Янги Ўзбекистон меъмори
Эй, юртимга равнақ излаб, дунёга бўйлаб,
Халқ ишида куйиб-ёнган Президентим!
Кеча-кундуз ўзни эмас, бизларни ўйлаб,
Ҳаловатдан тамом тонган Президентим!
Биламан, сиз баландпарвоз гапни суймайсиз,
Тилёғлама кимсаларга йўқ Сизда тоқат,
Лек халқона жайдари гап айта олсак гар,
Чин дилдан тан оласиз, бу — Сизнинг зўр хислат!
Мана ўша халқона, чин жайдари фикр:
Гарчи оламда давлат кўп, кўп атанган халқ,
Лек ҳаётга теран боқиб, сўнг этсак зикр,
Қаерда бор бизнинг халқдай бек аталган халқ?
Яъни Соҳибқирон бобом бергандай сабоқ,
Биз амири Туркистонмиз, мулки Туронмиз.
Сиз айтгандай, кенг дунёни илм-ла олмоқ
Орзусида ёнган насли Ўзбекистонмиз!
Яна бир ҳақ гапни айтгум сиғмай жаҳонга:
Янги Ренессанс ғоясин берган ахир, Сиз!
Биз бунёдкор бўлсак янги Ўзбекистонга,
Эй, Юртбошим,
Сиз унинг Бош меъморидирсиз!
“Элни рози қилиш” деган ўй билан Сиз
Жо бўлдингиз юракларнинг туб-тубига.
Издошлар ҳам эришмоқда ҳар лаҳза, ҳар кез
Меҳнатсевар халқимизнинг розилигига.
Сизнинг,
Бизнинг куч-қудратга ким шубҳа қилса,
Келсин, кезсин, юртимизнинг
Ҳар ёғин кўрсин.
Ким бу дунё мўъжизасин кўрмоқчи бўлса,
Кўрсин мегаполис шаҳар Тошкентим кўркин!
Йўқ! Биргина Тошкент эмас,
Бутун юрт ўтди
Том маънода тадбиркорлик ҳаракатига.
Сиз бош бўлгач, бу ҳам бор гап,
Айланиб кетди
Ўзбекистон бунёдкорлик мамлакатига!
Сирмас, алғов-далғовлардан
Безовта дунё,
Таҳликада яшаётир жумлаи олам.
Фақат тўрт-беш давлат тинч, бу —
Лоф эмас асло,
Улар ичра бор бизнинг ҳур
Ўзбекистон ҳам!
Қандоқ эдик
Сиз юртга бош бўлишдан аввал?
Асли тўғримас ўз юртин лойга беламоқ,
Лекин гапни букмай, фикрим
Билдирсам дангал,
Қоғозда иш зўр эди-ю,
Амалда — чатоқ…
Чорак аср ваъдаларга ишондик, гўё
Эрта-индин “Зўр!” бўлади ишлар гуркураб.
Ўша чоғлар ҳам мустақил бўлсак-да, аммо
Яшар эдик зуғумлардан қўрқиб, хавфсираб.
Шукур, шукур! Минг-минг шукур
Бахтимиз кулиб,
Тарқаб кетди диллардаги қайғу, ғам-алам,
Яъни ўша қўрқув ва хавф буткул даф бўлиб,
Янги Ўзбекистон олға ташлади қадам.
Бўлиб улуғ карвон учун муносиб сарбон,
Элни олға етаклайсиз ҳеч олмасдан тин.
“Буюк юртни биргаликда қуражакмиз!” — деб
Юракларга қададингиз ишонч уруғин.
Қандай мардлик, “Халқ давлатгамас, давлат халқ учун
Хизмат қилсин!” — деганингиз бўлди зўр ғоя.
Муаммолар борасида ечилди тугун,
Яъни энди давлат бизни қилар ҳимоя.
Не бахт, бугун, диллар обод,
Тан-жон соғ эса,
Бизга ҳавас қилар бутун
Жумлаи жаҳон!
Сиз айтгандай, якдил бўлсак,
Худо хоҳласа,
Янги Ўзбекистон –
Нурли ёруғ кошонамизни
Бирга қурамиз!
Зиёвуддин МАНСУР
