Мустақиллик бахти

Мана, куни кеча энг улуғ, энг азиз айём — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллик байрами юртимизда кенг нишонланди. Ушбу шодиёна шукуҳи давом этмоқда.

Хўш, мустақиллик, истиқлол неъмати деганда нимани тушунамиз?

Мустақиллик, истиқлол чин эркинлик, озодлик, ҳурлик демакдир.

Яқин тарихга назар соламиз:

1970-1980 йилларни мен шахсан ўз кўзим билан кўрдим, таҳлил қила оламан. 1970 йилларда мактабда ўқирдим, пахта терими учун сентябрь ойининг 10-санасидан ўқиш ёпилиб, токи декабрь ойи бошига қадар пахта даласида тинимсиз ишлардик. Декабрь киргач, мактаб бағрига қайтардик, дарс дастурини тўлдириш учун 45 дақиқалик дарс ичида 8-10 та мавзу тез-тез ўтиб кетиларди. Бундай “тезкор дарсдан”, албатта, ўқувчилар чаласавод бўлиб қолишарди.

Эслайман, 1978-1979 ўқув йилидаги пахта мавсумида (1978 йил куз пайти) 20 декабрь куни терим тугаб, 21 декабрь куни ўқиш учун мактабга келдик… Бу оғир, қаттол даврлар эди.

1991 йил август охирида Ўзбекистон озодлигини эълон қилиб ҳам, пахта балоси (мажбурий меҳнат) давом этди, талабалар, ўқувчилар, врачлар, ўқитувчилар, бутун Ўзбекистон халқи пахта даласига кишанланди, йил-ўн икки ой тинимсиз пахта теришга мажбур қилинди.

Фақатгина 2016 йилдан бошлаб Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти вазифасида иш бошлагач, пахта қуллигидан тўлиқ озод бўлдик…

Болалар меҳнати, катталар меҳнати учун БМТ Ўзбекистонга қарши санкциялар қўллаган эди. Шу чекловлар олиб ташланди.

Бунинг учун, аввало, Аллоҳга шукрона айтамиз ва ­Юртбошимизга миннатдорлик билдирамиз.

Собиқ Иттифоқ даврида армияда хизмат қилган кекса инсонлар яхши билишади: армияда русларнинг “дедовшина” балоси бор эди. Бошқа республикалардан бориб хизмат қилаётган ёш аскарлар рус миллати вакиллари томонидан камситиларди, ғурури оёқости қилинарди. Армиядаги бу рус миллатчилигини асло оқлаб бўлмасди.

Мана, ҳозир Ўзбекистон армиясида хизмат қилишни йигитларимиз орзу қилишади, бу орият белгиси ҳамдир.

Кўряпсизми, мустақиллик берган бахт, имкониятларни юзлаб далиллар билан исботлаб бериш мумкин.

Шундай экан, Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги халқимизга муборак бўлсин, илоҳим!

Абдували АҲМАД

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

6 + 13 =