Адолат эшиги сари йўл

Инсон судга шунчаки ариза топшириш учун бормайди. Суд остонасига қадам қўяётган ҳар бир фуқаронинг ўз дарди, ўз ҳақиқати ва ўз умиди бор. Кимдир йиллар давомида меҳнат қилиб топган ҳақини ундиришни истайди, кимдир уй-жойини асраб қолиш учун курашади, яна кимдир фарзандининг манфаатини ҳимоя қилиш учун ёки давлат органининг қароридан норози бўлиб, адолат излайди.

Шу маънода, суддаги ҳар бир иш жилди ортида оддий рақам ёки статистика эмас, балки инсон тақдири туради. Унда инсоннинг ҳуқуқи, қадр-қиммати ва адолатга бўлган ишончи мужассам.

Одил судловнинг ҳақиқий мезони эса фақат қонунларда инсон ҳуқуқлари қанчалик мустаҳкам белгилаб қўйилгани билангина ўлчанмайди. Энг муҳим масала — инсон ҳақ-ҳуқуқлари бузилган пайтда уни қанчалик тез, самарали ва адолатли тиклаш мумкинлигидадир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 14 августдаги Фармони билан тасдиқланган “Одил судлов — 2030”: Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизимини барпо этиш стратегияси” суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Унда инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқ ва эркинликларни ишончли ҳимоя қилиш, одил судловни фуқарога янада яқинлаштириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Стратегия “халқчил суд”, “адолат қўрғони”, “кафолатланган адолат”, “адолат посбонлари”, “рақамли одил судлов” ва “халқаро эътироф” каби олти асосий устунга таянади.

Бироқ бу тушунчаларнинг барчасини ягона ғоя бирлаштириб туради: фуқаро суд тизимига мослашмаслиги керак, аксинча, суд инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун унинг эҳтиёжларига мослашиши лозим.

Бу ғоя, аввало, судларни инсонга ҳудудий жиҳатдан яқинлаштиришда намоён бўлади.

Чекка ҳудудда яшайдиган фуқарони тасаввур қилайлик. У оилавий ёки мулкий низо бўйича судга мурожаат қилмоқчи. Бунинг учун бошқа ҳудудда жойлашган туманлараро судга бориши, йўлга вақт ва маблағ сарфлаши, эҳтимол, бир неча марта қатнашига тўғри келади.

Албатта, кейинги йилларда электрон мурожаат қилиш, суд мажлисларида масофадан иштирок этиш ва бошқа рақамли имкониятлар фуқаролар учун катта қулайлик яратди. Аммо суднинг инсон яшайдиган ҳудудга яқин бўлиши ҳам одил судловдан самарали фойдаланишнинг муҳим шартларидан бири бўлиб қолмоқда.

Шу боис Президент фармонида 2027-2030 йилларда барча ҳудудларда фуқаролик ишлари бўйича туман ва шаҳар судларини босқичма-босқич ташкил этиш назарда тутилган. Бунда аҳоли сони, судларга келиб тушаётган ишлар ҳажми, судьяларнинг иш юкламаси ҳамда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳисобга олиниши белгиланган.

Бу шунчаки янги судлар ташкил этилиши дегани эмас, балки, аввало, адолатга олиб борадиган йўлнинг қисқариши демакдир.

Зеро, судга етиб бориш қанчалик осон ва қулай бўлса, бузилган ҳуқуқни ўз вақтида тиклаш имконияти ҳам шунчалик ортади.

Яна бир муҳим янгилик фуқароларнинг судловга тегишлилик масаласида ортиқча овора бўлишларининг олдини олишга қаратилган.

Ҳар бир инсон юрист эмас. Фуқаро ўз муаммосини яхши билади, лекин унинг қайси суд ваколатига тегишли эканини ҳар доим ҳам аниқ ажрата олмаслиги мумкин.

