Иқтисоди бақувват газета

ёхуд таҳририят ва муассис ҳамкорлигининг Бешариқ туман тажрибаси

Бешариқ тумани ҳокими Расулжон Жўраев Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Фарғона вилоят ҳокимлигининг “Фахрий ёрлиғи” билан тақдирланди. Хўш, ҳоким қандай хизматлар қилдики, уни бу қадар эъзозлашмоқда?

Келаси 2026 йилда Бешариқ тумани ташкил топганига юз йил тўлади. Ҳозир туманда 247 минг аҳоли истиқомат қилмоқда. Туман вилоят марказидан 130 км узоқликда Тожикистон Республикаси билан чегарадош.

Бешариқда сўнгги йилларда барча соҳаларда ўсиш рўй берди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2020 йилдаги 622,16 млрд сўмдан 2024 йилда 1 триллион 442 миллиард сўмга, ёки 229 фоизга ортди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми эса 2020 йилдаги 1 триллион 414 млрд сўмликдан 2024 йилда 2 триллион 917 млрд сўмликка ёки, 201 фоизга ўсди.

Бешариқда ишлаб чиқарилаётган саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг 22 та мамлакатига экспорт қилинмоқда.

Маҳсулот ҳажми ва сифати жиҳатидан мамлакатда етакчи бўлган цемент ишлаб чиқарувчи “Ясин қурилиш моллари” Ўзбекистон — Хитой корхонаси ҳам Бешариқда жойлашган. У 2024 йилнинг ўзида 1,1 млн тонна юқори сифатли цемент етказиб берди. Корхонада 200 млн доллардан зиёд хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, 600 та янги ишчи ўрни яратилди. Унинг ўзи ўтган йили 645 млрд сўмлик товар айланмасига эришди.

Ўзбекистон паррандачилиги байроқдорларидан бири — “Водий наслли парранда” фермер хўжалиги ҳам Бешариқда. Бу ерда 500 минг бош товуқ боқиляпти.

2024 йилда у халқ дастурхонига 58,4 миллион дона юқори сифатли тухум ва 100 тоннадан ортиқ парҳез гўшти етказиб берди. Европанинг энг илғор парранда боқиш ва тухум олиш технологияси келтирилиб ўрнатилган цехларга. 6 қаватли товуқхонани, аслида, бир неча юқори малакали мутахассис — операторлар бошқаради.

Туманда кичик ва ўрта бизнес субъектлари ҳам ривожланган. Шерзоджон Эркабоев бошчилигидаги “SHERWOOD DIZAYN” МЧЖ мебелсозлик, металлургия ва темирчилик, қурилиш ва таълим тизимлари ҳамда тикувчилик соҳасидаги корхоналарида жами 650 дан зиёд ёшлар, аёллар ишламоқда. Улар томонидан ўтган йили 7 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Ёки “TRUST AGRO” мевани қайта ишлаш оилавий корхонасини олайлик. Жами 10 млрд сўм банк кредити ва ўз маблағига лойиҳа амалга оширилди ва 50 та доимий, 200 та касаначи ҳамда мавсумий иш ўрни яратилди. Маҳсулот юз фоиз чет элга экспорт қилинади. Эътибор қилинг, Бешариқдаги биргина шу оилавий корхона 2024 йилда 3 млн долларлик маҳсулот экспорт қилди.

Ёки Бешариқ тиббиёт туризми авж олиб ривожланмоқда. Туманда 37 та ихтисослашган тиббий даволаш клиникалари мавжуд. Улар замонавий тиббий жиҳозлар ҳамда юқори малакали шифокорларга эгалиги учун ҳам водий ҳамда қўшни Тожикистон ва Қирғизистондан ҳам келиб даволанаётган беморларга хизмат кўрсатмоқда.

Хуллас, санаб адоғига етиш қийин муваффақиятли лойиҳаларни. Биз туманда пахтани қайта ишлаш корхонасидан ташқари иккита дон комбинатлари борлиги, минг гектар майдонда қуёш панеллари ўрнатиб муқобил энергия олиш, Тожикистон билан чегарада эркин халқаро бозор қурилаётгани, минг гектарлик Сариқамиш кўли атрофида 15 млрд сўм маблағ эвазига экотуризм тармоғи барпо этилаётгани ҳақидаги тафсилотларга тўхталмадик.

— Бешариқ туманида тадбиркорлик ҳам, қишлоқ хўжалиги ҳам шундай даражага етибдики, биз Наманган вилояти журналистлари улар ҳақида очерк ёзишга қарор қилдик, — дейди “Наманган ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Акрамжон Сатторов.

Йўқ, Фарғона вилоят ҳокими ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Бешариқ тумани ҳокимини “Фахрий ёрлиқ” билан юқоридаги ютуқлари учун тақдирламади.

Ҳар икки “Фахрий ёрлиқ”да ҳам “Ҳокимлик муассислигидаги газета фаолиятини намунали йўлга қўйгани, муассислик мажбуриятларини тўлиқ адо этаётгани, “Бешариқ тонги” газетаси ходимлари ва тумандаги журналистларни доимо қўллаб-қувватлаётгани учун” деган сўзлар бор. Гап шундаки, Бешариқ тумани ҳокимлиги муассислигидаги “Бешариқ тонги” газетаси сўнгги бир неча йиллардан буён 5-7 минг нусхада чоп этилади. Унинг саҳифаларидаги таҳлилий мақолаларни кутиб ўқийдиган ўз мухлислари шаклланган. “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Собиржон Темиров бошчилигидаги аҳил ижодий жамоа муассис — туман ҳокимлиги ҳамкорлигида фаолият кўрсатади. Газетада чоп этилган ҳар бир танқидий-таҳлилий мақола ҳокимлик соатида муҳокама қилинади ва тегишли чоралар кўрилади. Яна бир жиҳат шундаки, муассис билан келишилган ҳолда обунани таҳририятнинг ўзи ташкил этади ва ўқувчига газетани ўз транспорт воситасида у чоп этилган куниёқ етказиб беради. Бунинг учун ҳайдовчи — тарқатувчи иш ўрни очилган. Ўтган 2024 йилда эса таҳририят обунадан, яъни ўзи ишлаб топган соф фойдаси ҳисобидан эски бино ўрнида янги бинони қуриб ишга туширди.

— Газетачиликнинг нуфузи камайган, туман газеталари ёпилиб кетаётган бир пайтда “Бешариқ тонги” газетасининг бугунги фаолияти барча босма нашрларга ибрат бўла олади, — деди “Янги Ўзбекистон” газетасининг Фарғона вилоятидаги мухбири Расулжон Камолов. — Газета ўзи ишлаб топган даромад ҳисобидан ўзи учун янги бино қурган, моддий техник базасини мустаҳкамлаган. Албатта, бундан ибрат олиш керак.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари босма нашрлари муҳаррирлари учун “Бешариқ тонги” газетаси таҳририятига уюштирган медиатурда ҳамкасблар ўзаро тажриба алмашдилар.

Фарғона, Андижон ва наманганлик журналистлар иштирок этган ушбу тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов ҳам иштирок этиб, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида соҳамизга қаратилаётган алоҳида эътибор, айни кунда босма нашрларнинг миллий медиа майдонимизда тутган ўрни,  “Бешариқ тонги” газетаси тажрибаси ва уни оммалаштириш хусусида сўз юритди.

Шунингдек, Уюшма раиси в.б. бир гуруҳ ижодкорлар ва журналистлар билан биргаликда рамзий “Дўстлик стеласи”ни бориб кўришди.

— Ўзи кичик таҳририят, лекин шинам, ҳатто муҳташам деса ҳам бўлади, янги бинога эга бўлибди туман газетаси. Бу туман ҳокимлиги, Бешариқ халқининг матбуотга муносабатини кўрсатиб турибди, — деди Акрамжон Сатторов. — “Бешариқ тонги” газетаси тажрибасидан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп экан.

Шундан сўнг таҳририят ҳудудида “Журналистлар боғи”га асос солинди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва водий вилоятлари етакчи босма нашрлари вакиллари бу ерга ўзларининг номларига бириктирилган дарахт кўчатларини экдилар.

Давра суҳбати, қизғин савол-жавоблар муассис — туман ҳокимлигида давом этди. Бешариқ тумани ҳокими Расулжон Жўраевга Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Фарғона вилояти ҳокимлигининг “Фахрий ёрлиқ”лари тантанали равишда топширилди. Бундай эътироф, аввало, муассиснинг “Бешариқ тонги” газетаси таҳририятини ҳар жиҳатдан ва узлуксиз қўллаб-қувватлаб, сўз, матбуот эркинлиги талабларига оғишмай риоя этиб келаётгани учун эди.

— Замон талабларидан келиб чиқиб, газетанинг электрон шаклини ишга туширамиз. Ҳокимлик ахборот хизматидаги медиа гуруҳни таҳририят билан бирлаштириб, видеоконтентларни кўпайтиришга урғу берамиз, — деди туман ҳокими.

Биргина Фарғона вилоятида Учкўприк, Бағдод, Олтиариқ каби туман ва Қўқон шаҳар ҳокимлиги муассислигидаги газеталар чиқмай қолган бир пайтда Бешариқ тажрибасидан фойдаланиш жоиз эмасми?

Муҳаммаджон ОБИДОВ.

Суратларда: медиатурдан лавҳалар.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

six + eleven =