Беморнинг соғайиши — шифокорга куч беради

бу мингбулоқлик шифокор Улуғбек Мусаевнинг сўзлари

Ўтган йили Улуғбек Мусаевнинг ҳаётида унутилмас воқеалар кўп бўлди. Соғлиқни сақлаш тизимини халқаро андозалар асосида ривожлантириш, соҳада туб ислоҳотлар ва муҳим дастурларни муваффақиятли амалга ошириш борасидаги катта хизматлари, ўзининг фидокорона меҳнати, юқори касб маҳорати ҳамда ибратли фаолияти, ҳаётдаги фаол иштироки учун Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан кўксини “Шуҳрат” медали безади. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сайланди. Меҳнатобод қишлоғи марказида барпо этган “Ватанпарварлар хиёбони” кўпчилик эътирофига сазовор бўлди…

Етмишинчи йиллари Мингбулоқнинг Меҳнатобод қишлоғида туман марказий шифохонасининг асаб касалликлари бўлими бўларди. “Гигант” жамоа хўжалиги бошқаруви собиқ раиси Абдусалом Ғофуров касалхонани иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турган. Колхозлар тугатилгач, шифохона мададсиз қолди. Бош врач Ҳамидулла Эргашев турли раҳбарлардан ёрдам сўраб чарчади. Топган-тутганини бинони таъмирлашга сарфлади. Четдан кўмак ололмади. Ерлар шўрхоқ бўлганлиги сабабли деворлар ва ҳатто пойдеворлар нураб, полнинг тахталари чириб, охири сақлашнинг иложини қилолмайдиган даражага келди. Орзу-мақсадлари ушалмаган врач Ҳамидулла Эргашев бевақт оламдан ўтди. Ҳолат янада оғирлаша бошлади.

2019 йили шифохона биноси тендер савдосига қўйилди. Маҳаллий врач Улуғбек Мусаевнинг қўли баланд келди. Касбига садоқатли, изланувчан, ташкилотчи ва ташаббускор врач “MED Layt” МЧЖ хусусий клиникасини таъсис этиб, ишга астойдил киришди. “Ҳамкорбанк”дан кредит олди. Ўзи ҳам инвестиция киритди. Пастқам, кўримсиз бинолар ўрнида замонавийлари пайдо бўлди.

Германия ва Хитой давлатларида ишлаб чиқарилган тиббиёт асбоб-анжомлари харид қилиб олинди. Қонни биохимик таҳлил қилиш кўп вақтни оларди. Бундай таҳлилни эндиликда узоқ шаҳарларга бормасдан, шу ернинг ўзида қилиш мумкин. Замонавий жиҳозлар келтирилгач, тиббий хизмат сифати ва самарадорлиги ортди. Ҳозир бу шифо масканида кўп йиллик тажрибага эга Манзура Мадярова, Нилуфар Юлдашева, Раънохон Турдиева, Муқаддас Имомова, Дилдора Собирова, Юрсиной Саидова каби шифокорлар бутун меҳрини бахшида этган ҳолда ишлашмоқда.

— Врач Эгамберди Тўйлибоевнинг қўллари дард кўрмасин, — деди Янгиқўрғон туманидан келган бемор Абдурашид Раимов. — Палатага қандай ҳолатда ётқизишганини эслолмайдиган аҳволда келгандим. Кўриб турибсиз, беш кунда оёққа турдим.

Поплик бемор Ҳамид Қодиров эса замонавий ускуналар ёрдамида уқаловчи Элёрбек Зокиров билан Гулсара Ҳасановаларнинг беморларга ширинсўзлиги ва меҳрибонликларидан чексиз мамнунлигини изҳор қилди. Сайёра Мамадалиева билан Наргиза Мирзаҳмедовалар ҳақида ҳам илиқ сўзлар эшитдик: “Қушда тиним бўлади-ю, бу қизларда тиним йўқ экан”.

— Беморларга уч маҳал иссиқ овқат берилиши ҳаммамизга манзур бўл­япти, — деди гуртепалик бемор Абдураҳим Маматқўзиев. — Ошхона овқатлари унча-мунча ресторанларникидан қолишмайди. Бунинг учун ошпазлар Улуғбек Ҳасанов, Шокиржон Маматқулов, Шоира Мелибоеваларга минг раҳмат!

