Ҳаёт йўлларида…

Бугун замон тезкор бўлиб кетди. Илгари бир ҳафтада босиб ўтиладиган масофага икки-уч соат кифоя бўляпти. “Ўткан кунлар”да ўқиганмиз: марғилонлик қудалар Тошкентга аравада ҳафта-ўн кун йўл юришган. Энди инсоният баланд марраларга эришди. Шу маънода Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидов таъбири билан айтганда, “Замон шитоби тез, парвози тикка”.

Лекин бу дегани ҳамма ишни шошма-шошарлик билан ҳал қилиш керак, деб тушунмаслик керак. Шундай масалалар борки, андак мулоҳаза юритишни, ўтган ишлар сабоғини хаёлдан ўтказиб, сўнг хулосага келишни тақозо этади.

Шу кунларда эл ошидаги бир ҳолатга эътибор қилинг. Бўшаган ё бўшамаган лаганларни йиғиштириб олишда идишларнинг тўрт-бештаси устма-уст қалаштириб ташилмоқда. Ахир илгари бир киши икки қўлида лаганни ушлар эди-ку. “Нега бундай?”, десангиз, “Энди вақт тиғиз, кутиб ўтиришга тоқат йўқ”, дейишади. “Тоқатсизлик аксарият одамларнинг табиатига сингиб кетган, — деб ёзди журналист Жонибек Алихонов. — Бу, айниқса, ёш авлод дунёқарашида устунлик қилади: ҳамма нарсага, хусусан, мўмайгина бойликка тезроқ эришишни истайди”.

Эслайман, талабалик пайтимизда театрга борардик. Томоша давомида бир парда тугагач, оралиқда танаффус бўларди. Буфетда чой, қаҳва ичардик, музейни томоша қилардик. Энди бўлса, театрлар имкон қадар танаффуссиз ишлашмоқда. Мабодо оралиқда танаффус эълон қилинса, баъзи томошабинлар жўнаб қолишлари ҳам ҳеч гап эмас.

Латифа. Насриддин Афандидан сўрашган экан:

— Нега одамлар турли тарафларга юришади, биров ўнгга, кимдир чапга, яна бошқаси олдинга ёки орқага?

— Шуни ҳам билмайсизми? — дебди Афанди. — Ҳамма бир томонга юрса, ер оғиб кетади-ку.

Гарчи бу қизиқ ҳангома бўлса-да, унда маъно бордек. Дунёда турфа феълли, хилма-хил фикрловчи одамлар яшайди. Турмуш чорраҳаларида бир-бирига ўхшамайдиган қарорга келиш ҳам бор гап.

2001 йил эди. Сайёҳлик йўлланмаси билан Бирлашган Араб Амирликларига бордик. Энди Ўзбекистон мустақиллигига 10 йил, БАА мустақиллигига 30 йил бўлган. У ердаги ҳаёт бизга эртакдек туюлди. Мамлакатда камбағал йўқ. Чунки ҳар бир туғилган чақалоққа давлат томонидан муайян миқдорда сармоя ажратилар экан. Мамлакатдаги экспорт қилинаётган нефть, газ тушумларининг бир қисми аҳолига тақсимланар экан. Ўшанда сафар таассуротлари ҳақида ёзишга тўғри келганда: “Бизда ҳам вақтлар келиб шу даражаларга етармиз”, дегандик…

Яқин Шарқнинг бу мамлакатидаги аксарият шаҳарларда туб аҳолидан кўра ўзга юртлардан келиб ишлаётган муҳожирлар кўп экан. Шу маънода Ўзбекистон фуқаролари ҳам дунёнинг бошқа жойларига бориб ишлашлари табиий ҳол, деган фикрга бордик. Бизда бу ҳол тинч-омонлик билан, ихтиёрий рўй бер­япти-ку. Худо қочоқликдан ўзи асрасин. Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб шукр қил, деганлари шу-да.

Албатта, халқ ҳаётини фаровонлаштириш ҳар жойда ҳар хил кечади. Ўзбекистон мустақилликни мустаҳкамлашнинг ўзига хос йўлидан бориб, инсон қадрини эъзозлашни мақсад қилган. Дунё миқёсида рўй бераётган воқеаларни кўз олдимизга келтирайлик. Ур-йиқит, тўполон, биродаркушлик уруши қанчадан-қанча одамларнинг ҳаётини издан чиқармоқда. Тинч, осойишта умр кечириб, эзгу ишлар билан яшаётган ўлкаларга боқинг. Шукурки, Ўзбекистон ана шулар қаторидан жой олган.

Бундай келажак юртдошларимизнинг эзгу ниятлари, керак ҳолларда сабр-матонати ҳисобига яратилмоқда. Албатта, ҳамма нарса бир лаҳзада бун­ёд бўлмайди. Биргина “Toshkent city” мажмуасини пиёда айланиб чиқинг. Илгари шу жойларда ўта оддий, кўримсиз иморатлар, тор кўчалар мавжуд эди. Энди шу ердан ўтсангиз, кўнглингиз баланд бинолар каби кўкка интилади. Янги Ўзбекистоннинг чинакам манзараси кўз ўнгимизда намоён бўлади.

