У бир сўзки, қуёш янглиғ бағишлар нур – ўлим билмас

Ўзбекистон халқ шоири Шарифа Салимованинг ўчмас ёди

Беш-олти ойча муқаддам халқимизнинг атоқли ва ардоқли шоираси, таниқли жамоат арбоби Шарифа Салимова оғир хасталикка учраганини эшитганимда, қалбим ўртанган. Шофий – шифо берувчи Аллоҳдан зиёли ва муниса опамизга комил шифо тилаб, дуода бўлганман. Орадан кўп ўтмай, муборак Қурбон ҳайити арафасида ҳурматли Президентимиз “Маданият, санъат ва адабиёт соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони билан Шарифа Салимовага Ўзбекистон халқ шоири унвонини берди. Тўғриси, қалбим мумдай эриди, кўзларимга севинч ёшлари қалқди.

Давлат раҳбарининг ижодкор ҳаётидан, унинг дарду изтиробларидан хабардор бўлиши нақадар муҳим эканига далил бу. Шарифа Салимова шундай юксак эътирофга ҳар жиҳатдан муносиб эди. Лекин халқ шоири унвони опамиз далдага, қўллаб-қувватловга ҳар қачонгидан ҳам каттароқ эҳтиёж сезган вақтда берилгани айни муддао бўлди. Шоира опамиз руҳланди, хасталиги ёдидан кўтарилди, вужудига ғайрат-шижоат инди. Завқ-шавқ ва илҳом билан янги шеърлар ёзди.

— Сиз ўзбек халқининг бахти учун, Аллоҳнинг буюк иродаси билан бизга юборилган улуғ зотсиз, — деди Шарифа Салимова Юртбошимиз қўлидан Ўзбекистон халқ шоири унвонини олар экан. — Юртимизга Сиз билан Учинчи Ренессанс ҳавоси, Янги Ўзбекистон нафаси келди. Ҳайитдаги бу Фармонни — бунақаси ҳали бўлмаган, — мен севинч ёшлари билан қабул қилдим. Бундай Фармонга имзо чекиш учун қалб қанчалик кенг бўлиши керак, бағир қанчалик кенг бўлиши керак! Бутун айтганда, инсон қадрини англаш қанчалик кенг бўлиши керак. Шу маънода, бутун юрт дуога қўл кўтарди. Барча ижодкорларимиз номидан, аввало, чин дилдан ташаккурларимизни, эҳтиромларимизни қабул қилинг. Ўзингиз ижод аҳлининг қаноти бўлишини айтдингиз. Ўша қанот асрлар мобайнида ётувди-да қайрилиб. Сиз чинакам ижод эркинлигини бердингиз. Бизнинг бўғзимиздаги тугунлар ечилиб кетди.

Биз энди бошқа одамга айландик. Ҳар бир мукофот эл-юрт ишончи, эл-юрт ифтихори ва айни пайтда, Ватан ишончи дегансиз. Сиз Ватан саодати учун катта фидойилик билан иш олиб бориб, дунёларни ҳайратга солдингизки, биз қарздормиз!

Ушбу сўзлардан кейин шоира янги ёзган “Ватандин яхши ёр бўлмас” сарлавҳали шеърини ўқиб берди. Ўтли кўнгил изҳорини ифодалаган шеър матни қуйидагича эди:

Муҳаббат гуллари кўксинг баҳорида

мудом сўлмас,

Ватан ишқи умрбоқий, у мангуга завол кўрмас,

У бир сўзки, қуёш янглиғ бағишлар нур,

ўлим билмас,

Усиз жонингда жон йўқдир,

баҳорлар ҳам баҳор бўлмас.

 

Юрак айтур, юрак айтур,

Ватандин ўзга ёр бўлмас.

 

Гўзал жаннат эрур боғлар,

томирларда жўшар қонлар,

Ўз элида бахтиёрдир меҳнатсевар,

ҳур инсонлар,

Янги Ўзбекистон элга очиб берди зўр имконлар,

Минг шукрким, қўл дуода,

дуоли эл завол билмас.

 

Юрак айтур, юрак айтур,

Ватандин яхши ёр бўлмас.

 

Ватан туфроғида бир туп ниҳол

экмоқ эмас осон,

Бугун ўзбек шиддатидан

кўҳна дунё лол-у ҳайрон,

Ватан саодатин кўзлаб ором билмас

улуғ сарбон,

Дуолар кўкка ўрлайди, юз қуёши мангу сўнмас.

