Задарёда оққан қиз

ёки маҳалла ифтихори Аҳрорбек Ортиқовнинг жасорати ҳақида ҳикоя

Қосимхон ака Акбаров — Мингбулоқнинг иззат-обрўли кишиларидан бири. Қалбида нафақат дўст-биродарларига, балки кўпчиликка бирдек меҳр кўрсатишга одатланган ижодкор. Истеъдодларга ҳавас кўзи очиқ журналист. Давримизнинг илғор ижодкорларидан, туман газеталарининг олд муҳаррирларидан бири. Яқинда у “Hurriyat” газетасига кичкина ахборот юборибди.

“Бу хабар қаҳрамони очерк ёзишга арзийдиган инсон экан, рози бўлсангиз, Наманганга бориб, у киши ҳақида ёзиб келсам” деган таклифни айтдим. Қосимхон ака бажонидил рози бўлди. Кўрдингиз, қаламкашлар ичида ҳам сахийлари бор.

Янги қаҳрамонимни қидириб, Қамчиқ довони ошиб Мингбулоққа бордим. “Чордона” қишлоғи. Аҳрорбек Ортиқов беш йилдан буён ушбу қишлоқ фуқаролар йиғинини бошқарар экан.

Қишлоқ ҳудудидан оқиб ўтувчи “Задарё” катта каналлардан бўлмаса-да, оқими ҳам, чуқурлиги ҳам хавфли. Қишнинг совуқ кунларида канал сувидан юз-қўлни ювишни тасаввур қилган кишининг этлари жунжикиб кетади.

Идорасида ўтирган Аҳрорбекка ўқитувчи аёл қўнғироқ қилиб, Задарё каналига бир қиз тушиб оқиб кетаётганлиги хабарини беради. У етти-саккиз дақиқа чамасида воқеа жойига етиб боради-да, фурсатни бой бермай, ўзини сувга ташлайди. Беҳуш оқиб кетаётган қизни қирғоққа олиб чиқади. Ўқитувчи аёллар қизни қирғоқдан тортиб олишгач, унга ёрдам кўрсатишади. Ажал етмаса, Яратганнинг ўзи сақлар экан. Аллоҳнинг иродаси-ю, Аҳрорбекнинг фавқулодда жасурлиги сабаб, ўн етти ёшли бўйига етиб қолган коллеж ўқувчисининг ҳаёти сақлаб қолинди. Бахтли тасодифни қарангки, қиз оқиб кетаётган ҳудудга бошқа бир касал учун “Тез тиббий ёрдам” гуруҳи чақирилган экан…

Хуллас, ота-онаси ҳали қирқ бешга ҳам кирмаган ўртаҳол бир оила мусибатдан сақлаб қолинди.

Шу воқеадан буён Аҳрорбек Ортиқов номи эл оғзида. “Сой бўйи” ва “Меҳршоҳ” кўчаларини туташтирувчи кўприк Аҳрорбек Ортиқов деган мард ва жасоратли, меҳр ва шафқатли, одамий ва оқибатли эркакни эслатиб турувчи масканга айланибди. Воқеадан хабари бор инсонлар шу жойдан ўтганида, кўз ўнгига беихтиёр Аҳрор Ортиқов келадиган бўлди.

— Ўша куни қор ёғиб, ҳаво ҳарорати анчагина даража совуқ эди, — деди қаҳрамонимиз. — Каналда одам оқиб кетяпти, беш-олти нафар эркакдан бирортаси қутқаришга юраги бетламай турибди. Ғойибдан бир шижоат келиб, ўзимни каналга ташладим. Қирғоқда ўқитувчи аёллар қизни тортиб чиқаришга ёрдам қилишди. Айрим эркаклардан аёллар мардроқми, деб ўйлаб қоласан киши. Тўғри, ҳаммаям жонини ўйлайди, балки улар сузишни билишмас, балки шамоллаб қолишдан қўрққандир. Муҳими, бир оиланинг гулдек қизи ҳаёти сақлаб қолинди…

— Қаҳрамонлик қилиб, аёлингиздан гап эшитгандирсиз? — дея кулиб сўрадим ундан.

— Йўғ-е, аксинча, бир бечоранинг ҳаётини сақлаб қолиб, катта савоб иш қилибсиз, деб у хурсанд бўлди. Мени маҳалла деса, жонини берворадиган кишилигимни яхши билади. Турмуш ўртоғим Ферузахон Туропова — синфдошим. Мактабда ўқитувчи. Икки ўғил, бир қизимиз бор. У ҳам ўқувчи болажонларга жуда меҳрибон.

“Чордона” қишлоғидагиларнинг айтишича, маҳаллада нима гап бўлса, биринчи Аҳрорбек раисга қўнғироқ қилиб ёрдам сўрашар экан. Кун-йигирма тўрт соат телефони ёниқ тураркан. Рақамини ўзгартирмайдиган раҳбар экан. Маҳалланинг ёшу қариси бирдек унга суянишар, унга ишонишар экан.

— Маҳалладагилар отангизни ҳам яхши инсон бўлган дейишди!

— Катта раҳмат. Отам раҳматли колхозда бригадир бўлиб, одамларга фақат яхшилик қиладиган меҳнаткаш инсон эди, — деди у. — Одамларнинг оғирини енгил қиладиган, иссиқ-совуқ кунида ёнида турадиган ишончли киши бўлган. У пайтда ёшлар етакчисини “комсомол секретари” дейишган. Отам комсомол мактабидан чиққанман деб айтиб юрардилар. Комсомоллар ватанпарвар, фидойи бўлган-да.

