“Меҳримдан бўлак давлатим йўқ”

Таниқли адиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Мақсуд ҚОРИЕВни ёд этиб

Болалигимдан журналистикага қизиқиб, мактабни битиргунимча 30 га яқин мақола ёзиб, газеталарда чиқарган эканман. 1984 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетининг 5-курсида таҳсил олаётган пайтим эди. “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетаси бош муҳаррири Мақсуд Қориев ҳузурларига тасодифий бир омад билан кириб қолдим. Бош муҳаррир мен билан суҳбатлашиб: “Насиб қилса, сени стажёр мухбир қилиб ишга оламиз, бирга ишлаймиз”, деб менга меҳр-мурувват кўрсатди. Бу менга Аллоҳнинг инояти бўлган эди. Чунки Мақсуд Қориев деганда биз журналистиканинг катта бир тоғини тасаввур қилардик. Бу тоғнинг ёнига бориш қанчалар шарафли эди! Кекса журналистлар ҳам “Совет Ўзбекистони” газетасида ақалли бир марта мақола чиқарса, ўзларини бахтиёр ҳисоблайдиган замонлар эди. Газета адади ҳам бир миллион атрофида чиқарди.

Таниқли адиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, юридик фанлар номзоди Мақсуд Қориев 1926 йил 1 августда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 1954 йилдан 1963 йилгача “Тошкент ҳақиқати” газетасида бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир, 1963 йилдан 1984 йилгача “Совет Ўзбекистони” (ҳозирги “Ўзбекистон овози”) газетасида бош муҳаррир, 1984 йилдан 1988 йилгача “Муштум” журналида бош муҳаррир, умрининг сўнгги йилларида “Меҳригиё” газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлаган.

“Ойдин кечалар”, “Жийда гуллаганда”, “Афросиёб гўзали”, “Турналар баланд учганда”, “Қиз узатиб борганда”, “Ой тутилган тунда” каби китобларидаги ҳикоя ва қиссаларда ёшлар тақдири, орзу-армонлари, оила қувончи ва бахти юксак пардаларда куйланади.

Адиб — “Спитамен”, “Ибн Сино”, “Ғазнавийлар” тарихий романлари муаллифи. У “Осиё гўзали”, “Темур ҳақида ҳикоялар”, “Қайтар дунё”, “Тожмаҳал” сингари қатор бадиалар яратган. “Эзгуликка интилиб” эссеси унинг моҳир публицист эканидан далолат беради.

Инсон умри ўтар, ёзган сўзлари қолар.

Майли, Мақсуд Қориевнинг ижодий фаолиятига баҳони адабиётшунослар бергани маъқул. Камина эса Мақсуд аканинг муҳаррирлик санъатини қанчалик эгаллагани ва инсонийлик фазилатлари ҳақида фикр билдирсам. Одамийликни бир мактаб деб биладиган бўлсак, Мақсуд Қориев шу мактабнинг муаллими эди, десак ҳам бўлаверади. Чунки инсонийлик жиҳатидан, муҳаррир бўлиб ўз жамоа аъзоларига меҳр-шафқат кўрсатиш, уларни керак пайтида ҳимоя қилиш, оталарча меҳрибон бўлиш унга хос эди. Мақсуд ака ҳуқуқшунос журналист эди. Ҳар бир чиқаётган мақоладаги сатрларнинг мазмун-моҳиятини ҳар томонлама мукаммал таҳрир қиларди.

Мақсуд Қориев суҳбатларда ота-онасининг инсонийлиги ҳақида жуда кўп гапирарди. Оталарининг иймон-эътиқодли инсон бўлганини, оналарининг қандай меҳрибон эканини сўзлаб берарди. Ўйлаб қарасам, журналистика оламида ота-онасини Мақсуд Қориевчалик эъзозлаган, ҳар бир суҳбатида ота-онаси ҳақида гапирган ижодкорларни кам учратдим.

Республиканинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидов Мақсуд Қориевга иноят кўрсатиб: “Сиздек ижодкорга сўлим жойда, сув бўйида, тоза ҳавода ижод қилишингиз учун шароит яратиб берамиз”, деб Шредер боғидан бир жой ажратиб берган экан. Бу дала ҳовлида мевали дарахтлар, турфа гуллар бор эди. Катта оқар сув бўйига сўрилар қўйилганди. Устоз учун ўша боғнинг берилиши ҳам Аллоҳдан катта мукофот бўлган, деб ўйлайман. Чунки ижод қилиш учун яхши шароит яратилиши жуда катта гап. Мақсуд ака нимага эришган бўлсалар, ўйлашимча, ҳаммасига устозларининг ҳурматини қилиб, ижодий изланиб, китоблар ўқиб ва шогирдларига меҳрибон бўлиб эришган. Таниқли адиб, маҳоратли муҳаррирнинг салкам ярим асрлик ижод мактабини тадқиқ этиш керак бўлади. Жамоада бирга ишлаган пайтимизда Мақсуд ака Қориевнинг шундай юксак ҳурмати бор эди.

