БМТ Туризм бош котиби Зураб Пололикашвили: Ўзбекистон туризмни ривожлантиришга комплекс ёндашув намунасини кўрсатмоқда

БМТ Туризм Ижроия кенгаши Ўзбекистон ташаббусини бир овоздан маъқуллади

Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси Фаррух Турсунов бошчилигидаги делегациянинг БМТ Туризм Ижроия кенгаши 121-сессиясидаги иштироки доирасида мамлакатимизнинг Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқиш бўйича ҳукуматлараро комиссия тузиш ташаббуси бир овоздан маъқулланди.

Глобал хавфсиз туризм кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббуси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2023 йил октябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг Туризм бўйича 25-сессиясида билдирилган эди.

Қайд этилишича, бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида кузатилаётган зиддиятлар ва беқарор вазият туризм ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу муносабат билан сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича ягона ёндашувни ишлаб чиқиш зарурати туғилмоқда ва таклиф этилаётган кодекснинг ишлаб чиқилиши янада хавфсиз, барқарор ва адолатли туризм экотизимини яратиш йўлидаги олдинга  ташланган қадамдир.

Ишлаб чиқилган кодекс туризмни барқарор ривожлантириш воситаларидан бирига айланиши ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда маданий меросни асраб-авайлаш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олиши кутилмоқда.

БМТ Туризм бош котиби Зураб Пололикашвили сессиядаги нутқида, Ўзбекистон ҳукуматига республиканинг ташкилот фаолиятига қўшган улкан ҳиссаси учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон мазкур тузилманинг энг фаол иштирокчиси эканлигини ва нафақат жаҳон туризм индустриясини ривожлантиришга, балки БМТ имижини оширишга ҳам ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлади.

Бош котиб Ўзбекистон ту­ризмни ривожлантиришга комплекс ёндашув намунасини кўрсатаётганини, бу минтақанинг бошқа мамлакатлари учун ўрнак бўлиши мумкинлигини ҳам қайд этди.

“Дунё” АА,

Барселона шаҳри.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × 3 =