Маҳмудхўжа Беҳбудий – буюк миллатпарвар

Миллат онг-тафаккурини юксалтириш, уни турли ёт ғоялардан тозалаш, халқ фарзандларининг саводли ва закий бўлишларида маърифатпарвар жадидларнинг ўрни беқиёс. Улардан бири Туркистон жадидчилик ҳаракатининг асосчиси, юрт ҳурлиги ва маърифати йўлида қурбон бўлган, миллий уйғониш даври адабиётининг таниқли намояндаси сифатида илм-фан, таълим ва тарбия, адабиёт, санъат соҳаларини ривожлантириш, жаҳондаги илғор тараққиёт ютуқларини ўзлаштириш йўлида ўз ҳаётини бахш этган фидойи инсон Маҳмудхўжа Беҳбудийдир. У публицист, ношир, муҳаррир, жамоат арбоби бўлиши билан бирга ХХ аср бошида юртимиз тарихида ғоят мураккаб ва синовли даврда Туркистон жадидчилик ҳаракатининг асосчиси сифатида майдонга чиққан ва ҳуррият, озодлик учун бор ҳаётини, илму закосини тикиб курашган.
Туркистон халқининг миллий қаҳрамони Маҳмудхўжа Беҳбудий асарларини ёш авлод ўртасида кенг тарғиб қилиш, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, унинг бебаҳо меросини кенгроқ ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 27 декабрдаги “Туркистон жадидлик ҳаракатининг асосчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби, ношир ва педагог Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 150 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида турли кечалар, адабий-маърифий анжуманлар бўлиб ўтмоқда.
Куни кеча Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси саройида Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида “Жадидлар ва Маҳмудхўжа Беҳбудий меросини ўрганишдаги янги ёндашувлар” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Унда таниқли давлат ва жамоат арбоблари, дипломатик корпус вакиллари, маданият ходимлари, зиёлилар, шоир ва ёзувчилар, журналистлар, санъаткорлар, ижодкор ёшлар, адабиёт ихлосмандлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбир Чўлпоннинг “Гўзал Туркистон” шеърига басталанган, жадидларнинг миллий мадҳиясига айланган қўшиқ билан бошланди. Саҳнадаги ижрочиларга меҳмонлар ҳам жўр бўлишди.
Анжуманнинг кириш қисмида Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа, Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев, Қатағон қурбонлари давлат музейи раҳбари, тарих фанлари доктори, профессор Бахтиёр Ҳасанов сўзга чиқиб, Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг бой адабий-илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишнинг аҳамияти ҳақида сўз юритдилар. Жумладан, профессор Шерзодхон Қудратхўжа шундай деди:
— Сўзимни Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм зарурдир. Замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқа миллатларга поймол бўлур” сўзи билан бошламоқчиман. Бундан бир аср аввал айтилган ушбу сўзлар бугун ҳам ғоят долзарб. Бундан 150 йил илгари шу кунларда Туркистон жадидчилик ҳаракатининг раҳнамоси, дин ва жамоат арбоби, янги усул мактаблари, матбуот ва ўзбек драматургияси асосчиси, ўз эътиқоди ва адолатига содиқ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллуд топган. Миллат ойдинлари бўлган жадидлар, хусусан, Маҳмудхўжа Беҳбудий илмий меросини ўрганиш ва адабий жамоатчиликка татбиқ этиш борасида кўплаб тадқиқотлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, конференцияда Беҳбудийнинг невараси Шоҳруххўжа Беҳбудий ҳам сўзга чиқди. У бобосининг улуғ ишлари қадр топаётгани, Юртбошимиз томонидан жадид боболаримиз меросига эътибор берилаётгани учун Давлатимиз раҳбари ва анжуман ташкилотчиларига самимий миннатдорчилик билдирди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий илмий меросини ўрганиш ва уни оммалаштириш йўлида бир қатор амалий ишлар олиб борган намунали ташкилотлар раҳбарлари, маданият ходимлари Беҳбудий номидаги статуэтка ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Анжуманнинг бадиий қисмида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Ғулом Зафарий, Боту, Шокир Сулаймонов каби маърифатпарварлар сиймоси гавдалантирилиб, жадидларнинг асарларидан парчалар ўқилди. Ўзбекистон Давлат Сатира театри томонидан Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмасидан парча намойиши тақдим этилди.
Маҳмудхўжа Беҳбудий ижодини ўрганиш ва уни жойларда тарғиб қилиш, адабий кечалар ташкил этиш мамлакатимизнинг барча ҳудудларида давом этмоқда.
Гулнора ШЕРМАТОВА