“Mrbeast” хуружи

ёхуд кўчаларда топталган виқор

Иккинчи жаҳон уруши йиллари. Очарчилик, йўқсиллик ва ўлим таҳликаси одамларнинг тинка-мадорини қуритган даврлар.

Кексаларимиз хотирасида ўша машъум кунлардаги бир воқеа тез-тез эсланади: турли миллат вакиллари жамланган жойда кимдир ўртага бир бурда нон ташлайди. Шунда баъзи миллат вакиллари очликка чидай олмай, ердаги нон учун бир-бирини ғажиб, гўштни ит талаганидек уришиб кетади. Ўзбеклар эса… ўзбеклар очликдан қорни биқинига ёпишиб кетган бўлса-да, қаддини тик тутиб, ердаги нонга қайрилиб ҳам қарамайди. Уларнинг қалбида очликдан-да қудратлироқ бир куч — ор-номус, инсоний ғурур ва миллий виқор бор эди.

Бугун-чи? Бугун қорнимиз тўқ, устимиз бут, осмонимиз мусаффо. Аммо руҳиятимиз, маънавиятимиз ва ғуруримиз қай аҳволда?

Яқинда ижтимоий тармоқларни ларзага солган, ҳар бир соғлом фикрли ўзбекнинг юзини қизартириб, кўнглини ғаш қилган воқеа — жаҳонга машҳур “ютубер”, миллиардер блогер “MrBeast” (Жеймс Дональдсон)нинг Ўзбекистонга келиши атрофидаги тафсилотлар фикримизнинг аччиқ исботидир. Дунё миқёсидаги мегаюлдузнинг юртимизга келиши, табиийки, туризм салоҳиятимизни кўрсатиш, Ўзбекистоннинг буюк тарихини миллионлаб кузатувчиларга намойиш этиш учун бетакрор имконият эди. Аммо биз дунёга нимани кўрсатиб қўйдик?

Тошкентдаги пала-партишликлардан сўнг Самарқанддаги ҳолат ҳаммасидан ошиб тушди. Диққат қилинг: бу шунчаки оддий шаҳар эмас. Бу — Имом Бухорийлар, Амир Темурлар, Мирзо Улуғбеклар мангу қўним топган, Биринчи Ренессансга бешик бўлган, тупроғидан авлиёларнинг нафаси уфуриб турадиган муқаддас замин. Афсуски, мана шу улуғвор қадамжолар ёнида минглаб ёшларимиз битта блогернинг ортидан ақлдан озгандек, телбаларча бақириб, машинасига ёпишиб чопиб юришди. Оломон ичида бир-бирини тепиб, устига чиқиб кетганларни, блогернинг эътиборини тортиш учун ҳар қандай тубанликка рози бўлаётганларни кўриб, ёқа ушлайсиз. Одамларимизга нима бўляпти ўзи? Қонимиздаги ўша ўзига бек, ўзига хон бўлган ғурурли миллатнинг қиёфаси қаерда қолди?

Аслида, кимгадир мухлислик қилиш, унинг ижодини кузатиш ва ундан завқланиш — табиий ҳолат. Маданиятли инсон ўз кумирини қадрлайди, лекин унинг оёғи остига ўзининг ғурурини, инсоний виқорини ташламайди. Хўш, нега бизнинг ёшлар шу даражага тушиб қолди?

Бу ерда оломон психологияси ва виртуал яқинлик иллюзияси (парасоциал муносабатлар) ўз сўзини айтди. Оломон ичида инсон ўз шахсий масъулиятини, ақл-идрокини йўқотади ва “Ҳамма югуряпти, мен ҳам югуришим керак” деган ибтидоий инстинктга бўйсунади. Қолаверса, ёшлар бу блогерни узоқдаги юлдуз эмас, ҳар куни экран орқали уларга қараб куладиган “яқин дўсти” деб қабул қилган. Бу сохта яқинлик ҳисси реал ҳаётда барча ижтимоий ва маданий чегараларни бузиб юборди.

Иқтисодий ва маънавий томондан қарасак, манзара янада ачинарли. “MrBeast” шунчаки қизиқарли видеолар оладиган йигит эмас, унинг бутун бренди “осон бойиб кетиш” ва текин пул тарқатишга қурилган. Самарқанд кўчаларида югурган ёшларнинг онг остида, ўзлари англамаса-да, осмондан тушадиган мўъжизавий бойликка, қандайдир “тасодиф”га илинж ётибди. Бу эса жамиятимизда узоқ йиллик ҳалол меҳнат қилиб пул топишдан кўра, битта омадли тасодиф орқали ҳаётни ўзгартириб юборишга бўлган майл хасталик даражасига чиққанини кўрсатади. Улар “ютубер”га эмас, гўёки жонли лотерея билетига талпинишди.

Маънавий жиҳатдан биз замонавий қаҳрамонлар бўшлиғини бошдан кечиряпмиз. Ёшларга Амир Темур, Улуғбек, Хоразмийлар ҳақида қанчалик кўп гапирмайлик, улар учун бу сиймолар тарих дарсликларидаги қотиб қолган мармар ҳайкаллардек туюлмоқда. Биз бугунги ёшлар тилида гаплашадиган, уларни илҳомлантирадиган тирик, замонавий миллий тимсолларни ярата олмадик. Бўшлиқ эса ҳеч қачон бўш қолмайди: ўзимизнинг қаҳрамонларимиз бўлмас экан, уларнинг ўрнини хорижнинг ана шундай шоуменлари осонгина эгаллаб олаверади.

