Саодат илму ҳунардадир

дейди касбидан бахт, умридан барака топган марғилонлик Абдувоҳид ЖЎРАБОЕВ

Яхшиямки, бахтимизга китоб ўқимаса, газета варақламаса тура олмайдиган фазилатли кишилар бор. Гарчи ўзи ахборот технологиялари соҳаси мутахассиси, техника фанлари номзоди бўлса-да, Саид ака Сиддиқов хотира қуввати кучли, зиёли инсонлар тоифасидан.

У давраларда ўқиган асарларини, кўрган-кечирган ибратли воқеаларини эринмай сўзлаб,  маънавият улашиб чарчамайдиган самимий нуронийдир.

Саид ака “Hurriyat” газетасининг ҳам содиқ мухлисларидан бири. Газетани ўқиб, фикр билдириб туради. У олтмиш йиллик қадрдон дўсти Абдувоҳид Жўрабоевнинг мамлакатимиз алоқа ва ахборот технологиялари тизими тараққиётидаги хизматлари, унинг инсонийлик фазилатлари ҳақида ёзиш таклифи билан таҳририятга келди.

Саид ака Сиддиқовнинг эътирофича, касбдош дўсти Абдувоҳид ­Жўрабоев Марғилон шаҳри, Фарғона вилояти, республика алоқа тармоқларида фидойилик кўрсатиб, бахт-саодат, қадр-қиммат топган, иқболи кулган инсонлардан бири экан.

Фарғонага ижодий сафарга борганимда, Абдувоҳид ака ҳақида ёзмоқ ниятида унинг болаликдан  дўсти Маҳкам ака Қозоқов билан учрашдим.

– Абдувоҳид билан Марғилондаги 7-сонли мактабда бир синфда ўқиганмиз, – деб сўз бошлади Маҳкам ака. – Математика, физика фанидан аълочиликда унга ҳеч биримиз тенг кела олмасдик. Дадаси Ҳошимжон тоға раҳматли Марғилонда таниқли косиблардан бўлган. Кўнчилик қилиб тери ошларди. Этик,  ковуш,  маҳси тикарди. “Дўстлик отадан мерос қолади” деган яхши гап бор. Жўрабой тоға билан дадам яқин дўст эди. Мактабдан келиб, оталаримиз ёнига бориб косибчилик қилардик. Мол, қўй, эчки, ҳатто илон териларини ҳам ошлашни ўрганганмиз.

Маҳкам аканинг таъбирича, дўсти эҳсони кучли, саховатли инсон.

– Инсон бўлса, Абдувоҳиддек умр кўрса, у кишидек  қарилик гаштини сурса, – деди Маҳкам ака. – Қариндош-уруғларга силаи раҳмли,  қўни-қўшниларга, дўсту ёрларга оқибатли. Марғилон аҳли уни жуда ҳурмат қилади. Камтарга камол, дейдилар. У киши камтарлиги билан камол топган.  Ҳар ойда нуроний оқсоқоллар учрашиб турамиз. Абдувоҳид ҳожи Тошкентдан келиб, даврамизга файз киритади. Доимо болаларга билим бериш, китоб ўқитиш кераклиги ҳақида гапиради. Билимли одамнинг ризқини Аллоҳ баракали қилади, дейди.

Абдувоҳид Жўрабоевнинг шогирдларидан бири Муродил Маҳмудов билан Тошлоқ тумани ҳокимияти биносида учрашдик.

– Абдувоҳид ака отамдек улуғ бўлиб қолган устозим, – дея  хотираларини сўзлай бошлади у. – Ҳар куни ишга келгач, аввал соғлиғимизни, оиламиздаги аҳволни сўрарди, кейин ишга ўтарди. Ёшларга иш ўргатишга унингдек талабчан ва меҳрибон инсонни учратмадим. Аввало, бизларга бажарса бўладиган вазифаларни берарди. Топшириқларининг ижросини текшириб кўрмасдан хотиржам бўлолмасди.

