Пул топганлар… Ақл топмасми?

Ўзбекистон Президенти жорий йилнинг 21 апрель куни коррупцияга қарши курашиш бўйича янги фармон имзолади. Фармоннинг иловасига кўра, 2025 йилнинг август ойигача тўйлар, оилавий тантаналар, маъракалар ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича парламент палаталари кенгашларининг қўшма қарори қабул қилинади.

Бундан ташқари, тўй-ҳашам, маърака ва маросимлардаги исрофгарчиликларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишлари кучайтирилади.

Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган тўйлар, оилавий тантаналардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги ортиқча расм-русумлар (“келин навкари”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш” ва ҳоказолар) ўтказишга йўл қўйилмайди.

Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлаб ўйлаб топилган ортиқча тадбирларни (“етти”, “пайшанбалик”, “йигирма”, “қирқ”, “йил оши”, “пул тарқатиш”, “мато улашиш” ва ҳоказолар)ни ўтказишга йўл қўйилмайди.

Бу қарорнинг ижросини таъминлашга ҳар биримиз виждон амри билан ёндашмоғимиз шарт.

“Пул топиб ақл топмаганлар-а!” — дер эдилар раҳматли момом пулни нотўғри ишлатсак. “Меҳнатларингни бундай исроф қилманглар, пулни топиб, бесамар йўқотаверсаларинг, йўқотаверсаларинг, бориб-бориб ақлни йўқотасизлар”, — дея қўшиб қўяр эдилар.

Ҳа, момом айтгандек бўлди: пулни бемақсад ишлатавериб, ишлатавериб, натижада ақлни ҳам йўқотиб қўйдик.

“Акамнинг тўйига қўшан қилмадинг”, “Сен тўй қилганингда мен фалон сўм пул берувдим, ўша пулни қайтариб қўй”, “Эркакмисан, пулни топиб, кейин тўй, деб оғиз оч”, “Аҳволинг шу экан, тўй бошлаб нима қиласан?”, “Адо-гадолигидан ўғлини уйлантиролмай юрибди”, “Бу оиланинг қизларига яхши сеп қила олмайди, деб эшигидан совчилар келмайди”, “Бой оиладан совчи келди, деб ҳаётга тайёр бўлмаган қизни узатиб юборди”, “Фалончи бойнинг иккинчи хотини экан”, “Қизини пулдорга узатибди” каби ва яна шунга ўхшаш ҳоказо-ҳоказо гаплар қулоғимизга тез-тез чалинаётгани ҳам пулни бемақсад ишлатишдан келиб чиққан салбий одатлар оқибатидир.

Юқоридаги гаплар ақли жойида одамлар ишлатадиган гаплар эмас. Бўғзигача қарзга ботиш, тўй қиламан деб, қариндош-уруғдан бегоналашиш, қиз узатаётган қўлларга “Нима қўшиб берасан?” — дея қараш, пул сочиш, манманлик, мақтанчоқликлар ақлни йўқотиш эмасми?

Минг-минглаб хонадонлар бирорта нашрга обуна бўлмайдилар, янги адабиётларни ўқимайдилар. Ҳудудларга борсанг, “Саодат” журнали ҳали ҳам чиқяптими?”, “Шарқ юлдузи” журнали-чи, чиқяптими?” — деб уялмай савол берадилар.

Биз республика “Маърифат” тарғиботчилари сифатида “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” дастурлари муносабати билан уйма-уй кирганимизда, 50-60 фоиз ўзбек хонадонларида китоб жавони ҳам, китоблар тўплами ҳам йўқ.

Бир-биридан кўркам уйлар, ҳовлиларда газеталар, журналлар умуман йўқ. Республикамизда нашр этилаётган газета-журналларнинг ҳатто номини билмайдиган мактаб директорлари-ю, маҳалла раислари бор, десам ишонасизми?

Ишонасиз, чунки сиз ҳам учратгансиз уларни. Улар ўзимизникилар.

Ақл қандай йўқолаётганини ҳаммамиз биламиз. Энди ақлни йиғиб олиш вақти келди, дейлик ўзимизникиларга.

Энди совчи бўлиб бораётган хонадонимизда китоб жавони борми ёки йўқлигига эътибор берайлик.

Энди бўлажак куёвга отасининг давлатига қараб эмас, дунёқараши, ўқишию уқувига қараб баҳо берайлик. Насл-насабида зиёли, ҳунарли, иймон-эътиқодли инсонлар борлигига қараб ришта боғлайлик.

Олий маълумот олмаган, мустақил дунёқараши шаклланмаган, ҳали бирор касб-кори йўқ йигитни, ҳаёт қийинчиликларини татиб кўрмаган, пул қаердан келиб, қаерга кетаётганини тушунишига ҳали анча бор эрка, тантиқ бир қизга уйлантиришнинг оқибатида барча йўқотишлар, парокандаликлар, тирик етим деган тушунчалар пайдо бўлаверади.

Пандемия шароитида ўтган 30 кишилик тўйларни кўпчилик хайрихоҳлик билан кутиб олди. Дарров эсимиздан кўтарилдими?!

Халқимиз: “Қани эди, карантиндан кейин ҳам ихчам тўй маросимларини ўтказсак, тўйларнинг сарф-харажати ҳам шундайлигича қолсайди!” деган фикрлар билдирмоқда. Нима учун шундай қолмаслиги керак? Кўпчилик маъқулласак, халқ муштарак мақсадда бир ёқадан бош чиқарса, албатта, рисоладагидек ихчам тўйлар бўлади. Бир кунлик дабдабага кетадиган маблағни ёшларнинг олий таълимда ўқиши учун контракт пулларига, алоҳида уй-жой қилишига, китоб жамламаларини олишига, тил ўрганишига, спорт билан шуғулланишига сарф қилинса, ўринли бўлмайдими?!

