Бир томчи доғ

Холмуҳаммад КАРИМИЙ

(ҳикоя)

Муаллиф ҳақида:

Холмуҳаммад КАРИМИЙ 1966 йили Сурхондарё вилояти, Қумқўрғон тумани “Шерози” маҳалласида  туғилган.

1990-1995 йилларда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг ўзбек филология факультетида таҳсил  олган.

Муаллифнинг “Ҳурайро”, “Буни ҳаёт дейдилар…” ва “Овунчоқ тош” ҳикоялар тўпламлари, “Ҳурлиқо” қиссаси ҳамда “Ғордаги омонат”, “Қора лола” номли романлари чоп этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Хивадаги тўқимачилик ширкатининг директори Гулмирза Оврўпа сафарига отланмоқда эди. Лекин борар манзилидаги одамларнинг турмуш тарзи тамоман бегона бўлганидан ташвишга тушиб қолди. Тараққий этган оврўпаликларнинг кўнглини олиш қандай бўлади? Шунга бир ечим топиши керак. Кулчали меҳмон суймали бўлишини билади. Икки қўлини бурнига тиқиб боравериши яхшимас, ўзимизда ҳам уят саналади. Муаммо шундаки, нарса-қорани сотиб олар, аммо уларнинг тилини топиб, кўнглини олиш осон ишмас. “Уларнинг кимлигини билмас эканман, лоақал ўзимни яхшироқ таниб олай”, деган фикр миясига урилди.

Тадбиркорнинг эса ҳар қадамидан бир манфаат топиш мақсади бўлади. Биринчи боришида ҳамкорларининг ҳурматини қозонса, келажакда кўп нарсаларга эришиш учун кенг имкониятлар эшиги очилиши нақд, деган ўйда ҳаракатга тушди.

Очиғи, шу ёшга кириб, лоақал ўзи туғилиб ўсган юрти ҳақида жўяли сўзлаб беришга қодир эмаслигидан уялиб кетди. Эртадан қолдирмай она шаҳридаги тарихий манзил-маконларнинг бир нечтасини обдан ўрганади. Бегона одамлар билан шунақанги мавзуларда суҳбат қуриш қулай. Оврўпаликларнинг аксарияти ялтир-юлтурга ўч бўлмай, содда ва асл нарсаларга шинавандалигини эшитган. Шуларни ўйлаб, оддий одамларга аралашиб, ҳақиқий ҳаётни кузатишга қарор қилди. Азонлаб яёв саёҳатни бекатдан бошлади. Кўп куттирмасдан шохларини шиқирлатиб троллейбус келиб тўхтади. Троллейбус тезда шаҳарга кириб бораркан, шиғиллаганча бир оқимда сузмоқда, ҳали салонда йўловчилар саноқли бўлгани боис, бемалол юмшоқ ўриндиққа жойлашиб олганча атрофга кўз қирини ташлайди.

Мундоқ ўйлаб қараса, яқин ўн йиллардан буён жамоат транспортига ҳам чиқмаган экан. Бир томондан, бу юришидан завқланаётган бўлса, бошқа томондан сайёҳлар шу тарзда шаҳарни томоша қилишини кўз олдига келтириб, ҳаяжони ортиб бормоқда. Ўқиган ва эшитганлари ҳақида ўйлаб, хаёлида жонлантирмоқчи бўлади-ю, афсус, ёрқин тасаввур йўқ. “Яхши билмаганинг учун тасаввур қилишинг ҳам қийин кечмоқда”, деган ўйда ўзини ёзғириб қўйди. Бир тангани икки тангага айлантириш йўлида бош қотирибди-ю, ўша тангаларни қўлида тутган одамларнинг истаклари ҳақида ҳеч қизиқмаган экан. Сал жиддий ўйласа, тадбиркор учун кўнгилларни билиш ҳам асқатаркан. Дунёга чиқиш учун бари керакмиш, дея афсус билан хаёл суриб борарди.

Ташқаридаги манзара эътиборини тортди. Кўп қаватли бинолар бирин-кетин ён-веридан ўтаркан, мисоли узундан-узун карвон кетиб боришини ёрқин тасаввур қилди. “Мана сизга тарихнинг жонланиши, фақат шакл ўзгарган”, дея ўз ўйидан завқланиб, ойнага яқинроқ сурилиб олди. Бир-биридан ажойиб манзаралар.