 

Юрак айтур, юрак айтур,

Ватандин яхши ёр бўлмас.

 

Шукр неда? Шукр илм, меҳнат-у

бахт-саодатда,

Гўдакларнинг қувончида, Яратганга ибодатда,

Шукр қилдим бу кунларга, ижоду руҳ роҳатда,

Элим, бошинг баланд бўлсин,

сен эккан ниҳоллар сўлмас.

 

Юрак айтур, юрак айтур,

Ватандин яхши ёр бўлмас.

 

Инсонни тириклигида қадрлаш керак. Ҳаёт вақтида кўнглини кўтариш, бошига мушкул иш тушганда, қалбига шодлик улашмоқ зарур. Шарифа Салимова қисмати бунинг аҳамияти нечоғлиқ катта эканига яна бир ёрқин далилдир.

Шоира ижодининг кўлами

Шарифа Салимова ижодини қарийб ўттиз йилдан буён муттасил кузатиб келаман. “Ҳаёт завқи”, “Менинг баҳорим”, “Ватан суврати”, “Бедор тун томчилари” сингари лирик шеърлардан тузилган ва “Тонгга қасам”, “Гиёҳлар билан тиллашган инсон” каби бадиий публицистик мақолалардан таркиб топган тўпламлари, болаларга бағишланган ажойиб назм намуналарини ўз ичига олган “Қушлар алифбоси”, “Ҳайвонот оламига саёҳат” китоблари, “Хизр булоғи”, “Дуогўйим онам” ва “Тўмарис” сингари достонлари,  “Қабоҳат салтанати ёхуд қор қўйнида лолалар” шеърий романи, тўрт жилдлик салмоқли “Танланган асарлар”и шоиранинг ижодий хирмони ҳавас қилса арзигулик экани исботидир. Шеърлари теран ҳаётий моҳиятни ифодалагани, оҳорли ташбеҳларию истиоралари, аёл ижодкорларга хос нафис услуби билан алоҳида ажралиб туради.

Шарифа Салимова шеъриятида аёл руҳияти, ўзбек онасининг орзу-армонлари, дарду изтироблари ўзига хос талқин этилган. Шоиранинг “Аёл уйғонмаса – уйғонмас миллат” деган сўзлари халқимиз орасида афоризмга айланиб кетгани аён. Чунки бу сўзлар шунчаки қофия учун тўқилган эмас, улар миллат дарди билан ёнган қалбдан вулқон каби отилиб чиққан ҳароратли дил изҳори эди. Кўнгилнинг туб-тубидан чиққани учун ҳам кўнгилларга етиб борган эди бу сўзлар. Шу номдаги шеърдан олинган мана бу сатрларни бефарқ ўқиб бўлмаслиги ҳам бунинг исботидир:

 

Қоракўз тулпорлар ёлин силаса,

Қуёшга учгудай қувват берувчи,

Сочини супурги қилиб Ватанга,

Ўзи тоғлар каби мағрур турувчи…

Жимгина суювчи… кўз ёш тўкувчи,

Ишқи ҳам гул каби, нур каби ҳалол…

Ҳаётнинг табаррук юкин елкалаб,

Шу зайл Ҳақ сори кетмоқда… АЁЛ…

 

Шарифа Салимова шеърлар, достонлар ёзиш билан бирга, бадиий публицистика борасида ҳам самарали ижод қилди. Унинг турли мавзулардаги, замонамизнинг ўткир муаммоларига бағишланган бадиий-публицистик мақолалари, устоз ва замондош шоиру адиблар ижодига доир эсселари  ушбу фикрни тасдиқлайди. Ушбу мақола ва эсселарни ўқир экансиз, уларнинг салоҳиятли шоира қаламидан чиққани яққол сезилади. Уларда оҳорли ташбеҳлар, тутилмаган образли ифодалар, сўзнинг таъсир кучини беҳад ошириб юборадиган истиоралар маҳорат билан қўлланади. Ушбу бадиий тасвир воситалари сўзга ранг ва жило беради. Унинг шеърдай, қўшиқдай равон ўқилишини таъминлайди. Булар ҳаммаси ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналарининг муттасил мутолааси ҳамда тунни тонгга улаб чекилган ижодий заҳматлар орқали эришилган маҳорат натижасидир.

