Тоға ва жиян
Давра ҳам совиди, қишлоқ гурунглари бурунги тароватини йўқотиб, ғийбату ҳасратдан иборат бўлиб қолибди. Олдинги донишманд кексалар йўқ-да, дунё кўрган, иссиқ-совуқни ўтказган… Уларнинг гурунглари ўзгача салобатли, маъно-мазмунга тўла бўларди. Шуларни хаёлдан ўтказар экан, беихтиёр “Битта кекса менми? Ҳалиям “гул”лардан кўз узолмайсан, пора оласан?!” деб аччиқ киноя қилди-да, ичида кулиб қўйди. Болалик манзиллари уни покдомон кунларига қайтарган, ўзини аямасди. Ўша боболар “Дунё юзага чиқади, ҳамма ҳою ҳаваснинг орқасидан чопади…” дегувчи эди, ўша кунлар келди, чамаси.
Олтмишдан “этаги тегмай” сакраб ўтган домла шахт ўрнидан турди-да, юзига фотиҳа тортиб, даврани тарк этди. Уй эгаси мулозамат қилиб ўтирмади, унинг ўрни ҳам эмас эди, вақт алламаҳал бўлган, кўплар бир уйқуни урган эди. Ташқари мусаффо ва ҳаво енгил эди, бир ҳовли ўтиб, қўноқ уйига етиб келди. Домла Тошкентда ишлайди, тўй-маъракаларни канда қилмай, қишлоққа келиб туради. Бугун ҳам ён қўшни — жияннинг келин тушириш тўйи бошланди, ҳовли эгалари ҳамма жовва ўшақда.
Атроф осуда, фақат ҳовли тўридаги хонанинг чироғи ўчмаган, ғала-ғовур эшитиларди. Жўн бир қизиқиш билан ўша томон юрди, хижолатпазлик бўлмасин деб, дераза орқали мўралади. Ўн чоғли ўсмирлар — набиранинг синфдошлари бўлса керак, давра бўлиб уюшган, ўйиннинг завқидан борлиқни унутиб, қарта уришарди. Ички қизиқиш билан домла бир зум туриб қолди ва болаларнинг болохонадор гап-сўзлари қулоғига чалинди, улар бир-бирини масхара қилар, сўкинар, туртишар, хуллас, давра пана-пастқамда кун кўрувчи “қора шарпа”лар машваратидан фарқ қилмасди. Азбаройи бурч (у ёшларга маърузалар ўқийди ва келажак учун ўзини масъуллардан деб билади) тақозоси билан бу салбий ҳолатдан кўз юмишни хиёнат деб билди, ҳам ўз салоҳиятини намойиш этишни истади, зулматни маърифат нури билан чароғон қилиш ниятида аста томоқ қирди. Давра эҳтиросга берилганиданми, бу зариф шарпага парво ҳам қилмади, балки эшитмади. “Қишлоқ болаларининг юзи ҳам қотиб кетибди”, ўйлади пойтахтлик воиз, сўнг дадил бўлишга интилиб:
— Ҳорманглар, йигитлар, — деди. Давра бир қалқиди-да, яна жойига тушди. Чала-ярим “Салом, асс…, келинг” деган сўзлар эшитилди, аммо ўйин тўхтамади, аксинча, текин томошабин пайдо бўлганидан илҳом олган ўсмирлар яна ҳам авжни баландроқ олди. Бунақасини кутмаган домла бир оз ўнғайсизланди, аммо чекинишни орияти рад этди ҳамда салмоқли оҳангда, бир оз ён бериб:
— Дам олаяпсизларми? — деди мулзам ва беихтиёр: — Китоб ҳам ўқиладими? — деб юборди.
Даврада масхараомуз енгил кулги кўтарилди. Домла қизарди, аммо қоронғида бу кўринмади.
Шовқин авжидан тушмас, ҳеч ким пинагини бузмасди. Домла зарбани кучайтирмоқчи бўлди, бевосита мавжуд аҳволдан келиб чиқиб, бир оз ўдағайлаб:
— Қарта ўйин қимордай гап, яхши эмас, — деди.
— Э, — деди худди “кўз борми?” дегандек қилиб бир бола тўрроқдан, у, чамаси, даврабоши эди, — биза шунчаки ўйин ўйнаяпмиз… нимаси ёмон экан?
— Бундан кўра китоб ўқиб, дарслар юзасидан гаплашсанглар бўлмайдими? — домла ўзининг далиллари қони жўшиб турган бу ўсмирлар қаршисида тош босмаётганини сеза бошлади. Уларнинг юзи эмас, қулоғи ҳам қотиб қолгандек эди.
