Амир Темур фитрати

(Достондан парча)

Тийран кўзлар ила ҳаётни кўриш қанчалик катта бахт бўлса, уни қалб кўзи билан идрок этиш беқиёс шукуҳ бахш этади. Жалолиддин Румийнинг “Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил” деган ҳикматига амал қилиб, хаёлан 1336 йил 9 апрель куни қадимги Кеш (Шаҳрисабз) вилоятининг Хўжа Илғор қишлоғини зиёрат қилдим. Ҳа, хаёлан зиёрат қилдим. Амир Тарағай ўғли Амир Темур шу ажиб гўшада туғилди. Устоз адиб Пиримқул Қодировнинг “Амир Темур сиймоси” илмий бадиасида қайд этилганидек: “Она табиат ҳам бу оилага чексиз саховатлар кўрсатган. Тоғлардан оқиб тушган зилол сувлар Қарши даштидан эсган иссиқ ва қуруқ ҳаволар билан Хўжа Илғор боғларида учрашиб, дунёда тенги йўқ тотли мевалар берган. Қишлоқ атрофидаги серўт яйловларда беҳисоб йилқилар ва ҳисорий қўйлар боқилган. Улар берган қимизлар, қази-қарталар ва бошқа нодир ноз-неъматлар Темурбекнинг ниҳоятда соғлом ва бақувват бўлиб ўсишига имкон яратган”.

Маърифатли ва диёнатли ота-она Темурбекка болалик пайтидан жуда яхши тарбия берганлар. У ахлоқи пок, ростгўй, меҳр-оқибатли фарзанд бўлиб вояга етди. Манбаларда кўрсатилишича, Темурбекнинг отаси Амир Тарағай 1360 йилда вафот этади. Тегина биби эса шундан бир неча йил олдин оламдан ўтган. Демак, Темурбек йигит ёшида ҳам ота-онанинг олижаноб таъсиридан баҳраманд бўлади. Унинг ўз ота-онасига меҳр-оқибати машҳур Оқсарой тимсолида кўринади.

Ҳисор тоғлари этагида жойлашган Хўжа Илғор қишлоғи ҳозир ҳам Шаҳрисабздан ўн тўрт чақирим наридаги энг гўзал ва обод гўшалардан бири. Қишлоққа туташ қиру адирлар, улардан наридаги пурвиқор тоғлар Темурбекка қандай ғурур бахш этган бўлса, у бугунги авлодлар учун ҳам шундай эъзозлидир.

Атоқли адиб Муҳаммад Али “Амир Темур солномаси” мақоласида қайд этишича, Темурбекнинг отаси — Амир Тарағай барлос қабиласининг нуфузли оқсоқоли бўлган. Онаси — Тегина Хотун Бухоро уламолари пешвоси, мавлоно садр аш-шариъа, яъни шариат қонунларини шарҳловчи аллома Убайдуллоҳ ал-Бухорийнинг қизи эди. У милодий 1334 йилда 16 ёшида Тарағайбекка узатилган. Орадан икки йил ўтгач, Темурбек таваллуд топган. Ўша оламшумул кунни қалбан идрок этар эканман, дилда кечган туйғуларим шеърий сатрларга уланиб кетди:

Хўжа Илғор — қадимги Кеш заминида,

Хушманзара қишлоқ, бир ён баланд тоғлар.

Ёш қизчалар ўзларича маликадек,

Йигитчалар полвонликка ўзин чоғлар.

Қишлоқ аҳли қадим барлос уруғидан,

Элбошидир амир Муҳаммад Тарағай.

Адолат деб бир қўлида қилич тутса,

Бошқа қўли элнинг корига ярағай.

Фарзандларин орасида ўғли Темур,

Болаликдан зеҳни ила илиги тўқ.

Камонбозлик борасида чапдаст мерган,

Хато кетмас эди сира бирорта ўқ.

От ўйнатар, у қиличбоз, чаққон чунон,

Кураш тушса йиқар эди паҳлавонни.

Қиш кунида муз тешганча сойга шўнғиб,

Чиниқтирар ёзда офтоб еган танни…

* * *

Мўғул хонлар хизматига кўзлар ота,

Амирлигин эттиргайдир ўғли давом.

Юз йилдан ҳам ошди Мовароуннаҳр,

Босқинчилар қўлидадир юрт-у авом.

Эл-оломон ўзгарди шу юз йилларда,

Ўзгаришга “маҳкум” бўлди лисон-лаҳжа.