Шарифа Салимова моҳир таржимон сифатида жаҳон адабиётининг Гёте, Генрих Гейне, Анна Ахматова, Ёҳан Еллас Шлегель, Николаус Ленау, Ҳанс Магнус Ензенсбергер, Бартхолд Ҳенриҳ Брокес, Йозеф фон Айхендорф сингари намояндалари шеърларини ўзбек тилига ўгирган. Исломшунос олмон шоири Ҳадаятуллоҳ Ҳюбш шеърлари таржимасидан таркиб топган “Оҳ, атиргул” тўплами, айниқса, шоира таржимонлик фаолиятининг энг ёрқин намунасидир. Бу таржималар шоира учун чет эллик ижодкорлар маҳорати сирларини ўрганиш нуқтаи назаридан фойдали бўлиши баробарида шеърият муҳибларини жаҳон адабиётида кечаётган ижодий жараёнлар билан таништириши жиҳатидан ҳам қимматлидир.

Устозларга эҳтиром ва улар эътирофи

Шарифа опа сўзни нозик ҳис этадиган, оз сўзга кўп маъно юклай биладиган ижодкор бўлиши баробарида, ҳар қандай аудиторияда нутқ сўзласа, тингловчиларнинг диққатини ўзига жалб эта олган маҳоратли нотиқ ҳам эди. Улуғ устозлари Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповнинг садоқатли шогирди сифатида, уларнинг юлдузли онларида ҳам, синовли кунларида ҳам оқибат кўрсатгани Шарифа Салимованинг одамийликда қатъиятли бўлгани исботидир. Шоиранинг устоз Абдулла Орипов ҳақидаги хотирасида мана бундай сўзларни ўқиймиз: “Қашқадарё… Некўз. Дўппидеккина қишлоқ. Ўзбек адабиётига улуғ Абдулла Орифни берган мўъжизавий маскан. Кўз ўнгимда Некўз кенгликларида ялангоёқ бўлиб чопаётган, дунёни ёлғиз Онадан иборат деб билаётган ушоққина, тиниб-тинчимас болакай. Она меҳр билан унинг, кузда ўс(аёт)ган райҳондай маъюс сингил”нинг бошини силайди, гилам тўқийди, кундузи қўшиқлар, тунда эртаклар айтиб беради. Фарзандларига қараб: “Сизлар осмонда учиб кетаётган қушларнинг сувратини шу заҳоти гиламга кўчира олмайсизлар-да, мен бўлсам тушира оламан”, – дейди эркаланиб.

 

Қуюндайин чарх урардик доим тўзонда,

Чанг нелигин билмас эдик ўша маҳали.

Онамизни тушунардик инсон деганда,

Аммо она танҳолигин билмасдик ҳали.

 

Шоир билан бирга унинг муҳтарама онаси миллионлаб қалбларга кириб келади ва ўзимизга айланади. Онани йўқотмоқ – оламни йўқотмоқ қадар оғирлигини шоир бизга куйган юрак билан, кўз ёшларидан ҳўл бўлган қалам билан англатади ва ­ЎЗБЕК ОНАСИ руҳиятига сўздан тикланган ҳайкал қўяди”.

Шарифа опамиз ўзи ҳам она бўлгани учун устоз ҳақида ёзганда, унинг муҳтарама онасини хотирлаган. Шеърларида она тимсолига бадиий обида ­бунёд эта олганини ёниқ қалб билан изҳор этган.

Икки улуғ шоир – Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов юбилейларида, улар ижодига бағишланган тадбирларда, телекўрсатувларда нутқ сўзлар экан, Шарифа опа устозлар асарларидаги энг шоҳ сатрларни ёддан келтириб, чуқур ва профессионал таҳлил қилиб берарди. Бу мисоллар ва улар таҳлилига доир фикрлар унинг устоз шоирлар ижод лабораториясини нечоғлиқ пухта ўрганганини, асарларини қанчалик кўп ўқиган бўлса, шунчалик пухта ўзлаштирганини кўрсатар эдики, бу ҳол шоира ижодий камолоти сирларини ойдинлаштириши жиҳатидан ҳам қимматлидир.