Энг ачинарлиси, “MrBeast” бундай оломон хуружига ҳатто Ҳиндистондек аҳолиси ўта зич мамлакатда ҳам дуч келмаган эди. Биз эса ўзимизни шундай тутиб бердикки, меҳмоннинг ўзи шахсий саҳифасида очиқчасига шундай ёзишга мажбур бўлди: “Ростини айтсам, Ўзбекистон мен кўрган энг ашаддий мухлислар базасига эга экан. Бу ақл бовар қилмас ҳолат. Менимча, бу ерда ўн мингдан ортиқ одам бор. Улар шунчаки машинамиз ортидан эргашиб келишяпти. Сигнал овози ҳеч тинмаяпти… Балки, менинг бу ерда бўлишим мамлакат учун ортиқча босим туғдираётгандир. Ҳаттоки қўриқчим ҳам хавотирга тушиб қолди. Эҳтимол, кетишимизга тўғри келар…”

Меҳмон андиша қилиб, мулойимроқ гапирди. Аслида, у “Бу ерда ақлини йўқотган оломон юрган экан” демади, холос. Натижа нима бўлди? Самарқанд кўчаларида машинасидан тушганида ўзи ва рафиқасига одамлар талон-торож қилгудек ёпишгани, қўллари тилингани ҳақидаги хабарлар ҳам қулоғимизга чалинди. У Бухоро ва Хивага мўлжалланган сафарини бекор қилиб, аниқроғи, қочиб кетди. Биз эса битта селфи, битта видео учун миллатнинг меҳмондўстлик маданиятини, шаъни ва маънавиятини оёқости қилганимиз билан қолдик. Кимдир ижтимоий тармоқда: “MrBeast” менга лайк босди, обунамни қабул қилди!” — деб кўкрагига уриб мақтаняпти. Наҳотки бугунги авлоднинг энг олий орзуси ва ютуғи шу даражага тушиб қолган бўлса?

Агар вазиятга чуқурроқ ва фалсафий-диний нуқтаи назардан қарасак, одамни даҳшат босади. Агар бугун одамлар интернетда пул тарқатадиган битта оддий блогернинг ортидан шунчалик сиғиниб, ақл-ҳушини йўқотиб эргашса, эртага… эртага ўликларни тирилтирадиган, қуриб ётган даштларни яшнатиб, осмондан ёмғир ёғдирадиган Дажжол келса, бу оломон нима қилади? Битта лайк ва сурат учун ўзлигини унутаётган бу манқуртлашган қатлам Дажжолнинг “каромат”ларини кўргач, иймонини бир лаҳзада сотиб юбормайдими? Шунчалик хорликка юз тутяпмизми?

Бу воқеа ота-оналар учун жуда катта бонг қўнғироғи бўлиши шарт. Бир болага қайсидир интернет қаҳрамони шу даражада илоҳийлашиб, фанатлик даражасига етиши учун унинг видеосини бир-икки марта кўриш камлик қилади. Демак, ёшлар йиллар давомида унинг контенти билан яшамоқда. Бу эса бугунги ота-оналар фарзанди виртуал маконда кимни кузатаётгани, кимга эргашаётгани ва кимни ўзига идеал билаётганидан мутлақо бехабар эканини англатади. Биз шу кеча-кундузда фарзандларимизнинг онгу тафаккурини йўналтирмаяпмиз, уларнинг шуурини бегона қўллар, ёт алгоритмлар бошқармоқда.

Ўша Самарқанд кўчаларида блогернинг машинасига ташланган ёшларнинг аксарияти, ишончим комилки, ўз отаси узоқ сафардан ёки ишдан қайтганида бу қадар ҳайрат ва ҳаяжон билан унга пешвоз чиқмайди, отасининг бўйнига осилмайди. Агар шу ёшлар бугун блогернинг орқасидан чопгандек илмнинг, ҳунарнинг, меҳнатнинг орқасидан қувганида эди, эҳтимол, уларнинг ўзи дунё танийдиган шахсларга айланган бўларди.

Биз кейинги авлоднинг қорнини тўйғазиш, эгнини бут қилиш йўлида тинимсиз меҳнат қиляпмиз. Бироқ уларнинг нафсини, маънавиятини ва тафаккурини тўқ қилмас эканмиз, яқин келажакда бундан-да баттар, бошқарилувчи “зомбилар” авлодига дуч келамиз.

“MrBeast” эртами-кечми Ўзбекистонни унутар. Лекин унинг видеолари ва ўша шармандали кадрлар глобал тармоқда йиллар мобайнида сақланиб қолади. Маънавият ва маърифатнинг бешиги бўлган юртда бундай таназзулнинг юз бериши шунчаки кулгили эмас, бу — фожиа. Энди ўзимизга савол берайлик: биз кимларнинг авлоди эдик ва бугун кимларнинг орқасидан эргашяпмиз?

Азим АХТАМОВ.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan