Ўзбекистон демократия йўлида

Ўзбекистон Парламенти ва маҳаллий кенгашларга сайловлар жараёни халқаро кузатувчилар нигоҳида

27 октябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари сайлови бўлиб ўтди.

Марказий Сайлов комиссиясининг дастлабки маълумотларига кўра, парламент қуйи палатасига Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 64 нафар, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 29 та, “Адолат” СДП жами 21 та, ХДП 20 та, Экология партиясидан 16 та депутат сайланди.

Сайлов жараёнини 850 дан ортиқ хорижий ва халқаро кузатувчилар кузатиб борди.  

Халқаро кузатувчилар таъкидига кўра, сайловга юқори даражада тайёргарлик кўрилган, сиёсий тадбир очиқлик ва демократия принциплари асосида бўлиб ўтди.

 

Моҳд Фаиз Абдулла,

Малайзия Стратегик ва халқаро тадқиқотлар институти раиси:

— 27 октябрда куннинг биринчи қисмида тўртта сайлов участкасига бордим. Алоҳида таъкидлайман, мен бу ерда демократиянинг жуда соғлом ўсишини кузатяпман. Сайлов комиссияси масъуллари ўз фаолиятида шаффофликни таъминлаш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишди.

Жараёнларга умумий баҳо эса янги демократия ва унга босқичма-босқич борилаётганидир. Ўзбекистон жуда яхши суръатда бу йўлдан одимламоқда. Мана шундай олдинга силжиш ҳам унинг мустаҳкам пойдеворга эга бўлиб боришининг белгисидир.

Яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Фуқароларнинг жараёнларга фаоллиги юқори даражада бўлди. Нафақат Ўзбекистонда, балки чет элда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари ҳам жараёнларда уюшқоқлик билан қатнашди.

Айрим нуфузли сайтларни кузатганимда, Ўзбекистоннинг биргина Москвадаги элчихонасида  одамлар овоз беришда қатнашиш учун узун навбатларда турганини кўрдим. Бу уларнинг мамлакатда кечаётган сиёсий воқеаларга бефарқ эмаслигини тасдиқлайди.

 

Интесар Абдулла,

Саудия Арабистонининг “Neprass” янгиликлар электрон нашри бош директори:

— Ўзбекистондаги қатор конференцияларда иштирок этганман, аммо сайлов жараёнларини кузатишда илк бор қатнашдим. Мазкур жараёнларда мени энг ҳайратга солган жиҳат — бу Ўзбекистонда электрон сайлов тизимининг йўлга қўйилгани бўлди.

Ушбу янги тизимни фуқаролар учун қулай имконият ҳамда демократик давлатдаги шаффофликнинг ёрқин намунаси деб биламан.  Ўзим борган сайлов участкаларида яратилган шароитни кўриб хурсанд бўлдим.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, сайлов участкалари бир нечта давлат мактабларида ташкил этилган. Мен ушбу мактабларни кўриб, уларнинг худди хусусий мактаблар каби янгича ва замонавий қиёфада эканлигидан ҳайратга тушдим.

Шунингдек, мен сайловгача бўлган дебатларда қатнашиб, жонли мулоқот ва муҳокамаларни кузатиш имкониятига эга бўлдим.

 

Сармад Али,

Покистон Сенати аъзоси:

— Ўзбекистон парламенти сайлови жараёнлари дунёнинг турли бурчагидан келган 800 дан ортиқ халқаро кузатувчилар иштирокида ўтгани қувонарлидир.

Бу ўз-ўзидан ҳукуматнинг очиқлигига ишора қилмоқда. Бошқа  халқаро кузатувчилар билан гаплашганимда улар ҳам худди шу фикрларни таъкидлашди.

Сайловда иштирок этувчилар ва кузатувчилар учун барча қулайлик ва шароитлар яратилган.

 

Далиа Олтунтепе,

“Нидерландия-Ўзбекистон” дўстлик жамғармаси раиси:

— Бу  менинг Ўзбекистондаги сайловларда кузатувчи сифатида тўртинчи маротаба қатнашишим. Мамлакатда ҳам, сайлов жараёнларида ҳам ҳар сафар ижобий ўзгаришлар гувоҳига айланаяпман. Биргина мисол, тарғибот кампанияларининг кўчалардаги баннерлардан бошланганини кўриб жуда ҳайратда қолдим. Бу овоз бериш жараёнини янада жонли қилади, чунки ҳар куни одамлар уларни кўради, номзодларнинг чеҳраси билан танишиш имконига эга.

Яна бир муҳим масала, мен Ўзбекистонда фуқаролик жамияти кучайиб бораётганига гувоҳ бўлдим. Телевидениеда номзодлар ўртасида баҳслар ташкил қилинган ва улар ҳақиқатан ҳам мавзуларни жуда жонли ва жиддий муҳокама қилишди. Бу ҳам Ўзбекистонда сайлов жараёни фаоллашиб бораётганидан далолат беради.

Бир нечта сайлов участкаларига ташрифим чоғида  рақамли овоз бериш тизими  мавжудлигини кўрдим. Бу нафақат овоз бериш жараёнларида енгиллик яратади, оптималлаштиради, балки унинг шаффоф ўтишига хизмат қилади.

Жараёнларга ёш авлод томонидан бўлган қизиқишнинг юқорилиги эътирофга  лойиқ. Яна бир мен жуда қадрлайдиган жиҳат — бу  аёллар квотасининг 40 фоиздан кам бўлмаслигидир.

Умумий ҳолат ва жараёнлардан келиб чиқиб айтишим мумкинки, Ўзбекистон сайлови жараёнлари жаҳон стандартидан ҳам юқори. Шу нуқтаи назардан, менимча, Ўзбекистон Европа ёки Ғарб давлатлари учун ҳам намуна бўла оладиган давлатга айланиш йўлида жуда яхши қадам ташламоқда.

“Дунё” АА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen + 17 =