Кўкка парвоз қилаётган бўсаға

Тошкент Ахборот технологиялари университетида бир кун

Бу илм даргоҳини   авваллари қисқагина қилиб   “Связь” дейишарди. Яъни,   “Алоқа”. Кейинчалик эса   олий таълим миқёслари   кенгая бошлади. Марказий   Осиё минтақасида етакчи   ўринга чиққан ўқув муассасасини Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги   Тошкент Ахборот технологиялари университети — ТАТУ деб аталадиган бўлди.

Айни даврда   университетнинг Қарши, Нукус,   Самарқанд, Урганч, Фарғона, Нурафшон шаҳарларида   минтақавий филиаллари мавжуд.   Университет Германия, Англия,   Бельгия, Ҳиндистон, Хитой,   Жанубий Корея, Россия, Украина   каби давлатларнинг   илмий   муассасалари билан   ҳамкорлик қилмоқда.

 

Кўркам маҳобат

Ана ўша маҳобатга   яраша дарға ҳам   ҳаётнинг иссиқ-совуғини кўрган, синовларда тобланган мўйсафид бўлмоғи   керак, деб ўйлаб даргоҳ бўсағасидан хатладик. Бизни   орқага таралган сочларига оқ тушган, кўз­ойнакли, жиддий   қиёфали, бироз димоғдор киши   эмас, балки серҳаракат йигит қарши   олди. Гапнинг очиғи, университетдаги ёш тадқиқотчилардан бўлса керак, дея тусмоллаш ҳам мумкин   эди. Йўқ, барча   масъулият шу навқирон инсонга юкланган экан.

Кабинетига кириб, стол   атрофида ўрнашиб ўтирганимиз   ҳамоно раҳбарнинг исм-шарифини, ёшини сўрадик. “Бахтиёр   Маҳка­мовман. 1985 йилда   туғилганман” деди у. Сўнг   дарҳол илова қилди:   “Ректор вазифасида иш   бошлаганимга ярим йил   бўлган, холос”.

Образли зайлда айтганда,   бир ниҳол илдиз   отиб, токи ҳосилга   киргунига қадар камида   уч-тўрт йил тақозо   этилади. Бинобарин, факт-рақамларни қаторлаштириш   мақсадида ён дафтар   варақларини очиш мантиққа   монанд эмас.

Анъанавийроқ   савол бердик: “Университетингиз ал-Хоразмий номи билан   аталадиган бўлибди?”

Ректор кулимсираб гапиришга   киришди: “Халқимиз “Яхши ният — ярим   мол” деган ҳикматни   айтган. Эзгу ният   қилиб турибмиз. Талабаларимиз орасидан   кўплаб ал-Хоразмийлар чиқиб қолар ахир?!”

— Айни даврда   Президентимиз Шавкат Мирзиёев   ўз маърузаларида Шарқ   Ренессанси замонларини, ал-Хоразмий, ал-Беруний каби буюк   алломаларни ёдга олаётир. Бу   ҳам бежиз эмас-да?

—Ҳа, албатта! Биласизлар,   буюк бобомиз Муҳаммад   ибн Мусо ал-Хоразмий   араб, юнон, санскрит   каби кўплаб тилларни   пухта ўрганиб, ўзгача   жабҳада бўлган илмларни   ўрганиб, кашфиётлар яратган. У Бағдодда очилган “Маъмун академияси” кутубхонасига раҳбарлик қилиш   жараёнларида ақлбовар қилмас   даражадаги жавоҳир асарларни   ўзлаштирган. Кутубхонадан ташқари бобомизнинг ихтиёрида иккита расадхона   бўлган. Буларнинг бири Бағдоднинг Шамоссия маҳалласида, иккинчиси эса Дамашқ   яқинидаги Касийун тоғларида қад ростлаган.   Шундай шароитларнинг меваси   сифатида милодий 820-йилларда, яъни,   бундан бир мингу   икки юз йил муқаддам астрономия ва тригонометрия жадвалларига тааллуқли   “Зиж фи илм   ал-фалак” рисоласи ёзилган.   Уйғониш эмасми бу?