Ўз навбатида, ҳар икки устоз шоир Шарифа Салимова ижодига юксак баҳо берган. Жумладан, “Хизр чашмаси” достонини ўқигач, Абдулла Орипов мана бундай фикр билдирган эди: “Шарифахон, синглим! Ғоят гўзал достон ёзибсиз! Раҳмат! Буюк ва шўрлик бир халқнинг даҳосига эҳтиром шарофати билан ҳаммамизнинг дилимиздаги изтиробларни, унут бўлган хаёллару беамал қолган орзу-умидларни, муҳими, аччиқ армонларимизни бир шода дур каби тизибсиз. Унинг ҳар бир донаси кўз ёшларимиз каби тиниқ ва беғубордир. Умидимиз Навоий ҳазратларининг даҳоси янглиғ пойдор бўлиб кўриниб турибди. Айниқса, сатрларда она қалби, аёл меҳри, унинг чексиз самимияти, куюнчаклиги муҳрланган. Шеърий маҳоратингиз камол топмоқда экан – муборак бўлсин. Бу йўлда сизга тағин ҳам инжа санъат тилайман. Достоннинг номи ҳам теран, маънили. Баъзи тилакларимни ўрни келганда айтарман. Ҳозирча эса табриклайман”.

Бундай улуғ устозлар эътиборига тушиш, улар эътирофини қозониш – чинакам бахт. Шарифа Салимова ана шундай бахтга ноил бўлган ижодкор эди.

Иймон ёғдуси

Ҳазрат Алишер Навоийнинг:

 

Кимки жаҳон аҳлида инсон эрур,

Билки, нишони анга иймон эрур, –

 

деган сатрлари устоз шоиру адибларимизга, миллатимиз дарғаларига жуда яхши маълум. Шарифахон опамиз ҳам ҳазрат Навоий бобомиз сингари иймон тўғрисида кўп таъсирли сатрларни битган. Ота макони Паркент ҳақидаги шеърда: “Булоқлардан тиниқ тоза иймоним” деб ёзсалар, “Руҳ манзаралари” шеърида:

 

Қушлар сайроғидан уйғонса иймон,

Гуллар шивиридан шифо топса жон, –

деб иймоннинг ҳамиша уйғоқ бўлишини орзу қилганлар. Яна бир шеърларида иймон меҳробига кир товонини суртганлардан қўрқувларини изҳор этганлар.

“Яхшироқ” сарлавҳали шеърда эса мана бундай сатрларни ўқиймиз:

 

Эй дил, уйғон, Ҳақни англар вақт етди,

Бу манзилга ким ҳушёр, карахт етди?

Аршдан Ерга нур қуршаган тахт етди,

Мингта сўздан битта Қуръон яхшироқ.

 

Булар барчаси Шарифахон Салимованинг улуғ шоира бўлиш баробарида асил иймон соҳибаси сифатида умр кечирганидан дарак беради. Шеърларидан таралган иймон ёғдуси унинг сийрати, хулқи, одобу ҳаёси билан бениҳоя уйғун экани эса ҳар кимда ҳам кузатилмайдиган ноёб фазилатлардир.

Таҳририятларда ишлаб юрган кезларида ҳам, Олий Мажлис депутати сифатида ва бошқа масъул лавозимларда фаолият юритганда ҳам Шарифа Салимова ўзбек аёлига хос одобу назокатни, ҳаё-ю ибони мукаммал сақлай олган, миллатимиз оналарига хос фазилатларни кўз қорачиғидай асраб, ҳаётда шунга тўлиқ амал қила билган инсондир. Опа турмуш ўртоғи, ўзбек адабиёти ва фольклори намуналарини немис тилига таржима қилиб, Германия тимсолида Европага тарғиб қилишда ҳормай-толмай хизмат қилаётган муҳтарам олимимиз Хуррам ака Раҳимов билан қўш қанот бўлиб, халқимиз адабий-эстетик тафаккури юксалишига муносиб хизмат қилиб келгани ҳам таҳсинга лойиқдир.

Она образининг оҳорли талқини

Шоира лирикасида Она образи алоҳида ўрин эгаллайди. Орзулари чечаклардай мўл, умидлари ўзи бир жаҳон ижодкор туйғулари каби тоза нурларга юзини юваётган осмон, йўлга чорлаб чалинаётган найни эслатар экан, мунис онасидан оқ фотиҳа тилайди (“Оқ фотиҳа бергин” шеъри).  Онаизорнинг томирлари бўртиб-бўртиб кўринган қадоқ қўллари, пешонасидаги майда чизиқларга бўлинган ажин йўллари, бир пайтлар нур билан порлаб, кўкдан термилган юлдузларга то тонгга қадар ёғду улашган-у, энди хирагина назар ташлаётган кўзлари… қордек оқ суюмли сочлари… ўқувчи кўз ўнгида муштипар волида сувратини жонлантирувчи, кўнгилларга унинг юрак тафтини ҳис этиш имконини туҳфа этувчи бу сатрлар самимиятидан мижжаларга ёш қалқийди… (“Онамнинг қўллари” шеъри). Мана бу сатрлар она дуосининг қиммати нечоғлиқ баланд экани ҳақида:

 

Тиллолар олмадим, зарлар олмадим,

Зўрларга бошимни эгиб бормадим.

