Дарёга ботаётган қуёш

Қорақалпоғистон халқ шоири Гулистон Матёқубованинг “Дарёга ботаётган қуёш” достонини ўқиб…

Унутилган соҳиллар

Жуда шиддатли замонда яшаяпмиз. Вақт қисқариб кетганга ўхшайди, кунларимиз жуда тез ўтмоқда. Технология ривожланди, чегаралар йўқолди, ахборот сониялар ичида бутун дунёни айланиб чиқмоқда. Биз эса фақат олдинга — моддий фаровонлик ва виртуал муваффақиятлар сари югурмоқдамиз. Бу елиб-югуришлар ичида минг йиллик илдизларимиздан сезилиб-сезилмай узилиб боряпмиз. Энг ёмони, бу узилиш ва емирилишларни табиий жараён сифатида қабул қиляпмиз. Лоқайдлик ҳамда эътиборсизлик кундалик ҳаётимиз меъёрига айланиб бормоқда.

Ана шундай руҳий ва ижтимоий қурғоқчилик палласида юзимизга тутилган ҳар бир ойна бизни бироз бўлса-да сергаклантиради. Аммо, афсуски, бағирлардаги тош буткул эримайди. Қорақалпоғистон халқ шоири Гулистон Матёқубованинг “Дарёга ботаётган қуёш” достони қарийб йигирма йил олдин бугунги замон кишисининг юрагига, виждонига ва миллий хотирасига қаратилган исён ўлароқ ёзилган асардир. Достон бизни тарихнинг соқов тошлари тили билан гапиришга, Амударёнинг қуриб бораётган тўлқинлари қатидаги руҳий инқирозимизга қайта назар ташлашга ундайди.

Достон бошдан-охир лирик қаҳрамоннинг дўстига мурожаати ва ўтмишдан келаётган нидолар устига қурилган. Унда шонли ўтмиш суратлари билан мақтанишни яхши кўрадиган биз — бугунги замон одамининг энг оғриқли ва яширин маънавий ҳақиқатлари очиб берилади. Бу виртуал дунё гирдобида ўзлик суратини йўқотиб бораётган инсоннинг асл сийратига солинган шафқатсиз нигоҳдир.

Достонда тез-тез тилга олинган, саҳро ва шўр тупроқларнинг энг иссиқ тафтига ҳам дош бера оладиган тўранғил дарахти рамзи ўқувчини сергаклантиради:

 

Амударё сукут сақлайди,

Тарс ёрилар сувсиз, бўш соҳил.

Сувлар кетган, қиё боқмайди,

Бошин эгиб қолар тўранғил…

 

Тўранғил — турк будунининг, маҳаллий халқнинг асрлар бўйи яшаб келган сабр ва матонати тимсоли. Агар дарё қуриб, тўранғиллар боши эгилса, ҳаётга чидамлилик ва матонат илдизларимиз ҳам кесилади.

Жайҳун қирғоғидаги замонавий инсон

Амударё (Жайҳун) соҳилида туриб, сувнинг лойқа тўлқинлари ва қақраб бораётган қирғоқларига эмас, қўлидаги телефон экранига тикилиб ўтирган бугунги замон одами… Биз табиатдан ҳам, тарихдан ҳам, ўзлигимиздан ҳам мана шу митти экран масофасича узоқлашиб боряпмиз. Бугун Амударё соҳилида туриб ҳам Жайҳунга эмас, виртуал дунё гирдобида ўзлик суратини йўқотиб бораётган авлодга айланмоқдамиз.

“Дарёга ботаётган қуёш” достони худди мана шу узилиш содир бўлишидан сал аввалроқ — 1997 йилда Тошкент ва Нукус оралиғида, Амунинг сўнгги ҳайқириқлари остида ёзилган. Асар илк саҳифалариданоқ бизга сув ва инсон тақдирининг бирлигини кўрсатади:

 

Мен мудом ўйлардим,

Дарёлар йиғилган бағримга менинг,

Дарёлар бошланар менинг қалбимдан…

 

Дарё шунчаки оқар сув эмас. Муаллиф учун у инсоннинг ички кечинмалари, тақдири ва ҳатто кўз ёшларидир:

 

Кўзларимнинг ёши экан бу дарё,

Ҳаётимнинг боши экан бу дарё!

