рағбатлантирилмоқда. Танлов иштирокчиларининг қайси биридан сўраманг, унинг юқори савияда ўтаётганини, мазкур тадбирлар касбий ривожланишда айниқса асқотаётганини таъкидлайди.
Ҳозирги кунда вилоят Педагогик маҳорат марказининг Ахборот-ресурс маркази жамғармасида 17 305 та сиёсий, илмий-услубий, бадиий адабиётлар, касбга оид луғатлар ҳамда дарсликлар мавжуд бўлиб, 50 ўринли ўқув хонасида тингловчилар ҳамда марказ профессор-ўқитувчиларига хизмат кўрсатилмоқда. Бу йил учун марказ бюджети ҳисобидан 3 номдаги газетага 20 нусхада 19 488 000 сўмлик обуна расмийлаштирилди. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар ва ходимлар томонидан ҳам 3 номдаги газетага 30 нусхада 29 880 000 сўмлик обуна ташкил этилди.
Марказ профессор-ўқитувчилари ва ходимлари томонидан Ахборот-ресурс маркази электрон кутубхонасига методик қўлланмалар, тақдимотлар, илмий-амалий анжуман материаллари мунтазам жойлаштириб борилмоқда. Ҳозиргача жами 1001 нафар ресурс базага киритилди. АРМга келган ўқитувчилар, ходимлар ва тингловчиларнинг қатнов сони эса 3050 тага етди. Ахборот-ресурс марказини электрон адабиётлар билан бойитишга доир ташкилий-техник чоралар доимий равишда кўриб борилмоқда.
Президентимизнинг: “Ёшларимизнинг мустақил фикрлайдиган, юксак интеллектуал ва маънавий салоҳиятга эга бўлиб, дунё миқёсида ўз тенгдошларига ҳеч қайси соҳада бўш келмайдиган инсонлар бўлиб камол топиши, бахтли бўлиши учун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этамиз”, деб таъкидлаган сўзлари Учинчи Ренессанс пойдевори барпо этилаётган юртимиз тараққиётида асосий шиорга айланди. Жамиятимиз аъзоларининг китобхонлик маданиятини ривожлантириш — давлатимизнинг маънавий юксалишга қаратилган ғамхўрлиги намунасидир.
Комил ҲАЙДАРОВ,
Самарқанд вилоят Педагогик маҳорат
маркази профессори,
фалсафа фанлари доктори.