Сўнмоқдадир қалблардаги шижоатлар,

Сўнмоқдадир эрк аталган чўғ ҳам лахча…

Бир пайтлари донг таратган музофотда,

Хўжа Илғор номи қолган, сўнган шони.

Хўжа Илғор — исми ўз жисмига монанд,

Ўз даврининг бўлган етук бир инсони…

Хўжа Илғор қурдирган чўнг масжиднинг,

Гумбазидан кўчмиш кошинлари мовий.

Хўжа Илғор ёқиб кетган гулханларнинг,

Чўғи бунда бошлаганди совий…

Ким тиклайди энди янги биноларни?

Элим, дея гулханга ким қалар қалов?

“Мен ёқаман!” — дея Темур ғозланади,

Сўзлашлари, қарашлари шундоқ олов!..

* * *

Кексайганда кўрди Муҳаммад Тарағай,

Кўз ўнгида улғаймоқда тоғ лочини.

Икки ёндан тўртта одам тортган билан,

Оча олмас ёш Темурнинг қулочини.

Кўпкарилар оралайди бўз тарлони,

Узангидан узолмаслар оёғини.

Қўшқўллаб ҳам эплай олмасдилар кўплар,

Бир қўлида ўйнатгувчи таёғини.

Шундай кучга жуда олий мақсад керак,

Тегсин ундан она юртга, элга фойда.

Хирмондаги пуч донларнинг сарасидан,

Шопирганда учган сомон елга фойда.

Ёлғиз отнинг чанги чиқмас югурганда,

(Чанги чиқса донғи чиқмас дерлар эмиш).

Чор-тарафни зириллатар чопса уюр.

“Эй, отажон, нима қилай, кўрсатгин йўл,

Ота рози — худо рози, фақат буюр!..”

* * *

Ҳикмат бордир: “Билаги зўр — бирни йиқар”,

Билими зўр — минг-мингларни қолдирар лол.

Оллоҳ изми ила ҳаракатда дея,

Унга Темур исмин қўйган эди Мир Кулол.

Ўн тўққизда уйлантириб қўйишганди,

Омад кулиб қўша-қўша ўғил кўрди.

Фарзандларин иқболини ўйлаб кун-тун,

Оилада у бахт нашидасин сурди.

* * *

Элин озод кўрмоқ иштиёқи оловланди,

Босқинчига қарши дадил кўтарди бош.

Ғанимлар ҳам анойимас, куч-қудратли,

Жангда ғолиб бўлмоқ учун керак бардош.

Сейистонда бўлган жангда Темур илк бор

Яраланди ҳам оёғи, ҳам қўлидан.

“Ланг баҳодир” лақабини орттирса ҳам,

Ҳеч қайтмади ҳеч танлаган йўлидан.

Ўнг қўлининг пайи қуриб қолса ҳамки,

Чап қўлида қилич чопмоқ эмасди чўт,

Дунё дунё бўлиб яралгандан буён,

Бундай бир сўз амирни ҳеч кўрмаганди…

* * *

Қирғинбарот “Лой жанги”дан чиқди омон,

Яралади юрагин дўст хиёнати.

Оқ-қорани англаб шунда олиб сабоқ,

Метинлашди билаъкс иймон, диёнати.

Ҳаёт сабоқларин Темур идрок этган,

Кўрар ҳалоллик мезонин қайта-қайта.

“Ла ҳавла”дан юрагига олиб қувват,

Юрар доим тавба такбирини айта.

* * *

Янги салтанат ҳақида ўйлар Темур,

Хатоликка йўл қўймаслик керак зинҳор.

Уч асрча аввал сўниб қолган вулқон —

Уйғониш даврига бўлар зўр пойдевор.

Бу Иккинчи Уйғонишни бергай бошлаб,

Мудроқ мадраса кунжига илм қайтгай.

Бу дунёда ҳар ким қилар ўз ишини,

Амир қурол тутиб юргай, олим айтгай.

Салтанатга салоҳият зўр ила зар,

Адолатдир мустаҳкамликнинг асоси.

Жаҳолатнинг волидаси илмсизлик,

Билмаганни сўрамоқликдир шифоси.

Ёш авлодга керак билимли устозлар,

Саодатнинг калитини тутар улар.

Келажакка олтин қанот — маърифатдир,

Ўқимишли бўлган элнинг бахти кулар.

Амир Темур қайга борса излар илм,

Зукко олимларнинг номин битди хатга.

Кўп юртларда қадрсиз аҳли уламо,

Етишдилар илмий марказ — Самарқандга.

“ШОҲИЗИНДА” АНСАМБЛИ

Ривоят қилишларича, қадимда Самарқанддаги Афросиёб тепалигида бир ибодатхона бўлган экан.