Хиёнат, иғвонинг лойин қормадим,

Олганим дуолар бўлди, онажон!

 

…Ғанимнинг ўқига бўлсам-да нишон,

Кўзимдан чакиллаб томганда ҳам қон.

Сидириб, мен уни тиладим иймон,

Олганим дуолар бўлди, онажон!

 

Онадан айрилмоқ – дунёдаги энг оғир мусибат… Шоиранинг “Онажон” шеърида ана шу оғир йўқотиш изтироблари беҳад таъсирли ифодаланган. Кузги япроқлар узилиши оғир оҳ чекишига боис бўлган ижодкор тонгларда: “Сен уни кўрдингми, меҳрибон қуёш?”, дея илтижо қилади. Тоғлар қошида бош эгар экан, онаизорини соғиниб чунон йиғлайди…”.

Шоир, одатда, юрагидаги чўнг дарду изтиробни, қалбини ўртаган ғаму андуҳни шеърга солади. Лекин уни мутолаа қилган ҳар бир китобхон шеърдан ўз кечинмаларини, ўкинчу қайғуларини ҳис этади. Нима учун шундай? Чунки ҳақиқий шоирнинг шеърида, тилидан, динидан, ирқидан қатъи назар, бани башарнинг туйғулари, дарду андуҳлари қаламга олинади. Ўқиган ҳар бир инсон ундан ўзи учун хулосалар чиқаради. Шарифа Салимованинг юқоридаги шеъри ҳам ана шундай юксак бадиият намунасидир. Ижодкор вафотидан кейин “Facebook”ка унинг қизи Гулрух Раҳимова ушбу шеърни шоиранинг сурати билан жойлади. Онадан айрилиқ изтироби энди унга кўчган эди. Не ажабки, Шарифа опа билиб-билмай бу шеърда фарзандининг келажакдаги ғуссасини ҳам қаламга олган экан.

“Хизр чашмаси”нинг ҳикмати

Шарифа Салимова лирик шеърлардан ташқари достонлар ҳам ижод қилди. Бу достонлар шоиранинг катта поэтик кўламда фикрлай олиши тасдиғи сифатида алоҳида аҳамиятга эга. “Хизр чашмаси” достони сюжетининг марказида ҳазрат Алишер Навоий образи туради. Шоира бутун замину замонни буюк мутафаккир бобокалонимиз атрофида айлантиради. Асрлар ўтаверади, замон эврилаверади, лекин миллат ҳаётида бу улуғ сиймога бўлган эҳтиёж сўнмайди.

Саҳродаги ёлғиз дарахт ва унинг тагидаги чашма ёнида турган ҳазрат Навоий ҳузурида қўлида инграган гўдак билан зўрға қадам босаётган она намоён бўлади. Тўрт фарзандини тупроққа топширган, бешинчи бемажол гўдагини бағрига босган хастадил она… Унинг сўзларидан буюк мутафаккир – қуёш рухсорли табаррук сиймо фарёд чекади. Онаизор эса бошига тушган мусибатларни баён этади. Унинг айтишича:

Сиру асрор тўла замон айланди,

Айланганда ҳам кўп ёмон айланди.

Шайтон юракларда ғавғо бошлади,

Миллат орасига нифоқ ташлади…

Бугина эмас. Шайтонлар минг фитна тузавергани, энг сара гулларни узавергани, не-не тилла бошлар кесилиб кетгани, энг улкан чинорлар ўтин, алангаси пинҳон тутун бўлгани, асл булоқларнинг суви айнигани, она тупроқнинг шўри қайнагани, ­дарёлар бурилиб оқмай, одамлар бир-бирига боқмай қолгани, авваллари соф бўлган ҳаволар заҳар сочгани, оналар даладан келмай, гўдаклар қулундай елмай қўйгани ҳақида куйиниб сўзлайди. Унингча: “Бир пайт аёл эрса муҳаббат гули, Энди номи бўлди тириклик қули. Улар ўттизида ўтин бўлдилар, Армон водийсида тутун бўлдилар. Бир пайт висолига Мажнун бўлган зор, Тупроққа тенг бўлди Лайлидек дилдор… Аёл қалъасига путур кетган он, Дод деб соҳилини тарк этди уммон…” Мулоқот сўнгида бу хастадил она ҳазрат Навоийнинг “Исминг не, қизим?” – деган саволига “Гўдагим Фарҳоддур, ўзим… Дилором…” – дея жавоб беради.

