Сен борсанки…

Таниқли олим Тўра Нафасов китобларидан руҳланган адибанинг савобли ишлари хусусида

У агар пойтахтда қолганида устозлари Озод Шарафиддинов, Бегали Қосимов, Умарали Норматов, Норбой Худойберганов, Абдуғафур Расулов, Талъат Солиҳовлар изидан бориб, илм йўлини танлаб, бугун камида фан доктори, профессор бўларди. Лекин тақдир экан-да, олис тоғлар бағридаги мўъжазгина гўшада яшаётган бўлса-да, ижоддан, адабиётдан айрилмади. Ҳамон неча минглаб элдошларига маърифат улашяпти, ҳамиша уйғоқ, безовта қалби, ўткир қалами билан ҳаммага яхшилик соғиниб яшаётир. Уни танийсиз — таниқли ижодкор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳибаси Лола Ўроқова!

Ўн кунча аввал муҳтарама устозим қаламига мансуб “Сен борсанки, мен ҳам ўлмайман…” китобини ўқидим-у, ҳаловатим бузилди. Нега? Нима учун?

* * *

Хуршид Даврон,

Ўзбекистон халқ шоири:

“Ўзбекистонда Тўра Нафасовдек зукко ва фидойи олимлар борлигидан фахрланаман. Олимнинг Ўзбек Сўзи йўлида қилаётган залворли ва машаққатли изланишлари ҳақида ўйлаганимда, ҳар гал Амир Темур ва чумоли ҳақидаги ривоят эсимга тушади. Чумолидек тиришқоқ бўлган олимгина Ҳимолайдек улкан ва чўққиси кўринмас тоғ — Ўзбек тили ҳайбати олдида чўчимай, чўққи томон йўл излайди ва бутун йўли давомида ҳар бир гиёҳ, ҳар бир оғоч, ҳар бир тош сирини билишга интилади. Тўра Нафасов, ҳурматли Поён ака (таниқли адабиётшунос олим, адиб Поён Равшанов назарда тутилган — Н. Ж.) эътироф этганидек, “Ярим аср давомида 500 дан зиёд мақола, 30 га яқин китоб, дарслик, қўлланмалар яратди, минглаб шогирдларга устозлик қилди, ўзбек тилшунослари орасида кўзга кўринган мартаба ва мақомга кўтарилди”…

2014 йил

* * *

Поён Равшанов,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси:

“Тўра Нафас ўз шахсида жамғарган билимга ҳайратланмай бўлмайди. Юртимиздаги аксар жой номлари энг камида 3 минг йиллик тарихга эга. Нахшаб, Насаф, Косон, Касби, Сариосиё, Чақар, Денов, Искифағн, Ғузор ва бошқа неча юзлаб топонимий истилоҳларнинг илмий мағзини чақиш учун ўнлаб фанларни, аввало, тарихни, географияни, этнографияни, фольклорни теран истифода этиш талаб қилинади. Манбаларнинг аксарияти араб, форс, хитой ва рус тилида эканлигини ҳам назардан қочириб бўлмайди. Араб ёзувидан хабардор бўлмаган, форсий (аниқроғи, қадимги сўғдий) тил моҳиятини англамаган тилшунос, ҳеч қачон жой номларини меъёрига етказиб ёхуд аслига монанд изоҳлай олмайди. Бунинг учун Маҳмуд Кошғарий бобомиз жасоратини эслаш кифоя. Тилшунос олим ўз муҳитида таниқли бўлиши мумкин. Улар орасида сўзни изоҳловчилар, сўзшуносларгина элда машҳур бўладилар”…

Топонимлар, уларнинг келиб чиқиш, илмий ва лингвистик хусусиятлари тадқиқи бўйича атоқли олим, профессор Тўра Нафасовни эслаш баҳонасида мен бежиз таниқли икки ижодкорнинг ул зот шахси, гўзал ижоди ҳақида ёзган самимий эътирофларини келтирмадим. Нега десангиз, айнан бугун Тўра Нафасов каби забардаст олимларнинг ўрни, қадри жуда билиниб қолди. Тўғри, бугун ҳам уларнинг шогирдлари, издошлари кам эмас. Бу борада изланишлар олиб бориляпти (масалан, таниқли шоир, публицист Эшқобил Шукурнинг ўзбек тилидаги сўзлар изоҳи бўйича олиб бораётган савобли саъй-ҳаракатлари ҳам таҳсинга лойиқ). Лекин…

Лола Ўроқованинг “Сен борсанки, мен ҳам ўлмайман…” деб номланган китобини ўқидим-у, эсимга бирданига ҳассос олим Тўра Нафасов тушди. Негадир кейинги йилларда бу инсон шахсан ўзи бош бўлган қанча эзгу ишларни унутиб қўйганимиз учунми, жой номлари, халқона сўзлар билан боғлиқ муаммолар ўртага тушаётгани сир эмас!

