Муҳандислик соҳаси истиқболига муҳим қадам ташланмоқда

Дунё давлатлари шиддат билан ривожланаётган бугунги кунда инсонларнинг фаровон ҳаёти, юртимиз иқтисодиётининг янада тараққий топиши, халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг порлоқ келажаги учун муҳим қадамлар ташлаш, масъулият билан қараш — давр талабидир.

Дарҳақиқат, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Иқтисодиётимизни жадал ривожлантириш учун бизга юқори малакали муҳандис-технологлар сув билан ҳаводек зарур”.

Бу йўналишда Президентимиз жорий йилнинг 24 январь куни мамлакатимизда таълим, илм-фан, саноат, техника ва технология соҳаларида кадрлар тайёрлашда муҳим бўлган “Нукус давлат техника университетини ташкил этиш тўғрисида”ги тарихий қарорни қабул қилди.

Бу қарор Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳузуридаги Нукус кончилик институти ва Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиали негизида янги университетнинг ташкил этилишига ҳуқуқий асос бўлди.

Бундан кўзланган асосий мақсад — муҳандислик соҳаларида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида ўзаро интеграцияни йўлга қўйиш, ўқитиш усул ва шаклларини такомиллаштириш, таълим жараёнига инновацион технологияларни жорий этиш орқали таълим сифатини ҳамда илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини оширишдир.

Университетга саноат, техника-технология, муҳандислик соҳалари учун мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, таълим жараёнига юқори 300 талик рўйхатга кирган хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ҳудуд учун истиқболли бўлган кадрлар тайёрлаш, замонавий ўқув, илмий ва АТ лабораториялари базасини яратиш, амалий ва фундаментал илмий-тадқиқот ишлари ва инновацион лойиҳалар самарадорлигини ошириш, таълим, илм-фан, ишлаб чиқариш ўртасида интеграцияни кучайтириш каби қатор вазифалар белгилаб берилмоқда.

Яна бир муҳим томони шундаки, университетда илғор муҳандислик мактаби фаолиятини ташкил этиш масаласи ҳам ўрин олди. Унда таълим олиш учун академик кўрсаткичлари юқори бўлган талабалар танлов асосида сараланади ва амалиётга йўналтирилган махсус таълим дастурлари асосида ўқитилади, замонавий лабораториялар ташкил этилади, муаммолар портфели асосида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари олиб борилади.

Ҳозирда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳузуридаги Нукус кончилик институти ва Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиалида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишини Нукус давлат техника университетида давом эттиради ва битирувчи курс талабаларига университет дипломи берилади.

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган мазкур қарор нафақат Қорақалпоғистоннинг, балки Янги Ўзбекистонимизнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишини таъминлашда, салоҳиятини янада оширишда муҳим ўрин эгаллайди.

Биз ишонамизки, ташкил этилаётган илм-фан ва таълим-тарбия даргоҳида таҳсил олган ёшларимиз юртимизнинг муносиб фарзандлари бўлиб етишади ҳамда ўзларининг муваффақият ва ютуқлари билан мамлакатимиз тараққиётига ўзларининг ҳиссаларини қўшади.

Атабек КАИПБЕРГЕНОВ,

Навоий давлат кончилик ва

технологиялар университети

ҳузуридаги Нукус кончилик

институти директори,

техника фанлари доктори,

профессор.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × 5 =