“Тешик қопқа” қабристонига бориб, қабрларини зиёрат қилиб тураман. Марғуба келинойи билан ёнма-ён қўним топишган. Ҳар доим давраларда, ижодий йиғинларда Мақсуд Қориевнинг қайсидир бир хислатларини эслайман. Сабаби, у маънавиятнинг катта бир энциклопедик олими эди, гап-сўзларида маъно-ҳикмат бўларди.

Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғи. Ишдан бўшаб турган пайтимда, устозга “шундай ҳолат бўлди”, десам, ижодхонасига кириб кетиб, Чингиз Айтматов, Одил Ёқубов ва ўзи тушган расмни олиб чиқиб: “Укам Дилмуроджон, дунёда яхши одамлар жуда кўп”, деб ёзиб берганди.

Отам раҳматли дуо қиларди: “Ўғлим, урушда Ленинграднинг 900 кунлик қамалида қатнашдим, омон қолдим. Отангни Аллоҳ сақлаган, холос. Ярадор бўлиб қийинчиликлар кўрдим, оғир хасталикларни бошимдан кечирдим, жуда кўп туҳматларга учрадим, қўлим юпқа бўлди, лекин ҳар қандай вазиятда менга Аллоҳ томонидан яхши одамлар рўпара бўлди. Шундай кунларда яхши одамлар туғишганимдан зиёда яхшиликлар қилишди. Сенга ҳам ҳаётингда яхши инсонлар рўпара келсин”. Шу дуо ижобатини Мақсуд Қориев билан устоз-шогирд бўлиб юрган даврларимда кўрдим. Чунки менга кўп яхши одамлар устозлик қилди.

Мақсуд Қориевнинг шогирдлари билан ҳозир жуда иноқмиз. Энг яқин шогирдларидан бири — Хуршид ака Дўстмуҳаммад. Қандай самимий, қандай одамий ижодкор! Юзларидан, кўзларидан, сўзларидан ҳам меҳр ёғилиб туради. У киши устозини шундай хотирлайди:

“Шўро даврида матбуот мафкуранинг қиличи вазифасини ўтаган, буни ҳеч ким инкор этмайди. Бироқ матбуот ва журналистиканинг қудрати ва сеҳри шундаки, бу соҳа вакиллари ҳар қандай мафкурабозлик дабдабаси остида ҳам ҳаёт ҳақиқати, инсоний ақидалар учун хизмат қилиш йўлини, чорасини излаган ва топган. Ижодий маҳорат, хусусан, сўз санъати имкониятлари қалам аҳлининг юзини ёруғ қилган.

Буни қарангки, ўша кезларда журналистиканинг ҳам, журналистларнинг ҳам нуфузи ниҳоятда юқори бўлган. Газета бош муҳаррирининг обрў-эътиборини-ку асти қўяверасиз! Мақсуд Қориев ўша даврнинг эрка намояндаларидан бири эди. “Тошкент ҳақиқати”, “Совет Ўзбекистони” газеталари ҳамда “Муштум” журналига бош муҳаррирлик қилиш алоҳида мартаба, албатта. Аммо-лекин, менинг назаримда, адиб сифатидаги ижоди Мақсуд ака маънавий-ижодий дунёсининг кенглигидан, беғуборлигидан далолат бериб туради. Катта ҳаётий тажрибага эга ижодкорнинг ҳикоя ва қиссалари, тарихий мавзудаги бадиий изланишларидан бу инсоннинг ўзига хос дилбар ва хушдил қалб соҳиби бўлганини пайқаш қийин эмас.

Ҳар қандай ижод моҳиятан даъво ҳисобланади. Лекин Мақсуд ака даъво қилмай яшади, даъво-тама қилмай, жимгина ижод билан машғул бўлди”.

Устоз анча кексайиб қолган пайтлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Шуҳрат ака Жабборов билан у кишининг дала ҳовлисига бориб, мазали егуликлар тайёрлаб, мароқли суҳбатлар ўтказганмиз.

