Китоб ҳам ўқиб турайлик…

Президентимизнинг давлат раҳбари сифатидаги дастлабки қарорларидан бири улуғ шоиримиз Эркин Воҳидовнинг хотирасини абадийлаштириш ҳақида бўлган эди (телеэфирларда, суҳбатларда, Олий Мажлис йиғилишлари-ю турли тадбирларда Эркин ака билан мунтазам мулоқотда бўлиб турганларини тез-тез таъкидлар эдилар). Орадан кўп ўтмай, китобхонликни ривожлантириш, соҳа фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилинди. Ҳали-ҳануз эсимда, шу соҳада баҳоли қудрат меҳнат қилиб юрган бир ношир сифатида бу қарорни худди туғилган кундаги самимий табрикдек ғоят ҳаяжон ва қувонч билан қарши олгандим.

Бу ёғи кетди. Китоб ва китобхонлик давлат даражасидаги эзгу ҳаракат сифатида эътироф топди; умрида бирорта китоб ўқимаган катта-кичик раҳбарлар ҳам уйини, ишхонасини янги китоблар билан тўлдириб ташлади. Майли-да, шунинг ўзи ҳам катта гап! Ахир тахмонда турган китобни аввал варақлайди, кейин аста-секин ўқий бошлайди, қизиқиб қолиб, ишдан қайтаётганда уйига ҳам олиб кетади.

Бирор кишига баҳо беришда унинг китоб ўқиш-ўқимаслиги ҳам эътиборга олинадиган бўлди. Китоб байрамлари урфга кирди, “Зукко китобхон”, “Билимдон китобхон” каби танловлар йўлга қўйилди. Ҳатто китоб ўқиб институтга кириш, автомашина ютиб олиш, пул мукофотига эга бўлиш бир қарашда ғалатироқ туюларди-ю, лекин, ҳар ҳолда, одат тусига кирди. Ота-оналар барча ишларини йиғиштириб қўйиб, худди олий ўқув юрти имтиҳонига тайёрлагандек, алоҳида ўқитувчи ёллаб, фарзандларини китобхонлик танловларига тайёрлай бошлади. Ўзбекистон китобхонлар юртига айланмоқда.

Барибир бу жуда зўр ташаббус бўлди: китоб ўқиб машина ютиш… қандини урсин! Бундай воқеалар дунё китобхонлиги тарихида бўлмаган бўлса керак. Қишлоқлик отаси “мошин”ни миниб (ёнида онахон), ғолиба қизи гуллар ва совғалар қучоғида кириб келса, бутун қишлоқ худди тўйдай кутиб олса, карнай-сурнай садолари янграса… Бундан ортиқ гўзал манзара борми?

Тан бериш керак, аниқроғи, очиқ тан олиш лозим — бу ҳаракат дунёқарашимизни оз бўлса-да, ўзгартирди. Миллатнинг юзини китоб сари бурди.

Росмана китобхонлик даври, замони келмоқда. Мисоллар етарли: метро бекатларида китоб расталари очилди, энг муҳими, Тошкентдаги йирик савдо марказларида ҳам китоб дўконларини ташкил этиш тартиби белгиланди.

Йил бошида Президентимизнинг “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Юқорида таъкидлаганимиздек, бу Юртбошимизнинг китобхонликни кучайтириш борасидаги иккинчи муҳим қарори бўлиб, жамиятда кенг акс-садо берди. Кўпчилик бу чиндан ҳам иккинчи қарор эканини яхши эслаб турибди. Ҳужжат жамоатчиликда катта хушнудлик уйғотди. Бу яна бир ҳақиқатни кўрсатдики, китобга, маънавиятга бўлган эътибор шахсан Давлат раҳбарининг қатъий позицияси ва тутган йўлидир. Таъбир жоиз бўлса, бу шунчаки бир навбатчи тадбир эмас, балки муттасил эътибордаги стратегик фаолиятдир. Очиғи, аҳли китоб, аҳли ижод ва бутун китобсевар халқимиз бундан ўзига маънавий куч-мадор, катта рағбат олди.

Энди мутасадди идоралар ва тегишли ташкилотлар жараённи тўлиқ назоратга олиши зарур. Жойларда ишлар қандай кетаётгани — ҳудудларда нечтадан китоб дўкони борлиги, улар китобларни қаердан ва қандай етказиб келаётганидан тортиб, давлат ҳамда хусусий китоб савдоси тизимини рағбатлантириш масалаларигача чуқур таҳлил қилиниши лозим. Соҳа ривожи учун амалий таклиф, пухта режа ва керакли кўмак кўрсатилмоғи шарт. Акс ҳолда, кутилган натижага эришиб бўлмаслиги мумкин.

Илгари “Ўзкитобсавдо” давлат ташкилоти бўларди. Бу ҳали мустақилликдан аввалги давр эди. Агар янглишмасам, ташкилот раҳбари улуғ шоиримиз Ғафур Ғуломнинг синглиси Баҳри Ғуломова, муовини эса соҳанинг етук мутахассиси Сотволди Йўлдошев эди. Бундан 40-45 йил аввалги гаплар… Ҳар бир нашриёт ўзи чоп этаётган китоб учун, соҳа тили билан айтганда, аннотация ёзиб, ходимини уларнинг ҳузурига юборарди. Улар китобнинг тавсифи билан танишиб, республикадаги китоб савдоси тизими ва тармоқлари талабидан келиб чиқиб, нашр ададини белгилаб беришарди. Мен у пайтлар нашриётда кичик муҳаррир эдим, баъзан мана шу жараёнларда бевосита қатнашардим. Сотволди ака китоб аннотациясини диққат билан ўқиб, бир-иккита савол берар, сўнг китоб неча нусхада чиқишини белгиларди, Баҳри опа эса тасдиқлаб, қўл қўйиб берардилар. Ададлар бутун республика миқёсидан келиб чиқиб белгиланарди: 30, 40, 50, ҳатто 70 минг нусхагача бўларди. Ҳа, дарвоқе, қардош республикалардаги китоб савдоси тизими ҳақида ҳам уларда аниқ маълумотлар бўлган, шекилли, яна 10-15 минг нусха улар учун қўшиларди.