Достондаги Хизр чашмаси бу – туркий тил, мангу яшил дарахт – ҳаёт тимсоли. Дунёнинг энг қадимий ва энг бой тилларидан бўлган она тилимиз тимсоли бўлган Хизр чашмаси, мангу ҳаёт рамзи ҳисобланган яшил дарахт ва ҳазрат Алишер Навоий ёнма-ён тасвирланиши, замину замоннинг ана шу учлик теграсида айланиши шоиранинг тахайюл ва тафаккур олами нечоғлиқ кенг экани исботидир.

Ҳазрат Навоий ёнига, Хизр чашмасига келган кейинги йўловчи – қўлларига кишан солинган аёл. Ахлоқсизлик, фаҳш ботқоғига ботган жамият қурбони бўлган бу аёлнинг мусибати тошларни ёради. На миллат дардидан ғами, на туққан элининг ва на она тилининг қадри билан иши бўлмаган, тиллага кўмилиб, сутларга чўмилиб, пул учун дину иймонини сотган, “Уммон қурийверса, на ташвиши бор, Ҳақиқат топталса, нима иши бор” кимсалар боис бахти топталган жонлар қисмати ҳақидаги фожиаларни сўзлаган бу мусибатзаданинг исми Лайли…

Шоира шу тарзда ҳазрат Навоий пок ишқ ва инсоний камолот тимсоли сифатида тасвирлаган Фарҳоду Дилорому Лайлилар замонавий отдошларининг номи ҳам, шони ҳам топталган зиддиятли давр фожиаларини ўзига хос услубда талқин этади. Замон чиндан ҳам ёмон томонга эврилганини образлар асосида таъсирли суратлантиради.

Шоира достон қаҳрамонлари тилидан бугун тарихга айланган, лекин халқимиз кечмишида оғир из қолдирган фожиани бутун кўлами билан тасвирлайди. Ҳар бир сатрдан, ҳар бир сўздан она юрт ғамида куйган ижодкорнинг кўнгил изтироблари силқиб туради. Она халқининг дарди унинг кўзларидан уйқуни, қалбидан ҳаловатни олгани, қўлига қалам тутқазиб, фарёдларини оқ қоғозга тўкмоқни дилига солгани яққол сезилиб туради.

Буюк Навоий ёнига келган кейинги қаҳрамон – етмишларга бориб қолган қомати дол чол ва унинг калом билмас ўғли. Отахон ўғлининг аҳволини айтиб куйинади. Унинг сўзига кўра, ўғли ўз тилида саломни ҳам, бир калима хуш каломни ҳам билмайди. Мақомлардан пешонаси тиришади, ғазал не деб бир чеккада қунишади. Қодирийнинг кимлигини билмайди, Абдуллони назар-писанд қилмайди. Хотинининг сочин кесиб қўяди, Фарзанд қолиб, кучугини суяди. Она халқини саводсиз деб устидан кулган. Отасини ғарибхонага элтиб қўйган… Миллат надир, армон надир, ҳуши йўқ, Оламни сув босса магар иши йўқ. Гадоларнинг кафтига тош қўяди, Ғарб оламин пойига бош қўяди…

Шарифа Салимова шу тарзда қаҳрамонлар тилидан миллатни ўзлигидан айирган иллатлар моҳиятини фош эта боради. У қўллаган ижодий услуб – турли даврнинг турли ҳолатдаги кишиларини ҳазрат Навоий қошига келтириб, улар фожиасининг асл илдизларини очиб бериши шоиранинг ижодкор сифатидаги маҳоратидан ташқари, маънавий жасорати сифатида ҳам баҳоланмоғи зарур.

