Экранга эгилган бошлар

Ташқарида қуёш бор. Одамлар бор. Кўчалар, шовқин, бир-бирининг кўзига тасодифан тушиб кетган нигоҳлар… Лекин кўпчилик буларни кўрмайди. Чунки бошлар экранга эгилган. Метро, автобус, боғ ва хиёбонлар, ҳатто дастурхон атрофида ҳам манзара ўша-ўша. Ҳамма бир жойда, лекин хаёллар бошқа ерда.

Бу — танқид эмас, шунчаки кузатув. Буни ўқиётганингизда, эҳтимол, “менга ҳам тааллуқли” деб ўйлаётгандирсиз.

Инсон азалдан ўзини бошқалар билан таққослаган — бу инстинкт, бу табиий ҳол. Лекин қачонлардир одам ўзини фақат қўшниси, маҳалладоши ва яқин атрофидагилар билан қиёслаган бўлса, бугун бутун дунё билан солиштирмоқда. Нафақат дунё билан — дунёнинг энг гўзал лаҳзалари билан.

Ижтимоий тармоқларда ҳеч ким чарчаганини кўрсатгиси келмайди. Ҳеч ким қарзини, хавотирини, тунги уйқусизликларини суратга олмайди. У ерда фақат саёҳатлар, тўкин дастурхонлар, фақат муваффақиятлар бор. Табиийки, инсон — қалби бор, орзуси бор одам ичида сўрайди: “Нега мен эмас?”

Бу савол одамни йўлдан оздиради. У айб қидиради: ўзидан, тақдирдан, атрофидагилардан. Ҳолбуки, хато бошқа жойда: биз ҳақиқий ҳаётни виртуал ҳаётга алмаштириб қўйдик. Бу жараён шунчалик аста-секин содир бўлдики, кўпчилик пайқамай ҳам қолди.

Контент тугамайди, вақт тугайди

Инсон умри қанча эканини билмайди. Бу — энг катта ва энг кам эсланадиган ҳақиқат. Ҳар куни ўртача тўрт, беш, баъзилар етти соат экранга қарайди. Бу — тахмин эмас. Сўнгги глобал ҳисоботларга кўра, дунё бўйича ўртача кунлик экран вақти тахминан 6 соат-у 45 дақиқани ташкил этади, баъзи мамлакатларда эса бу кўрсаткич 9 соатдан ошади. Фақат ижтимоий тармоқларнинг ўзига одам кунига ўртача икки ярим соатга яқин вақт сарфлайди. Ваҳоланки, бу рақам 2012 йилда атиги бир ярим соат эди. Энди шу рақамни йилга кўпайтиринг. Ўн йилга. Бир умрга… Неча йил экран олдида ўтади? Ва ўша вақт оралиғида нималар ўтказиб юборилади?

Ўтиб кетган суҳбат қайтмайди. Болангизнинг ўша самимий кулгиси, ота-онангизнинг ўша самимий гапи, дўстингиз билан баҳам кўрилган ўша лаҳза — улар фақат бир марта бўлади. Экранда эса янги контент доим бор. Доим! Тугамайди. Лекин ҳаёт тугайди. Бу гаплар қўрқитиш учун айтилмаяпти, бу — оддий ҳисоб-китоб.

Ҳар бир билдиришнома, ҳар бир янги пост, ҳар бир “лайк” мияда дофамин ажралиб чиқишини таъминлайди. Оз миқдорда, лекин тез-тез. Ва бу — тасодиф эмас, атайлаб тузилган дизайн. Нейрологларнинг кўрсатишича, ижтимоий тармоқларнинг мукофот тизими қимор ўйинлари ва айрим гиёҳванд моддалар таъсир қиладиган нейрон йўлларининг айнан ўзига таъсир кўрсатади. Билдиришномаларнинг олдиндан билиб бўлмайдиган вақтларда келиши ҳам атайлаб шундай қилинган, чунки кутилмаган мукофот мияда энг кучли дофаминни ишлаб чиқаради ва шу орқали доимий равишда телефонни текшириб туриш одати шаклланади.

