Бирида қувонасиз, бирида…

Ўтган ой эди, шекилли, оила аъзоларимиз билан дастурхон теварагида эдик. Хусусий телеканалларнинг бирида фермер аёлнинг иссиқхона хўжалигида етиштираётган ва гуркираб ўсаётган сабзавотлари, кўзни қувонтирадиган қип-қизил помидорлару, бодринг, гармдори, саримсоқ, пиёз ва бошқа экинлар тасвири намойиш этилаётганди. Ташқарида қор бўралаб ёғарди. Қишнинг айни совуқ даврлари, фаслнинг сўнгги кунларини кутаётган инсонлар учун бу жуда мароқли манзаралари эди. Иссиқхона ичи худди ёзнинг чилласидек — экинлар кўзни яшнатарди.
— Бобо, менгаям иссиқхона қурдириб берсангиз, мен ҳам ҳамма ҳавас қиладиган фермер бўламан, қишлоқ хўжалиги бўйича олий ўқув юртида сиртдан ўқийман, — деди энди ўнинчи синфда ўқиётган неварам.
— Хўп, жуда яхши, орзуинг рўёбга чиқсин! — дедим. Шу пайт иккинчи неварам дастурхонга ош қўйди. Оила аъзоларимиз кўрсатувниям кўздан қочирмасдан, паловхонтўрани тановул қила бошладик.
Шу вақт қизиқ ҳолат рўй берди. Кўрсатув гап-сўзсиз тўсатдан тўхтади-ю, экранда қора кўйлакли, қора қош, қора кўз, юзлариям шунга мос, неварам тенги бир қиз пайдо бўлди ва одам организмида учрайдиган гижжалар ва йирик қуртлар ҳақида сўз бошлаб, уларни одам ичаклари ва организмидаги ҳаракат фаолиятини экранда кўрсатиб тушунтира бошлади. Келиннинг юраги кўтарилди, шекилли, оғзидаги луқмани юта олмай, ваннахонага кириб кетди. Кўпчилигимизда иштаҳа бузилди. Каналнинг ижодкорларига “раҳмат” айтиб, бошқа каналларга ўтдик. Янглишмасам, “ТТВ” канали эди, шекилли, катта залда Бобурбек Араббеков деган янги хонанда 20-30 нафар ижрочиларга бош бўлиб, ҳам ўйнаб, ҳам ашула айтаяпти. Унинг ўйиниям, ашуласиям ғалати, бошқаларникига ўхшамайди. Худди футболдаги дарвозабонга ўхшаб турли томонлардан хуруж қилаётган тўпни тўхтатмоқчидек, бетўхтов икки томонга қараб югуриб туради. Масофасиям 6-7 метрдан кам эмас. Теварагидаги ўнлаб раққоса йигит-қизлар ҳам Хоразм лазгисининг энг қизғин авжи бўлган “Қора кўз, бўй-бўй” ашуласига берилиб ўйнаяпти. Улар ўйинга шунақаям берилиб кетганки, ҳайратдан ёқангни ушлайсан! Бир-бирига қарашмайди, бир-бирлари билан иши йўқ. Бобурбек ва 40 ёшдан ошган яна бир раққос киши мусиқанинг авжи зарбига чидаёлмай, чўкка тушган ҳолда саҳна полини муштлай бошладилар. Улар куйнинг сеҳридан маст бўлиб, талвасада эдилар. Унинг теварагидагиларниям ҳолати шундай. Энди бу ҳолат залда ўтирган бир гуруҳ ёшларгаям юқди, шекилли, югуриб саҳнага чиқишди. Ер муштлаётган Арслонбек деган хонанда ўрнидан туриб, “Бўй-бўй”ни давом эттирган ҳолда уларни қучиб, ҳам калла, ҳам қўл билан кўриша бошлади, лекин “Эй қора кўз, бўй-бўй”ни тўхтатмади. Қўлидаги микрофонни саҳнага чиқувчиларнинг оғзига тутиб, уларниям “бўй-бўй”ни айтишга ундади.
Ўғлим кулиб: “Ашуланинг бир қаторини Арслонбек 76 марта такрорлади”, — деди. Яна бир қизиқ томони, Арслонбек дарвозабон сингари у ёқ-бу ёққа югуриб ашула айтган пайтда қандайдир бир катта чўғирма топиб кийиб, “бўй-бўй”ни айтганча масхарабозликни давом эттирарди. Бунга ўхшаш бир хил сўзларни такрор-такрор айтаётган бошқа хонандалар кўпайиб борарди.
Аслида, лазгининг бу ашуласини илк бор устоз ҳофиз Комилжон Отаниёзов ҳам айтган. Буюк ҳофиз айтганидаям такрорлаш бўлган, лекин меъёрида. Тингловчининг ғашига тегмаган. Чидай олмай югуриб эмас, бир жойда туриб айтган.
Хусусий телевидениеларга хос яна бир камчиликни айтиб ўтишни жоиз деб билдим. Дори-дармон рекламалари ниҳоятда кўпайиб кетган. Энг ёмони, тингловчиларни алдашга уриниш кучли. Ҳатто дориларни ўликни тирилтирадиган даражада мақташади. Яна қайта-қайта бир хил дорилар мақталавергани одамнинг асабига тегади.