Энг ажабланарли жиҳати, интернет саҳифаларидан фидойи зот Тўра Нафасов ижоди, биографиясига оид маълумотларни қидириб ҳайрон қолдим: икки-учта мақолани инобатга олмаганда, деярли пичоққа илинадиган нарсалар йўқ. Мана сизга илм аҳлига бўлган эътибор! Ахир ҳассос домламиз умрининг энг гуллаган олтин даврини битта мавзу — сўзлар ва жой номлари тадқиқига бағишлагани ва илм соҳасида ўзига хос қомус яратиб кетганини нима учун тарғиб этмаслигимиз керак? Интернетни кузатинг, санъат ёки журналистика остонасига яқин келолмаётган айрим отарчилар ё микрофон, телефон кўтарган блогерлар ҳақида исталганча ғиж-ғиж хато маълумотлар тўлиб-тошиб ётган бир пайтда нега фидойи олимнинг бебаҳо тадқиқотларини кўпроқ тарғибот қилишга шошилмаяпмиз? Унинг бизга қолдириб кетган маданий меросини ҳар қандай бойлик, мезон билан ўлчаш мушкул.

Яна савол туғилади: хўш, Тўра Нафасовнинг биз тилга олаётган бебаҳо китобларини бугун топиш мумкинми? Афсуски, йўқ!

Бу мавзуда гап очилганида Лола Ўроқова шундай деди: “Иш фаолиятимда жуда керак бўлгани учун ушбу китобларни роса қидирдим. Ишонсангиз, сўрамаган одамим қолмади. Дўконларда қолмаган. Бу китобларнинг бири 1988 йилда, иккинчиси 2009 йилда чоп этилган. Ҳатто Китоб туманидаги кутубхоналардан ҳам топилмади. Хаёлимдан, шу китобларни қайта чоп этишса бўлмасмикан, деган фикр ҳам ўтди. “Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати”ни фахрий ўқитувчи, шоир Ҳикмат Самадовнинг шахсий кутубхонасидан топдим. Буни қарангки, раҳматли устозимизга Тўра Нафасовнинг ўзлари дастхат ёзиб берган экан. “Қашқадарё қишлоқномаси”ни эса маҳалла раисларидан бирида борлигини эшитиб, бир неча марта боғландим. Кимдир олиб кетган экан, қайтариб бериши қийин бўлди. Ўйлашимча, бу китоб фақат мутахассисларга эмас, ҳаммага керак. Чунки ҳар ким ўзи яшаётган қишлоғи, маҳалласи, кўчаси номланиш тарихини билишни хоҳлайди. Ва ниҳоят Муборак тумани ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси — ҳамкасбим Ҳазрат Элов менга ана шу ажойиб китобни топиб берганида бошим осмонга етди!

Тўғрисини айтсам, Тўра Нафасовнинг ушбу китобларини ва яна Суюн Қораевнинг “Ўзбекистон вилоятлари топонимлари”, Носиржон Охуновнинг “Жой номлари таъбири”, Эрнст Бегматовнинг “Жой номлари — маънавият кўзгуси” китобларини ўқиб, топонимлар ҳақида тасаввурим бойиди, кўплаб маълумотларга эга бўлдим. Уларни яратиш игна билан қудуқ қазишдек машаққатли иш эканини ич-ичимдан ҳис этдим ва менда топонимларга қизиқиш ортди. Туманимизда яшовчи зиёлилардан, кайвонилардан қишлоқлари ёки маҳаллалари номи тарихи ҳақида сўрайдиган бўлдим. Ҳатто бир гал мактаблар тарғиботчилари ўртасида Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси билан бирга “Қишлоғингиз номи тарихини биласизми?” мавзуида танлов ҳам ўтказдик.

