Ёшлар — халқимизнинг асосий таянчи

Ўз келажагини ўйлаган ҳар бир давлат, ҳар бир миллат ёш авлодга сифатли таълим бериб, уларни маънан етук, жисмонан баркамол этиб вояга етказишга алоҳида эътибор беради.

Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлидан дадил одимлаётган Янги Ўзбекистонда бу борадаги ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Сўнгги йилларда мамлакатимизда юқори билим ва малакага эга бўлган, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш мақсадида олий таълим муассасалари сони ортди, шунингдек, хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари очилиб, қисқа муддатда бу борада қарийб икки баробар ўсишга эришилди. Бу, шубҳасиз, ёшларимиз, бутун жамиятимизнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, замонавий билим, касб-ҳунарларга янада яқинлаштириш йўлидаги ҳаракатлар натижасидир.

Янги Ўзбекистонни илғор давлатлар сафига қўшиш стратегик мақсад сифатида белгиланган. Шу мақсадда салоҳиятли, рақобатбардош кадрларни тайёрлаш замирида фундаментал тадқиқотлар, инновацион ишланмалар зарур. Бу борадаги қадамлар мамлакатимизда кадр­лар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, илмий-тадқиқот муассасаларини модернизация қилиш, инновацион технологияларни иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳага жадал татбиқ этишда яққол кўзга ташланмоқда. Хусусан, юртимизда 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном берилишининг ўзиёқ бу йўлдаги қатъият ва шижоатимизни яна бир бор намоён этади. “Инсон қадри учун” тамойили асосида келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган “Ўзбекис­тон — 2030” стратегиясини амалга ошириш ишлари бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Инсон қадрини улуғлаш, аҳоли манфаатларини таъминлаш, бунинг учун кучли иқтисодиёт барпо этиш каби муҳим вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 2024 йил мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди.

Президентимизнинг Ўзбекистон халқига йўллаган Янги йил табригида таъкидланганидек, янги йилда иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун кенг имкониятлар яратишни янада кучайтириш, илм-фан, инновация, ахборот технологиялари каби соҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Ижтимоий соҳалар ривожи мутлақо янги босқичга кўтарилади.

Ҳозирги кунда юртимиз аҳолисининг олтмиш фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Бу дегани таълим сифатини ошириш чораларини кўриш, тизимдаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, олий таълимни сифат жиҳатдан юқори босқичга олиб чиқиш, муаммоларни бартараф этиш, ёшларга касб-ҳунар ўргатиш тизимини мукаммаллаштириш, умуман, ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш ва бошқа кўп­лаб масалаларга стратегик ечимлар топиш асосий вазифамизга айланиши зарур.

Муҳандислик сир-асрорларини ўргатишга ихтисослашган Фарғона политехника институтида таълим сифатини таъминлаш, илм-фан тараққиётини юксалтириш, таълим, фан, ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш каби муҳим йўналишларда кенг кўламли вазифалар амалга оширилмоқда.

Ўтган йили таълим, илм-фан тизимида бир қанча ютуқларга эришилди. Жумладан, олий таълим муассасалари ҳамда илмий муассасаларнинг йиллик фаолияти натижаларига кўра миллий рейтинги эълон қилинди. Ушбу рейтинг натижаларига кўра Фарғона политехника институти “Топ-5” таликдан ўрин эгаллади. Шунингдек, таълим муассасамиз техника, технология, қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича эса 3-ўринда қайд этилди.

Институтимиз нафақат миллий рейтингда, балки халқаро майдонда ҳам ўз ўрнига эга бўлиб, юксак эътирофларга сазовор бўлмоқда. Дунёда энг нуфузли ҳисобланган “QS” ташкилоти Жаҳон университетлари рейтинги “World University Rankings 24”ни эълон қилди. Унда Осиё минтақаси бўйича ҳам университетлар рейтинги натижалари қайд этилган бўлиб, олий таълим масканимиз ушбу рейтингнинг барча мақсадли кўрсаткичлари бўйича “Топ-1000” таликдан жой олди ҳамда 801-ўринда эътироф этилди. Бу кўрсаткич билан институт Ўрта Осиё олий таълим ўчоқлари ичида 51-ўринни эгаллади. Шунингдек, 2023 йилги “Times Higher Education” рейтинг агентлиги “Impact” рейтинги доирасида барча мақсадли кўрсаткичлари бў­йича институтимиз алоҳида эътироф этилди. Бу каби юксак натижалар барчамизга фахр ва ифтихор туйғусини бағишлади.