Гўёки биронта анжуманда нутқ ирода этаётгандек Бахтиёр Маҳкамов улуғ бобомиз бой маънавий мероси ҳақида берилиб сўзлашда давом этди:

— Мазкур асардан хулоса   чиқарилган ҳолда   арабча   манбаларга сайёралар, Ой   ва Қуёшнинг ҳаракатлари, сайёраларнинг   суткалик ҳаракатлари ҳамда   уларни аниқлаш йўллари,   Ой, Қуёш гардишининг   катталиги, синуслар жадвали,   тангенс киритилгани маълум.   Аллома бобомиз Абу   Райҳон Беруний эса   ўша “Зиж”га бағишлаб   бир эмас, учта   асар ёзган. Икки даҳонинг   ишларини Мирзо Улуғбек давом   эттиради.

Мен масаланинг бошқа жиҳатига эътибор қаратмоқчиман. Учала даҳонинг ҳам ҳаёт йўли силлиққина кечган эмас. Жаҳолатпарастлар ал-Хоразмийга осойишталик бермаганлар. Шу боис, ҳаётининг кўп қисми дарбадарликда ўтади. Ал-Беруний ҳаттоки уйланмаган, у ёқдан-бу ёққа қочиб жон   сақлаган. Мирзо Улуғбекка ўғлини, Абдулатифга отаси Улуғбекни гиж-гижлаб, алал оқибат буюк мунажжим умрига нуқта қўйганлар. Тасаввур қилингки, уларга ҳозиргидай шарт-шароитлар яратиб берилгандамиди?! Эҳ-ҳе! Улар Марсга учадиган космик кема ихтиро қилардилар. Бу — бир фараз. Аммо мантиқли фараз. Худди шу жиҳатдан қаралганда, ҳозирги давр ёш олимлари Юртбошимиз чорловларига жавоб қайтаришлари ҳам   фарз, ҳам қарз.

— Ривожланган   давлатларга қараганда бизда   аниқ фанлар нега   оқсамоқда?

— Бизда   “хушомадгўйлик” отлиғ   юқумли хасталик мавжуд бўлган. Европа ва Америкада бу   хасталик йўқ. Кўплаб   ривожланган давлатларда “ширин сўз” эмас, балки “ўткир   ақл” тарозиларда тортилади.   Чиндан ҳам хушомад эмас, ақл баҳоланиши лозим. Эҳтимол шунинг учундир кўплаб   ёш олимлар Европа ёки Америка университетларига бориб   фаолият юритишни афзал билганлар. Уларни юртга қайтариш   учун биздаги тузилма тўғри қўйилиши керак. Чунончи, нинадеккина кашфиётни амалга оширганларни ҳам   кўкка кўтармоғимиз даркор.

Мана, кейинги беш йил давомида Президентимиз Шавкат Мирзиеёв нима учун ҳар бир иқтидорни қўллаб-қувватлаш учун жамики имконият, шарт-шароитларни яратиб бермоқдалар.

Болага “Сендан ҳеч   ким чиқмайди”, “Сен билмасвойсан”, “Чакка халта   билан урсалар ҳам   пешонанг оқармайди” сингари иборалар   воситасида “ҳужум” қилинаверса, ҳақиқатан   ҳам унинг руҳи   чўкиб қолади. Бунинг ўрнига:   “Биламан, болам. Сенда даҳо кучи   яширин!” дея хитоб қилинса, у таъсирланиб, ҳақиқатан ҳам даҳога эврилиб кетиши ҳеч гап эмас. Илм-фан тарихидан маълумки, ўтмишда нимжон,   бўш, иродасиз инсонлар даъваткор   куч таъсирида оламшумул   кашфиётларни амалга оширганлар. Хуллас, ёшликнинг ҳар сониясидан унумли фойдаланишимиз шарт. Энг асосийси, хаёл суриш ва фаол фикрлашдир.   “Цивилизациянинг буюк вазифаси —   одамни фикрлашга ўргатишдир”   деган экан донишмандлардан бири. Афсуски,   бизда кўп йиллар   мобайнида фаол   фикр­лайдиган инсонларга йўл бермадилар.   Буни образли йўсинда “қора   энергия” дейишимиз ҳам   мумкин. Оқибатда   мамлакатимизда аниқ фанлар   оқсаб қолди. Бирон бир ҳамюрт олимимиз жаҳон миқёсида довруғ қозона   олмади. Аммо бу вақтинчалик ҳолат. Энди давр ўзгарди. Айни   даврда университетимизда ўқиган мутахассислардан Нодир   Назаров, Шерзод Муратовлар   Америка Қўшма Штатларида, Машҳур Сатторов, Рустам   Раҳимов, Умид Аҳмеджановлар   Канадада, Элёр Қодиров Ирлан­дияда, Шоҳрух Умрияев Нидерландияда, Элдор Парманов Финляндияда   фаолият юритмоқда. Демак,   шубҳасиз биз ҳам   Европа даражасига яқинлашамиз. Керак бўлса, улардан ўтамиз ҳам!