Шоир Мирзо Кенжабекнинг “Қусам ибн Аббос — Шоҳи Зинда” китоби муқаддимасида шайх Усмонхон Алимов қуйидаги мулоҳазаларни баён этган: “Ҳазрат Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакизодалари, болаликдан ул Жанобнинг дуоларига эришган, ул Жанобнинг муборак жасадларини ювиш, кафанлаш ва дафн этишда қатнашган, ул зотни қабрларида энг охирги марта кўрган, хулқлари ва шакл-шамойиллари жиҳатидан ул кишига энг кўп ўхшаган, қисқа вақт Мадинаи мунаввара, сўнг анча вақт Маккаи мукаррама шаҳарлари ҳокими бўлган, бу даврда ҳаж ишларига раҳбарлик қилган, умр охирида Саъид ибн Усмон лашкари сафида Мовароуннаҳрга келиб, Самарқандни фатҳ этган, у ерда шаҳид бўлиб, дафн этилиб, бу диёрнинг шараф топишига сабаб бўлган азиз зотнинг ҳаёти лавҳалари китобхон қалбида завқ-у шавқ уйғотади, уларнинг у кишига бўлган ҳурмат ва муҳаббатларини зиёда қилади”.

Амир Темур Самарқандни пойтахтга айлантирганида Қусам ибн Аббос қабри устига маҳобатли мақбара қурдирган. Ундан қуйироқда темурийлар оиласига мансуб аёллар ва шаҳзодалар мақбаралари пайдо бўлгач, бу жойлар катта зиёратгоҳга айланиб кетди.

Юрт ила иймоннинг фидоси бўлган,

Темур бобомиздан қолган хазина.

Афросиёб тепалигин пойидан

Чўққисига элтар тик мармар зина.

Тепалик бағридан ўйилган супа

Замин бўлган навбатдаги даҳмага.

Бундай улкан ишлар кўламин кўриб,

Гоҳида юрак ҳам тушар ваҳмага.

Самарқанд кўринар бу ердан кафтдек,

Иншоотлар турар шонли саф тортиб.

Келиб қолар гўё тўртта тарафдан

Саноқсиз карвонлар ўлжалар ортиб.

Муҳташам мадраса — Бибихонимнинг,

Саховатли қалбин этган мужассам.

Тош тўшалган йўлда ўтиб бормоқда,

Қадами залворли Вақт — олий ҳакам.

Регистон майдонин Мирзо Улуғбек

Мадрасаси ила муборак қилди.

Унинг пештоқига султон амри-ла,

Меъморлар нурафшон юлдузлар илди.

Амир Темур мақбараси эрта-кеч

Зиёрат аҳлига тўлар қучоғи.

Эҳтиромга тўла авлодлар сафи

Узилади бунда фақат тун чоғи.

Самарқанд кўкида тунлар ярим ой

Шоҳизинда узра қуяр ҳарир нур.

Тахтда ўтирганча олис-олисга,

Боқади мармардан қад тиккан Темур.

Шоҳизинда пастдан то тепагача,

Чирмашган гул каби маржон шодаси.

Фанодан бақонинг устун келгани,

Шарафига тошган зафар бодаси.

СОҲИБҚИРОН АДОЛАТИ

Амир Темур: “Куч — адолатда!” —

Бу ҳикматни қилганди шиор.

Шу сабабли етти иқлимга

Машҳур бўлди темурий диёр.

Жаҳонаро Темур тутмишин

Орзу қилиб, оларди улги.

Аммо шундай шоҳлар ҳам бўлган,

Қилган иши уят ва кулги.

Соҳибқирон даврида қўшни

Ўлка эди қароқчига кон.

Таланмасдан қолмасди сира

Ундан ўтган бирорта карвон.

Таланарди мол ила жони,

Қул қилиниб сотилар эди…

Ярим карвон қоровул тунда,

Тил дуода ётилар эди.

Шундан етиб келган маҳсулот

Нархи осмон сотилар эди.

Чора излаб карвонбошилар

Ҳокимларга арз-дод этарди.

“Қизиқ ҳолат, — ўйларди Темур,

— Нега бунча қароқчи урчди?

Юртнинг шоҳи нима билан банд,

Унутганми раҳбарлик бурчни?”

Мактуб ёзди: “Етмаса кучинг,

Жўнатайин лашкар, тут барин.

Энг аввало юрт тинчлигига

Сарфлаш керак хазина зарин!”