Хоразмдаги хусусий телевидениеларнинг айримлари бир кунда маҳоратли сухандон Сарварбекнинг қайсидир бир олим билан простатит касаллиги тўғрисидаги суҳбатини 2-3 марта такрорий берган пайтлари бўлган. Ачинарлиси, телевидениенинг бошқа каналлариям шу эълонни такрорий кўрсатишни давом эттираверади. Айримлари тингловчиларни фирибгарлик билан алдаётгани сезилиб қолади. Кўпчилик эълонларда баҳоси айтилмайди. Олмоқчи бўлиб аниқласангиз, илон пўст ташлайди. Оддийроқ дориларнинг нархи охирида эса 99 ёки 90 рақамлари бўлиши кишида шубҳа уйғотади. Яна айтадики: “Олиб бориб бериш бепул”. Оддий доригаям отасининг нархини қўйгандан кейин бепуллиги қайда қолади, дегинг келади. Яқиндагина Хитойнинг бир клиникаси Урганчда фаолият кўрсатиб, 30 сўмлик дорини 300 минг сўмга сотиб, одамларни чув тушириб кетаётгани дарс бўлмаяптими?
Болтабой Матқурбонов деган қўшкўпирлик ҳамкасбимиз яхшигина юрган эди, арзимаган бир касаллик деб, хусусий клиникага кириб, пул тўлаб, ўтидаги тошни олдириб, энди соғайдим деб қувониб уйига боргач, бир ярим кундан кейин вафот этиб қолди. Болтабой айни пайтда баракали ижод қилаётган ижодкор эди. Ҳеч касал бўлганини эшитмагандик. “Қишлоқ ҳаёти”газетасининг Хоразмдаги мухбири, электрон рўзнома ва нашриёт ташкил қилиб, китоблар чиқариб, эл-юртга нафи тегаётганди. Болтабой Матқурбонов фожиасидан нега хулоса чиқармаяпмиз?! Аксинча, таниқли журналист қайтиш бўлган кунлари шу клиника бош шифокори телевизор орқали чиқиш қилиб, клиникасини мақтаб, беморларни таклиф қилганига нима дейсиз?
Четдан келиб одамларни даволаётган айрим клиникалардаям алдовга ўхшаш ҳаракатлар сезилиб турсаям, ҳеч ким пинагини бузмайди. “Фақат ўша кунлари шифокор қабули бепул”, — дейди. Лекин бошқа харажатлари филниям ҳуркитади. Масалан, навбатда туриш ва аппаратга тушиш, гиёҳларнинг нархлари ва табибга иккинчи кириш учун тўловларини эшитиб, нима дейишни билмайсан! Лекин булар ҳақида рекламада лом-мим дейилмайди, ҳатто телевидениедаги журналистларнинг ҳам бу билан иши йўқ, уларни уст-устига мақташяпти. Тўғри, ўтган асрнинг 70-, 80-йилларидаги журналистлар жанговар руҳда эди. Бозор иқтисоди уларниям йўлдан урди, шекилли! Дори-дармонларнинг нархи осмонда! Шунда ўйланиб қоласан: шу дорилар яхши экан, дорихонадагилар ёмонми? Бу клиникалар яхши экан, нега давлат шифохоналарига одам сиғмаяпти? Хусусийларнинг хоналари кўпи бўш. Нега қиммат дорилар телевизорда мақталиб, “бепул етказиб бериляпти”-ю, у дорилар дорихоналарда сотилмаяпти? Буларнинг барчаси учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва оғиз кўпиртириб мақтаётган телевидение раҳбарлари жавоб бериши керак эмасми? Ёки уларга пул тўлашса, бўлдими? Соғлиқни сақлаш вазирлигига лицензия учун, ТВларга реклама учун мўмайгина маблағ тушиши сир эмас. Лекин халқнинг саломатлиги нима бўлади? Буни ким ўйлайди?!
Бу билан барча хусусий шифохоналарда аҳвол яхши эмас, демоқчи эмасмиз. Беморларнинг дардига дармон бўлиб, ҳаётга қайтараётганлари ҳам бордир, лекин гуруч курмаксиз бўлмас экан-да. Бирида қувонасиз, бирида ажабланасиз… Инсон соғлиғини сақлашда ўшанақа курмаклар бўлмаслигини истардик. Хоразмликлар меҳнаткаш ва содда одамлар. Пул дардида изғиётганлар уларни чув туширмасин.
Энг ёмони, бу соҳа назоратдан четда қолаётгани ажабланарли. Бу соҳага мутасаддилар назорати кучайтирилиши керак.
Қизиқ, кеча отарчилик қилиб ёки устачилик қилиб юрадиган айрим кимсалар бугун қандай қилиб бир юмалаб машҳур “табиб”га айланиб қоляпти? Биттаси одамларни тепиб, бошқаси тупуриб, яна бошқаси уриб даволар экан. Ғирт товламачилик, алдоқчилик-ку! Яна денг, қаллобларда табиблар уюшмасидан гувоҳномалари ҳам бор эмиш! Улар ғирром, фақат пулни ўйлаган кундузги ўғрилардир. Бунақа лўттибозликларга чек қўйишнинг вақти келмадими?
Узр, мавзудан сал четга чиққандек бўлдик. Хуллас, халқ саломатлиги билан боғлиқ рекламаларни ТВ ва бошқа ОАВ пул тўласа бўлди, деб эълон қилавериши керак эмас! Биринчи навбатда матбуотни тушумлар эмас, одамлар манфаати, соғлиги қизиқтириши шарт!
Эркин ЭРМАТОВ,
Ўзбекистон Журналистлар
уюшмаси аъзоси.