Дорилфунун раҳбари   бинафшаранг ойнали соатига   бир қараб қўяр   экан, “энди пастга   тушиб, амалиётни кўрамиз”   деди. Биз   зални, овоз ёзиш хонасини, лабораторияни ва шунга ўхшаш   хоналарни бирма-бир кўздан   кечирдик. Булар илк   таассуротлар эди. Технология   илмларидан узоқлигимиз боис   ҳар бир деталнинг   “илдизига қадар” тушуна   олмадик, шунчаки, умумий   таассуротга эга бўлдик,   холос. Бахтиёр Маҳкамов қисқагина хулоса   ясади: “Университет ташқи   кўриниши унчалик ўзгармади.   Ичкариси тамомила янгиланди”.

Қисқача маълумот: Бахтиёр   Маҳкамов — Тошкент давлат техника   университетининг Бизнес бошқарув факультети   “Молиявий   менежмент” йўналишига кириб, имтиёзли дип­лом   билан тамомлаган. Навоий   номидаги Давлат стипендияси   совриндори бўлган. 2006-2008   йилларда ТАТУ Иқтисодиёт   ва бошқарув факультетининг “Менежмент”   мутахассислигига ўқишга кириб,   магистр даражасини олади.   “Уздунробита” қўшма корхонаси   маркетинг блоки, маркетинг   тадқиқотлари бўлими мутахассиси, етакчи мутахассиси   лавозимларида фаолият кўрсатган.   Шундан сўнг кўп   ташкилотларда, жумладан, “Электромагнит мослашув маркази” Давлат   унитар корхонасида 1-тоифали   муҳандис ва кейинчалик “Радиочастота тақдимотларини мувофиқлаштириш”   бўлими бошлиғи лавозимида   ишлаган. “Электромагнит мослашув   маркази” Давлат унитар   корхонаси раҳбарининг биринчи   ўринбосари лавозимида хизмат   этган. 2016 йилда   “Глобаллашув ва иқтисодиётни модернизациялаш ша­роитида уяли   алоқа хизматларини самарали   ривожлантириш”   мавзусида докторлик   диссертациясини ҳимоя қилган. 2020 йилда профессор илмий   даражасига лойиқ кўрилган.

У она тилидан   ташқари рус, инглиз,   немис тилларини пухта   билади. 2017-2019 йилларда   Швейцарияда малака оширган.   Ҳиндистон ҳукумати томонидан   таъсис этилган ITEC     дастурида қатнашиб, ғолиб   сифатида грант асосида   Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида   “Ахборот технологиялар менежменти”   йўналиши бўйича малака   оширган. Ёш олимнинг   кўплаб мақолалари Россия,   Польша, Жанубий Корея,   Индонезия, Ҳиндистон, Қозоғистон   каби давлатларнинг нуфузли   журналларида эълон қилинган.

Изланиш моҳияти рақамларда

Мутахассисларнинг   фаразларига қараганда цивилизация   ўз нуқталарини   ўзгартириб   туради. Дейлик, қадимги   даврларда Шарқ цивилизацияси воқеликка кўчган. Айни   вақтда ўша олтин   нуқта Ғарб давлатлари   оша Америка дохил   бошқа минтақаларга ҳам   ўз шуълаларини таратмоқда.   Эҳтимол яна неча   йиллардан сўнг цивилизация   ўзанига қайтиб келар?   Алҳол, бугунги кунда   тараққиёт куртаклари бўртиб   бораётганини илғамоқ мумкин.