Бу мактубни олган шоҳ ёзди:

“Юртимиз тинч, раият обод,

Савдо аҳли шудир ҳунари,

Ёғдиришдир номимга иснод.

Ўз ишимиз билиб қиламиз,

Аралашманг ўзга ишига.

Бизда қишдан чиққан қароқчи

Етмас кейинги бор қишига!”

Аммо аҳвол ўзгармас сира,

Кўпаярди баттар уруғи.

Чамаси, бу шоҳ сўзларининг

Ростидан ҳам кўпдир дуруғи .

Жосус бўлиб кезган қаландар

Топиб келди хўб ғалати гап:

Қароқчилар ўз ўлжасидан

Ажратаркан ўшал шоҳга наф.

Дейдилар-ку: “Қўлни ювар қўл”,

Қароқчига шерик эмиш шоҳ.

Қароқчилар маскани тунлар

Бўлар эмиш шоҳга базмгоҳ.

Қайта-қайта текширилди бу,

Ҳатто қавм шоҳдан норози.

Миршаблари юмар экан кўз,

Оқлар экан бу ишни қози!

Бу қандайин улкан қабоҳат,

Шоҳ ўз халқин ризқин таласа,

Шоирлари мадҳия битиб,

Ақча тутган қўлни яласа?!

Ёзди Темур огоҳномасин,

Ўтга отди қўшни шоҳ кулиб.

Ва жавобан элчи аҳлини

Қайтарворди соқолин юлиб.

Бундан чиқди Амирнинг жаҳли,

Шайх ул-ислом берди фатвони.

Ўн минг лашкар тортди текис саф

Уруш сури чалинган они.

Ваҳимага тушган қўшни шоҳ

Жангчиларин тўплолмай ҳалак.

Қўшниларга жўнатди мактуб:

“О, бунчалар маккордир фалак!

Менга қўшин тортмишдир Темур,

Ўз мулкига тўймаган суллоҳ…

Агар менга ёрдам бермасанг,

Ўзингни ҳам ютгуси ногоҳ!”

Кимдир отди мактубни ўтга,

Кимдир тортди бундан уятлиқ.

Хазинасин титкилаганча

Ёрдам қилди мингтача отлиқ.

Шоҳ лашкарин ярми қароқчи,

Ошкор жангдан олмаган сабоқ.

Ярми авом, яъни қалқонни

Ўйлагувчи катта оштовоқ.

Қиличларнинг ўрнида сўйил,

Найза дея кўтарган панжшох,

“Жангга!” дея сарой томидан

Бақирарди қароқчи подшоҳ.

Натижа ҳам шунга яраша,

Жанг бошланмай енгилди қўшин.

Тунда қўрқмай карвон талаган

Ётди ғорга берганча тўшин.

Тоғларни ҳам титкилаб Темур

Қароқчидан мутлақ поклади.

Қўлга тушган шоҳ минг ёлвориб,

Қасам ичиб ўзин оқлади…

“Ҳатто халқинг сендан норози,

Эй, ўз нафсин ўйлаган банда!

Қароқчига шерик бўлибсан,

Ўз-ўзингни қилиб шарманда!

Жўна, жонинг Оллоҳнинг мулки,

Каъбага ет, гуноҳингни сўр.

Насиб қилса, ўша ёқлардан

Топилиб ҳам қолар сенга гўр…”

Темур қўшди бу музофотни

Ўз мулкининг тенгма-тенг қисми.

Ўз халқига қўшилди халқи,

Хутбаларда айтилди исми.

Қароқчидан қутулган юртда

Фаровонлик кучайди ўсиб.

Ўтса биров кўтариб олтин,

Ҳеч ким чиқмас йўлини тўсиб!..

Эл-улусга мадраса, ҳаммом,

Қуриларди кўприк ва йўллар.

Кимки халқнинг ғамини еса,

Худойим ҳам ўшани қўллар.

Бундан ибрат олган кўп эллар

Тортар бўлса шоҳидан озор,

Жўнатишар ўз элчиларин

Ёки махфий мактублар ёзар.

Адолатдир касод бўлмас мол,

Ошиғи кўп йўлларида зор.

Учраши бор Ҳақнинг қаҳрига

Қароқчиси кўпайган диёр…

Мардлик мангу яшайди абад,

Аждодлардан адолат мерос.

Эзгуликдан ибрат олса ким,

Юрти жаннат бўлиши ҳам рост!

Темурдан сўнг ўтди асрлар,

Обод юртга айланган Турон.

Бугун янги Ўзбекистонда

Аждодларнинг руҳи шод, инон!

Тўлқин ЭШБЕК

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × three =