Шу тариқа тумандаги юзга яқин географик объектлар ҳақида маълумотлар тўпланди. Уларнинг аксарияти эл орасида оғиздан оғизга ўтиб келаётган ривоятлардан иборат эди. Баъзан бир жой номлари бўйича икки-уч хил изоҳлар бўлди. Булар жуда қизиқарли ва қай бир жиҳати билан шу манзилга мос келарди. Айримлари манбаларда акс этган маълумотга яқин, бошқаси бирмунча фарқ қилди. Барибир туманимиздаги жой номлари тарихи бўйича бизга асосий манба Тўра Нафасовнинг катта илмий қувватга эга “Қашқадарё қишлоқномаси” китоби бўлди.

Яна бир эътиборга молик жиҳати, ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан икки жилдлик “Ўзбекистон жой номларининг изоҳли луғати” китоби ҳам чоп этилди. Унда ҳам юртимиздаги юзлаб жой номлари ҳақида жуда керакли маълумотлар бор…”

Демак, топонимлар ҳақидаги китоблар мутахассислар учун ҳам, бошқа қизиқувчилар учун ҳам жуда керак. Масалан, баъзан қўпол туюлган қайсидир бирор номни ўзгартириш талаб қилинади. Уни асослаш учун ҳам манбага суяниш керак. Ёки маҳаллаларда янги ташкил этилаётган кўчалар ва бошқа объектларга таклиф қилинаётган айрим тарихий деб ҳисобланган номларнинг қанчалик қонунга мувофиқлигини аниқлашда ҳам биринчи навбатда биз бугун эслаётган муҳтарам олимимиз Тўра Нафасов қолдириб кетган нодир манбалар (жумладан, домланинг “Ўзбекистон топонимларининг изоҳли луғати”, “Қашқадарё қишлоқномаси” китоблари), топонимларга оид бошқа қўлланмалар жуда зарур бўлади. Манба орқали жой номининг тарихийлигини, аҳамиятини, маъно-мазмунини англаш ва тушунтириш осон бўлади. Эҳтимол, айрим ҳудудларда жой номларининг бўлар-бўлмас ўзгартирилиши топонимларга оид манбаларнинг етарли эмаслигига, топонимларнинг аҳамияти ҳақида маълумотларнинг камлигига ҳам бориб тақалар.

Бир пайтлар Фарғонада Раҳимжон Раҳмат деган қалами ўткир, тили аччиқроқ ижодкор дўстимиз ўзи туғилиб ўсган, йирик ўзбек уруғлари номларидан бири Қирқлар деб аталган қадимий қишлоғи иккига бўлиниб, ярми Зарафшон, ярми Ҳикмат деб ўзгартирилганида ижтимоий тармоқларда: “Бу қандай мантиқсизлик, иккала атаманинг ҳам бу ҳудудга нима алоқаси бор, халқдан бир оғиз сўрадингларми?” деб қанча ёзғиргани эсимда.

Ёки, узоққа бормайлик, Тошкентнинг ўзидаги неча юзлаб кўча, маҳаллалар номларини эшитсангиз, ёқа ушлайсиз, булар қандай ўйлаб топилганига одамнинг ақли етмайди. Барибир ҳар қандай вазиятда ҳам, айниқса, бирор жойга ном қўйилаётганида биринчи навбатда ана шу ном ва атаманинг тарихий илдизи, мазмун-моҳиятига илмий нуқтаи назардан ёндашиш керак.

— Ушбу долзарб масалага кейинги пайтларда давлат миқёсида анча жиддий ёндашилаётганини ҳам таъкидлаш лозим, — деди ҳозирги кунда Китоб тумани ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифасини ҳалол адо этиб келаётган Лола Ўроқова гурунгимиз орасида. — Эсимда, бундан 10-12 йил олдин ёппасига жуда кўплаб жой номларини шошма-шошарлик билан алмаштириш топшириғи бўлган ва қанчаси зўрма-зўраки ўзгартирилган эди. Лекин бу каби қўпол хатоликларга энди йўл қўймаслик учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан жиддий ишлар олиб борилмоқда. Ҳукуматимиз ноўрин алмаштирилган тарихий номларни тиклаш бўйича ҳам амалий чоралар кўрмоқда. Бу, албатта, қувонарли ҳол. Масалан, бизнинг туманимизда қонунга номувофиқ деб ўзгартирилган 6 та географик объектнинг тарихий номи қайта тикланди. Очиғини айтганда, ўзбошимчалик билан ўзгартирилган янги номларнинг кўпини улус барибир қабул қилолмади, ҳатто расмий ҳужжатларда қандай ёзилган бўлса ҳам, эски, қадимий тарихий номи билан айтилаверди. Мисол учун, ўшанда Кўсам (кексалар саҳоба Қусам ибн Аббосга боғлашади, устига-устак, Кўсам ота қабристони ҳам бор) қишлоғи Кўркли, Қушбоши эса Сарбонтепа деб ўзгартирилди. Орадан ўн йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса ҳам бирор киши янги номларни тилга олмади. Демак, халқ асраб-авайлаб келаётган қадриятларга жуда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш керак экан…