Достоннинг поэтик хулосаси ўқувчи қалбида умидбахш туйғуларни уйғотиши билан аҳамиятлидир. Ҳазрат Навоийнинг шитоб билан булоқ бўйига бориб, уни кенгликлар сари очиб юбориши миллат ҳаётига озодлик, рўшнолик келиши рамзидир. Асар сўнгида буюк бобокалонимиз ҳузурига илк бор қўлида инграган гўдак билан зўрға одимлаб келган онаизорнинг фарзандига ҳазрат булоқ сувин ичиради, тандан дард қушларин бир-бир учиради. Бахтсиз ота-болага иймону инсоф тилайди. Яъни Хизр чашмаси – туркий тил миллат тараққиётининг асоси сифатида халқимизнинг кўнгли шод, ҳаёти обод бўлишига йўналтирилади. Шу тарзда асарда тилга олинган тугунлар бирма-бир ечилади.

Умуман, “Хизр чашмаси” достони она юрт тарихининг энг мураккаб ва зиддиятли даврлари, Ватан ва миллат инқирозининг сабаблари теран бадиий талқин этилгани билан ҳам, буюк Алишер Навоийдай мутафаккирлари бор халқ барибир ўзлигига қайтиши, тараққийга эришмоғи муқаррарлиги ҳақидаги умидбахш ғоя билан якунланганига кўра ҳам, шоира ижодий ниятининг ўзига хос рамзлар, тимсоллар орқали бетакрор ифодалангани жиҳатидан ҳам кўламли бадиий полотно даражасига кўтарилган.

Миллат дарди ва бадиий ифода уйғунлиги

Шарифа Салимованинг “Қабоҳат салтанати ёхуд қор қўйнида лолалар” шеърий романи жами 272 саҳифани ташкил этиб, уч қисм, ўн уч фаслдан таркиб топган. Ушбу салмоқли назмий асар миллатнинг ўтган аср аввалида  қатағон қурбони бўлган фозила қизлари қисмати бадиий талқин этилгани жиҳатидан қимматлидир.

Асарнинг биринчи фазилати катта меҳнат ва заҳмат ҳосиласи эканида кўринади. Шоира архив ҳужжатларининг чангини ютиб, қатағон қурбонларига доир маълумотларни йиққан, тартибга солган ва тарих ҳақиқатини қунт ва сабот билан ўрганган. Шеърий роман учун бой материал тўплаган. Лекин қанчалик машаққатли бўлмасин, материал йиғилгани ва англангани ҳали дастлабки босқич, холос. Энг муҳим ва мураккаб иш, одатда, шундан кейин бошланади. Архив ҳужжатларидаги хотин-қизлар тақдири билан боғлиқ мураккаб ва зиддиятли, аянчли ва фожеий ҳақиқатларни ижодкор қалб ва руҳ билан ҳис этмаса, улар тортган азобларни ўз юрагидан ўтказмаса, натижа кутилганидек бўлмаслиги аён. “Қабоҳат салтанати”ни мутолаа қилар экансиз, Шарифа Салимова ана шу ҳасрат ва андуҳ оламига чуқур кира олганига гувоҳ бўласиз. Асарнинг ушбу муҳим фазилатини шеърий романга сўзбоши ёзган Ўзбекистон Қаҳрамони устоз Иброҳим Ғафуров ҳам алоҳида таъкидлаган: “…шоиранинг юраги қандай чидади экан замонлар кечиб бу машъум воқеаларни қайта тирилтиришга? Муаллифга бунда куч-қувват, бардош, матонат-чидам берган ҳодиса – бу унинг зулм қурбонларига ўзини сингилдай, жигардай, қондош-қариндошдай тутиши ва ҳис қилишидир. У ноҳақ жабрдийдаларнинг ҳоли-аҳволи, кечинмалари, муҳаббат-садоқатларини теран тушунади, дард-аламларини ўз жонида сезади. Уларга энг оғир дамларда ирода-матонат қаердан келганлигини уқади, англайди. Асар шундай миллий негизлардан келиб чиқаётган ноёб дарддошликдан туғилган. Бундай асарни совуқ қалам, совуқ нигоҳ, совуқ юрак билан асло ёзиб бўлмайди”.

