Мактаблар коррупциядан холи(ми?)

Ёвузлик таг-томири билан юлиб ташланмаса, у томир отиб, бошқа ердан кўкариб чиқаверади. Жамиятнинг жирканч иллати бўлган коррупция ҳам шундай.

…Бу воқеа ёз фаслининг охирларида рўй берганди. Бу нохуш хотирани унутай дейман-у, ҳеч ёдимдан кўтарилмайди. Биз билган покиза, тоза манзилларни ҳам ўргимчак тўридек порахўрлик, таъмагирлик қоплаётганига ишонгим келмайди. Аслида, улғаяётган авлодга таълим-тарбия бергувчи даргоҳ маънавият ва маърифат ўчоғи бўлмоғи керак. Аммо…

Яшаш манзилимизни ўзгартирганимиз сабабли фарзандларимизни янги ҳудуддаги мактабга ўтказмоқчи бўлиб, мактаб директори ҳузурига бордик. Кўринишидан жиддий ва босиқ раҳбардан: “Олдин фарзандларингизни олиб келинг, гаплашиб кўрайлик”, деган жавобни олдик. Негадир бизга у my.gov.uz ягона интерактив давлат хизматлари портали ҳамда my.maktab.uz электрон қабуллари ҳақида эслатмади ҳам.

Мактабдан мактабга ўтказишда суҳбат бўлишини биринчи марта эшитиб турсак-да, директорнинг кўрсатмаси билан болаларни мактабга етаклаб келдик. У болалар билан бирма-бир савол-жавоб қила бошлади. Ҳаяжонланган болаларнинг жавобларидан қониқмаган муассаса раҳбари норози қиёфада бизга юзланди.

— Фарзандларингизнинг билими унчалик яхши эмас, — деди у, сўнгра қўшиб қўйди: — Уларга яна бир имкон бераман. Иккинчи синов ўқитувчилар гуруҳидан иборат комиссия иштирокида бўлади.

Бундай муносабатни қандай тушуниш мумкин? Мактаб биз яшайдиган ҳудудда жойлашган ва, қолаверса, бирор фанни чуқур ўзлаштиришга ихтисослашмаган бўлса. Бу болаларнинг устидан мазах қилишми? Ёки бу ўрта таълим мактабининг ўз “қонун-қоидалари” борми?

Тушунарсиз ҳолатга изоҳ қидириб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Ишонч телефонларига сим қоқдим. Сабр билан, икки соатлик кутишдан кейин қисқа гудокларгина эшитилди. Қанчалик зориқиб кутсак-да, улар билан боғланишнинг иложи бўлмади.

Халқ таълими вазирининг 2015 йилдаги “Ўқувчиларни синфдан-синфга ва бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг “Ўқувчиларни синфдан-синфга ва бир умумий ўрта таълим муассасасидан бошқасига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруққа ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги ҳужжатни ўрганиб чиқиб, мактабдан мактабга ўтказишда ўқувчиларнинг комиссия олдида синовдан ўтказилиб, мактабга қабул қилиниши ҳақида бирор жумлани тополмадим.

Хуллас, мазкур мактабда ишим юришмаганидан сўнг, Сергелидаги махсус фанларни ўқитишга ихтисослашган мактабга my.maktab.uz электрон сайти орқали фарзандларимнинг ҳужжатларини жўнатдим. Электрон қабулхонадан мазкур мактабнинг синфларида бўш ўринлар йўқлиги ҳақида жавоб олдим. Ушбу мактабнинг батартиблиги, ўқитувчиларининг билими кучлилиги ҳақида кўп эшитгандим. Таваккал қилиб, мактабга бордим. Директор опанинг жамоат ишлари билан бандлигини айтишди. Раҳбарни тополмагач, шу ердаги ходимлар билан суҳбатлашдим. Ниятимни эшитгач, хушрўйгина жувон мени чеккага тортди:

— Опа, мен билан гаплашаверинг, раҳбариятни нима қиласиз? Улар ҳам мендан кам ҳақ сўрашмайди. Ҳар болага 400 доллар бўлади. Икки нафар болангиз бўлса, 350 дан атиги 700 доллар-да.

Парадоксни қаранг! Айнан шу мактабга my.maktab.uz қабул сайтидан “айни пайтда мактабда бўш ўринлар йўқ” деган хабар келиб турса-ю, шу мактаб ходимлари келишилган пулга ўқувчиларни қабул қилмоқчи! Унда электрон қабуллар нимага керак? Ундан кўра ҳар бир мактабнинг қабул нарх-наволарини эълон қилишсин!

Мактаб бошланишига саноқли кунлар қолган. Менга ушбу ихтисослашган мактабдан кетма-кет телефон қўнғироқлари келади. “Тезроқ келинг, жойлар қолмаяпти…” Ҳазрат Алишер Навоийнинг “…Кимки таъмаи риштаси қилғуси, анинг била бўғзидан осилғуси” деган ҳикматларини эслаб, бу иллатга шерик бўлишдан тийилдим.

Президентимиз 2020 йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қилган Мурожаатномасида “Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди”, деганида таълим соҳаси ҳам назарда тутилгани рост. Зеро, ўқув даргоҳларимиз ҳавас қиладиган ҳалол ва мусаффо манзиллар бўлиб қолиши керак.

Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 5 =