— Устоз “Халқ сўзи”га тез-тез ташриф буюрар, ҳар сафар янгиликлар ҳақида сўрардилар, — дейди Шуҳрат ака. — “Бизнинг давримизда бир мақолага минглаб хатлар келарди”, дерди.

Бир куни қизиқ воқеа бўлди: дераза тирқишидан бир қуш адашиб кириб қолибди. Мақсуд ака: “Шу қушни тутиб менга беринглар”, дедилар. Айтганларини қилсак, устоз қушни кўчага олиб чиқиб, учириб юбордилар. Сўнг: “Тутқунликдан озодликка чиққан жониворнинг қувончини кўрдингларми?” дедилар завқ билан. Ҳақиқий ёзувчининг гапи эди бу.

Йигирма йил муқаддам “Мақсуд Қориев замондошлари хотирасида” китоби нашр қилинганди. Ўша китобда ҳам устоз ҳақида кўп яхши фикрлар билдирилган. Мақсуд акага Аллоҳ томонидан истеъдод деган неъмат раво кўрилганди. У кишининг хотираси жуда кучли эди, китоб жавонида минглаб китоблари қолди. Ҳаётини китобсиз тасаввур қила олмасди. “Дилмуроджон, шунча китобларни энди ким ўқиркин-а?” — деб ўйланиб қоларди. Лекин ўқийдиган фарзандлари ҳам бор. Қизи Наргиза опамиз — маърифатли аёл. Ўз опамиздек бўлиб қолган. Наргиза опа ҳам ота-онасини яхши кўрадиган, самимиятда тенги йўқ аёл.

Ўқувчиларимиз яхши билади, Раҳмат Файзий деган улуғ адиб ўтган. У одамнинг ҳам камтарликда, ширинсўзликда тенги йўқ қизи бор. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Умида Файзиева ҳам Мақсуд аканинг энг яқин шогирдларидан бири.

Умида Файзиева устоз ҳақида шундай дейди:

“Падари бузрукворимдек азиз бўлган, фариштали, бағрикенг устоз Мақсуд Қориев билан ўзаро суҳбатларнинг бирида у киши ўзбек миллатининг фахри бўлмиш Қори Ниёзийни эслаб: “Бундай аллома бетакрор бўлади, боиси у мактаб яратган олим эди”, дегандилар. Тўғри, мактаб яратиш ҳаммага ҳам насиб этмайди. Лекин маънан падаримиз, шогирдларига ҳамиша тиргак, яхши ва ёмон дамларда ҳамдард, энг яқин маслаҳатгўй бўлиб келган устознинг шу сўзларини кўп эслайман. Боиси улар умрларининг сўнгги палласигача қалам тебратдилар. У кишининг ғайрати, ижодининг сермаҳсуллиги, саксон ёшдан ўтиб ҳам ўқиб-ўрганишдан толмаслиги манаман деган ижодкорни, журналистни ортда қолдиргудек эди.

Мақсуд Қориев ўзлари ҳам бетиним ишлайдиган, шогирдларини ҳам ишлата оладиган раҳбар эдилар. “Совет Ўзбекистони” газетаси бош муҳаррири ҳар қанча салобатли бўлмасин, бағрикенг, самимий инсон эди. Бирор ходимга ташқаридан тош отишларига, ножўя сўз айтишларига йўл қўймасдилар. Газета деганлари ҳар доим ҳам бехато чиқмаслигини яхши биламиз. Шундай кезларда бошқа раҳбарларга ўхшаб, юқори идоралардан эшитиб келган танбеҳларнинг ҳаммасини ҳам сиртларига чиқаравермасдилар. Бир нарсани кўп такрорлардилар: “Таҳририятда бир ходим кайфиятининг бузилиши, албатта, бошқаларга таъсир этмай қолмайди. Бу газетада яна бир хато ўтиб кетишига олиб келади. Айбдор ўз айбини тушуниб етганининг ўзи кифоя”. Бундай бағрикенглик фақат Мақсуд Қориевга хос эди.