Бугунги кунда институтда юқори малакали педагоглар жамоаси шакллантирилган бўлиб, 682 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчилар ёшларга замонавий илм-фан сир-асрорларини ўргатиб келмоқда. Уларнинг 32 нафари фан доктори ва 213 нафари фан номзодларидир. Фан ва таълим интеграциясини таъминлаш, илмий тадқиқот ишларини янада ривожлантириш мақсадида мавжуд 7 та факультет фаолияти замон талабларига мослаштирилди. Натижада жорий ўқув йилида 52 та бакалавр, 29 та магистратура ҳамда 20 та сиртқи таълим йўналишларида кадрлар тайёрланмоқда. Институтимизда “ECTS”га асосланган кредит-модуль тизими жорий этилган бўлиб, бу талабаларга ўқишнинг маълум қисмини хорижий олий таълим муассасаларида давом эттириш ва улар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш имконини бермоқда. Янгидан шакллантирилган фанлар мажмуаси муҳандислик бўйича билимларни чуқур эгаллашга йўналтирилган. Таълим жараёни ва дарсликларимиз халқаро стандартларга мос бўлиб, улар нуфузли таълим ташкилотлари томонидан тан олинган.

Асосийси, бу ерда машғулотлар фақат назария билан чекланиб қолаётгани йўқ. Қолаверса, дарсларни амалиёт билан уйғунлаштириш ҳам чегара эмас. Биз талабаларнинг илмий тадқиқотлар олиб боришини кенг рағбатлантириш йўлидан боряпмиз. 332 мингдан ортиқ китоб фондига эга Ахборот-ресурс марказимиз ёшлар ихтиёрида. 110 дан кўп хорижий олий таълим муассасаси ва 20 та халқаро ташкилот билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйганмиз. Яна бир ютуғимиз, хорижий давлатларнинг 3 та университети билан қўшма таълим дастурлари жорий этилган. Ўз навбатида, талабаларнинг дарсдан ташқари бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида турли илмий ва спорт тўгараклари, маънавий-маърифий клублар фаолияти йўлга қўйилди. Халқаро танловлар ва беллашувларда иштирок этувчи жамоалар ҳам шакллантирилган.

Шунингдек, институтда илмий ва инновацион ишлаб чиқариш ҳамда турли соҳаларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган жами 17 та марказ фаолият бошлади. Тил ўргатиш, тайёрлов ва малака ошириш маркази, ўқув-ишлаб чиқариш комплекси, бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш маркази, медиа-марказ, қурилиш материаллари аккредитация маркази, АКТ инкубация маркази шулар жумласидан. Яна бир эътиборли жиҳати, ушбу марказлар фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида хорижий тажрибани қўллаган ҳолда 14 та “Спин-офф” корхонаси очилди. Қай бир соҳада бўлмасин, муваффақият учун, аввало, имконият зарур. Мустаҳкам база эса биринчи галда қизиқишга, кейин интилишга ва сўнгги босқичда натижага сабаб бўлади.

Дунёдаги илғор тажрибалардан нафақат хабардор бўлиб бориш, балки уларни пухта ўрганиш ҳам муҳим эҳтиёж. Бунинг учун эса катта платформа керак. Институтимиз аниқ стратегик мақсадни белгилаб, айни шу масъулиятли вазифани муваффақиятли ўташи учун тизимли ишларни бошлаб юборган.

Хусусан, Президентимизнинг “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонларида белгиланган вазифалар ва мақсадлар негизида Фарғона политехника институтини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси шакллантирилиб, ишлаб чиқилди. Мазкур стратегияда замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, илғор таълим технологияларига асосланган тизимни шакллантириш каби муҳим йўналиш­лар белгиланган. Ушбу белгиланган тизимли ишларни босқичма-босқич амалга ошириш ишлари йўлга қўйилди.

Жумладан, 2024 йилда энг аввало ўқув жараёнларининг сифатини ошириш ва оптималлаштиришни давом эттириш, халқаро эътироф этилган рейтингларда муносиб ўрин эгаллаш, илмий мактаблар фаолиятини такомиллаштириш, илмий ишланмалар ҳамда билим ва кўникмаларни тижоратлаштиришнинг самарали экотизимини босқичма-босқич ташкил этиш, илғор муҳандислик мактабларини очиш, истиқболли йўналишларда Марказлар салмоғини ошириш, мавжуд “Спин-офф” корхоналарига инвестициялар жалб этиш орқали улар фаолиятини ривожлантириш, битирувчилар ассоциацияси ҳамда “Endowment” фондларини ташкил этиш, ўқув лабораториялари ишлаб чиқиб, сотишни йўлга қўйиш, “Life long learning” принципи бўйича ўқув жараёнларини ташкил этиш, давлат-хусусий шерикчилик асосида замонавий талабалар турар-жойини барпо этишни давом эттириш, институтнинг бренд сиёсатини янада такомиллаштириш каби бир қанча стратегик мақсадларни белгилаб олиб, “Йўл харитаси” ишлаб чиқдик.

Яна шуни таъкидлашни истардикки, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасидаги ислоҳотлар замонавий тенденцияларга мос ҳолда ривожланиб бормоқда. Шубҳасиз, сифатли таълим янги марраларни эгаллашга олиб келадиган энг қисқа ва оқилона йўлдир. Тўла ишонч билан айтиш мумкин, мазкур соҳадаги туб ўзгаришлар ўз натижасини албатта кўрсатади.

Ўктам САЛОМОВ,

Фарғона политехника институти ректори,

техника фанлари доктори.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 5 =