Бунинг оқибатида секин-аста чуқур мушоҳада юритиш, таҳлил қилиш, мустақил фикрлаш ва бир нарсага диққатни жамлаш қийинлаша бошлайди.

Китоб ўқишга ўтирасиз: уч саҳифадан кейин телефон қўлингизда. Биров сиз билан гаплашяпти, аммо хаёлингиз аллақачон бошқа томонга кетиб бўлган. Ташқаридаги бетакрор гўзалликни аввал телефонингиз хотирасига муҳрлайсиз, кейин томоша қиласиз… Аслида, завқ қаерда эди?

Табиий муносабатлар ҳақида

Бир пайтлар одамлар кўчада таниш-билиши билан тўхтаб гаплашарди. Қўшни қўшни билан дарвоза олдида, дўстлар эса телефонсиз суҳбатлашиб кетарди: вақт бошқача ўтарди. Бугун узоқдаги одам билан ҳар дақиқада ёзишиш, онлайн кўришиш мумкин. Бу — мўъжиза. Лекин ёнидаги одамга “бир дақиқа” деб телефонга берилиб кетиш ҳам шунчалик кенг тарқалдики, бу энди ҳеч кимга ғайритабиий кўринмай қолди.

Технология масофани қисқартирди, лекин яқинларни бир-биридан узоқлаштирди. Буни ҳис қилмаган одам борми? Дастурхон атрофида ҳамма ўз телефони билан овора. Меҳмон келди: бир соатдан кейин ҳамма яна экранга тикилган. Бола отасига нимадир айтмоқчи: ота “бир дақиқа” дейди, лекин ўша “бир дақиқа” ҳеч тугамайди.

Шу саволлар мени ҳам тинч қўймайди. Мен журналистман. Ва баъзан ўзимдан сўрайман: бугун ёзган мақолам кимга етиб боради?

Бу савол шунчаки техник характерда эмас. Бу — виждон саволи.

Бир пайтлар журналист ёзарди, газета чоп этарди, газетхон ўқирди. Занжир тўғри эди. Бугун эса бу занжирда янги бир бўғин пайдо бўлди: алгоритм. У нимани кўрсатишни, нимани яширишни, қайси мақола “кликланадиган”-у, қайси бири “зерикарли” эканини ўзи ҳал қилади. Журналист энди фақат ўқувчи учун эмас, алгоритм учун ҳам ёзишга мажбур.

Алгоритм ҳақиқатни севмайди. Унга фақат диққат-эътибор муҳим.

Қайси сарлавҳа кўпроқ эътиборни жалб қилади? Қайси хабар кўпроқ улашилади? Жавоб доим бир хил: ғазаб, қўрқув ва ҳайратни ифодалайдиган “кликбейт”лар, албатта. Бу ҳис-туйғулар одамни экранга михлаб қўймоқда. Натижада журналистика аста-секин ўзгаряпти: чуқур таҳлил ўрнига тезкор муносабат, текширилган факт ўрнига биринчи бўлиб чиқариш, муҳим мавзу ўрнига шов-шувли мавзу.

Киоска олдидаги навбат

Бир давр бор эди: киоскада газета сотиб олиш учун навбат кутиларди. Бу давр мендан ҳам анча катта, тўғри. Хуршид Дўстмуҳаммад, Аҳмаджон Мелибоев, Зуҳриддин Исомиддинов, Муҳаммаджон Обидов каби яна қанчадан-қанча забардаст ижодкорларнинг ёзган мақолалари кечаси чоп этилиб, эрталаб бутун юрт бўйлаб муҳокама қилинарди.

Баъзилар бу навбатни танлов йўқлиги билан изоҳлайди: иккита канал, бир нечта газета-журнал бўлган, бошқа нарса бўлмаган. Лекин бу тўлиқ ҳақиқат эмас. Ўша публицистлар танлов йўқлиги туфайли ўқилмаган, балки ёзганлари ўқувчида фикр қолдиргани, ўйлантиргани, тўғри хулосага келтиргани учун мутолаа қилинган. Бугун ҳам шундай мақолалар тарқалади, баҳслашилади, изоҳланади. Танлов йўқлиги сабабли эмас, айнан сифат кучи билан оммага ёйилади.