“Ҳозир ёшлар ҳам бошқача, маҳалладагилар орасида ҳам оқибат кўтарилиб боряпти. Бирор киши автоҳалокатга учраса, бир қултум сув бериш ўрнига уни телефонда суратга олишади. У-бу кимга жўнатишадими-ей! Одамларда, айниқса, ёшларда бошига кулфат тушганларга меҳр-шафқат кўрсатиш ҳисси йўқолиб бормоқда.

Шундай ҳолатлар бўладики, ҳатто воқеани кўрган одам гувоҳлик беришни хоҳламайди. Холис гувоҳлик ҳақиқатни аниқлашга асос бўлади-ку! Орган ходимларида ҳам айб кўп. Гувоҳларни сарсон қилишади”, дея мулоҳазаларини баён қилди Аҳрорбек.

— Маҳаллада ҳаёт шундай, ишлайман деган раисга йигирма тўрт соат иш топилади.

— Ҳа, тўғри айтасиз, мен яшайдиган Тошкентнинг “Кўкча Оқтепа” маҳалласи раиси Собит ака Имомов ҳам маҳалла фидойиларидан. Орденлар олган. Президентимиз назарига тушган раислардан бири. Сизга ҳам унинг йўлини берсин, – дейман унга.

— “Чордона” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида 797 хонадонда 4 минг 652 нафар фуқаро истиқомат қилади. Ишсиз ва камбағаллар саноқли. Оилалар муросали. Маҳалладошлар томорқаларидан унумли фойдаланишади. Ўзим ҳам томорқамга бу йил буғдой экдим. Уч бош қорамолимиз, ўттизта товуқ, олтита куркамиз бор. Мевали дарахтлар парвариш қиламиз, сабзавот экамиз. Хуллас, рўзғорга керакли анча-мунча ноз-неъматлар ўзимиздан чиқади.

— Наманган муҳандислик-педагогика институтини битирганман, — деди у. — Олти йил коллежда дарс бердим. Ўттиз ёшимда маҳалла фуқаролар йиғинига раис бўлдим. Ўшанда нафақат туманда, балки вилоятда ҳам энг ёш раислардан эдим. Мана беш йилдирки, маҳалламиз тинчлиги, ободлиги ва жипслиги учун чин кўнгилдан меҳнат қиляпман. Маҳаллада ечимини топиши керак бўлган масалаларга келсак, улар ҳар куни бор. Сон-саноғи йўқ муаммоларни ечиш кимгадир баланд тоққа чиқишдек оғир кўринар. Менга эса ундай эмас, одамлар оғирини енгил қилиб, ўзим ҳам енгил тортаман, вужудим ҳузурланади. Дилдан хурсанд бўламан. Бу Яратганнинг менга берган неъмати, яхшилик қилиш имконияти дейман. Айрим оғайниларим: “Намунча жон куйдириб ишлайсан, нима, онанг сени меҳнатга туққанми?” деб ўзларича “меҳрибонлик” қилишади. “Шундайман-да!” деб гапни қисқа қиламан. Одамларга яхшилик қилиш – ҳаётим мазмуни.

Ўтган йили ноябрь ойида онамни умра зиёратига юборгандим. Умрага кетаётган онам: “Бирга борсак, яхши бўларди, ўғлим”, деб роса илинганди. Муборак сафардан келганларида, қишлоғимиздагилар байрам қилиб кутиб олишганди. Бундай эътибордан бошимиз кўкка етди.

“Задарё”да оққан қизни қутқарганим учун эса Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев Тошкентга таклиф қилиб, тантанали равишда “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирлади. Пойтахтдан Мингбулоққа Уюшма вакиллари ҳамроҳлигида қайтсам, туман ҳокимимиз Аҳрор Мансуров бошчилигидаги нуронийлар, вилоятимиздаги маҳаллалар фаоллари, ўқитувчилар, ўқувчи ёшлар кўчаларни тўлдириб, гулдасталар билан қаҳрамонлардек кутиб олишди. Ўзимни гўё онам билан Маккаю Мадина зиёратидан келгандек ҳис қилдим…

Аммо каналда оқиб бораётган бир қизни қутқариб қолганим учун билдирилаётган кўпдан-кўп илтифот ва эътиборлардан ҳижолатдаман. Негаки, бу ишни мен бирор бир тақдирлов ёки мақтов учун қилганим йўқ. Бундай нарсалар ҳаёлимга ҳам келган эмас. Мана сиз ҳам газетага шу ҳақда ёзаман деяпсиз. Ошиқча камтарликка йўймангу, бироқ шарт эмас эди. Ахир, ҳар қандай одам қўлидан келса, яхшилик қилиши керак-ку, – деди у самимий, лекин жиддий холда.

Бу навқирон инсоннинг фазилати, камтарлиги чиндан ҳам мақтовга арзишини хис қилдим. Эҳтимол, шунинг учун ҳам фидойи ва жонкуяр маҳалла раиси билан суҳбатимиз ҳудди аввалдан бир-биримизни яхши билган қадрдонлардек мароқли кечгандир? У билан хайрлашар чоғи ҳазиллашиб: “Худо кўрсатмасин, яна кимдир сувда оқиб кетаётган бўлса, қутқарасизми?” деб сўрадим. У жилмайиб:

— Ўйлаб ҳам ўтирмай, албатта, қутқарган бўлардим, – деди.

Аҳрорбек ука! Сиздай мард йигитни дунёга келтирган онангизга раҳмат! Оламдан ўтганидан кейин ҳам ортидан раҳматлар бориб турадиган отангизга қуллуқ!

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

публицист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

4 + two =