Илм, таълим ва бунёдкорликка бағишланган умр
ёки Чирчиқ давлат педагогика университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, профессор Ғафуржон Исроилович МуҲамедов сурати ва сийрати
Инсон ҳаётида шундай учрашувлар бўладики, улар вақт ўтиши билан оддий хотира эмас, тақдирнинг бир қисмига айланади. Айрим инсонлар айтган сўз, билдирган ишонч ва кўрсатган ибрат йиллар давомида инсоннинг йўлини белгилаб туради.
Мен учун профессор Ғафуржон Муҳамедов ана шундай қадрли устозлардан.
Устоз ҳақида ёзиш осон. Айниқса, сен унинг ёнида меҳнат қилган, қарорларининг қандай туғилганини, мураккаб вазиятлардаги босиқлигини, ёш олимнинг ютуғидан чин дилдан севинганини кўрган бўлсанг.
Ғафуржон Исроилович учун университет ҳеч қачон бинолар йиғиндиси бўлмаган. Университет – талаба тақдири, ёш олимнинг орзуси, ўқитувчининг меҳнати ва жамоанинг келажак олдидаги масъулиятидир.
Шунинг учун 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида устоз ҳақида сўз юритар эканман, у кишининг лавозим ва юксак унвонларидан кўра, Чирчиқда яратган илмий-педагогик муҳити ҳақида сўз айтишни жоиз деб билдим.
2017 йилда Чирчиқда янги педагогика олий таълим муассасаси ташкил этилди. Янги даргоҳ олдига малакали педагог кадрлар тайёрлаш, илмий ва инновацион тадқиқотларни ривожлантириш, мактаблар билан ҳамкорликни кучайтириш каби катта вазифалар қўйилди.
Аммо янги университетни барпо этиш қарор ёки ҳужжат билан тугамайди. Унинг жамоаси, илмий муҳити, анъаналари ва энг муҳими, ўз руҳи шаклланиши керак. Устоз ана шу масъулиятни ўз зиммасига олди. Ўша йилларни эсласам, ҳали кўп нарса энди шаклланаётган, аммо жамоада катта мақсад бор эди. Устоз бизга тайёр университетни бермади. У бизга олий таълим даргоҳининг бунёд этилишидаги катта масъулиятини ҳам берди.
Тайёр тизимда ишлаш мумкин. Янги тизим яратиш учун эса билимдан ташқари ирода, сабр ва одамларни бир мақсад атрофида бирлаштира олиш қобилияти керак.
Ғафуржон Исроилович кўп такрорлайдиган саволлардан бири шундай эди:
“Биз бошқалардан нимамиз билан фарқ қиламиз?”
Англашимизча, бу янги ташкил этилган институт учун оддий савол эмас, стратегик вазифа эди. Чунки янги олий таълим муассасаси мавжуд университетларни такрорлаб қолмасдан, ўз илмий йўналиши ва ўз ғоясига эга бўлиши керак эди.
Ана шу изланишлар натижасида “Педагогик таълим инновацион кластери” ғояси шаклланди. Унинг моҳияти университет, мактаб, илмий тадқиқот ва амалиётни бир тизимда боғлашдан иборат бўлди.
Кластер ғояси кабинетда ўйлаб топилган чиройли атама эмас эди. У мактаб билан университет ўртасидаги масофани қисқартириш эҳтиёжидан туғилди.
Университетда ғоя бор, аммо у мактабга етиб бормаса, илмнинг таъсири тўлиқ намоён бўлмайди. Мактабда эса ҳар куни педагогик муаммолар пайдо бўлади. Уларга илмий ечим керак.
Устоз ана шу икки муҳитни яқинлаштиришга интилди.
“Мактаб-лаборатория” — назария ва амалиёт учрашган майдон.
Педагогик таълим инновацион кластерининг муҳим амалий кўринишларидан бири “Мактаб-лаборатория” майдончалари бўлди.
Бу оддий ҳамкорлик эмас эди. Мактаб тадқиқот майдонига, университет эса унга илмий ва методик ёрдам берувчи ҳамкорга айланди.
Биз учун бу қоғоздаги концепция эмасди. Унинг ортида мактабга борган олимлар, ўқитувчилар билан мулоқотлар, талабалар амалиёти, тажриба-синовлар ва кўплаб муҳокамалар бор эди.
Устоз ҳар қандай янги ғояга ўта жиддий ёндашарди:
“Натижаси нима бўлади?”
Бу ўй, фикр ҳаммани тартибга соларди. Чунки устознинг ҳузурига фақат яхши ният билан кириб бўлмасди. Далил, натижа ва ечим керак эди.
Менимча, олимлик билан раҳбарлик Ғафуржон Муҳамедов шахсиятида айнан шу нуқтада бирлашган.
2017 йилдан 2026 йилгача бўлган давр бугунги Чирчиқ давлат педагогика университети учун бутун бир тарихдир.
2017 йилда институт сифатида фаолият бошлаган даргоҳ 2022 йилда университет мақомини олди. Бу шунчаки ном ўзгариши эмас, балки йиллар давомида қилинган меҳнат, шаклланган жамоа ва орттирилган ишончнинг натижаси эди.