Лекин ўша даврда яна бир нарса бор эди: муҳит. Газета ўқиш ижтимоий норма эди. Ота ўқиса, бола ўқирди. Муҳаррир бор эди, таҳририят бор эди, ёзувчи ёлғиз эмасди. Устоз бор эди, мактаб бор эди.

Ўша публицистлар ана шундай муҳит ичида етишиб чиқди. Бугун эса ёш журналист кўпинча ёлғиз: Телеграм-каналда, сайтда, ижтимоий тармоқда аудитория реакциясига қараб ёзади. Тизим унга устозлик қилмайди, рақамларни кўрсатади, холос. Кўпроқ “лайк” босилса, изоҳ қолдирилса, улашилса, демак, яхши. Акс ҳолда-чи? Бошқа мезоннинг ўзи йўқ.

Журналист шундан кейин ҳам оммани жалб қиладиган мавзу қидирмасинми, шов-шувга учмасинми?

Мавзу танқис эмас, аксинча, коррупция, экология, ижтимоий тенгсизлик, ёшлар муаммолари — барчаси ёзилишини кутиб турибди. Кучли салоҳиятга эга журналистлар ҳам бор, таҳлилий-танқидий материаллар ҳам етарли.

Лекин электрон тизим уларни юзага чиқармайди. Яхши журналист ёзади, аммо алгоритм уни кўрсатмайди. Кўрсатмайди, чунки у шов-шувли, яъни жуда тез тарқаладиган контент эмас. Натижада ўша журналист ҳам аста-секин ўзгаради: ёки алгоритмга мослашади, ёки аудиториясиз қолади.

Буни савия муаммоси деб бўлмайди. Бу — тизим одамни ўзгартиради, одам тизимни эмас, дегани.

Журналистика ҳам бозорга айланди. Нима сотилса, ўша ишлаб чиқарилади. Аудитория чуқур таҳлилни ўқиса, таҳлил ёзилади. Аудитория уруш-жанжалларга қизиқса, шу ҳақда материал ёзилади. Бугунги рақамлар шуни кўрсатмоқдаки, сенсация кўпроқ ўқилади. Журналист эса ўша талабга жавоб беради: чунки у ҳам тирикчилик қилиши керак.

Биз енгилишни танламаймиз

Баъзан ўйлаймиз: бу фақат бизнинг, кичик бозоримизнинг муаммоси. Ресурс йўқ, мутахассис йўқ, рақобат кучсиз: шунга ўхшаб кетади. Лекин ҳақиқат бошқача. Худди шу жараён, айнан шу жараён дунёнинг энг катта, энг бой, энг нуфузли нашриётларини ҳам чайқатиб юборди.

2015 ва 2018 йилларда “Facebook” ўз алгоритмини икки марта тубдан ўзгартирди: энди фойдаланувчи янгиликлар тасмасида дўстлари ва оиласининг постларини кўпроқ, нашриётларнинг постларини эса камроқ кўрадиган бўлди. Бу шунчаки техник ўзгариш эди. Лекин натижаси фалокатли бўлди: йирик нашриётларнинг “Facebook” орқали келадиган ўқувчилари сони ярмига тушиб кетди, кичик нашриётлар учун эса бу рақам деярли нолга тенглашди.

Бир кун ичида миллионлаб ўқувчилар ғойиб бўлди. Улар ҳеч қаёққа кетгани йўқ, шунчаки ўша ерда қолди, фақат энди сизнинг мақолангизни кўрмайдиган бўлди. “BuzzFeed” даромад режасини бажара олмади, муҳаррирлик ходимларини қисқартиришга мажбур бўлди. “Mashable” эса ўз янгиликлар бўлимини деярли бутунлай ёпиб, видеоформатга ўтди: шунга қарамай, бир йил ичида ўз бозор қийматининг тўртдан уч қисмидан кўпроғини йўқотиб, бошқа компанияга сотилиб кетди.