Иттифоқо, ажибдан-ажиб манзаралар жозибасидан тарих бўй-басти билан шундоққина кўз ўнгида қад ростлагандек бўлмоқда. Ҳаддан ташқари хаёлга берилганча, “Ўҳҳў, нақадар жозибадор қадим маданият”, дея ич-ичидан бир сас туйди. Бу нидо ихтиёрдан ташқари бўлган кўнгилнинг инжа торлари садосимиди — равшан англаёлмади. Ҳеч хаёлига келмабдики, бу қадим шаҳарнинг бугунини жозибадор қилиб кўрсатаётган улкан ва улуғвор кечмиши. Туйғуларнинг нафис торларини тебрантириб юборган хоразмийлар маданиятининг ҳайбати кўз қорачиқларида учқунлагандек бўлди. Шаҳарга кираверишдан бошлаб янгидан-янги иморатлар, кўнгилочар масканлар, университет бинолари-ю катта-кичик ширкатларнинг офислари кабиларнинг барчасини меҳмонлар ё бошқа юртлардан келган сайёҳ каби айланиб юрди.

Лекин энг ҳайратланарлиси бу ёқда экан: Ичанқалъа! Ҳар бир ғишти долғали ўтмиш юкларидан инграб-инграниб сўзлаётгандек бўлаверади. Ҳар бир бинодаги ёғоч тўсинларнинг қисирлашларида ёниқ-ёниқ маърифат садолари жаранглаб кетгандек бўлаверади… “Одамлар сен бўлишга орзуласа, сен ким бўлишга тиришиб ётибсан, эй асли-наслига беписанд нодон?” — дея бошини сарак-сарак қилиб, ўз-ўзини койиркан, аждодларининг хокини қучган иморатларга ғамгин тикилиб: “Эҳ, аттанг, узр тилайман, улуғ боболарим, мунис момоларим”, дея пичирлади.

Эртаси тонг саҳар самолётга ўтирди. Бир қанча вақт самони кезди, булутлар устида сузди. Ва ниҳоят, заминга яна қайтиб тушди. Орадан кўп вақт ўтгани йўқ. Тунда осмонга кўтарилган бўлса, чошгоҳ маҳали гўё ўзга бир оламга бориб қолгандек эди. Мюнхен халқаро аэропорти: ғиж-ғиж одам, самолётнинг бири келиб қўнмоқда, бошқа бири ҳавога кўтарилмоқда. Ҳаёт қайнаган, бегона дунё турмуш тарзи кўзга яққол ташланади; либосидан тортиб тўрва-халтасигача, тилини-ку, асти қўяверинг. Лекин бу ерда ҳам одамлар бир хилда нафас оларкан, бир хилда қадам ташларкан, тирикчилик тартиботида ҳеч бир фарқ йўқдек.

Йўл кўрсатувчи билан шаҳар марказига жўнади. Ажнабий шаҳарнинг ғаройиб кўчалари. Шаҳар маркази томон яқинлашгани сайин биноларга ҳайрон боқади. Гўёки қадим ва янги, ўтмиш ва бугун қоришиб кетгандек. Синчков назар солиб кўрдики, юз йилликлар наридан хабар бераётган биноларда ҳам бугуннинг нафаси уфуриб турганидан ажабланади. Нега музейга айлантирилмаган, деган ўйни ўйлади-ю, шу заҳоти йўл кўрсатувчи бир гап айтиб, буткул чалғитиб юборди. Ҳашаматли меҳмонхонага етиб келиши билан хонага жойлашгач, ходим бир соатдан кейин олиб кетишини билдириб, чиқиб кетди.

Гулмирза буёғига немисча тартибга риоя қилган ҳолда, аввалига ўзига тегишли вақтни тақсимлаб олиб, ҳаракатга тушди. Ювиниб, бироз нафас ростлаган эдики, олдин ҳам эмас, кейин ҳам эмас, роппа-роса айтилган пайтда ходим хонага кириб келди. Ажабо! Бунақа сўзга содиқлик, аниқлик ноёб ҳодиса!

