Қулайликнинг яширин хавфи

— Тўхтанг… — деди Ғайрат икки букилганча, нафаси бўғзига тиқилиб. — Чарчадим…

Олдинлаб кетаётган бобоси эса ортига бурилиб, кулиб қўйди.

— Югур, болам, югур! — деди у тетик овозда.

Ғайрат зўрға қадам ташлар, нафаси қисилиб борарди. Етмишдан ошган бобоси эса ҳануз бардам эди.

— Сен ҳали 24 ёшли навқирон йигитсан-у, “чарчадим” дейсан-а! — деди бобоси енгил кулимсираб. — Мен нима дейишим керак унда?

Технологиялар ривожланиб, инсон ҳаёти кундан-кунга қулайлашиб бораётгани бир қарашда тараққиёт белгисидек кўринади. Энди узоқ масофани пиёда босиб ўтишга ҳожат йўқ — транспорт тайёр. Уй юмушларини техника бажаради. Ишларнинг аксарияти компьютер қаршисида амалга оширилади. Ҳатто овқат ҳам бир тугмани босиш орқали буюртма қилинадиган даврга келиб қолдик. Аммо инсон учун яратилаётган бу қулайликлар ортида жиддий хавф — камҳаракатлилик яшириниб тургани тобора яққол сезилмоқда.

Бугунги кунда дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар куннинг катта қисмини ўтирган ҳолда ўтказмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, жисмоний фаолликнинг етишмаслиги юрак-қон томир касалликлари, қандли диабет, семизлик, қон босими ошиши, руҳий тушкунлик ва ҳатто айрим саратон турларининг ривожланишига сабаб бўлувчи асосий омиллардан биридир.

Мутахассисларнинг фикрича, инсон организми ҳаракат учун мослашган. Тиббиёт олимлари қадимдан “ҳаракат — ҳаёт” деган тушунчани бежиз тилга олишмаган. Чунки инсон танасидаги қон айланишидан тортиб, мушаклар фаолияти, мия ишлаши ва иммунитет тизимигача — барчаси мунтазам ҳаракат билан чамбарчас боғлиқ. Сўнгги йилларда “ўтириб яшаш синдроми” (гиподинамия) деган атама ҳам кенг қўлланила бошланди. Бу ҳолат, айниқса, офис ходимлари, талабалар ва телефонга қарам бўлиб қолаётган ёшлар орасида кўпроқ кузатилмоқда. Бир неча соатлаб ҳаракатсиз ўтириш организм фаолиятини сустлаштиради, модда алмашинувини секинлаштиради ва ортиқча вазн тўпланишига сабаб бўлади.

Олимларнинг таъкидлашича, инсон ёши улғайгани сари эмас, ҳаракати камайгани сайин қарий бошлайди. Машҳур физиолог олимларнинг тадқиқотларида мунтазам жисмоний фаоллик биологик қаришни секинлаштириши, мия фаолиятини узоқ вақт фаол сақлаши ва умр давомийлигини узайтириши қайд этилган.

Олдинлари одамлар бозорга пиёда борар, ҳовлида куймаланиб, кўпроқ жисмоний меҳнат қиларди. Ҳозир эса бир қават юқорига чиқиш учун ҳам лифт қидирадиган жамият шаклланмоқда. Натижада ёшлар орасида ҳам семизлик, тез чарчаш ва қон босими билан боғлиқ муаммолар кўпаймоқда.

Аммо инсон ҳаракатни ҳаётига қайтара олса, организми ҳам унга жавобан “уйғонади”. Бунга ўзбек спорти вакиллари мисолида ҳам кўплаб далилларни келтириш мумкин. Масалан, ўзбек дзюдоси асосчиларидан бири Арслон Элов 75 ёшга кирганига қарамай, ҳануз ёш спортчиларга дзюдо сирларини ўргатиб келмоқда. Ёки 80 ёшли спорт журналисти Азим Алимов ҳақида ёзилган мақолаларда унинг ҳануз фаол, тетик ва спорт муҳитидан узоқлашмагани алоҳида таъкидланади. Бугунги кунда паралимпия чемпионлари Асила Мирзаёрова ва Ҳусниддин Норбеков каби спортчилар ҳам инсон танаси имкониятлари чексиз эканини исботлашмоқда.

Бу мисоллар орқали бир ҳақиқатни англаш мумкин: инсонни ёш эмас, ҳаракатсизлик қаритади. Организм ҳаракат қилганда яшайди, ҳаракатсизлик эса уни аста-секин сўндиради.

Аслида, соғлом ва тетик ҳаёт кечириш учун инсондан катта маблағ ёки мураккаб шароит талаб қилинмайди. Энг аввало, зарарли одатлардан узоқлашиш зарур. Шунингдек, замонавий инсон энг кўп вақтини экран қаршисида ўтказаётганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Телефон ва ижтимоий тармоқларга қарамлик нафақат жисмоний, балки руҳий саломатликка ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Соғлом турмуш тарзининг асосий устунлари эса оддий: ҳаракат, меъёрида овқатланиш, сифатли уйқу ва руҳий осойишталикдир. Инсон неча ёшга киришидан қатъи назар, соғлом ва тетик яшаши мумкин. Бунинг сири оддий: организмни ҳаракатдан маҳрум қилмаслик, зарарли одатлардан тийилиш ва меъёрга амал қилишдир.

Бугунги қулайликлар асри инсонни дангасаликка эмас, онгли ҳаёт кечиришга ундаши керак. Зеро, технология инсон ҳаётини енгиллаштириши мумкин, аммо соғлом яшаш масъулиятини унинг ўрнига бажариб бера олмайди.

Фарангиз АБРУЕВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 2 =