Дилбар ва хушдил қалб эгаси

Саид ака Сиддиқов гарчи техника фанлари номзоди бўлса-да, ҳаётини газета-журналларсиз тасаввур қила олмайдиган, ўқимаса тура олмайдиган зиёли инсон. Айниқса, “Hurriyat” газетамизнинг ҳар бир сонини қолдирмай ўқийди. Ўқиганда ҳам синчиклаб, қунт билан ўқийди. Мақолаларимиз ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини айтади. Шу сабабли бўлса керак, ижодкорларга талпиниб туради. Дўстларимиз сафида бундай одамнинг бўлиши кўтаринки кайфият бағишлайди. Устозимиз Хуршид Дўстмуҳаммад таъбири билан айтганда: “Саид ака ўзи технар бўлса-да, ёзувчилардан кўпроқ китоб ўқийди. Шу жиҳати билан раҳматли Иброҳим Ғафуровнинг ҳам меҳрини қозонган эди”. Бизни йўқлаб, Навоий кўчасидаги машҳур 30-уйга тез-тез келиб туради.

Яқинда тушлик пайти бир пиёла чой устида гурунглашиб ўтиргандик, қўл телефони жиринглаб қолди.

— Келинойингиз экан, — дейди Саид ака жилмайиб. — “Дорингизни ичиб олдингизми?” деб эслатди. Мана, саксонни ҳам қоралаб қўйдик. Кексалик ортидан турли хасталиклар қувиб юраркан. Келинойингизнинг борига шукур. Эр киши учун меҳрибон умр йўлдош учраши Яратганнинг неъмати экан. Мана, салкам ярим асрдан буён Гулчеҳра опангиз билан бир-биримизга меҳр-муҳаббат бериб яшаб келяпмиз.

Саид ака жуда тўғри айтди. Тақдирига солиҳа аёл битилиши ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган бахт-саодатдир. Ҳа, Гулчеҳра опа каби оналар билан хонадонлар фаришталидир.

Турмуш ўртоғининг соғлиғи ҳақида бу даражада чуқур қайғурадиган аёлни Гулчеҳра опа тимсолида кўрдим. Эрининг хасталиклари, уларни даволаш усуллари, ичадиган дорилари, уларни қачон ва қанча миқдорда ичиши опанинг назоратида.

Мен бу оиланинг фариштали кишилари ҳақида ёзишни анчадан буён ўйлаб юрардим. Яхши ният билан ёзнинг жазирама иссиқ кунида қаҳрамонимизни қидириб, Бўстонлиқнинг Чимён қишлоғидаги дала ҳовлисига бордик.

— Жонингизнинг ҳузурини биласиз, биз Тошкентда ёниб ётибмиз, — дейман катта дарвоза ёнида бизни кутиб турган Саид акага юзланиб.

— Хуш келибсизлар, машинани ичкарига, салқинга олиб кириб қўяверинглар, — дейди Гулчеҳра опа очиқ юз билан бизга пешвоз чиқиб.

Бу хонадон эгаларининг меҳмонларга марҳамати бошқачалигига кўп марта гувоҳ бўлганман. Уйига ким йўқлаб келса ҳам, ҳеч оғринмай кутиб олишади, келувчилар хурсанд бўлиб қайтишади. Бағри кенг, дастурхони очиқ, ўзлари исломий оқибатнинг қадрига етадиган ажойиб инсонлар.

Саид ака билан аҳли аёлларимиз ва уларнинг ҳаётимиздаги ўрни ҳақида суҳбатлашиб ўтирибмиз. Гап орасида Саид акага: “Гулчеҳра опамиз ҳам бир ойдан кейин етмишга киради, тўйхат ўрнида бир мақола ёзсам дегандим”, дея таклиф билдирдим.

— Мен-ку ёзсангиз хурсанд бўламан, аммо опангиз жудаям тортинчоқ, камтарин аёл, унамаса керак-ов, — дейди ака пастроқ овоз билан. — Агар ёзсангиз, маданиятлилиги, оғир-босиқлиги, мулоҳаза билан фикр қилиши, эҳсонга саховатлилигини ҳам қўшиб кетинг, — дейди яна Саид ака рафиқаси ҳақида бошқача бир самимият билан. — Менинг қариндошларимга меҳрибон, қувончли-ташвишли кунларда доимо улар билан бирга. Касал бўлишса, албатта бориб хабар олади, моддий ёрдамини аямайди. “Худо бериб турибдими, эҳсон қилиш керак”, деган ақидаси бор. Бошқаларга ўхшамайдиган яна бир фазилати бор: келинларини ўғилларидан ҳам кўпроқ яхши кўради. Бизни демаса демайди, келинларини дейди.

— Мана шуниси ибратли экан-да, — дейман. — Бугун қаёққа қараманг, қайнона-келин жанжали. Замона зайли шундай бўлди: қайнона у деса, келин бу дейди. Атрофдаги оилаларда бўлаётган воқеалар кишини ташвишга солади. Қанча ёш оилалар шу келишмовчилик туфайли бузилиб кетмоқда. Келинини қизидек кўрадиган қайноналар анқонинг уруғидек бўлиб қолди.