Келиннинг сепига бунча кўрпа-тўшак нега керак?

Тўрт рах қилиб хил-хил духобадан, атласу адрасдан кўрпа-кўрпачалар, ёстиқлар қилиш ҳозирда нимага керак? Ҳар бир уйда келинимиз ва ўзимиз томонидан қўшиб қилинган 20 донадан ортиқ кўрпа-тўшак ва шунча ёстиқлар жой эгаллаб ётибди. Қишки захларини олсин учун 6 йилдан буён ҳар ёзда офтобга ёямиз ва қайтиб киритиб қўямиз. Нима қилайлик, бировга бериб бўлмаса, ташлаб юбориб бўлмаса!

Келин-куёвлар бу кўрпа-тўшакдан фойдаланмайди. Нега деганда, уларнинг ўзларига мос замонавий, ихчам жомадонли кўрпа-тўшаклари ва ёстиқлари бор. Бу пахтали тўшаклар оғир бўлгани учун уларни кексалар ҳам ёпинмайди. Шундай экан, улар нега келиннинг сепига тахланади?

Қадимда узоқдан тўйга келганлар тўй бўлган хонадонда бир неча кунлаб қолиб кетишган ва мана шу кўрпа-тўшакдан фойдаланишган. У замонларда йўллар олислиги, транспорт муаммоси одамларнинг бир-бириникида қолиб кетишига сабаб бўлган. Ҳозирда ҳамманинг оёғи тагида транспорти бор. Айтилган вақтда тўйдан чиқиб уйига етиб олиш имкони бисёр. Ҳатто ака-ука, опа-сингиллар ҳам биров-бировиникида ётиб қолишига вақт йўқ. Шундай экан, сон-саноқсиз кўрпа-тўшак, йиллаб жой эгаллаб турадиган чинни ва биллур идишлар не учун керак? Сарподаги ортиқча кийим-кечаклар, бир йил ўтмай урфдан чиқиб кетадиган пойабзаллар учун ҳам харажатларни ақл билан ишлатадиган вақт келди. Қудаларга сотиб олинадиган тўнлар ўша куни елкага ташланади, холос. У зарбоп тўнлар, майда қовуқ чопонларни кийиб кўчага чиқиб бўлмаса! Фалон пулга олинадиган тўнлар йиллар давомида жой эгаллаб тураверади, тураверади. У тўйдан бу тўйга, у юбилейдан бу юбилейга ўтаверади, ўтаверади. Мана бизнинг аҳволимиз.

Иқтисоди ривожланган мамлакатларда ота-она томонидан фарзандининг бошланғич таълимига, олий таълимига сарф этилаётган маблағни биз тасаввур ҳам қилолмаймиз. Уйини сотиб, қизини яхши мактабда ўқитган ва йиллар давомида рикша деган аравада яшаган ҳиндни ақли заифга чиқаришимиз мумкин. Бир истеъдодли боласи олий таълим олиши, турли лабораторияларда тажриба ўтказиши, қўшимча ўқув дастурлари сотиб олиши учун оилада 5 киши меҳнат қилиб, қобилиятини юзага чиқаришига ҳисса қўшган япон оиласини тушунишимизга ҳали анча бор.

Ибратхона бўлган театрга бориши учун боламизга 50 минг сўм бермаймиз, йил давомида уйимизга кириб келадиган хазина — газета ва журналларнинг бир йиллик обунасига кетадиган пулни янги очилган кафе ёки ресторанга бориб бир кунда сарф қиламиз-у, ижтимоий тармоққа жойлаб, “мана мен шундоқ жойда, шундоқ овқат еяпман”, дея кўз-кўзлаймиз. Пулингиз кўплигини намойиш этмоқчисиз-да, шундайми? Кечирасиз, боласининг ўқиш контракт пулини тополмаётган ака, даволанишига маблағ излаётган сингил, гўдак болаларини витаминли озиқ-овқат билан таъминлай олмаётган қариндош, коммунал тўловларни тўлашга қийналаётган қўни-қўшни сизда ҳам бордир. Йўқ бўлса, атрофга қаранг, сиз ҳам биздек маошдан-маошга етишни ўйлайдиган, пенсия пулининг бир қисмини дори-дармонга тежаб ишлатадиган нуронийлари бор жамиятда яшаяпсиз.

Юртимизда ҳалол меҳнат билан пул топиб, уни мақсадли ишлатаётган оилалар йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Улар еяётган овқати, уйи, ётоқхонаси, ошхонаси билан мақтанаётганларни асло-асло тушунмайди.

Улар фарзандлари билан янги-янги лойиҳалар устида ишлайди, набиралари билан шахмат ўйнайди, спорт мусобақаларига боради, қизлари билан тун кечалар уйқудан кечиб, илмий ишлар ёзади. Улар оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш учун машаққатлар чекишдан қўрқмайди. Улар учта ишчи ўринни уч юзтага, уч юзтани уч мингтага етказишни ўйлайди. Улар кибру ҳаводан йироқ, манманлардан ҳам узоқроқ юради.

Зеро, ортга қайтмас ислоҳотларнинг, яшил тараққиёт даврининг талаби ҳам шу. Ҳар бир қадамимизни ақл билан ташлаш, ҳар бир сўмимизни ақл билан сарфлашдир.

Зулфия МЎМИНОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

маданият ходими.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + 9 =