Ислоҳотлар Янги Ўзбекистонни иқтисодий ўсиш ва халқаро инвестициявий фаолиятнинг энг ривожланган марказига айлантирди

Хорижлик экспертлар, “ақл марказлари” ва ишбилармон доира вакиллари мамлакатимиздаги янгиланишлар хусусида

Ўзбекистонда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида эришилган юқори иқтисодий кўрсаткичлар кенг жамоатчиликка маълум қилинди. Ушбу иқтисодий ўсиш тенденциялари мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ёритилмоқда.

Хусусан, хорижий давлатларнинг етакчи оммавий ахборот воситаларида давлатимиз раҳбари томонидан эълон қилинган макроиқтисодий кўрсаткичлар, шунингдек, мамлакат иқтисодиёти тармоқларини ривожлантириш тўғрисидаги муҳим маълумотларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бундан ташқари, халқаро экспертлар, ишбилармон доиралар вакиллари ва Ўзбекистоннинг яқин ҳамкорлари ҳам республиканинг иқтисодий ўсиш тенденциялари бўйича ўз фикрларини билдирмоқда.

Халид Таймур Акрам, “Умумий келажак жамияти” таҳлил маркази ижрочи директори (Покистон):

— Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон иқтисодиётининг 2024 йил йил биринчи ярим йилликда қўлга киритган натижалари эътирофга лойиқ. Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро бозорда кузатилаётган ўзгарувчан жараёнларга қарамасдан, Ўзбекистоннинг барқарор ўсиш суръатларини намоён этаётгани, ялпи ички маҳсулот 6,4 фоизга, саноат 7,8 фоизга ўсиши, инвестицияларнинг умумий ҳажми сезиларли кўпайгани мамлакатда изчил ва пухта ўйланган иқтисодий сиёсат юритилаётганидан далолат беради.

Давлатингиз раҳбарининг миллий иқтисодиётни модернизация қилиш бўйича улкан дас­тури ярим йилликда эришилган кўрсаткичларнинг пойдевори бўлди. Дастур иқтисодий фаолиятни янада оширишга қаратилган бўлиб, мақсадли кўрсаткичлардан ҳам юқори натижаларга эришишни таъминлади.

Ўзбекистон иқтисодиётини янада либераллаштиришда давом этиш мамлакат етакчиси амалга ошираётган ислоҳотларнинг асоси бўлиб қолмоқда. Хусусан, бизнесни рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш, хорижий инвестициялар йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, умумий ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Ислоҳотлар Ўзбекистонни иқтисодий ўсиш ва халқаро инвестицион фаолликнинг энг ривожланаётган марказига айлантирди, унинг Ғарб ва Шарқни боғловчи йирик транспорт хаби сифатидаги тарихий ролини қайтарди.

Ушбу даврда иқтисодиётни жадал рақамлаштиришга қаратилган стратегик чора-тадбирлар амалиётга жорий этилди. Хусусан, тадбиркорларнинг электр ва газ таъминоти тармоқларига уланишини автоматлаштириш белгиланди. Бу тармоққа инсон омилисиз уланиш, жараённи соддалаштириш ва самарадорликни оширишга хизмат қилади.

Халқаро мутахассислар ва экспертлар таъкидига кўра, мамлакатда меҳнат унумдорлигини, капитал, ер ва ресурслар бозори самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим чоралар кўрилганлиги ҳозирги босқичда дастлабки ислоҳотлар динамикасини ҳамда барқарор иқтисодий ўсиш тенденциясини сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш имконини берди.

Ўзбекистон Президенти раислигида ўтказилган йиғилишда янги саноат лойиҳаларини амалга оширишнинг самарадор йўналишлари ҳам белгилаб олинди. Истиқболли конларни қидириш ва ўзлаштириш, электр энергиясини узатиш учун янги магистралларни қуришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва фойдаланилмаган иқтисодий активлар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни мамлакатга фаол жалб этмоқда. Статистик маълумотларга кўра, сўнгги ярим йилликда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори рекорд кўрсаткичга – 15,5 миллиард долларга етди ва йил якунига бу кўрсаткич камида икки баробар ўсиши кутилмоқда.

Ҳукумат агробизнес, энергетика ва туризм каби соҳаларда қатор имконият ва имтиёзлар яратмоқда. Натижада мамлакатга капитал билан биргаликда янги иш ўринлари, бошқарув тажрибаси ва технологик ноу-хаулар ҳам кириб келяпти. Бу пировардида аҳоли фаровонлигининг ошишига хизмат қилаётир.

Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги инновацион ташаббуслар, оқилона ташқи сиёсат ва барча соҳалардаги ислоҳотлар нафақат мамлакат иқтисодиётини ўзгартиради, балки келгуси йилларда барқарор ва инклюзив ўсишга замин яратмоқда.

Хесус Гил, Мадрид автоном университетининг Осиё тадқиқотлари маркази профессори, Испания шарқшунослари уюшмаси бош котиби, туркшунос:

— Сўнгги янгиликлар Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш ва ривожланиш соҳасидаги ажойиб ютуқлари ва режаларини намойиш этди. Биринчи ярим йилликда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 6,4 фоизга ўсгани саноат, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳалари жадал ривож­ланаётганидан далолатдир.

“Яшил” энергетика соҳасидаги ислоҳотлар, шунингдек, инфратузилма ва ижтимоий ло­йиҳаларга йирик инвестицияларнинг киритилиши алоҳида эътиборга лойиқдир.

15,5 миллиард долларлик хорижий инвес­тиция жалб этилиб, 3 мингта янги лойиҳанинг ишга туширилиши, 70 минг иш ўрни яратилиши ҳукуматнинг капитал жалб этиш ва тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб бораётган муваффақиятли иқтисодий сиёсатини акс эттиради. Иқтисодиётнинг барқарор ўсиши ва фуқаролар учун янги имкониятлар яратилишига хизмат қилувчи кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш муҳим қадамдир.

Айниқса, инфратузилмани яхшилаш, уй-жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани аҳоли ҳаёт сифатига бевосита таъсир кўрсатаётгани қувонарлидир.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш, янада ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаш муҳимлигини таъкидлади. Бу иқтисодиётни бош­қаришда прагматик ва ташаббускорликдан далолат беради.

Ушбу ютуқлар ва режалар Ўзбекистон иқтисодиётини янада мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадлари жиддий эканлигини яққол ифодалайди.

Ван Минмэй, Хитойнинг “Psearcher” журнали муҳаррири:

— Хитойнинг ҳар томонлама қулай ва стратегик ҳамкори бўлган Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий тараққиёт жараёнларини диққат билан кузатиб боряпмиз. Мамлакатларимиз икки томонлама даражада ҳам, БМТ, ШҲТ, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси ҳамда “Марказий Осиё – Хитой” формати доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон миллий иқтисодиётнинг деярли барча жабҳаларида тобора юқори кўрсаткичларга эришиб, жадал ривож­ланишнинг юксалиш йўлига ўтди. Буни, хусусан, Президент Шавкат Мирзиёев 2024 йил 17 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилган жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш кўрсаткичлари ҳам яққол тасдиқлайди.

Хусусан, 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 6,4 фоизга ўсди. 2023 йилнинг шу даврига нисбатан деярли барча иқтисодий кўрсаткичлар яхшиланди. Саноат 7,8 фоизга, қурилиш 10,1 фоизга, хизматлар 12,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги 3,8 фоизга ўсган.

Ушбу даврда Ўзбекистон иқтисодиётига жами 15,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар жалб этилди, шундан 14 миллиард доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестциялар бўлганини алоҳида таъкидлаш керак.

Йил бошидан 3,5 миллиард долларлик 3 мингта лойиҳа ишга тушиб, юқори рентабелликка эга 76 мингта юқори даромадли доимий иш ўрни яратилгани алоҳида эътиборга молик.

“Яшил энергетика” соҳасидаги ишлар ҳам натижа бера бошлади. Масалан, биринчи ярим йилликда ишга тушган 2,4 гигаваттли 10 та қуёш ва шамол электр станциялари ҳисобига 1,6 миллиард киловатт “яшил энергия” олинди. Бу ярим миллиард кубметр газни тежаш имконини берди.

“Умуман, йил бошидан буён республикада яратилган қўшилган қиймат 45,1 миллиард долларга етган. Бундай рақамлар илгари бўлмаган”, — деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Дарҳақиқат, жаҳон иқтисодиёти кўплаб салбий омилларга дуч келган шароитда Ўзбекис­тон тараққиётининг бундай динамикаси мамлакатда Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юксак самаралар бераётганини яна бир бор тасдиқлайди. Хитой бу тенден­циядан, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги фаол иқтисодий ҳамкорлик Ўзбекистоннинг изчил ривожланиши жараёнларига хизмат қилаётганидан мамнун.

