Тоға

Бек АЛИ

Муаллиф ҳақида:

Бек АЛИ 1992 йил 6 июнда Самарқанд вилояти Иштихон туманида туғилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. “Мен ахир сенман” ва “Воҳ” номли шеърий китоблари нашр этилган. Айни пайтда “Тил ва адабиёт таълими” журналида фаолият олиб бормоқда.

Қуёш тошлоқ йўл бўйлаб кўкка бўй чўзган теракларнинг тиззасига тушиб, бир лаган чўғдек қизариб ботаркан, миямдаги бир саволнинг, балки, бу савол эмас, ажабланишдир, хуллас, фикру хаёлимни эгаллаб олган шу жумбоқнинг ечимини излаб, бузоғини кўздан қочирмасдан тобора уйга яқинлашаётган оқ сигиримнинг ортидан эргашиб борардим.

Сигирни бостирманинг тагига боғлаётганда ҳам, онам сут соғаркан, бузоқни ушлаб турганда ҳам, юз-қўлимни сатилдаги сувга апил-тапил юваётганда (гарчи бу қилиғим учун мудом танбеҳ эшитсам-да), зангор экрандаги “хон” сигаретининг рекламасига оғзим очилиб, лаби учган тош косадаги шўрвага нон тўғраётганда ҳам мени таажжуб тарк этмади.

Фақат тўшакка кирарканман, роса чарчаган эканманми ёки тушликдаги бир туюр нон ва пиёзга ичим чиқмагандан кечга бориб силлам қуриган, шекилли, тахтадай қотиб ухлабман.

Аммо мактабга кетаётганда фақат шу ҳақида бош қотирардим. Нега “Бўлтак”? Нега Анвар эмас, нега Зокир эмас? Анвар акам амакиваччам бўлади. У уйланган, янгамни “опа” дейиш жуда ёқади. Аммо янгам бунга кўнмаяпти. Хуллас, Анвар акам ўктам йигит. Унинг келишган бўй-басти, ўткир нигоҳлари, овози ҳам рисоладагидек. Топиш-тутиши ҳам яхши. “Анвар” — мана ҳақиқий жарангдор исм. Исммисан исм!

“Зокир”-чи, Зокир ака шаҳарда ўқийди, пўрим кийинади, ўта маданиятли. Маданият тимсоли деса ҳам бўлади. Тўй-маъракада қишлоқдошларга ишни шундай тақсимлайдики, “отангга раҳмат!” деб юборасан киши. Исмини Зокир қўйгани яхшироқ эди, ҳар қалай, эртага унинг исми масхара қилинмайди, “Зокирга ўхшамай ўл!”, “Зокир сирқовмисан?”, “Зокирга ўхшаб сасиб ухлайверма” демайди оталар фарзандларига.

“Бўлтак” — шу ҳам исм бўлдими? Нимадир ўхшамаса, бирор ишнинг пачаваси чиқсагина бу исм тилга олинади, холос. Ҳар қандай палакат босган жойда бу ном оғизлардан нафрат аралаш отилиб чиқади. Уч йилдан бери мактабга қатнаб чизган ва уч қишлоқдан иборат хаёлий харитамда ҳам бу исм якка-ю ягона эди.

Дарсда ҳам икки марта дакки эшитдим. Бир сафар устоз қошимга келгунча сезмабман. Қулоғимдан чўзиб турғизгандагина дардисар хаёлларим билан бўлиб, доскадаги мисолларни кўчирмаганимни англадим. Энди эса “янги меҳмон”ни кўргани ошиқяпман.

Мўътабар опа — холамнинг қизи. У ўтган йили қишлоғимизга келин бўлиб тушди. Қадди-қомати келишган, кўзлари маъноли, ўзи буғдойранг қиз эди. Келин бўлиб тушгач, янада чиройи очилиб, Саттор акани ҳам юмшоқ супурги қилиб қўйди. Кўчада ҳеч кимга гап бермайдиган Саттор ака, тўйларда можаронинг бошида турадиган Саттор ака, хуллас, Геракл рамзига айланган Саттор ака хотинини сизлаганига ўлайми? Майли, нима бўлган тақдирда ҳам улар иноқ оила. “Келин ҳам куёвнинг ҳурматини жойига қўяди, куёв ҳам келинни бошига кўтаради”, дейди онам улар ҳақида гап очилганда.

Аммо шундай оиланинг фарзанди Бўлтак бўлишини тасаввур қилолмасдим. Балки мол боқишдаги болалар мени алдагандир, ўзи уларга менинг устимдан кулишга баҳона керак эди. Шутин ўйнаётганимизда бармоқларим узунлиги қўл келиб, ҳаммани ютаверганимдан, уларнинг пайтавасига ўт тушган.

