Сийрати суратига мос “Самарқандим”

Ҳар қандай нарсани биринчи марта кўрганимизда аввал ташқи қиёфасига эътибор қаратамиз, сўнг қолган жиҳатларига. Бегона инсон билан учрашганимизда ҳам дастлаб қадди-қомати, ранг-рўйи, юз ифодасию қараши беихтиёр эътиборимизни тортади. Ўзини тутиши, муомаласи ҳам муҳим, албатта. Шундай одамлар бўладики, биринчи учрашувданоқ суҳбатдошини ўзига жалб этади ва аксинча ҳолатлар ҳам учрайди. Чунки сурат ва сийрат ҳар доим ҳам бир-бирига мос келавермайди.

Газета, журнал, хусусан, китобни мен одамларга ўхшатгим келади. Бирон-бир газета ва журнални ёхуд китобни қўлга олишим билан у ҳақда ё ижобий, ёки аксинча фикр кечади кўнглимдан. Кўпинча ана шу интуиция алдамайди. Зеро, босма нашрларнинг дизайни – безаги ўқувчида биринчи таассурот уйғотади. Шунинг учун ҳам ҳақиқий муҳаррирлар ва ноширлар бу масалага алоҳида эътибор қаратади. Хусусан, кейинги йилларда бу долзарб аҳамият касб этмоқда. Бинобарин, газета ва журнал ҳам, китоб ҳам маълум маънода маҳсулот. Маҳсулот кўринишли, харидоргир бўлмоғи лозим.

Аксарият ҳолларда бир кўришдаёқ эътиборни тортадиган даражада безатилган нашрларнинг мазмуни ҳам шунга яраша бўлади (сурат бошқа, сийрат бошқа ҳолатларни инкор этмаймиз).

Сурати сийратига мос, кўрганда кўз қувнайдиган, ўқиганда кўнгил роҳатланадиган, ҳам кўзга, ҳам қалбга ором ва малҳам бўладиган нашрлар кейинги пайтда кўпаймоқда. “Ватан” ва “Самарқандим” журналларини шулар қаторига қўшгим келади.

Қўлимда “Самарқандим”нинг 2026 йилги 2-сони. Бирма-бир варақлайман. Бир-биридан долзарб, аҳамиятли, мағзи тўқ, айни чоғда қизиқарли мақолалар, суҳбатлар, фикрлар. Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовнинг “Мустақил онг муаммоси” (Президентимиз Шавкат Мирзиёев миллатни тафаккур тутқунлигидан қутқазгани ҳақида), академик Оқил Салимовнинг “Миллатни таниш” (Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан барпо этилган Имом Бухорий мақбараси зиёратида кўнглидан кечирганлари), Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султоннинг “Мутафаккир башорати ва васият” (Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров ҳақида) мақолалари ҳар қандай ўқувчини ўйга толдиради, фикр юритишга даъват этади.

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода, Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти бош директори Салим бин Муҳаммад Ал-Малик, Туркия маданият ва туризм вазири ўринбосари доктор Сердор Чам, АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеникнинг жонажон Ўзбекистонимиз, меҳнаткаш халқимиз, Янги Ўзбекистон бунёдкори Президентимиз Шавкат Мирзиёев тўғрисидаги самимий, дилдан айтган фикрлари қалбимизни фахр ва қувонч туйғулари билан тўлдиради. Уларни ўқиган журналхонлар шундай фараҳбаш эл-юрт фарзанди эканидан ғурурланади.

Ёзувчи Назар Эшонқулнинг истеъдодли адиб Аҳмад Аъзам ижодига бағишланган “Ўзидан ўзини излаган адиб” мақоласи ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди. Зотан, Аҳмад Аъзам адабиётимизга 70-йилларда кириб келган шоир ва ёзувчиларнинг кўзга кўринган вакилларидан бири эди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси, устоз Асқад Мухтор раҳбарлигида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигида бир неча йил бирга ишлаган эдик. Ўша йиллари раҳматли Аҳмад билан Литва ва Латвия республикаларида, Москва шаҳрида сафарда бўлган эдик. Аҳмад Аъзам истеъдодли ёзувчи, нозик дидли мунаққид, дилкаш суҳбатдош эди. Назар Эшонқулнинг мақоласини ўқиб, ўша йилларни ширин бир хотира билан эсладим.

Журналда беназир шоир Абдували Қутбиддин эслангани ҳам хайрли иш бўлибди. Унинг “Самарқандча…”, “Самарқанд” шеърларини ҳаяжонсиз ўқиб бўлмайди: “Самарқандлик бўлиш учун уч йил етмас, дейди Моҳинур… Уч минг йил етмас, дейди Моҳинур” деб ёзади Абдували.

“Самарқандим”нинг олдинги сонлари каби ушбу сонидаги ҳар бир мақола, суҳбат, ҳатто иқтибослар ҳақида алоҳида мақола ёзиш мумкин. Шу боис уларни  шарҳлагандан кўра ўқиган афзал ва фойдалироқ.

Таҳрир ҳайъати раиси, лойиҳа муаллифи Рустам Холмуродов, бош муҳаррир Фарруҳ Ҳамроев раҳбарлигида журнал таҳририяти жамоаси катта меҳнат қилганки, уларни чин юракдан табриклайман.

Қадринг бундан-да баланд, парвозинг тобора юксалиб бораверсин, сийрати суратига мос гўзал “Самарқандим”!

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + 15 =