Морис Гаттас, Қатарнинг “Power International Holding” компанияси бош директори ўринбосари:

— Сўнгги бир неча йил ичида халқаро бизнеснинг жозибадор марказига айланган Янги Ўзбекистоннинг қиёфаси тубдан ўзгарганига барчамиз гувоҳ бўляпмиз.

Мамлакат етакчиси томонидан жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларини модернизация қилишга қаратилган улкан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу эса узоқ муддатли истиқболда мамлакатнинг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлашга хизмат қилди.

Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакат ташқи иқтисодий манфаатларини фаол илгари суриш бўйича комплекс стратегияси хорижий инвестицияларни жалб этиш ва савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилишда янги истиқболларни очиб берди. Ушбу омиллар туфайли Янги Ўзбекистон Марказий Осиёдаги хорижий компаниялар учун энг ишончли ҳамкорга айланди.

Олий даражадаги ташрифлардан сўнг Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги биринчи стратегик ҳамкорига айланган Қатар билан кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда янги саҳифа очилди.

Ўзбекистон Президенти раислигида ҳудудлар ва тармоқларда иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича биринчи ярим йиллик таҳлили юзасидан ўтказилган йиғилиш ахборотини диққат билан ўқидим.

2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,4 фоизга, саноат 7,8 фоизга ўсгани қувонарлидир. Ўтган даврда мамлакатга 15,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар жалб этилди, Ўзбекистоннинг барқарор иқтисодий ўсиш йўлидаги натижалари Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, ҳамкор давлатлар раҳбарлари, рейтинг ташкилотлари ва йирик инвес­торлар томонидан эътироф этилди.

Давлат раҳбари йиғилишда иқтисодий ўсиш суръатларини эълон қилиш билан бирга, кўпроқ муаммолар ҳақида гапириб, аниқ режа ва вазифаларни белгилаш зарурлигини таъкид­лади. Иқтисодий ўсишни янада ошириш, молия, солиқ соҳасини такомиллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

“Оилавий тадбиркорлик” дастурини янада ривожлантириш ва тадбиркорликни яширин иқтисодиётдан чиқариш ва мамлакатда янги иш ўринлари яратиш механизмлари тасдиқланди.

Буларнинг барчаси Янги Ўзбекистоннинг мамлакат иқтисодий салоҳиятини очиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини аниқлаш йўлида ишонч билан одимлаётганидан далолат беради.

 Чонг Те Гин, Жанубий Кореянинг “Evervolution” компанияси ижрочи директори:

— “Evervolution” консорциуми вакили сифатида Ўзбекистоннинг Гулистон шаҳрини ривож­лантириш лойиҳаси ишига масъулман. Компаниямиз Гулистон шаҳрининг янги марказини ривожлантириш бўйича йирик лойиҳа устида ишламоқда. Лойиҳа 56,4 гектар майдонни эгаллайди ва тижорат объектлари, турар-жой мажмуалари, кўп қаватли уйлар, мактаблар, давлат идоралари ва боғларни ўз ичига олади. Жумладан, биз ҳудудда давлат шифохонасини ташкил этиш ва совға қилишни режалаштирганмиз.

Бир йил давом этадиган биринчи босқичда биз 8 гектарга яқин майдонда 2000 га яқин биноларни ўз ичига олган савдо объектлари ва турар-жой мажмуаларини қуришни бошлаймиз. Келгуси йилда ушбу босқични якунлашни режалаштиряпмиз. Лойиҳани тўлиқ амалга ошириш беш йил давом этиши кутилмоқда ва унинг қиймати 300 миллиард вондан ошади, бу тахминан 220 миллион АҚШ долларига тенг.

Корея Республикаси тиббиёт тизими таж­рибасини Гулистон шаҳрига татбиқ этиш бў­йича Жанубий Корея тиббиёт мутахассислари билан яқиндан ҳамкорлик қиляпмиз. Бундан ташқари, лойиҳа Корея Республикасининг етакчи қурилиш компаниялари ва банклари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Биз аллақачон Жанубий Корея ва бошқа мамлакатларнинг етакчи муҳандислик компаниялари ёрдамида лойиҳалаш ва бош режани ишлаб чиқишни бошладик.