Шогирдининг дил сўзларини тинглаб, Абдувоҳид ака алоқачилар бахти учун яралган экан, деган фикрга келдим. Марғилон шаҳар алоқа бўлими, Фарғона вилояти алоқа бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси алоқа вазири вазифаларида ишлаганида соҳа тараққиётига қўшган ҳиссаси катта бўлган. Ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги фазилати билан ҳурмат қозонган.

Тошкентдаги алоқа институти талабалари ётоқхоналарига китоб жавонлари,  стол-стуллар,  тумбочкалар олиб бориб берарди. Вилоятимиздан бориб институтда ўқиётган талабалар билан тўкин дастурхон атрофида учрашувлар ўтказиш, аълочиларга пул мукофотлари бериш ҳам Абдувоҳид Жўрабоев ташаббуси бўлган.

– Оддий колхозчи оиласида туғилганман, – деди Муродил ака. – Устознинг назарига тушиб, малакали мутахассис бўлдим. Фарзандларимни ўқитишда, уларни уйли-жойли қилишда ҳам устоз оиламизга беминнат мурувват кўрсатган.

Устози Фаёз Файзиевга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишда ҳам Абдувоҳид акага ҳавас қилсак арзир экан. Фаёз Файзиевни кучли мутахассис сифатида кекса алоқачилар яхши эслайди.  Устозининг икки ўғли ҳам оламдан ўтгач, қизлари эса узоқ юртларга турмушга чиқиб кетгач, турмуш ўртоғи Тамара опа ёлғиз қолади. Тамара опанинг иссиқ-совуғидан, озиқ-овқатидан хабар олиб турган.

Абдувоҳид ака билан суҳбатлар давомида эшитганларимдан шундай хулосага келдимки, у бирор сўзни беҳуда ишлатмайдиган, кўрган-кечирган ибратли воқеалардан қисқа гапириб ҳайратингизни оширадиган иқтидорли инсон экан.

Ундан  ўз касбига қандай меҳр қўйгани ҳақида сўрадим.

– Асли этикдўз косиблар авлодиданман, – деди у. – Раҳматли ­Жўрабой дадам Марғилонда номи чиққан этикдўз бўлган. У киши оқибатли, хушмуомала, сертакаллуф инсон эди. Болалигимдан доим ёнларида юриб, инсонийликни, косиблик касбини ўргандим. Мактабни битиргач, институтга ўқишга кирдим. Аввалига ўқишимга унчалик рўйхуш бермадилар. Чунки косиблик сирларини ўрганиб бораётгандим. Дадам устозидан (маҳаллий аҳоли устозни уста деб айтади) оқ фотиҳа олиб бериш учун Абдурайим тоға (уни биз “хўжайин тоға” дердик) ҳузурига бошлаб борди.  Устазода шаҳарда ҳамма таниб, ҳурмат-эҳтиром қиладиган, ўз касбининг пири комили эди. Тошкент электротехника институтига ўқишга кирганимни, дуо олиш учун келганимни  айтдим.

“Ўқиб унгин, илоҳо, министр бўлгин”, деб  дуо қилдилар.

…Ўқишни битириб, электр алоқа муҳандиси дипломини олиб, Марғилон шаҳар алоқа бўлимида иш бошладим. У даврларда хонадонга телефон ўрнатиш жиддий муаммо эди. 180 мингга яқин аҳоли яшайдиган Марғилон шаҳри телефон тармоғида бор-йўғи уч мингта сиғим бор эди. Телефон рақами олиш учун ҳар куни юзлаб мижозлар идорамизга келиб, жанжал кўтаришарди. Ойлик маошим косибникидан икки-уч баравар кам бўлса,  бошимни оғритиб нима қиламан, тинчгина косибчилигимни қилаверай, деб дадамга дардимни айтдим. Дадам раҳматли сабр-қаноатли бўлиб ишимни давом эттиришимни қатъий тайинлади. Вазифамга янгидан шижоат билан киришиб кетдим. Қисқа муддатда шаҳар телефон тармоғини 12 минг сиғимга етказиб, аҳоли талабини қондиришга эришдик. Ишчи-хизматчилар кучи билан икки қаватли алоқа биноларини қурдик.