Таҳририятга келган ҳар бир ходим аввал оддий хат-хабар ташувчи — курьерлик қилиши, кейин мусаҳҳиҳликнинг барча поғоналарида ишлаши, сўнг котибиятнинг тузини тотиб, минг бир чиғириқдан ўтиши лозим эди. Бу жараёнларда тобланган ёшларнинг бўлимда ишлашга анча қўли келиб қолар, газетачилик “чидаганга чиқарган” соҳа эканини англаб етарди. Устознинг ажойиб одатлари бор эди. Бирор топшириқ бериш учун хоналарига чақирсалар, аввал ҳол-аҳвол сўрардилар. Ундан кейингина вазифа юклашга ўтардилар. “Устозлар ўгитига, уларнинг маслаҳатига қулоқ тутиб иш кўрган ёшлар ҳаётда сира қоқилмайди, демак, қалами ҳам синмайди”. Бу — шогирдларининг ижодини ҳамиша кузатиб, уларни катта ҳаёт йўлига етаклаб боргувчи меҳрли устоз Мақсуд Қориевнинг сўзлари эди.

Таҳририятда ўзига хос мактаб шакллана бошлаганини, балки, ўша пайтлари англамагандирмиз. Бугунги кунда эса Мақсуд Қориев яратган мактаб ўқувчилари — журналистларнинг кўпи катта ижодкор, машҳур ёзувчи, айримлари ҳукумат идораларида фаолият юритишяпти. Қай бирлари нашриётлар раҳбари, радио, телевидениенинг масъул ходимлари. Мамлакатимизнинг қайси гўшасида бўлмасин, устоз яратган боғнинг ниҳоллари бор.

“Инсоннинг улуғлиги — унинг камсуқумлиги, камтарлигидадир”, “Кўнглинг пок бўлса, ўзингдан хавотир олма”, “Меҳримдан бўлак давлатим йўқ”, “Устоз — маънавий отангдир”.

Бу — устозимизнинг сўзлари. У кишининг ҳар бир каломи пурмаъно, ҳар бир сабоғи ҳаётий, ҳар бир ўгити умрга татигулик эди, десам, муболаға бўлмас. Зеро, мактаб яратган инсонлар шунақа камсуқум, камтар, кўнгли покиза, ўзи фариштали, иймони бутун, меҳригиёли бўлишса керак”.

Устознинг шогирдларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Неча-неча ҳуқуқшунослар, юристлар, прокурорлар билан суҳбатлашиб ўтириб, тасодифан Мақсуд Қориевнинг номи тилга олинадиган бўлса, улар ҳақида жуда узоқ суҳбатлар давом этади.

Дунёда бахтли журналистлардан бириман. Ҳаётда, ижодда шундай устоздан сабоқ олиш — омад. Тўғрисўзлик, қўли очиқлик, адолатлилик Мақсуд акани бошқалардан ажратиб турарди. Ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган хислати бор эди — ҳеч қачон бировни ғийбат қилмас эди.

“Устоз отангдан улуғ”, деб бежиз айтилмаган. “Ота дуоси — тоғ, она дуоси — боғ”, деб иқтибос келтирамиз. Ота дуоси тоғ бўлиб, бўронлардан, довуллардан асраркан, она дуоси боғ бўлиб, ноз-неъматлар берар экан, дастурхонларни тўкин-сочин қилар экан, турли хил бало-қазолардан асраркан. Лекин устознинг дуоси — қайси касб эгаси бўлсангиз, ҳақиқий дуо олган шогирд ўша касбнинг энг маҳоратли вакилига айланар экан…

…Яна “Тешик қопқа” қабристонига бориб, устозни зиёрат қилдим. Агар ҳаёт бўлганларида, у киши шу кунларда юз ёшга кирардилар. Умр шу экан-да, келганларнинг кетмоғи бор…

Ҳаёт оқар сувдек оқиб кетар экан. Мақсуд ака яхшиликлари билан, одамийлиги билан, шогирдларига меҳрибонлиги билан қалбларимизда абадий, унутилмас из қолдирган. Бир китобига шундай дастхат ёзиб берган экан: “Дилмуроджон, мен ҳаётимда ҳеч кимга ёмонлик қилмадим. Шунинг ўзи яхшилик бўлса керак”. Ўқиган эдим: “Агар инсон ҳеч қачон ёмонлик қилмаса, шунинг ўзи ҳам яхшилик кабидир”, дейилган эди. Мақсуд Қориевнинг сўзлаш учун доимо яхши, таъсирли сўзи бўларди.

Шунинг учунми, ўзаро суҳбатларда “Меҳримдан бўлак давлатим йўқ”, деб айтиб юрардилар. Яратганга шукр, устознинг шу давлатидан баҳраманд бўлган бахтли шогирдларидан бириман.

Мақсуд аканинг ҳаёти, ижодий фаолияти бизларга ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади. Жойлари жаннатда бўлсин. Зурриётларимиздан ҳам Мақсуд Қориевга ўхшаган олим-уламолар, фузалолар чиқсин!

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − two =