Меҳмонхонадан кўп узоқ юрмасларидан, машина ҳайбатли бир бинонинг олдига келиб тўхтади. Гулмирза бинонинг учига кўз қирини ташламоқчи бўлганди, бўйин томирлари тортишди. Беихтиёр ноўрин қилган ҳаракатидан жилмайиб қўйди. Ичкари кириб, ўттиз тўртинчи қаватга кўтарилганда компания офиси деразасидан шаҳар кафтдагидек кўриниб турарди. Аввалига уни қаҳва билан сийлашди. Маълум вақтдан кейин мажлислар залида мутахассислар ҳамроҳлигида ҳужжатлар яна бир бора назоратдан ўтказилди. Ва ниҳоят, икки томон вакиллари иштирокида шартнома имзоланди. Энди Хивадаги тўқимачилик ширкати ҳам Оврўпа сармояси билан энг сўнгги русумдаги дастгоҳларни харид қилиши, ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ҳар икки давлатда савдога чиқариши мумкин. Иш битгач, олмон ширкати патрони:

— Дўстим, биз сизларга сармоя киритаётганимиздан жуда мамнунмиз. Ўйлайманки, ҳамкорлигимиз ҳар икки томонга кўп-кўп манфаат келтиради, — дея Гулмирзанинг қўлини маҳкам сиқиб қўйди.

— Бу ҳамкорликдан бошим осмонга етди. Ҳар бир шарт ўз вақтида ва чиройли тарзда бажарилади. Бу томондан кўнглингиз тўқ бўлсин, — дея Гулмирза соф немис тилида гапирганида, улар ҳайратланиб, қайта табриклаб қўйган бўлса, шартнома шартларини оғзаки тарзда такрорлаганида таажжубланганларини ҳам сезди. Уларнинг ҳолатини кузатиб, бизда қандай, шундай, деган чалкаш ўйларни хаёлидан ҳайдади.

— Бу дўстона келишувни нишонлаймиз. Шу сабаб, осиёлик дўстим, сизни кечки овқатга таклиф қиламан, — деди патрон завқ билан.

Шарқона урф-одатга мувофиқ таклиф эътирозсиз ва лутф билан қабул қилинди.

Шу билан кечки зиёфат вақтигача меҳмонни шаҳарни томоша қилишга олиб чиқадиган бўлишди. Гулмирза қўзига қизиқ учраган бир савдо марказига киришини билдирди. Кейин истироҳат боғида сайр қилиб, роса яйради. Шу уч-тўрт соат ичида ота юртида юргандек мослашди-қолди. Тилига тушунсанг, бегонасирамайсан экан, сувини ичиб, нонини егач, бинолар-у кўчаларигача таниш бўлиб қоларкан, деган ўй-хаёл билан шаҳар кезаркан, осмон тундлашиб, қоронғилик чўка бошлади. Оламга тун чўкиб, сомон йўлидаги юлдузлардек липиллаётган сон-саноқсиз чироқлардан шаҳар ажиб бир мафтункор қиёфага кирди. Ана шунда ҳамкорларининг ижтимоий-маданий ҳаётини ўз кўзи билан кўриб, келишувга эришганидан мамнун бўлди. Энди хотиржам юртига қайтаверса бўлаверади. Ана шу пайт зиёфат вақти ҳам етиб келганди.

Зудлик билан меҳмонхонага қайтиб, немисча аниқлик билан тезликда кийим-бошини саришталади. Пештоқида “WELТ” деган ранг-баранг товланиб турган ёзувли бино айвонига қадам қўйганда соат миллари роппа-роса келишилган вақт билан қадам-бақадам юрарди.

Эшикдан кириши билан сершовқин шаҳар марказида ажиб бир сукунатни ҳис этди. Ҳайҳотдек хона бўйлаб қатор терилган столлар атрофида одамлар икки, ёки уч-тўрттадан бўлиб хотиржам суҳбатлашмоқда, айримлари бемалол овқатланарди. Тўрдаги бўш стол ёнида патрон кўринди. Гулмирза у томон юрди. Мезбон бир лаҳза йигитнинг либосларига тикилиб қолди: худдики у шу либослар ила туғилган-у, унинг либослари ўзи билан бирга улғайгандек. Шунчалик ҳам бўлиши мумкинми? Во ажабо! Аммо яқинига келган меҳмонни ўтиришга таклиф қилиш учун эпчил ўрнидан қўзғалди.

Юмалоқ стол устига оппоқ дастурхон солинган, ликопчалар гўё столдан ўсиб чиқиб очилиб турган гулларни эслатар, қатор терилган санчқи, пичоқ ва қошиқлар гўё аскарлар каби тизилгани бир томон, атрофдаги одамларнинг маданият билан яйраб ўтиришлари ресторан муҳитини янада жозибадор қилиб қўйганидан йигитнинг кўзи қувнади. Бу ердаги хизматчиларнинг шарпадек сассиз ҳаракатланишидан ўтирганларнинг барчаси бой-бадавлат аслзодалар эканлигини бир қарашдаёқ илғаш мумкин эди.