— Тўғри, қайнона-қайнотага хизмат қилиб дуо олай дейдиган келинлар ҳам йил сайин камайиб кетмоқда, — дейди Саид ака. — Худога шукур, кўз тегмасин, бизнинг келинларимиз қайнота-қайнона раъйига қарайдиган, “оилам, болам-чақам” дейдиганлардан. Илоҳо, қўшганлари билан қўша қаришсин. Фарзандларимиз ҳамма ишда: болаларига боғча, мактаб танлашдан тортиб, катта-кичик барча масалаларда маслаҳат сўрашади. Тўғри-да, қиладиган ишини ота-онанинг дуоси билан бошласа, хайрли ва баракали бўлади. Улар шу ҳикматни англаб етишган.

Биз ҳам набираларимизни еру кўкка ишонмаймиз. Фарзанду набираларга бериладиган тарбиянинг энг синалган усули шахсий намунадир. Улар ота-онасининг, бобо-бувисининг юриш-туриши ва ахлоқидан тарбия олади. Ҳа, улардан гўзал ахлоқ мерос қолади.

Гулчеҳра опа Саидолимова Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг қишлоқ хўжалигини электрлаштириш факультетини битиргач, Қишлоқ хўжалигида инфратузилмаларни лойиҳалаш институтида муҳандис бўлиб иш бошлаган. Бир муддат техника билим юртида ўқитувчилик қилган, Алоқа илмий-тадқиқот марказида муҳандис бўлиб ҳам ишлаган. 1995 йили тадбиркорликка қўл уради — тикувчилик фирмасини очиб, ўнлаб ёшларни иш билан таъминлайди.

Катта ўғли Отабек Тошкент давлат иқтисодиёт университетида аввал бакалавриат, кейин магистратурани битирган. Иккинчи ўғли Нодир эса Тошкент давлат юридик университетида бакалавр дипломини олгач, Лондондаги Вестминстер университетида магистратурани тамомлайди. Ҳар иккиси ҳам ўз соҳасининг кўзга кўринган илғор мутахассислари. Бугун улар пенсиядаги ота-онасига меҳрибонлик кўрсатиб, дуоларини олишмоқда.

— Етказганига шукур, бахти кулган аёлларданман, — дейди Гулчеҳра опа. — Уч қиз ва уч ўғил набира билан кўнглимиз хотиржам. Атрофимда яхши одамлар, қаерга бормайлик, давраларнинг тўри бизники.

Ўша куни дала ҳовлидаги мароқли суҳбатлардан бир олам таассурот билан Тошкентга қайтдик. Гулчеҳра опа ҳақида уни яхши билган инсонлар билан суҳбатлашдик.

— Гулчеҳра опам билан биз опа-сингилнинг қизларимиз, — дейди оққўрғонлик Муҳайё Ғофурова. — Опам сабрли, оқила ва оилапарвар инсон. Суюкли ёр, меҳрибон она, севимли бувижондир. Унга ҳавасим келади. Динимизда “силаи раҳм” деган муқаддас тушунча бор. Қариндошчиликни узмай, улар билан алоқада бўлиш, раҳм-шафқат кўрсатиш, муҳтожларига ёрдам бериш ва қариндош-уруғчилик вазифаларини адо этиш буюрилган. Силаи раҳм қилганнинг ризқи улуғ бўлишини Гулчеҳра опам мисолида кўрдим. У қўни-қўшни ва ҳатто етти ёт бегоналарга ҳам раҳм назари билан қарайдиган ҳақиқий мўътабар аёл.

— Дугонам Гулчеҳра билан синфда бирга ўқиб, бир маҳаллада катта бўлган қалин ўртоқмиз, — дейди Гулбаҳор опа Норматова. — У мактабда фақат аъло баҳоларга ўқиган, кўпчилик ҳавас қилган одобли қиз эди. “Қуш уясида кўрганини қилади” дейдилар. Гулчеҳранинг онаси, раҳматли Мукаррам ая ҳам давлат ишларида, таълим соҳасида раҳбарлик қилганларида кўпчиликка беминнат ёрдами теккан доно аёл эди. Дугонам ҳам худди онасининг ўзи.

— Ҳаётда турфа хил феъл-атворли, бир-бирига ўхшамас тақдир эгалари бор, — дейди Клара опа Атамуродова. — Гулчеҳранинг юзидан беғуборлик, оддийлик, самимийлик ёғилиб туради. Ширинсўзлигини айтмайсизми! Энг яхши кўрган ўртоғим. Дўстлик ҳам ота-онадан мерос қолар экан. Дадаларимиз ҳам дўст бўлишган. Анъана давом этмоқда: турмуш ўртоқларимиз ҳам, фарзандларимиз ҳам бир-бирлари билан дўст. Гаплашганимизда: “Мен сизни яхши кўраман, соғинаман”, дейди. Бу дил сўзларини эшитиб, роҳат қилади киши. Яратганга шукур, атрофимда доимо яхши одамлар. Ниҳоятда қўли очиқ. Анча йил аввал Англиядан қиммат, замонавий пальто олиб келиб берганди. Қанча қистаб, пулини берсам ҳам олмади. Шу пальтони ҳар кийганимда дугонамнинг саховати эсимга тушаверади. Қўли гул чевар ҳам. Турли хил кийимлар тикиб, ҳадя қилишга одатланган.

Она — улуғ ва қудратли зот. Уйда дилбар, хушдил қалб соҳибаси Гулчеҳра онанинг овози эшитилиб туриши зурриётлар учун Аллоҳнинг неъматларидан биридир. Ана шундай фазилатли оналар борки, ҳаёт янада гўзалдир.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

14 + 12 =