Дарвоқе, Лола опамиз китобида қайд этганидек, ҳар бир миллат ва элат тилидаги сўз бойлигининг каттагина қисмини жой номлари — топонимлар ташкил этади. Топоним мазмунида ўша ҳудуднинг ўзига хос жиҳатлари, табиий шароити, ўсимлик ва ҳайвонот олами, улуснинг касб-кори, этник мансублик қайсидир кўринишда акс этади. Кўп бора гувоҳ бўлганмиз: ҳар қандай жой номида ўша ҳудудда яшаётган аҳоли тўғрисида муайян маълумотлар бўлади. Табиийки, йиллар, асрлар ўтиши натижасида товуш тушиши, алмашиши, қўшилиши ёки бошқа сабаблар билан айрим жой номларининг асл шакли ўзгариб, мазмуни йўқолиб кетса-да, лекин қадимдан сақланиб келаётган маданий бойлик сифатида қадр-қиммати сақланиб қолади. Шунинг учун ҳам одамлар яшаб турган манзиллари номи дабдурустдан ўзгаришини хоҳламайди.

Лола Ўроқованинг она тилимиз ва топонимларга оид турли нашрларда чоп этилган мақолалари жамланган “Сен борсанки, мен ҳам ўлмайман…” номли китобида Тўра Нафасовдан илҳом олганлиги сезилиб турибди. Менинг назаримда, бу китоб фақатгина давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилар учунгина эмас, балки барча соҳа вакиллари учун ҳам ниҳоятда зарур. Негаки Ўзбекистон Республикасининг “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг географик объектларга оид қарорлари, кўрсатмалари ва топшириқлари ижросини таъминлаш фақат шу қатламга тааллуқли, деб ўйласак, хато бўлади.

Ниҳоят, муаллиф ҳисобидан (“Oltin meros press” нашриёти) чоп этилган бу ажойиб китобни обдан ўқиб чиққач, сўнгги саҳифада қайд этилган адади (200 донагина)ни кўриб… мутаассир бўлиб қолдим! Нега десангиз, азалдан илму маърифат бобида бошқа ҳудудларга намуна бўлиб келган алломалар юрти, аҳоли нуфуси тўрт миллионлик довонга етаётган Қашқадарёдай бой ва улкан салоҳиятга эга вилоятда (асосан, Китоб туманидаги айрим қишлоқларга оид қимматли маълумотлар акс этгани учун) битта каттароқ маҳаллада (мактаб ё бошқа таълим муассасаларини қўя туринг) ҳам ушбу қўлланмабоп нашр мухлислари бисёр эканини таъкидлашим шарт эмас. Демак, турли номлардаги ҳар бир ҳудуднинг ўтмиши билан боғлиқ ва халқимизга нафи тегиши мумкин бўлган бундай нархимас, қадри қимматроқ китобларни кўпроқ ададда, асосийси, энг сўнгги замонавий дизайн услубларида чоп этиш фурсати етди.

ДАРВОҚЕ: Лола Ўроқованинг “Сен борсанки, мен ҳам ўлмайман…” китобини варақлаяпман-у… сўз заргари, жой номлари таҳлили ва тадқиқотлари билан илм дунёсида ўзига ҳайкал қўйиб кетган Тўра Нафасов таваллуд топган Зарафшон тизма тоғлари ён бағридаги Давтош қишлоғи ҳам мен учун нақадар азиз эканлигини англаб, киприкларим намланди. Икки дунёлари обод бўлгур отам ва онам билан қадим манзиллар бўлмиш Жом, Қалқама, Оқчава, Лангар, Говхона, Тарағай, Тутли, Оёқчи, Минжир, Бўгажил, Сарой қишлоқларидан неча ўн марталаб гоҳи от-эшак, гоҳи уловларда ўтиб-қайтган болалик йилларим ёдимга тушди ва донишманд зот ҳақига дуолар қилдим.

Норқобил ЖАЛИЛ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

twenty − 18 =