– Мустақилликнинг дастлабки йиллари мамлакатимиз алоқа тизимига оптик толали кабеллар олиб кирилишида сизнинг алоҳида хизматингиз бўлгани ҳақида ҳамкасбларингиздан илиқ гаплар эшитгандик. Шу ҳақда гапириб берсангиз, – деб Абдувоҳид акага юзландим.

– 1992 йили Жанубий Кореянинг “ДЭУ” компанияси билан Фарғона,  Марғилон ва Қўқон шаҳарларидаги эскирган телефон станцияларини янги рақамли станцияларга алмаштириш бўйича бир неча бор музокаралар олиб бориб, шартнома имзоладик. Бир йилдаёқ ўзимизнинг мутахассисларимиз томонидан 50 минг сиғимдаги станция жиҳозларини рақамли жиҳозларга алмаштириб, 14 та телефон станциясини бир-бирига оптик толали кабеллар билан боғлашга эришдик. Республикада биринчи марта амалга оширилган бу янгиликни рўёбга чиқариш учун катта ҳажмдаги иш бажарилди. Фарғона ва Марғилон шаҳарлари телефон тармоқлари бирлаштирилди…

Ҳаёт ажойиб кинога ўхшайди. Гоҳида етти ухлаб тушингга кирмайдиган воқеалар содир бўлади. Куни келиб, республика алоқа вазири ўринбосари бўлиб ишлаётгандим. Биринчи Президентимиз ҳузурига чақиртириб қолди. “Йигирмадан ортиқ одам билан гаплашдим. Бирортаси сени ёмон демади. Нима фариштамисан?” деб кутилмаганда сўраб қолдилар. “Яхши деганларга минг раҳмат, аммо айбларим ҳам бор”, дедим. “Қулоғингга қуйиб ол, ҳаммага яхши кўринаман десанг, вазир бўлолмайсан”, дея зиммамга янги-янги вазифалар қўйди. Вазир этиб тайинланишимни айтди.

Ўшанда давлат раҳбари ҳузуридан чиққач, дадамнинг устози “министр бўлгин” деб берган дуо ёдимга тушди. Аллоҳга яқин кишиларнинг дуоси ижобат бўлишини ўз ҳаётимда кўрдим. Шундай мартабага етказгани учун Аллоҳга шукур айтиб иш бошладим.

Абдувоҳид Жўрабоевнинг 1995 йилдан 2009 йил 2 мартгача республика алоқа вазири ўринбосари, вазир ва бошқа турли лавозимларда ишлаган вақтлардаги самарали фаолияти ҳақида ўндан ортиқ кишилар билан суҳбатлашдим. Китоб ҳам ёзса ярашадиган табаррук  инсоннинг хайрли ишлари ҳақида маълумотлар йиғдим.

Эллик уч йиллик турмушдаги қувончли, қайғули кунларни бирга тортган аҳли аёли Азизахон она билан қўша қариётган Абдувоҳид аканинг ризқи мўл, бахти бутун экан. Албатта, элу юртга хизмати сингган, барчасига меҳнати билан эришган, тажрибасини ҳеч кимдан аямаган бундай инсонлар ҳақида биргина мақолада ҳамма гапни айтишнинг имкони йўқ. Насиб этса, бугун кексалик гаштини сураётган замондошимиз ҳақида у кишининг ҳаёт синовларидаги матонати ҳақида яна батафсилроқ нимадир қоралайман, деган фикрдаман.

Оппоқ соч-соқоли файз бериб турган, одамийлик фазилатлари билан зийнатланган мўйсафидга ҳавас қилиб қарайман.

Англаганим шу бўлдики, иймони бутун, эътиқоди мустаҳкам, яхшилик қилиб роҳатланадиган инсонларни Яратган Эгам дўсти сиддиқлар, садоқатли шогирдлар, вафодор аҳли аёл, қобил фарзандлар билан сийлар экан. Ана шунинг ўзи ҳақиқий бахт дегани бўлса керак.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ, 

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

one × 4 =