Ўзбекистон ҳукуматининг кўмаги биз учун ниҳоятда муҳим. Ҳар икки давлат раҳбарлари ҳамкорликка қизиқиш билдирдилар, биз Корея Республикаси Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида жорий йилнинг июнь ойида улар ҳузурида ўзаро англашув меморандуми ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаган эдик.

Ташриф давомида турли ҳамкорлик чора-тадбирларини фаоллаштиришга доир муҳим масалалар муҳокама қилинди. Ўзбекис­тон Президенти эришилган келишувларни сифатли ва тўлиқ амалга оширишга ваъда бергани лойиҳа муваффақиятли амалга оширилишига ишонч бағишлайди.

Ўзбекистон Президентининг киритган ҳар қандай инвестициялар учун маблағларнинг эркин ҳаракатланиши таъминланишини ваъда қилгани кўпчилик инвесторларда катта таассурот қолдирди ва ишончим комилки, давлатингиз раҳбарининг мустаҳкам иродаси “Evervolution” компанияси учун турли лойиҳаларни амалга оширишда катта ёрдам беради.

Ўзбекистон Президенти томонидан қатъий макроиқтисодий сиёсат олиб борилмоқда, жумладан, тарифларни рағбатлантириш, эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш йўлга қў­йилди. Бу инвесторлар учун қулай шарт-шароит яратмоқда. Агар зарур материаллар Ўзбекистонда бўлмаса, уларни олиб киришда тариф имтиёзлари тақдим этиляпти.

Ишончим комилки, Ўзбекистон изчил макроиқтисодий сиёсат ва хорижий инвесторларнинг қўллаб-қувватлаши натижасида юқори ўсишга эришади. Ўзбекистон тўғридан-тўғри денгизга чиқа олмайди, Швейцария каби солиқ имтиёзлари ва қулай ишбилармонлик муҳити туфайли жозибадор инвестициявий йўналишга айланиши мумкин.

Фурсатдан фойдаланиб, Жанубий Корея инвестор ва ишбилармонларини Ўзбекистон ҳукумати томонидан яратилган имкониятлардан унумли фойдаланишга чақираман. Мамлакатингиз юксалиб, ривожланиб боришига ишонаман ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз инвесторларга ҳам, Ўзбекистон халқига ҳам фойда келтиради.

 Далия Алкатири, “Alpha Group” компа­нияси ижрочи директори, Малайзиядаги ўзбек маҳсулотлари шоу-руми ҳаммуассиси:

— Ўзбекистоннинг жорий йил биринчи ярмида эришган иқтисодий ютуқлари мамлакатни барча соҳаларда ривожлантиришда ижобий тенденцияларни кўрсатмоқда.

Бу барча ижобий натижалар ортида, шубҳасиз, Ўзбекистон Президентининг улкан меҳнати ётибди. Давлатингиз раҳбари раҳнамолигида мамлакатингизда иқтисодиётни модернизация қилиш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган иқтисодий ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда.

Шу билан бирга, хорижий капитални жалб этиш, инфратузилмани, қишлоқ хўжалиги ва агросаноат комплексини ривожлантириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётни диверсификация қилиш, турли ижтимоий дастурларни қабул қилиш ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишнинг асосий омилига айланди.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон раҳбарининг бюрократик тартиб-таомилларни соддалаштириш ва хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароит яратиш орқали инвестиция муҳитини яхшилашга фаол кўмаклашаётгани алоҳида эътиборга лойиқдир. Қисқа вақт ичида қатор давлатлар билан янги йирик инвестициявий шартномалар имзоланди, бу эса тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг ошишига олиб келди.

Катта миқдорда инвестициялар транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан, янги автомобиль йўллари қуриш, темир йўл тармоғини модернизация қилиш ва электр станцияларининг қувватини оширишга йўналтирилди. Бу саноат ва савдонинг ривожланишига ёрдам берди.

Кичик ва ўрта бизнесни имтиёзли кредитлар, солиқ имтиёзлари ва грантлар бериш орқали қўллаб-қувватлаш Ўзбекистон етакчиси иқтисодий сиёсатининг муҳим жиҳати бўлди. Буларнинг барчаси янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорлик фаоллигини рағбатлантириш имконини бермоқда.

Ишончим комилки, Ўзбекистон раҳбарияти бошланган ислоҳотларни изчил давом эттириб, барқарор ривожланишни янада ошириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда инвестицияларни иқтисодиётнинг стратегик тармоқларига йўналтиради.

“Дунё” АА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − 12 =