Амалиётда айрим ҳолларда ариза тегишли бўлмаган судга берилса, у қайтарилади. Бу эса фуқародан тегишли судни қайта аниқлашни, ҳужжатларни янгидан тайёрлашни ва яна мурожаат қилишни талаб этади.

Процессуал нуқтаи назардан бу оддий тартибдек кўриниши мумкин. Лекин фуқаро учун бу — йўқотилган вақт, ортиқча харажат ва энг муҳими, ҳуқуқини тиклаш жараёнининг чўзилишига олиб келади.

Фармонда эса фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий суд ишларида аризани “иш мазкур суднинг судловига тегишли эмас” деган асос билан қайтариш амалиётидан воз кечиб, уни суднинг ўзи тегишли судга ўтказиши назарда тутилган. Шунингдек, мурожаатдаги жузъий формал камчиликларни суднинг фаол кўмаги билан бартараф этиш механизмларини жорий қилиш кўзда тутилмоқда.

Бу ёндашувнинг маъноси жуда оддий: фуқаро судлар ўртасида сарсон бўлмаслиги керак, зарур ҳолатда унинг ҳужжати ҳаракатланиши лозим.

Агар ушбу тартиб қонунчиликда тўлиқ мустаҳкамланиб, амалиётда самарали ишласа, процессуал формализм эмас, инсоннинг бузилган ҳуқуқини тиклаш биринчи ўринга чиқади.

Инсон ҳуқуқларининг энг нозик жиҳатларидан бири эса шахсий эркинлик билан боғлиқ.

Инсон эркинлигини чеклаш — давлат томонидан қўлланиладиган энг жиддий чоралардан бири. Шу сабабли бу масалада суд назоратининг самарадорлиги алоҳида аҳамият касб этади.

2027 йил 1 июлдан бошлаб “асосли гумон” — “Prima Facie” халқаро стандартини жорий қилиш назарда тутилган.

Унга кўра, тергов судьяси процессуал мажбурлов чораларини қўллашга санкция беришда фақат тақдим қилинган ҳужжатларни расман кўриб чиқиш билан чекланиб қолмайди. Шахсни ушлаб туриш қонуний ва асослими, уни гумон қилиш ёки унга айблов қўйиш учун етарли далиллар мавжудми — ана шу саволларга ҳам жавоб изланади. Зарур ҳолларда қўшимча ҳужжатлар талаб қилиниши мумкин.

Бу суд назоратига мазмунан янгича ёндашувдир.

Энди савол фақат “қонун талаблари расман бажарилганми?” деган мезон билан чекланмайди. “Инсон эркинлигини чеклаш учун ҳақиқатан ҳам етарли ҳуқуқий асос борми?” деган савол ҳам марказий ўринга чиқади.

Шахснинг конституциявий ҳуқуқларини бевосита чеклайдиган тезкор-қидирув тадбирларига санкция бериш тартибининг суд томонидан белгиланиши режалаштирилаётгани ҳам бу борадаги суд назоратини янада кучайтиради.

Демак, инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш иш судга келиб тушганидан кейингина эмас, балки унинг ҳуқуқ ва эркинликлари чекланиши мумкин бўлган дастлабки босқичларданоқ бошланиши назарда тутилмоқда.

Одил судловнинг фақат қонуний бўлиши кифоя эмас. У барқарор, тушунарли ва олдиндан башорат қилиш мумкин бўлган ҳуқуқий амалиётга ҳам таяниши керак.

Чунки мазмунан ўхшаш икки низо бўйича кескин фарқ қилувчи ёндашувлар шаклланса, фуқарода табиий савол туғилади: қайси амалиёт тўғри?

Шу нуқтаи назардан, 2027 йил 1 августдан Олий суд Раёсати қарорларини очиқ эълон қилиб борувчи “Прецедентлар” реестрини жорий этиш белгилангани муҳим янгиликдир.

Бу реестр судьялар учун ягона суд амалиётини шакллантириш воситаси бўлиши билан бирга, адвокатлар, тадбиркорлар ва фуқаролар учун ҳам муҳим ҳуқуқий манбага айланади.