Чунки институтни ташкил этиш мумкин. Аммо университетни шакллантириш учун муҳит, илм, анъана ва жамоавий ишонч керак.
Баъзан ўша йилларни эслаб, бугунги университетга қарайман. Ўша орзулар билан бугунги манзара орасида қанча меҳнат борлигини бу жараён ичида бўлган одамгина тўлиқ ҳис қилади. Университетни бунёд этиш, қуриш, аслида, маърифатли келажакка қадам ташлашдир.
Ғафуржон Исроилович ҳақида фақат раҳбар сифатида гапириш камлик қилади. У, аввало, олим. Шунинг учун у ёш ўқитувчининг бугунги лавозимига эмас, эртага ким бўлиши мумкинлигига қарайди.
“Илмий иш қиляпсизми?”, “Мавзуингиз нима?”, “Қачон ҳимоя қиласиз?”
Бу саволларни университетда кўпчилик эшитган. Устоз сендан ўзинг кутгандан кўра кўпроқ натижа кутаётганини ҳис қиласан. Кейин тушунасан: ҳақиқий устознинг вазифаси сенга қулайлик яратиш эмас, сени ўсишга ундаш. Сен ўзингда кўрмаган имкониятни у кўради. Сен шубҳаланган пайтингда у киши сенга вазифа беради. Вазифа билан бирга, ишонч ҳам. Шогирд учун устознинг ишончи баъзан ҳар қандай мукофотдан қиммат.
Устозни узоқдан таниган одам жуда-жуда талабчан раҳбар сифатида кўриши мумкин. Биз эса бу талабчанликнинг ортида катта меҳр борлигини ҳамиша ҳис қилганмиз. Бу меҳр баландпарвоз сўзларда эмас, ишончда намоён бўлади: ёш ўқитувчига катта вазифа топширишда, биринчи мақоласини сўрашда, шогирднинг ҳимоясидан севинишда. “Сиздан катта натижа кутяпман”, деган бир гапларининг ўзи баъзан инсонга катта рағбат беради. Ҳақиқий устоз одамни камчилиги билан эмас, имконияти билан кўради.
Катта натижалар ҳақида гапирганда бир инсонни марказга қўйиб, жамоанинг меҳнатини унутиб қўйиш тўғри эмас. Ғафуржон Исроилович ҳам университет ютуқларини ҳеч қачон бир кишининг натижаси деб билмаган.
Чунки университет — жамоавий асар. Унда профессор ҳам бор, ёш ассистент ҳам, талабалар ҳам, лаборант ҳам, техник ходим ҳам. Раҳбарнинг вазифаси ана шу турли меҳнатларни бир мақсад атрофида бирлаштира олишдир. Чирчиқ давлат педагогика университетида биз биргаликда ўсдик, ўргандик, хулоса чиқармоқдамиз. Мақсад битта: янги ташкил этилган даргоҳни муносиб олий таълим масканига айлантириш.
2026 йилдан туриб 2017 йилга қарасам…
Бугун ўтган 9 йилнинг нақадар тез ўтганига ҳайрон қоламан.
Ўшанда институт эндигина ташкил этилган эди. Бугун эса унинг ўз номи, илмий йўналишлари, анъаналари ва битирувчилари бор. Бу натижа бир кунда пайдо бўлмади. Унинг ортида тонгги йиғилишлар ҳам бор, кечки муҳокамалар ҳам. Танқид ҳам бор, натижа учун айтилган самимий раҳмат ҳам.
Устоздан ўрганган энг муҳим сабоқларимдан бири шу: катта натижа бир марталик катта ҳаракат билан эмас, ҳар куни қилинган тизимли меҳнат билан яратилади.
“Устоз олдидаги қарз” деган иборани кўп ишлатамиз. Лекин бу қарзни совға, табрик ёки чиройли сўз билан узиб бўлмайди. Устоз олдидаги энг катта қарз — унинг сенга берган ишончини оқлаш. У ўргатган меҳнат маданиятини бошқаларга етказиш. У сенда уйғотган илмга ҳавасни кейинги авлодга бериш.
Ғафуржон домланинг энг катта ютуғи ҳақида сўрашса, кимдир университетни, кимдир педагогик таълим инновацион кластерини, кимдир илмий ишларини айтиши мумкин. Албатта, бу эътирофлар юз гапдан тўғри. Мен эса шогирд сифатида яна бир нарсани айтган бўлардим:
Устознинг энг улуғ фазилатларидан бири — инсон қадрини эъзозлашларидир. Бу эъзоз илмга кириб келган ёш олим, ўз кучига ишона бошлаган ўқитувчи, биринчи мақоласини ёзган тадқиқотчи, мактабда болаларга дарс бераётган битирувчи — уларга қаратилади доимо.
Ҳа, уларнинг ҳар бирида устознинг ҳиммати, меҳри, эътибори мужассам.
Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан муҳтарам устозимиз — кимё фанлари доктори, профессор Ғафуржон Муҳамедовга мустаҳкам соғлиқ, хотиржамлик, илмий ва ижодий куч-қувват тилаймиз. Ҳамиша бор бўлинг, умрингиз узоқ бўлсин, улуғ устоз!
Самаридин ҚОРАЕВ,
педагогика фанлари доктори,
профессор.