— Агарда университетимиз даражасини тасаввур қилмоқчи   бўлсангиз факт-рақамларга   эътибор   қаратишингиз керак, — дей­ди ўқув ишлари бўйича проректор   вазифасини бажарувчи Шаҳло   Саъдуллаева. — Университетимизда   саккизта факультет ва   битта қўшма факультет,   ўттиз битта кафедра   мавжуд. Асосий штатда 508   нафар профессор-ўқитувчилар ишлайди. Шулардан 38 нафари   фан доктори, 130   нафари фан номзоди   ҳисобланади. Ўқув моҳияти   компьютер инжиниринги,   дастурий инжиниринг, киберхавфсизлик, телекоммуникация технологиялари, телевизион   технологиялари,   радио ва   мобил алоқа, АКТ соҳасида иқтисодиёт ва   менежмент, АКТ соҳасида касб таълими, ТАТУ- БГУИР қўшма   АТ факультетлари асносида амалга оширилади. ТАТУ ва филиалларида жами 915 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатмоқда. Университет   ва филиалларда жами   21 000 нафар талаба таҳсил кўрмоқда. Шулардан 14479   нафари кундузгида, 5623   нафари сиртқида, 898   нафари магистратурада ўқимоқда.

Университетимизнинг Нукус, Урганч, Қарши, Фарғона, Самарқанд филиалларида иккитадан,   Нурафшон филиалида эса   битта факультет бор. Ана шу факт-рақамлар асносида таълим даражаси хусусида тушунча ҳосил қилишингиз мумкин.

Хаёлга чўмамиз. Жаҳон   миқёсида, хусусан, ривожланган   мамлакатларда   технологияларга асосланган юзлаб   университетлар бор. Уларнинг   барчасида ихтиро нишоналари   кўзга чалинмайди-ку ахир?   Ихтирочи ҳам новатор   шоирдек гап. Қирқ-эллик   йилда бир бора   ўзини кўрсатиши мумкин.   Ҳазрат Навоий ибораси   мазмунида айтсак, ал-Хоразмий   панжасига панжа уриш   осон эмас. Аммо   ТАТУ ана ўша   фавқулодда жараёнга ҳозирлик   кўрмоқда.

Университетнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Комил Ташев “амалиёт кўзгулари”ни бирма-бир кўрсатиб чиқди. Хоналар   Япония компьютерлари, биз   номларини ҳам билмайдиган асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.

Тўғри, одамзод ақли   барча илм кўникмаларини   эгаллашга ожизлик қилади. Журналис­тика қаердаю замонавий технология қаерда… Бироқ мантиқ деган   фан ҳам бор. Мантиққа асосланиб айтишимиз мумкинки, 1955   йилда ташкил этилиб, сўнгги йилларда жадал жабҳа олган ТАТУ серқуёш Ўзбекистонимиз технологияси “юрагини” тептираётган бош илм даргоҳига айланибди.

Эртакларга туташ воқеликлар

Болалигида эртак эшитиб,   хаёлан самоларда парвоз   қилмаган инсонни топиш   амримаҳол. Аммо эртак   “шираси” тарқалгач, барчамиз   шумшайибгина реал ҳаётга   қайтганмиз. Хусусан, ёши   олтмишдан ошганлар то   ҳануз “қурбақа перо”ларни   унутмайдилар, папка тўрига   жойлаб қўйиладиган сиёҳдонлар   тушларига киради. Бу   эллик йилнинг нари-берисидаги воқеликдир.

Бугун-чи?

“Ҳозир   ходимларимиз машина миниб   қаерда юрганини кўрсатаман!” дейди Бахтиёр кулимсираб   ва зум ўтмай каттакон қўл телефонига   қараб машина шакли тасвирига бармоқ теккизади: “Марҳамат, рақамларигача томоша   қилишингиз мумкин”.

Ажабо, дейсан. Бу эртакнинг худди ўзи-ку?! Афсоналарда оға Юнус пари тирноғидаги кўзгуга   боқиб, Гўрўғлининг қаерда   Ғиркўк ўйнатаётганини кўриб   тураркан. Реал воқелик эртакларга   яқинлашаётгани шу-да!