Ўзи жуда оддий ўйин. Эсимни танибманки, бўшаган гугурт қутиларнинг икки ёнини юлиб ташлаб, шутин ясайман. Қишлоқдаги ҳамма болалар шундай қилади. Кимнинг шутини кўп бўлса, ўшанинг ошиғи олчи бўлади. Уч-тўрт бола уймалашиб, биттадан шутин тикамиз, уларни текис қилиб ерга тахлаймиз. Ҳамма устидан бир-бир босиб зичлайди, баъзилар пичирлаб дуо ҳам ўқийди. Аммо барча қилинган тадбирларни менинг бесўнақай қўлим, яъни узун бармоқларим ва туядай букчая оладиган кафтим барбод қилади. “Пўк” этган овоз чиқади, тамом. Тикилган шутинлар ҳар тарафга сочилиб, чаппа бўлиб қолади. Шунинг нимаси қийин? Тенгқурларимнинг қошиқдек кафтлари шу ишни эплолмасди, холос.

Шутиндан ютолмагач, мени ўйинга қўшгиси келмасди. Имкон туғилди дегунча, устимдан кулишга, масхаралашга киришиб кетарди (у пайтлар кўролмаслик инсониятнинг қон-қонига сингиб кетганини қаердан билибман?). Улар алдаган бўлишини ич-ичимдан истардим. Шундай бўлиб чиқиши айни муддао эди ўшанда.

Оппоқ матога ўралган чақалоқнинг жажжи қўлларини лабимга босарканман, у ҳақида ёмон фикрга борганим учун ерга кириб кетгудек бўлдим. Унинг исми менинг тасаввуримни шу қадар қабиҳ қилиб ташлагандики, мен Мўътабар опанинг қўлидан уни авайлабгина оларканман, қучоқлаган, ўпган, қўлларини лабимга босишига имкон берган киши бўлиб, унда нуқсон йўқлигига имоним комил бўлмагунча онасига қайтариб бермадим. Тоқати тоқ бўла бошлаган Мўътабар опа тилга кирди.

— Балки Хадича опамга айтарсан… — деди мулойим жилмайиб. Хадича опа — менинг онам.

— Нимани? — дедим боладан кўзимни узмай. Энди чақалоқнинг кўзлари чиройли эканини фаҳмлаб, катта қорачиқларига мафтун бўлардим.

— Ука олиб келишини. Қара, чақалоқ кўтаришни ҳам биларкансан, ҳам меҳрибонсан.

Чақалоқни рисоладагидек кўтарганимга ишонмасдим. Бироқ савқи табиий бу ишни уддалардим айни пайтда. Жавоб қайтармадим. Бунақа гапларга жавоб қайтаришга ҳали ёшлик қилардим. Юзим қизиди, қизарган бўлиши ҳам мумкин. Болани юзимга яқинлаштириб ҳидладим. Катталар “чақалоқдан жаннат ҳиди келади” дейди. Гарчи мен жаннат ҳидини билмасам ҳам, чақалоқларни ҳидлаб кўраман-да, жаннат ҳақидаги тасаввуримни шакллантираман. Чақалоқдан қанақа ҳид келишидан қатъи назар, демак, жаннатнинг ҳиди шу деб кетавераман. Улардан кўпинча сутнинг ҳиди келади.

У йиғлай бошлади. Шунда билдимки, Мўътабар опа айтганчалик чақалоқ кўтаришга уқувли эмасман. Бу йўлига қилинган мақтов эди, холос. Уни онасига топширишим билан тинчиди. Энди бора қолай, деб ортга қайтмоқчи эдим, “Бунинг кўрманасини бермайсанми?” — деган саволга тайёр эмаслигим, дўкондан ҳам бирор нарса кўтариб келмаганим учун койиндим. Отам яқинда олиб берган тахтадан ўйиб ясалган бежирим ғаладоним кунимга яради. Худди буни аввалдан ўйлаб қўйгандек, сумкамдан чиқардим-да, ичидаги иккита қалами билан узатдим.

— Буни нима қиламан? — бир қўлида бола, бир қўлида ғаладонни айлантириб томоша қиларкан, сўради Мўътабар опа.

— Атайлаб ғаладон олиб келдим. Ўқимишли бўлади… Худди Зокир акага ўхшаб… — иҳраган товушда чиқди охирги жумлалар. Оз қолди, сал бўлмаса, ўзимни сотиб қўярдим.

— Раҳмат, тоғаси. Айтганинг келсин! — Мўътабар опа табиий гапирарди. Менинг чақалоқни кўргани келишим у учун кўнглида инсонпарварлик уруғи ниш ураётган бир боланинг навбатдаги хоҳиши эди. Қанийди, шундай бўлса, қанийди, фақат шугина эҳтиёж мени бу ерга бошлаб келган бўлса.