Мана, алгоритмни “восита” деганимизда нимани назарда тутамиз! У шунчаки кўрсатиш тартибини ўзгартиради, холос. Лекин унинг ортида одамларнинг иш ўрни, нашриётнинг тақдири, журналистнинг эртанги куни туради. Жефф Безос “The Washington Post”ни сотиб олганидан кейин газета икки йўлни бир вақтда танлади: бир томондан, чуқур, жиддий таҳлилий материаллар, иккинчи томондан, тезкор, “портлаш”га мўлжалланган, “енгил ҳазм бўладиган” контент оқими. Айнан шу уйғунлик 2015 йилда уни онлайн трафик бўйича “The New York Times”дан ўзиб кетишига олиб келди. Таҳлилчилар буни “энг мураккаб ҳийла” деб аташади, чунки нашр ўзининг Пулитцер мукофотларига лойиқ обрўсига зарар етказмасдан, “кликбейт”дан келадиган барча фойдани олишга муваффақ бўлди.

Қизиғи шундаки, “The New York Times” бир пайтлар айнан шу ҳодисани танқид қилган эди. 2015 йилда у “саёз, такрорланувчи журналистика”га ўтиш тенденцияси ҳақида мақола чоп этди ва унда “The Washington Post”ни мисол қилиб кўрсатди. Лекин икки ой ўтмай, ўзи ҳам “Express Team” деган бўлим очди — унинг вазифаси ижтимоий тармоқларда “портлаган” мавзулар бўйича тезкор хабарлар бериш эди. Бўлим муҳаррири эса буни: “Булар ўқувчиларнинг диққатини тортадиган, лекин улар сайтда қидириб топа олмайдиган мавзулар”, деб изоҳлаган.

Изланувчи сифатида сарлавҳаларни таҳлил қилганимда, айнан “кликбейт” мазмунидаги материал номларига “лайк” ва улашиш сони кўп бўлишига гувоҳ бўлдим. Бу — тасодиф эмас, қонуният. Юқорида айтилганидек, шов-шув ва ваҳима уйғотувчи, ғазабга сабаб бўлувчи контентларга изоҳ ёки муносабат қолдирилиб, улашилгач, албатта, улар кўпайгандан-кўпаяверади. Алгоритм бундай материалларни “кўрсатайми?” деб сўраб ўтирмай, автоматик равишда тақдим эта бошлайди.

Шундай қилиб, бизнинг журналистларимизни “савияси паст” деб айблашдан олдин шуни тушуниш керак: Нью-Йорк ва Вашингтондаги энг яхши таҳририятлар ҳам айнан шу куч билан — миллионлаб ўқувчиларга, миллиардлаб долларлик капиталга эга компаниялар билан курашда енга олмади. Улар мослашди ёки йўқолди.

Савол шунда: агар дунёнинг энг кучлилари ҳам бу оқимга қарши тура олмаган бўлса, бизнинг йўлимиз қаерда?

Жавоб оддий: қаршиликда эмас, англашда. Алгоритм кучли. Лекин аудитория — сизу биз ундан ҳам кучли бўлишимиз мумкин.

Аудитория савияси ўз-ўзидан пасаймаган. У шакллантирилган.

Мактабда танқидий фикрлаш ўргатилмаса, ўқувчи ҳамма нарсага ишонаверади. Оилада китоб ўқиш одати бўлмаса, катта ҳажмдаги матнларни ўқиш ва таҳлил қилиш қийин кечади. Йиллар давомида юзаки контент кўрсатилган муҳитда эса келажак авлоднинг дангаса фикрлаши табиий ҳолга айланади.

Бу айланма занжир аниқ кўриниб турибди: аудитория яхши журналистикани талаб қилмайди, журналист яхши ёзмайди, аудитория янада юзаки контентга ўрганади, талаб эса янада пасаяди. Лекин айнан шу жойда муҳим бир ҳақиқат бор — алгоритм мутлақ душман эмас.

Шоҳиста ЮНУСАЛИЕВА.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × four =