— Биза ҳозир дам олаяпмиз. Дам олишга ҳақимиз борми?
Ҳамма кулиб юборди. Бу яна ўша бола эди, бўйнини чўзиб гапирарди.
— Сен жуда ақллига ўхшайсан, кимнинг ўғлисан? Бу ёққа чиқ! — домла кутилмаган вазиятдан ўзини йўқотди, беихтиёр худди дарс тайёрламаган болани доскага чорлаган ўқитувчи йўлини тутди-ю, давомидан нима қилишни ўйлаб ўтирмади. Дўқ қилсам, бола писиб, жойида ўтириб қолади, деб кутганди. Аксинча, “даврабоши” даст ўрнидан турди-да, айланиб, домланинг қаршисида пайдо бўлди.
— Мана, нима қиласиз?
(Кейинроқ шу ҳолатни синф раҳбарига айтиб берди, муаллим “Калла қўйиб олмадими?” деди бепарво илжайиб. Ўқитувчилар аллақачон ўқувчидан мушт ейишга ўрганиб қолганди чоғи). Боланинг киприги ҳам қилт этмас, чўчиш, қўрқишдан асар ҳам йўқ эди. Домла бутунлай каловланди. Аранг ўзини қўлга олиб:
— Мен сизлар келажакда яхши одам бўлинглар, деб айтаяпман. Кап-катта йигитлар экансизлар, нима қилишни ўзларинг биласизлар, — дея олди. Катта одамнинг овози қалтираб чиқиши ўсмирларга таъсир қилди, шекилли, даврага жимлик чўкди. Фурсатдан фойдаланиб, домла кўзир картасини очди: — Қуръондан кейинги асосий қўлланмани ёзган юртдошимиз Имом Бухорий “Илмдан ўзга нажот йўқ ва бўлмайди ҳам” деганлар.
Ҳамма жимиб қолганди, бирдан чийиллаган овоз сукунатни бузди:
— Қуръонни Имом Бухорий ёзмаган…
Бу мезбон жияннинг ўғли “жиянча” эди. Домланинг қаттиқ жаҳли чиқди. Бола яхши эшитмай, айнан дин тарихидан маъруза ўқийдиган устозни саводсизликда айблаётганди. Бир оз мувозанатини йўқотган домла:
— Сен менга танбеҳ бераяпсанми? Мен шундай дедимми?
Энди мунозаранинг мавриди ўтган эди. Домла агар сеҳргар бўлса ҳам бир-икки танбеҳ билан давранинг кайфиятини яхши томонга буриб юбора олмаслигини тушунди ва муроса йўлига ўтиб, йиғламсирагандек “Болаларим…” деб бошлаб, барибир панд-насиҳат қилди, ҳовуридан тушгач, деразадан узоқлашди. Халқ ўз тилида “шантаж” деб ном қўйиб олган усул билан жиянча уни “нокаут” қилган эди. Домла кетгач ҳам ўйин ўша алпозда давом этди, чамаси; анча вақтгача шовқин тинмай турди. Ўсмирлар қачон тарқалгани номаълум, домла ғуссага ботиб, аламзада уйқу асирига айланган эди.
Эрталаб жиянчани ҳузурига чақиртирди, у ғолибона кириб келди, гўё ўринсиз ҳақорат эшитган одамдек тўрсайиб турди. Домла унинг кўнглини овлашга уринди, яхши гаплардан гапирди, охирида ўзининг “Имом Бухорий — муҳаддис” деб номланган рисоласини сумкасидан чиқариб берди. Бу билан “Мен Қуръоннинг илоҳий китоб эканини, Имом Бухорийнинг эса пайғамбаримизнинг шариатларини тўплаганини жуда яхши биламан” демоқчи бўлди.
— Бу китобни яхшилаб ўқи. Келгуси сафар келганимда сўрайман, — деди таъкидлаб. Жиянча миқ этмай, хомушлиги ҳам тарқалмай чиқиб кетди.
Уч ой ўтиб, домла яна қишлоққа сўнгги қўнғироқ тадбирига келди. Жиянчани чақириб, “Китобимни ўқидингми?” деди. “Ўқимадим” деди бола сурбетларча. “Китобни қайтар!” деди зарда билан домла. Ҳаял ўтмай, китоб қўлига тегди. Домла қайрилиб кўчага чиқди ва… китобини юзига босиб, йиғлаб юборди.
Ҳаким САТТОРИЙ