“Ертўла”га тушиб университет Ўқув медиа маркази билан танишдик. Мазкур марказ бундан   икки йил муқаддам   ташкил этилган. Расмий   маълумотда қайд қилинишича,   университетнинг   “Телевизон технологиялар” факультети “Телестудия   тизимлари ва иловалари”   кафедраси мудири Б.Базарбоев, катта ўқитувчилар — Ш.Ҳусанов ва А.Мамадалиевлар   ташаббусларига биноан факультет   таълим йўналишлари талабаларининг билим ва малакаларини ошириш мақсадида факультет   қошида телевизион ишлаб чиқариш   технологияларига асосланган   Ўқув медиа маркази   ташкил этиш учун   лойиҳа тайёрланган. Мазкур лойиҳа   JICA — Япония халқаро ҳамкорлик   Агентлигига топширилган. Япония тарафи ушбу лойиҳани тасдиқлаб, 1,6   миллион АҚШ доллари миқдорида грант маб­лағларини ажратди. 2019 йилда Япониядан техник   ускуна ва жиҳозлар   келтирила бошланади.   Ўша   йилнинг июнида барча   қурилиш-монтаж ишлари, ускуна ўрнатиш жараёнлари якунига етказилади. Кунчиқар давлатининг Марубени   компанияси томонидан ўқув марказига техник қурилмалар етказиш ва   ўрнатиш ишлари уддаланади.   Бинобарин, айни даврда   мазкур марказ “тетапоя”   бўлмоқда.

Ўқув медиа марказида   қирқ саккиз нафар   тингловчига мўлжалланган иккита   ўқув аудиторияси, эллик   икки тингловчига мўлжалланган телевизион студия, кичик   павильон, режиссёрлик пульт   хонаси, ўқув монтаж   лабораторияси, профессионал монтаж   студияси, овоз ёзиш   студияси, фотостудия, виртуал   телевизион   студияси дохил   ўқув лаборатория   хоналари ,   йигирма тўрт кишилик   фильмлар кўриги хоналари   мавжуд. Бу ерда   тажрибали домлалар ҳаёти   ва фаолияти тўғрисидаги   фильмлар талабаларга намойиш   қилинар экан.

Мазкур марказда медиа   ва телевизион ишлаб   чиқариш технологияларини чуқур   ўрганишга жаҳд этган   университет ҳамда филиаллари,   унга қарашли муассасалар   ходимлари   танлов асосида   ўқитилади. Масофавий таълим   асносида турли-туман кўринишлардаги интерактив, медиа   ўқув манбалари, видеодарслар яратилади.

— Энг асосийси —   талабаларни руҳлантириш хусусиятидир. Ана ўша мақсадда биз   ТАТУ байроғи ва шиорини шакллантирдик, Олий таълим муассасалари орасида биринчи бўлиб ТАТУ “Пресс клуби” очилди.   Яна Австриянинг Клагенфурт университети билан магистрлик дастури йўлга қўйилди. Энг долзарб   йўналишлар бўйича тўртта   янги кафедра ташкил қилинди. “Киберхавфсизлик ва   криминалистика”, “Сунъий интеллект” кафедралари шулар жумласидан, — дейди Бахтиёр Маҳкамов ва   сўзига қўшимча қиладики:   “Дарвоқе, Ўзбекистон-Беларусь қўшма дас­тури бўйича “Ахборот технологиялари   ва дас­турлаш” кафедраси   ҳам очилди.

Наздимизда, ТАТУ қанотларини ёйиб, кўкка   парвоз қилишга шайланаётган улкан қушга   ўхшайди. Ҳазилакам гап эмас   — олийгоҳ “қанотлари остида”   олтита филиал, олтита   лицей ва ўн   тўртта техникум фаолият   кўрсатмоқда.

Алгоритм атамаси боис   Ер юзида довруғ таратган ал-Хоразмий ворисларининг бу кунги жаҳду шижоати бизга кўп   нарсаларни ваъда қилаётгандек. Лаборатория бурчакларидаги турли-туман роботларни, мосламаларни, ускуналарни кўздан кечирар эканмиз бир-биримизга   ворислик масъулияти тўғрисида   сўзладик: ТАТУдан мўъжизалар ифори анқиётгандек гўё. Ҳар ҳолда, ёш ва изланувчан раҳбар катта мақсадларни орзу қилмоқда.

Университетда йўлга қўйилаган таълим жараёнлари, чин дилдан сабоқ олаётган талаба-ёшлар билан суҳбат қуриб, бу маскандаги илғор тажрибалар, иқтидорли ёшлар ҳақида келгуси мақолаларимизда батафсил тўхталишни ният қилдик.

Баҳром Рўзимуҳаммад,

Азизбек Аллабердиев

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 3 =