Бахтиёр она билан хайр-хўшлашиб ортимга қайтарканман, кўча бўйига қурилган тандирнинг ёнида тўхтаб, ортга қайрилдим. Мўътабар опа ҳали мендан нигоҳини узмаган экан. Унинг нигоҳларида биринчи марта заифликни кўрдим. Демак, оналикнинг биринчи белгиси — заифлик.

— Исмини сўрамабман… — дедим ўзимни густоҳларча тутиб.

— Бўлтак! — Мўътабар опанинг оғзидан чиққанда бу исм у қадар ёмон эшитилмас экан-у, барибир, асабимга тегди.

Уйга йўл оларканман, энди дунёга келган болани бу қадар таҳқирлашга кимнинг ҳадди сиққанини тушунолмасдим. Энди Бўлтак бова ҳақида ўйлардим. Ҳа, у ёмон одам. Жуда ёмон. Чунки у лаган ўғирлаб қамалган. Паст одам. Отам шундай деганди бир сафар қўшнимиз Чори бова билан гаплашиб турганда. Яна у саводсиз, ҳатто исмини ҳам ёзолмайдиган даражада саводсиз. Отаси қуриб берган икки хонали уйнинг битта ғиштини ҳам ўзгартирмаган. Битта катак ҳам қурмаган. Топган пулига ароқ ичади. Одамларнинг ўлда-жўлда юмушини бажариб кун кўради. Аниқроғи, кунини кўради. Бережа туғилган уч боланинг еяр-ичари хотиннинг зиммасида. Аёл боёқиш болалари мактаб битирувчиси бўлишига қарамай, уч кун эриникида бўлса, тўрт кун отасининг уйида. Қачон қарасанг, юзи кўкарган, қўли гипс. Аммо ўз қисматига кўнган. У ҳақида ўйларканман, жоҳилларни Худо сийлайди, дейман. Бўлтак бовадек одам ҳам ўз жуфти билан яралган, дейман. Тинимсиз меҳнат қилади хотин шўрлик. Нима меҳнат қилади, дейсизми, аёллар мардикор бозорига чиқади. Икки йиллар бурун Россияга ишлашга кетди, бир йилда қайтиб келди. Кетаётганда туядай хотин эди, қайтганда сувга тушган мушукдай хаста бўлиб қайтди.

Болаларнинг кўнгли синган. Ўқиши ҳам чатоқ. Улар ҳам мактабга онда-сонда борса боради, бормаса, одамларнинг уйида дастёрлик қилиб, бир-икки сўм ишлаш пайида бўлади. Бошқа йўли ҳам йўқ-да, онанинг дори-дармонига ота пул бермагач, болалар, ҳеч бўлмаса, қора қозонга тузукроқ масаллиқ солишга уринади. Она боёқиш яхшироқ таом еса ҳам хурсанд эмиш.

Шу ҳолида ҳам Бўлтак бова кайфи таранг бўлиб келиб, дўппослаб қолади. “Қамоқдан қайтгач, нервинний бўлиб қолган”, дейди одамлар. Баъзилар раҳми келиб, “Эҳ, зўр йигит эди”, деса, бошқалар: “Ўша пайт ҳам гўр эмас эди”, дейди. Мен у кишининг зўр йигитлигини кўрмаганман. Умуман олганда, мен ҳали у кишини — Бўлтак деган махлуқни учратмаганман. Тасаввуримдаги Бўлтак номли қиёфа катталарнинг суҳбати асосида тикланган.

Шунақаси бўлади-ку, масалан, синфхонамиздаги досканинг тепасига Навоий сурати осилган. Гарчи у одамни кўрмаганман. Аммо ҳамма уни яхши одам дейди. Шеър ёзган, улуғ бобомиз дейди. Яхшидирки, яхши дейди. Яхшидирки, беш аср олдин яшаб ўтган одамни устозимиз худди кўргандек, тилидан бол томиб таърифлайди. Унинг туғилган кунини-чи, бутун мактаб нишонлайди. Ҳамма яхши дегандан кейин мен ҳам яхши дейман-да, мен ҳам шеър ёзишни, менинг ҳам туғилган кунимда болалар дарсдан озод бўлиб, тадбир томоша қилишини истайман-да. Фақатгина Бўлтак бова буни истамайди. У Навоийни, шундай яхши одамни танимаса ҳам ҳайрон қолмайман.