Ўтаётган умр йўли экан у,

Тақдирнинг кўринмас қўли экан у!

 

Бугун биз Жайҳун қирғоқларига борганда нимани кўрамиз? Кўпчилигимиз сувнинг камайишини шунчаки экологик муаммонинг бир қисми ёки қишлоқ хўжалиги учун керакли суғориш манбаи деб биламиз, холос. Унинг бағрида неча минг йиллик тарихимиз, Култегинларнинг қони, Берунийларнинг тафаккури оққанини англамайдиган даражада ички сезгимизни йўқотдик:

 

Дарё — бу умримиз,

Дарё — бу тақдир!

Дарё — бу ўтмишнинг чархпалагидир.

 

Биз эса чархпалакни тўхтатиб қўйиб, виртуал дунё тўлқинларида сузиб юрибмиз. Балки бу қалбимиздаги дарёлар қуриб бораётганидан далолатдир…

Экологик фожианинг маънавий илдизлари

Бугунги глобал экологик инқироз, иқлим ўзгариши ёки Амударё сув ҳажмининг камайиб бораётгани ҳақида кўпчилигимиз фақат рақамлар, статистика ва қуруқ ҳисоботларни биламиз. Жамият сувсизликни фақат моддий хавф деб тушунади. Достонда эса дарёнинг тақдири миллат характери, унинг маънавий қуввати билан бир бутун ҳолда кўрсатилади. Шоира дарё оқими орқали бугунги ижтимоий ҳаётимизнинг оғриқли нуқталарига бадиий ташхис қўяди:

 

Оқади, оқади, оқади дарё,

Менинг кўзларимга тўлади маъно.

Маъноки, умримиз дарёси бўлиб…

Оқади оқибат,

Оқади вафо…

 

Муаллиф Жайҳун қирғоқларининг қақшаб қолаётганини табиатнинг шунчаки инжиқлиги сифатида эмас, қалбимиздаги оқибат ва вафо каби буюк туйғуларнинг қуриб битаётгани ўлароқ ифодалайди.

Биз экология деганда фақат дарахт экиш ёки каналларни бетонлашни тушуняпмиз. Ваҳоланки, энг катта қурғоқчилик инсонлар ўртасидаги муносабатларда содир бўлди:

 

Дарёдай мусаффо,

Дарёдай нотинч,

Безовта тўлқиндай ўйимиз бордир…

У сиғмай кўнгилнинг канорларига,

Ҳасрат, ғуссаларга етмай бардоши

Фарёд қилар ҳаёт озорларидан…

 

Бугун бизда дарёга қараб йиғлайдиган қалб қолдимикан ўзи? Амударёнинг бўйида туриб, унинг тирик руҳини ҳис қилиш ўрнига, уни сўнгги томчисигача ичиб, пул туғиб берадиган экин майдони, бойлик манбаи сифатида кўрадиган истеъмолчи оломонга айландик. Сув камайгани сари одамларда меҳр камайди, бағрикенглик қуриди.

Тарих — мақтаниш воситаси эмас

Аждодларимизнинг улуғлиги, Темурийлар тарихи, қадимги хоқонларнинг шон-шарафи ҳақида саҳналарда, экранларда ва давраларда тўлиб-тошиб гапирамиз. Тарих ўтмишимизнинг гўзал, аммо музейдаги экспонатига айланиб қолгандай. Бироқ “Дарёга ботаётган қуёш” достонининг марказини ташкил этган қадимги Турк хоқонларининг овози бизни ана шу ширин уйқудан уйғотиш учун юзимизга совуқ сув сепади.

Шоира достоннинг “Битиктош нидоси” бўлимида руҳан Ўрхун-Энасой обидалари заминига қайтади. Тошлардаги битиклар тирик, аммо ярадор бўлган виждоннинг овозларидир:

 

Лашкарлар сафланар, ғаним титрайди,

Тошлар ёнаётган ўтга ўхшайди…

Олтиндай уйлар, найза бўйли қор,

Ёв мисли аждаҳо, аскар сервиқор.