Инсон судга мурожаат қилишидан олдин муайян ҳуқуқий масала бўйича қандай ёндашув шаклланганини кўриш имконига эга бўлади. Бу эса ҳуқуқий аниқлик ва ишончни мустаҳкамлайди.

Чунки адолат тасодифий ёки кутилмаган натижа эмас. У тушунарли, асосланган ва бир хил ҳуқуқий мезонларга таянган мантиқий ечим бўлиши керак.

Фуқаронинг суд тизими ҳақидаги таассуроти ҳамиша ҳам суд қароридан бошланмайди. У суд биносининг эшигидан бошланади.

Инсон судга келди. Қайси хонага боради? Кимга мурожаат қилади? Ариза қандай ёзилади? Электрон хизматдан қандай фойдаланади?

Оддийдек кўринадиган бу саволлар фуқаро учун жуда муҳим.

Шу боис 2030 йилга қадар суд биноларининг кириш қисмида “ягона дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш офисларини ташкил қилиш белгиланган. Уларда фуқарога бир жойнинг ўзида зарур ахборот бериш, процессуал мурожаатлар юзасидан ташкилий кўмак кўрсатиш, ҳужжатларни қабул қилиш ва рақамли хизматлардан фойдаланишга ёрдам бериш назарда тутилган.

Бу — шунчаки ташкилий янгилик эмас, балки суд маданиятининг ўзгаришидир.

Маълумотингиз учун, 2028 йил 1 январдан “иқтисодий ишларни проактив бошқариш” — “Proactive Case Management” стандартини жорий этиш режалаштирилган. У судьяга ишдаги жузъий формал камчиликларни бартараф этиш юзасидан фаол чоралар кўриш имконини беради.

Бу, айниқса, тадбиркорлар учун муҳим. Чунки бизнесда вақтнинг ўзи иқтисодий қийматга эга. Бир кунлик кечикиш ҳам шартнома, ҳисоб-китоб ёки ишлаб чиқариш жараёнига молиявий таъсир кўрсатиши мумкин.

Шунинг учун иқтисодий низода процессуал формалликлар гирдобида қолиб кетиш эмас, низонинг моҳиятига тезроқ етиб бориш устувор бўлиши керак.

Янги стандарт амалда самарали ишласа, “Қайси формал хатога йўл қўйилди?” деган саволдан кўра, “Низони қандай қонуний ва адолатли ҳал қилиш мумкин?” деган ёндашув биринчи ўринга чиқади.

Судьянинг вақти ҳам адолат сифатига бевосита таъсир қилади.

Судья ташкилий, маъмурий ва хўжалик ишларига қанчалик кўп вақт сарфласа, мураккаб ишларни чуқур ўрганишга шунчалик кам имконият қолади.

Шу жиҳатдан, 2028 йилдан суд маъмурчилиги — “Court Administration” институтини жорий этиш режаси ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Унга кўра, ташкилий, моддий-техник, молиявий, ахборот-таҳлилий ва бошқа маъмурий вазифалар махсус суд маъмурияти томонидан бажарилиши кўзда тутилмоқда.

Натижада судья ўзининг асосий вазифасига — ишни пухта ўрганиш, далилларни холис баҳолаш ва қонуний, асосли ҳамда адолатли қарор қабул қилишга кўпроқ вақт ажратади.

Судьяга маъмурий ишлардан тежалган ҳар бир соат, аслида, инсоннинг ишини янада синчиклаб ўрганиш учун яратилган қўшимча имконият десак хато бўлмайди.

Қачонки, суддан чиққан инсон эса қўлида фақат суд ҳужжати эмас, адолат қарор топганига бўлган ишонч билан чиқсин.

Зеро, одил судловнинг энг катта натижаси иш жилдининг ёпилиши эмас.

Энг катта натижа — инсоннинг бузилган ҳуқуқи тикланишидир.

Мурод РЎЗМЕТОВ,

Хоразм вилоят суди судьяси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 3 =