Бўлтак бованинг ёмонлиги, ичкиликка берилгани, масъулиятсиз экани ўз йўлига. Аммо менинг жияним, ҳа, жияним… Ахир Мўътабар опам ўз оғзи билан “Тоғаси” деди-ку. Хуллас, жияним Бўлтак бўлиши мени бахтиқаро қилди. Энди мактабда, мактаб ҳам майли, мол боқишда қандай бош кўтариб юраман?

Айни дам уйга яқинлашарканман, кўчани бошимга кўтариб йиғлагим келарди. Қариндошларимнинг ичида ҳам Бўлтак борлиги хўрлигимни келтириб, дарди-дунёмни қоронғи қиларди.

— Бу дунёда бошқа исм қуриб кетганми буларга, а? Нега айнан Бўлтак?

Онамга йиғламсираб берган бу саволим бошимга бало бўлди. Суҳбатимизни отамга айтиб қўймаслиги учун нақ бир ой мўмин-қобил бўлиб, буюрилган ҳамма ишни, бош тортмай, чин кўнгилдан бажарардим. Мол боқишдан тортиб, уйни супуриб-сидиришгача. Уйимизда қиз йўқлиги сабаб бу ишни укам билан навбатма-навбат бажарардик. Табиийки, мактабдан чарчаб қайтган онам уйнинг чиннидек тоза турганини кўраркан, юзимдан ўпиб қўярди. Мен эса суҳбатимизни унутган ё унутмаганини билиш учун нигоҳларини уқишга чиранардим.

Мол боқишга имкон қадар укамни юборардим. Онда-сонда бориб қолсам ҳам, шутин ўйнашни билмайдиган ичиқоралар “Бўлтакнинг тоғаси келди” деб устимдан куларди. Бу қанча давом этганини ҳозир аниқ эслолмайман. Бироқ гўдакка жуда раҳмим келгани, ҳар сафар уни кўргани борганимда, “О, бечора бола, нима гуноҳинг бор эдики, исминг “Бўлтак” бўлди? Шу қадар шўрпешона бўлиб келганмисан бу дунёга?” деган нолишлар қувончимга соя соларди.

Аммо унинг онасига ўхшаб буғдойранг, отасига ўхшаб Геракл бўлиб улғая бошлагани мени қувонтирарди. Қишлоғимиз болаларидан бир туки ҳам фарқ қилмасди. Бошида ундан дум ўсиб чиқмасайди деб хавотирландим. Ҳа, ёмон одамлардан дум ўсиб чиқади. Мен бунга ишонардим, Худога шукурки, ундан дум ҳам, шох ҳам ўсиб чиқмади.

Ана-мана дегунча мактабга чиқди. У билан катта танаффусда учрашиб қолардик. Меҳрим жўш уриб, асраб-авайлаб юрган пулларимга дарвоза олдидаги камбағал дўконда меҳмон қилардим. Бечоранинг егани ичига тушмасди. Мен унга саволлар ёғдириб ташлардим, аввал “карра-карра”. Катта синфга ўта бошлагач, “Навоий қаерда ва қачон туғилган? У нега бизнинг бобомиз? Нима учун Ҳусайн Бойқаро билан Навоийчалик фахрлана олмаймиз?” деган саволларга оғзи тўлиб коржик чайнаётган бола бечора зўр-базўр жавоб қайтарар ва кўзлари каттариб-каттариб луқмасини ютарди. Мен бу имтиҳонларни мактабни битириб, армияга кетгунимча давом эттирдим. У ҳам гоҳ қариндошлик ришталари, гоҳ менинг меҳмондорчилигим ҳурматидан бу имтиҳондан бош тортмасди…

 

* * *

Тоғамнинг харитасига кирган уч қишлоқда Бўлтак исмли иккита одам бор, бири бу исмни балчиққа қорган, иккинчиси эса исмга тушган доғни тозалаш учун тиним билмай меҳнат қилаётган кичик Бўлтак. Болаларига ғамхўр ота бўлишга, хотинини имкон қадар авайлашга, ота-онасини ардоқлашга бел боғлаган Бўлтак. У ёзувчиликда ҳам ўзини синаб кўряпти, зора Навоийдек яхши одам бўлолса, унинг ҳам туғилган кунида ўқувчилар дарсдан озод бўлиб, тадбир томоша қилса, зора.

Англаганингиздек, кичик Бўлтак менман! Ва бу ҳикояни ёзиш учун ўттиз йил керак бўлди.

Пайтдан фойдаланиб, тоғамга чексиз муҳаббатим ва ҳурматимни изҳор этаман. Ҳаммаси учун раҳмат, тоға! Бир инсон бўлса, сизча бўлар, бир тоға бўлса, сизча бўлар, бир тоза қалб бўлса, сизнинг қалбингизча бўлар, тоғажон!

Ҳурмат билан Бўлтак!

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 2 =