Оқ отини минар ботир Култегин,

Жиловин тутдирар бедов Байриқул.

 

Муаллиф Култегиннинг жанговар маҳоратини чизар экан, бу оҳангдорлик замирига жуда катта даъватлар юкланганини кўрамиз:

 

Эй туркюртлар, бекларим-эй,

бирлашинглар,

Ҳийлаларга чора топинг, тиллашинглар!

 

Йўллиқ тегин нидосида эса миллат бекларининг (яъни бугунги зиёлилар ва раҳбарларнинг) ўз тили ва миллий қадриятидан узоқлашиши шафқатсиз таҳлил қилинади:

 

Эй, турк будун, жону таним,

У тарафга кетмагин,

Унда кетсанг ҳалокатдир,

Эркни ҳатлаб ўтмагин.

 

Шоир қадимги Табғач (Хитой) ҳийлалари рамзи орқали бугунги дунёни қамраб олган, миллатларни ичидан емираётган глобал “оммавий маданият” ва сиёсий ўйинларни назарда тутмоқда. Бугун бизни қурол билан эмас, ахборот ҳукмронлиги, ёт маданиятлар ва сунъий қадриятлар билан забт этишди. Беклар, яъни бугунги сиёсий ва маънавий элита эса бирлашиш, миллатнинг эртасини ўйлаш ўрнига, ўз манфаатлари кўчасида адашиб юришибди.

Энг даҳшатли ташхис барибир Култегин нидосида қўйилади. Шоир қадимги матннинг руҳини бугунги тил ва ўзлик инқирозига маҳорат билан боғлайди:

 

Эй турк будун,

Бекларингдан инсоф кетди,

Оми халқинг ҳийлалари бошга етди…

Эй турк будун!

Хатоларинг жондан ўтди.

Тариқмидинг,

Бу тарихга келганинг шу,

Саҳроларда тариқ каби

Потраб кетдинг…

Хоқонлар биздан мақтов кутмаяпти, улар биздан инсоф сўраяпти. Бугун биз оми халққа айланиб боряпмиз — китоб ўқимайдиган, фикрламайдиган, фақат тайёр контентни истеъмол қиладиган тўдага. Ачинарлиси, ўзликнинг бош мезони бўлган она тилимиз жамиятда иккинчи даражали мақомга тушиб қоляпти. Кўчаларимиздаги ажнабий пешлавҳалар, фарзандларини ўз тилидан уялишга ўргатаётган “замонавий” ота-оналар… Буюк тарих ворислари эмас, саҳроларга сочилиб, ўз қимматини йўқотган тариқдек яшаётганлар…

Йўллиқ тегин достоннинг кейинги саҳифаларида яна бонг уради:

 

Жангга кирсанг мард бўлиб кир,

Жанггоҳлар зор қақшасин.

Душманингга ҳамлаларинг

Арслонга ўхшасин…

Халқим, асло йўлатмагин

Ўйингга сотқинликни,

Хоқон отингни тиклагин,

Тиклагин бутунликни!

 

Сотқинлик — бу фақатгина Ватанга хиёнат эмас. Бугун ўз тилини, маданиятини, ўзлигини ёт унсурларга алмаштираётган, миллий қадриятларини арзон машҳурлик учун оёқости қилаётган қиёфамиздир. Агар бугун уйғонмасак, эртага бизни ҳеч қандай шонли ўтмиш қутқариб қололмайди:

 

Эй, турк будун, элингни туз,

Ҳур-фаровон бўларсан.

Эй турк будун, тилингни туз,

Дориломон бўларсан!

Румий ва Куброни излаб…

Бугунги замон кишиси жуда ғалати фожиани бошдан кечирмоқда. У дунё тарихидаги энг тўқ, энг шинам ва ахборотга энг бой даврда яшайди. Лекин негадир тарихда ҳеч қачон бугунгидек руҳий тушкунлик, сунъийлик, ҳаётдан маъно топмаслик ва ёлғизлик эпидемияси бўлмаган. Одамлар ижтимоий тармоқлардаги сохта табассумлар, ялтироқ суратлар ва виртуал баҳолар ортига ўзларининг кемтик қалбларини яширишга уринмоқда. Нафс ва намойишкорлик кундалик ҳаётимизнинг асосий мезонига айланди.

