Қулайлик

Юртимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ишлар қаторида тиббиёт тармоғида ҳам қатор ижобий ишлар рўёбга чиқариб келинмоқда. Хусусан,  кейинги пайтларда “Тез тиббий ёрдам” хизматини такомиллаштиришга оид ҳукуматимиз томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, соҳага катта эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2022 йил 16 июндаги “Аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори бу йўналишда дастуриламал бўлаётир.

Мазкур қарор ижроси доирасида Самарқанд вилоятининг Қўшработ, Пайариқ ва Самарқанд туманларида “Тез тиббий ёрдам” хизмати бинолари учун жами 4 миллиард сўмга яқин маблағ сарфлангани фикримизга далилдир. Натижада ҳудудларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати тубдан яхшиланди.

Жумладан, Қўшработ туманида 1 миллиард 360 миллион сўмлик ишлар бажарилиб, натижада 142 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатиш сифати тубдан яхшиланди. Пайариқ туманида ҳам “Тез тиббий ёрдам” хизмати биноси қурилишига 1 миллиард 100 миллион сўм йўналтирилиб, ходимлар ва беморлар учун барча зарур қулайликлар яратилди. Табиийки, ҳудудда яшовчи 273 минг нафар аҳоли бундан мамнун. Самарқанд тумани “Тез тиббий ёрдам” биносида 1 миллиард 350 миллион сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди. Ҳозир бу ерда тумандаги 272 минг нафар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит мавжуд.

Куни кеча мазкур муассасаларга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Республика тез тиббий ёрдам маркази томонидан замонавий “Volkswagen Caddy” автомашиналари топширилди.

Демак, бир замонлардагидек алмисоқдан қолган “тез ёрдам” машиналари ўрнига, замонавий, барча тиббий жиҳозларга эга техникалар соҳага жалб қилинаётганининг ўзи катта қулайлик муҳайё этилаётганидан далолат беради.

Убайдулло ХЎЖАНИЁЗОВ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

12 − two =