Чиндан ҳам бу муҳитда мезбон янада салобатли кўринди. Иккиси ўз ўринларига жойлашиб улгурмасидан хизматчи ҳозир бўлди.

Мезбон меҳмонга илтифот кўрсатди. Рухсат сўраб, буюртма бера бошлади:

— Қизил мусаллас, айнан юз йиллигидан бўлсин, — дея сўзларни шундай дона-дона талаффуз қилдики, ҳатто унинг оҳангларигача ёдлаб олиш мумкин эди.

Бу ҳаракати иззат қилишми ёки нописандликми, билиш қийин эди. Балки, кибрланишмикан ёки уларнинг қадимий урф-одати шундай бўлиши мумкин, ҳар қалай, Гулмирза вазмин кузатмоқда.

— Хўп бўлади, бош устига, — дея хизматчи оқ қўлқопли қўли кўксида зипиллаб кетди.

Сал куттириб қўйиб, ниҳоят, хизматчи қўлида саватча билан кўриниш берди. Оқ матога ўралган биллурдай тиниқ шишани олиб, биринчи бўлиб меҳмоннинг олдидаги қадаҳга озгина қуйди, навбати билан мезбоннинг қадаҳига қуяр чоғи ногаҳон дастурхон юзасига бир томчи ичимлик “чик” этиб томди. У бир аср асралганича бор экан, томган жойида иссиқ қон томчисидек қип-қизил доғ қолдирди. Бу вазиятда нима қилишини билмай қолган хизматчи ҳар иккаласидан узр тилаб: “Дастурхонни алмаштирайми?” — дея сўради.

Негадир мезбон қадаҳни қўлга олиш ўрнига доғ томчисига қараб қолганди. Ачиниш билан бошини кўтарар экан:

— “Der Kellner”, — дея бошқаларнинг истироҳатига рахна солмасликка тиришиб, тиш орасидан вишиллаш оҳангида уқтирди. — Тезда янгила!

Патрон вазмин-босиқ бўлишга қанча тиришмасин, бир томчи доғ туфайли жаҳл отига минганди. Аммо нечоғлиқ қони қайнаса-да, ўзига ярашган виқор билан ич-ичидан тошиб келган жаҳли юзида табассум бўлиб таралди.

Айни ҳолатга мослашмаган осиёликнинг совуққонлиги мезбонни ҳайрон қолдирди. У жуда хотиржам эди.

— Бизда ҳамма нарса тоза ва озода бўлиши талаб этилади. Бунинг учун узр сўрайман, — деди патрон пинагини ҳам бузмай ўтирган меҳмонга. — Биз дунёнинг илғор ва маданиятли халқ вакили бўлганимиз туфайли бир томчи доғга ҳам тоқат қилолмаймиз. Бундай қилиш шаънимизга ярашмайди.

Тўсатдан дастурхондаги идишлар бир бошдан йиғиштирилиши бошқа столдагиларнинг эътиборини тортмай қолмади. Атрофдагиларнинг тушунишича, осиёлик меҳмон туфайли дастурхон машмашаси бошланган эди гўё.

Бу стол атрофидаги бесаранжомликни бошқалар бемалол кузатишга тушган эди. Ресторан хизматчилари тезлик билан ишларини саранжомлаб, доғ теккан оппоқ дастурхонни стол устидан сидириб олган маҳал тагидаги манзарани кўрганлар бараварига “Войдод!” дея чинқириб юборишди.

Дастурхонсиз қолган стол қип-қизил қонга бўялганидан рутубатли ҳид тарала бошлади. Патрон энди жаҳлини тийиб туролмай, столга бир мушт туширди. Шунда қон бутун зал бўйлаб сачраб кетди. Ўтирганларнинг бари кўзлари ола-кула бўлганча столларидан туриб қоча бошлади. Ўзларининг дастурхонларига суриниб, столларини ағанатиб юборар экан, ҳар бир столдан қон оқар, сачрар, зал қонга беланганди.

Патрон кўз олдида кечаётган жараённинг даҳшатидан кўзлари пахтасидан чиқиб кетгудек бўлиб чинқирганча оғзидан кўпик сачрарди. Қий-чувда одамлар бараварига қочиб бориб, ойнаванд эшикни чилпарчин қилиб юборди. Нечтаси жароҳатланган, нечовининг эси оғиб қолган, нима бўлаётганини англайдиган ақли бошдан учган. Гулмирза қоққан қозиқдек турар экан, уст-бошига қон сачраб, силласи қуриганди.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − two =