Лекин нечоғлиқ мушкул бўлмасин, материални мисқоллаб йиғиш, таҳлил этиш ва ўз қалб чиғириғидан ўтказиш ҳам ҳали тўлақонли муваффақият бўла олмайди. Булардан кейин учинчи ва  энг асосий шартни бажариш тақозо этилади. Бу – тарих ҳақиқатини бадиий ҳақиқатга айлантириш. Аслида, энг қийини ҳам шу. Бунинг учун ижодий салоҳият зарур. Ўрганилган материаллар асосида илҳом билан қуйилиб келган сатрлар устида, керак бўлса, ҳар бир сўз устида тунни тонгга улаб ишлаш, қайта ва қайта таҳрир қилиш, сайқал бериш. Ана шу иш бажарилмаса, асар хомгина битик даражасида қолиб кетиши аниқ. Шарифа Салимовада катта ижодий салоҳият ҳам, сўз устида ишлаш ва бундан ҳаловат топиш фазилати ҳам мужассам эди. Асарда таҳрирталаб сўз ва жумлалар деярли учрамаслиги, услуб равон ва ифода тиниқ экани бунинг исботидир.

Шеърий роман композицияси ҳам чуқур ўйланган. Дебочадан аввал Абдурауф Фитратнинг ёвқур руҳ ифодаланган мана бу сатрлари эпиграф қилиб олинган:

 

Онам, сени қутқармоқ учун жонми керакдир?

Номусми виждон била иймонми керакдир?

Темур била Чингиз қони  тошди томримиздан,

Айтгил, сени қутқармоқ учун қонми керакдир?

Ёв суқғали келгач қиличини юрагингга,

Туш олдига, ол кўксуми – қалқонми керакдир?

 

Шарифа Салимова асарнинг бош ғоясини ҳам тўғри белгилаган. Бу – жадидлар илгари сурган Турон соғинчи, Туркистон озодлиги ғоясидир. Истеъдоди ва Ватанга муҳаббатидан ўзга айби бўлмаган Хайринисо Мажидова ва Марям Султонмуродова тақдири қаламга олинадими, миллатпарвар Вилоят Хўжаева, Кимёхон Ашурова ёки Тожихон Аҳмедова қисматими, маърифат фидойилари Собира Холдорова, Мақсуда Исҳоқова, Ҳикматжон Фитратова ёки Тожихон Шодиева бошидан кечган азоблар тасвирланадими – уларга энг оғир дамларда куч берган, қалбига матонат ва сабот бағишлаган ана шу ғоя маҳорат билан талқин этилади.

Шеърий романдаги инжа яратиқ саналган аёлга азоб беришдек йиртқичликдан лаззат олувчи машъум учлик терговчилари ва мустабид тузумнинг бошқа малайлари, шунингдек, миллатнинг фозила қизлари қисматига ачиниш ўрнига уларнинг онасига, оила аъзоларига халқ душманининг яқинлари деб қарашга маҳкум жоҳил оломон образлари тасвирнинг эпик кўламини таъминлаш баробарида, ифоданинг таъсир кучини оширган. Асарнинг бадиий қуввати баланд бўлишини таъминлаган.

Хайринисо Мажидованинг мана бу сўзлари ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди:

 

Айбим йўқ,… Айбим йўқ, такрор айтаман,

Ярадор оққушман. Аҳволим оғир.

Биламан, кун келар, менинг кимлигим

Билиб кўзга сурар замину замон.

Сиз жирканч махлуқлар ўчиролмайсиз,

Тарихнинг кўксида қолган изларни.

Аҳли Туркистон то қиёмат қадар

Лаънатлаб ўтади сизларни.

 

Шеърий роман катта тадқиқотларга мавзу бера оладиган кўлам ва мазмунга эга. Бадиият ва услуб жиҳатдан ҳам чуқур таҳлил этилиши, тарихий ва бадиий ҳақиқат уйғунлиги нуқтаи назаридан ҳам тадқиқ қилиниши зарур.

Туганч ўрнида

Одамзод умри ўлчовли. Буни ҳис этган тафаккур эгалари шунинг учун ҳам тирикликнинг ҳар лаҳзасини ғанимат билади. Эзгу амал, яхши ном қолдиришга интилади. Зеро, донишмандлар яхши ном қолдиришни иккинчи умр дейишган. Ўзбекистон халқ шоири Шарифа Салимова салоҳиятли ижодкор ва жамоат арбоби сифатида ҳаётини миллий адабиётимиз ва маданиятимиз равнақига бағишлади, асарларида Ватан ва миллат бахтини ёниб куйлади. Ишонамизки, адабиётсевар халқимиз ҳам уни зинҳор унутмайди. Жойингиз жаннат боғларида бўлсин, опажон!

Нурбой ЖАББОРОВ,

филология фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 + 10 =