Ҳар қандай янгилик тадрижий йўлдан ўтгандан кейин воқеликка айланади. Айтайлик, ҳокимлар сайловини ўтказиш масаласида демократик тамойилларнинг ҳаётимизда тўла намоён бўлиши учун маълум вақт керак. Вақт — бу малҳам, вақт — бу ҳакам. Тўпланган янгилик бир кунда татбиқ этилмайди. Яқин ўтмишимизда ўлим жазосини бекор қилиш ва санкция бериш ваколатларини судларга ўтказиш ҳам бир қанча йилларни, вақтни талаб қилган.

Масалан, маҳаллий кенгашларга ўтказилган охирги сайловлардан кейин вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари раислари ваколати ҳокимлардан олиниб, депутатлар ичидан сайланган кенгаш раисларига берилди. Савол туғилади: бугун янги шароитдаги сессияларда ҳокимларнинг ўрни қандай? Шундай савол қўйишимиз сизни ажаблантирмасин. Кузатишларга қараганда, айрим вилоят ҳокимлари “Ўзларинг ўтказаверинглар” деб кенгаш сессияларида қатнашмаган ҳолатлар учраяпти экан. Ахир вилоят ҳаётининг энг долзарб масалалари ўша сессияларда муҳокама қилинади-ку! Қолаверса, вилоят раҳбари ҳоким ва депутат сифатида кенгаш олдида ҳисобдор.

Шундай бўлгач, иши қанчалик кўп бўлишидан қатъи назар, маҳаллий ҳокимлар халқ сайлаган депутатлар олдидаги ҳисобдорлигини унутиб қўймасликлари зарур. Қолаверса, бу – Президентимиз олиб бораётган сиёсат талаби бўлиб, сессияда кўрилаётган масалалардан ҳам муҳим иш бўлиши мумкинми?!

Тан олмоқ жоиз, бугун Янги Ўзбекистонда рўёбга чиқаётган ишларни авваллари орзу қилиш ҳам мушкул эди. Биргина пойтахтдан уй сотиб олиш муаммосини олинг. Албатта прописка талаб қилинарди. Прописка қилиш эса… юмшоқ қилиб айтганда, жуда-жуда қийин эди. Бугун бу нарсалар одамларнинг “эсидан чиқиб” кетганга ўхшайди.

Ёки ўз ойлик-маошингизни, ёхуд пенсионерларнинг пенсиясини нақд пул шаклида олиш – булар ҳам оғир муаммо эди. 20-30 фоизга нақдлаштириларди. Ёки ёлғонми булар?

Нархи ошди, лимит қилинди, деб айюҳаннос солишади. Лекин аҳолига 10-15 соатлаб свет-электр токи берилмаслигига ҳам чидаган эдик-ку! Бугун энг чекка қишлоқларгача ичимлик суви, газ етиб бормоқда, йўллар қурилмоқда. Қурилишлар, бунёдкорлик ишлари жуда ривожланди.

Энг муҳими, ижтимоий ҳимоя, аҳолининг энг ночор, камбағал қисмига эътибор қаратилиб борил­япти.

Албатта, муаммолар ҳам йўқ эмас. Бу – табиий. Ҳаёт бор экан, камчилик ва муаммолар ҳам бўлаверади. Асосийси, юрт тинч, бозорларимиз обод.

Халқимизда        “Қимирлаган қир ошар” деган гап бор. Ҳаёт баланду пастликлари, қувончу ташвишлари билан мазмунлидир. Ҳар ким ўзига юкланган вазифани виждонан бажарса, сидқидилдан ишласа, ҳаммаси яхши бўлар эди. Афсуски, коррупция қон-қонига сингиб кетган айрим амалдорлар ўз жиғилдонини, нафсини енга олмаяпти. Шу боис кун-кунора тумшуғидан илиниб, эларо шарманда бўлаётир. Қонуний чорага гирифтор бўляпти. Ўқиб турибмиз. Эшитиб турибмиз. Адолат ҳар жойда мезон. Президентимиз жон куйдириб қанчадан-қанча вазифаларни раҳбарлар, мутасаддилар зиммасига юкламоқда. Минг афсуски, айримлар ўз билганидан қолишмаяпти. Ушбу – хато. Узоқни кўзлаб, эл-юрт манфаатини, Ватан тақдирини ўйлаб меҳнат қилганнинг иши беш бўлади. Бу оддий ҳақиқатни каттаю кичик юракдан англаб етса эди, ҳаёт йўлларимиз янада равон, фаровон бўлар эди.

Ана шундай саодатли манзилларга тезроқ етиш насиб этсин!

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

Ўзбекистон Республикасида

хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × three =