Шифохонада малакали невролог, терапевт, физиотерапевт, кардиолог, гинеколог каби врачлар беморлар хизматида. Беморлар учун 100 та ўрин мавжуд бўлиб, хоналарда барча шарт-шароитлар мужассам.

Қум билан даволаш йўлга қўйилган. Энди шифобахш шўрсув билан даволашни жорий этиш чоралари кўрилмоқда.

Тиббий хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш учун яна қатор лойиҳалар амалга оширилди. Замонавий ошхона қурилди. Бу ерда беморларни кўриш учун келган кишиларга ҳам хизмат кўрсатиш режалаштирилган. Ошхонада 2 кишиликдан 20 кишиликкача мўлжалланган турли ўлчамдаги хоналар улар хизматида.

Яна бир янгилик. Шифо излаб нафақат қўшни вилоятлар, ҳатто Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан ҳам беморлар келишаётганини инобатга олиб, ҳудудда 12 та коттеж қуриш лойиҳалари ишлаб чиқилди. Уларда оилавий дам олиш ва даволаниш шароитлари яратилади.

Шифохона ҳовлиси яшиллигини кўпайтириш мақсадида бир ярим минг тупдан ортиқ ноёб гул ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди. Ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари тўхтовсиз давом эттирилмоқда. 60 хилдан зиёд ноёб жониворлардан иборат мўъжазгина зоопарк ташкил этилган. Бу беморлар ҳамда уларни йўқлаб келувчи кишилар учун айни муддао бўлди.

Шифохона биноси туман марказидан 8 километр олисда. Бу турли узоқдан келувчи кишиларга ноқулайлик туғдирарди. Уларга енгиллик яратиш мақсадида туман маркази — Жомашўй шаҳарчасида ҳам шифохонанинг замонавий меъморий талаблар даражасидаги янги биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Беморлар учун барча зарурий шарт-шароитлар муҳайё этилган. Яна қўшимча бинолар қуриш давом эттирилмоқда.

— Шифокор бўлганимга, ҳам врач, ҳам табиб сифатида халқимиз хизматини қилаётганимга шукроналар келтираман, — деди олий тоифали врач, тиббиёт фахрийси Эргашали Мусаев. — Ўғлим Улуғбек ҳам менинг изимдан бориб, касбимни эгаллади. Бизнинг даврларда шароитлар соддароқ эди. Ҳозирги шифокорларга ривожланган хориж давлатларидагидек қулай шароитлар яратилган, ривожланган чет давлатларнинг тиббиёт анжомларидан фойдаланган ҳолда фаолият юритаётганликлари катта бахт, катта имконият.

…Алламаҳалда тишингиз оғриганми? Нақадар азоб-а? Қулоғингиз оғриса, қанчалар қийналасиз. Юрак, ошқозон ва бошқа органлар хасталиги ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Қаеринг оғриса, жонинг ўша жойдадек туюлавераркан. Дарддан халос бўлгунча ўзингизни қаерга қўйишни билмай қоласиз.

Бундай оғриқ ва изтиробларни ўтказаётган дамларда шифокорга шунчалик кучли эҳтиёж сезасизки… Безовта қилаётган дарддан тезроқ қутулиш учун нажот қидирасиз. Доктор ҳузурига тезроқ борсам дейсиз!

— Дарднинг оғир-енгили бўлмайди, буни болалигимда яқинларим хасталикка чалиниб, қанчалар азоб тортишганида билганман. Врач бўлишни уларни кўриб орзу қилганман. Беморим келса, касбий билимимни аямай ёрдам бериш мен учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Ҳар бир беморнинг соғайиши катта ютуқ деб ҳисоблайман.

Улуғбек Мусаевнинг бу сўзлари унинг ўз касбини жуда яхши кўришидан далолат.

Тиббиётда касбий маҳорат муттасил равишда ошириб борилиши зарур. Улуғбек Мусаев 2014 йили Хитойда шифокорларнинг бир ой давом этган халқаро конференциясида фаол қатнашиб, сертификат билан қайтди.

Қосимжон АКБАРОВ,

“Мингбулоқ” газетаси

бош муҳаррири.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − twelve =