Қалбимиздаги бўшлиқни пул, янги телефонлар, қимматбаҳо машиналар билан тўлдирмоқчи бўляпмиз, аммо ташналик қонмаяпти. “Дарёга ботаётган қуёш”да бу руҳий ташналикнинг асл чораси асрлар қаъридан — суфий алломаларимиз тилидан айтилган Ишқ ва Иймон концепцияси орқали кўрсатиб берилади.

Достонда шайх Нажмиддин Кубро тилидан шундай нидо янграйди:

 

Нафснинг ҳисобида сарҳисоб кўрдим,

Охират йўлида кўрдим одилни.

 

Борлиқнинг асл мазмунини англашга бўлган тасаввуфий фикрлар, нафсни енгиш ва одамийлик йўлидаги ҳақиқатлар бир-бир айтилади. Муаллиф Кубронинг охират ва ўлим, ғайб ва шуҳуд оламлари ҳақидаги қарашларини ҳам унинг тилидан баён этади:

 

Ғайб олами руҳим етаклаб юрди,

Шуҳуд оламида вужуд иқлими.

 

Кубро фақат моддий олам — “шуҳуд” билан чекланиб қолган, кўз ўнгидаги митти экрандан нарини кўрмайдиган бугунги кун кишисига ғайбнинг, яъни руҳ ва илоҳийликнинг устуворлигини эслатмоқда.

Шоира фақат Амударё соҳиллари билан чекланмайди. У тарихий хотирани қайта жонлантириш учун Тупроққалъа, Оқшахон қалъа ва Кат шаҳри харобаларидан тортиб Самарқанд, Бухоро ва Яссигача бўлган маконни яхлитликда тасвирлайди. Бу ўқувчига ўзлигимиз илдизи жуда теран эканини эслатадиган муҳим бадиий деталдир.

Достоннинг бадиий-географик кўринишида Хоразмнинг қадимги пойтахти — Кат шаҳри ва улуғ аллома Абу Райҳон Беруний сиймоси алоҳида ўрин тутади. Кат шаҳрининг Жайҳун сувлари остида қолиб кетган тарихий фожиаси ва Берунийнинг илмий тафаккури бугунги интеллектуал инқирозимиз фонида қайта жонланади. Беруний илми, фаолияти ҳақида гапирар экан, сўзининг сўнгида авлодларга мурожаат қилади:

 

Одам ўғли!

Юрагингга

Жойлансин ҳур камолот!

Улуғлансин, шарафлансин

Ҳақлик, Зиё, Адолат!

 

Шу билан бирга муаллиф достонда Румий тилидан замондошларини — бизни огоҳлантиради: агар инсон қалбида илоҳий ва соф меҳр-муҳаббатнинг қуёши ботса, бутун жамият сувсиз қолган саҳро каби қуриб, вайронага айланади.

Ўтмишдан нидолар

Достоннинг композицион тузилиши фақат экологик ва тасаввуфий мушоҳадалар билан чекланмайди. Асарнинг бутун мағзини асрлар қаъридан келаётган буюк султонлар, хоқонлар, улуғ аждодларимиз ҳамда битиктошлар нидоси ташкил этади. Муаллиф бу нидоларни глобаллашув тўфонлари ичида ўзлигини унутаётган замонавий инсон виждонига қаратилган сўроқлардек жаранглатади.

Соҳибқирон Амир Темур нидоси саҳналардаги баландпарвоз мақтовлардан йироқ. Унда миллатнинг давлатчилик асослари ва бекларга (яъни бугунги сиёсий-ижтимоий элитага) васиятнома бор:

 

Турк боболар ўгитларин

Юрагимга жойладим.

Йўлларимни тўғриликка,

Ҳақ ишига йўлладим…

Аҳли эҳсон билан жаҳон

Гулшани обод бўлур.

Лочин мадор тополмаса,

Чумчуқ ёнда мот бўлур!

 

Соҳибқироннинг ушбу нидоси орқали шоира бугунги раҳбарлару фаолларга Ҳақ иши ва тўғрилик мезонини эслатади. Ижтимоий адолат мезони бузилиб, манфаатлар тўқнашуви авж олиб бораётган асрда бу ўгитлар чиндан аҳамиятлидир.