Ҳозир шуларни эслаб, рости, ҳайратланаман, тасанно айтаман. Илгари бир ҳикматли гап бўларди: “Бугунги кўп янгиликлар, аслида, яхшилаб унутилган эскиликлардир”. Шу маънода, аввалги ибратли ишлар, одатлар ва тўпланган бой тажрибани ҳам унутмаслик, улардан батамом юз ўгирмай, фойдали жиҳатларини ўзлаштиришимиз керакдек. Дейлик, биз яшаган қўшни Қирғизистоннинг Ўш вилоятига қарашли Олабуқа туманидаги китоб савдоси тармоғига ҳам муайян миқдорда китоб келиб турарди. Қўлимизга озгина пул тушди дегунча, туман марказидаги китоб дўконига чопардик ва Тошкентда чиққан янги нашрларни харид қилардик. Ўша кезлар китоб фақат Тошкентдагина чиқадигандек туюларди ва мен айнан шу сабабли Тошкентни яхши кўриб қолганман, пойтахтга талпинганман. Ўшандан буён шу ердаман: китоб ичида, китоб оламидаман…

Илгари яна бир ажойиб анъана бўларди: муҳим саналарда, байрамларда, туғилган кунларда, ҳатто ҳеч бир сабабсиз ҳам одамлар бир-бирига китоб совға қиларди. Кейинги йилларда бу гўзал одат бироз унутилгандек эди, зора қабул қилинган қарорлар шарофати билан яна қайта тикланса.

Гап шу ерга келганда беихтиёр ўрнимдан туриб, ихчамгина шахсий кутубхонамни кўздан кечирдим.

Китобларимнинг аксарияти дастхатли: бу энди бутунлай ўзгача бир дунё! Муаллифлар худди азиз биродарларимдек қадрдон ва самимий. Китобларни бир-бир варақлаб, уларнинг қўл ёзувларини, самимий тилакларини ўқир эканман, кўнглим энтикиб кетди. Қадрдоним Носир Фозилов мени ҳамиша “қирғизим” дердилар; “Ўзбек деган улуғ халқнинг куни бир қозоқ билан бир қирғизга қоптими?” деб ҳазиллашиб қўярдилар. Биродаримдек азиз бўлиб кетган Эркин Воҳидовнинг дастхати эса аслида кўркам бир санъат, тугал ижод намунасининг ўзи.

Ўша замонларда бундай буюк инсоннинг ҳам бошида бир муддат қора булутлар айланиб қолган эди. Бир гал тўйдан чиқиб, у кишини ижодкорлар даврасида кўриб қолдим. “Катталар” сал нарироқда туришарди. Шу ҳолат менга таъсир қилиб, ғурурим жунбишга келдими, шартта бордим-да, атай журъат билан: “Эркин ака, эртага соат ўнда нашриётга ўтинг. Саккиз жилдлик китобингизни нашр режасига киритганмиз, шуни бошлаймиз, режага кирган”, дедим-у, бурилиб жўнадим.

Эртасига биринчи қаватдаги навбатчилик постидан қўнғироқ қилиб қолишди: шоир Эркин Воҳидов келибдилар! Кечаги гапим эсимга тушиб, зиналардан ўқдек учиб тушдим. “Айтилган сўз — отилган ўқ”. Маза қилиб, улуғ шоирнинг саккиз жилдлигини нашр этдик… Кунлар ўтиб, муаллиф миннатдорчилик билдириш учун келиб, бизни бир пиёла чойга таклиф қилдилар. Лекин унгача бош директор Бобур Шуҳратович Алимов (раҳматли адибимиз Шуҳрат домланинг фарзандлари) билан келишиб, шоир шарафига камтарона бир дастурхон ёзиб қўйган эдик.

— Ие, буёғи қизиқ бўлди-ку! Ҳам китобимни чиқариб бериб, ҳам дастурхон ёзасизларми? — дегандилар кулиб. Сўнгра қўлларини очиб, узоқ дуо қилгандилар…

Иброҳим Ғафуровнинг дастхатлари — яхлит бир фалсафа ва хотира, Омон Матжонники — алоҳида бир олам, Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг дастхати эса чиройли бир мақола, ўзини алоҳида чоп этса арзийди. Қадрли Тўра акам — Тўра Сулаймоннинг дастхатлари бўлса, жигарнинг жигарга қилган чин дуоси, ўгити ва омонат топшириғига ўхшаган таъсирчан бир эссе.

Шу ерга келганда кўнглимдан бир ўй кечди: азизим, пойинтар-сойинтар бўлса-да, ушбу битикларни ўқиб бўлгач, кутубхонангиздаги китобларни бир-бир варақланг. Юрагингиз ҳаприқади, оламдан ўтган муаллифларнинг ҳақига дуо қиласиз, тирикларига эса барча ишингизни бир четга суриб қўйиб, ҳеч бўлмаса, бир сим қоқинг. Роҳатланасиз, дилингиз ёришади.

Аҳрор АҲМЕДОВ,

“Sharq” нашриёт-матбаа акциядорлик

компанияси бош муҳаррири,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × three =