Достонда Алишер Навоий нидоси алоҳида ўрин тутади. Шоира Навоий сиймоси орқали тил ва маданиятимизни асраш миллатнинг мавжудлик шарти эканини замондошларга қатъий эслатади. Бу нидо бугунги кунда она тили иккинчи даражали мақомга тушиб қолаётган, кўчаларини ажнабий лавҳалар босиб кетган жамиятимиз учун чинакам сергаклик чақириғидир.

Миллат тақдирининг энг қадимги қатламларига туташган Билга хоқон ва кейинги бўлимларда келувчи Бектоғ нидоси эса замин ва халқ яхлитлигининг бадиий ҳужжатидир:

 

…Бу юртда фикрлар уйғонди,

Тафаккур уйғонди, уйғонди юрак…

Бек бўлсин ҳар ўғлинг, ҳар бир фарзандинг,

Ватаним,

Беклигинг муборак бўлсин!

 

Достоннинг энг оғриқли қисмларидан бири — Каъбани вайрон қилиш учун келаётган Абраҳага йўлбошчилик қилган Абу Риғол образи орқали ифодаланган хиёнат фожиасидир. Муаллиф бу тарихий воқеани бежиз эсламайди: манфаат, нафс ва шон-шуҳрат учун ўз иймони, эътиқоди ва Ватанини сотаётган кимсаларни Абу Риғол қисмати орқали огоҳлантиради.

Асар сўнгига бориб Орол ва Аму бўйларининг улуғ авлиёси ва шоири Ҳаким ота — Сулаймон Боқирғоний нидоси янграйди. Боқирғонийнинг Орол денгизи соҳилларидаги тарихий ва маънавий мақоми бугунги кунда унутилган қирғоқларга ишорадир. Унинг нидоси орқали заминнинг қақраётган қалби, сувсизлик ташналиги инсониятнинг ўзлигидан узоқлашгани оқибати экани мантиқан исботланади:

 

Кўрганмисиз

Дарёга ботаётган қуёшни,

Кўрганмисиз

Зиёга ботаётган дарёни?

 

Умуман олганда, Гулистон Матёқубованинг “Дарёга ботаётган қуёш” достони ўзликни асрашнинг, замон шиддати қаршисида чин маънода тирик инсон бўлиб қолишнинг энг сўнгги имкониятини эсга солади. Асарнинг бутун фожиавий руҳи замирида ҳам умид яшайди: дарёга ботаётган қуёш — бу унутилаётган миллий хотирамиз, аммо у буткул сўнгани йўқ. Шоира Амударё ва Орол фожиасини оддий географик харитадан одамларнинг қалб харитасига кўчиради.

Ижтимоий тармоқларнинг сохта шовқинларидан, нафс бозорининг бешафқат қонунларидан бир лаҳзага узилиб, достондаги Култегиннинг жасорати, Берунийнинг тафаккури, Кубронинг имони ва Румийнинг ишқи томон бир қур назар солмоғимиз лозим. Дарёга ботаётган қуёш эртага янги тонг бўлиб отиши учун бугун у бизнинг қалбимизда порлаши, бизни уйғотиши керак!

Биз ушбу асар ҳақида шунинг учун ҳам тўхталдикки, шунинг учун ҳам мазкур достон ҳақида ўз фикр, ўйларимизни, таассуротларимизни сиз азиз ўқувчи билан баҳам кўрмоқни истадикки, бундай асарлар руҳимизни, руҳиятимизни яна бир чандон уйғотади, сергак торттиради. Зеро, достондаги ҳар бир сатр она юрт қайғуси, ўтмиш ва бугуннинг, эртанги ёруғ Ватан мадҳи билан ўзаро чамбарчас ўтли чўғлар ила куйланган.

Айтмоқчи бўлганимиз эса ушбу асарни албатта ўқинг, мутолаа қилинг. Юрагингизга жойланг.

Дадахон МУҲАММАДИЕВ,

филология фанлари бўйича

фалсафа доктори (PhD).

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eleven − 11 =