Сардобадан сув ичган одам

Кўҳна сардобаларда кўмилиб қолган дардим…

Абдулла ОРИПОВ

Халқимизда “Ҳар тўқайнинг ўз бўриси бўлади” деган нақл бор. Дарҳақиқат, мубораклик адиб Жумақул Қурбонов ҳақида сўз кетганда, негадир дарров хаёлимга шу мақол келди. Рости ҳам шундай-да… Қанчалик маҳоратли, ҳассос бўлмасин, Қашқадарёнинг бепоён даштлари, саксовулзорлари, кенгликлари ҳақида бошқа биров у қадар ишончли ва самимий ёза олмайди. Чунки у — саҳро фарзанди, унинг киндик қони шу заминнинг қумлари, барханларига сингиб кетган…

Жумақул Қурбонов номини илк бор раҳматли Поён Равшанов билан ҳаммуаллифликда ёзилган “Амир Темур туғилган жой ёхуд Занжирсарой қиссаси” орқали таниган эдим. Асар аввал “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг бир нечта сонларида эълон қилинди, сўнгра китоб ҳолида босмадан чиқди. У кенг жамоатчилик орасида қизиқиш уйғотиши билан бирга, бир нечта муаллифлар томонидан эътирозларга ҳам сабаб бўлганди. Аммо шуни айтиш лозимки, муаллифлар бу асари орқали Занжирсарой деган тарихий манзил ва Соҳибқирон бобомизнинг севикли завжаси Сароймулкхоним туғилган маконни аниқлашга эришган эди. Яқинда марҳум устозимиз Поён Равшанов қаламига мансуб “Қадрдон сиймолар, яхшиларга эҳтиром” номли китоб қўлимга тушиб қолди ва уни варақлаётиб, қуйидаги битикларга кўзим тушди:

“Жумақул Қурбонов билан кўпдан қадрдонмиз, ажойиб, мақбул инсон. Вақтида бадиият соҳасида ҳамкорлик ҳам қилганмиз. “Занжирсарой” учун мен сабаб танбеҳлар ҳам эшитган эди. “Мунаққид”ларимиз тарихни, манбаларни билмаса, айб бизлардами?” Майли, гап бу эътирофларда эмас. Жумақул бағрикенг ёзувчи, сермаҳсул, узоқни ўйлаб бадиий режалар тузувчи адиб.

* * *

Кунларнинг бирида даврадошлари орасида Қамашининг “Кайковус”и номи билан танилган кекса ижодкор Бердиқобил Худойқулов ҳаммани ҳайратда қолдириб, пойтахтдаги нашриётдан “Қалб жавоҳири” номли китоб чиқарди-ю, орадан ўн кун ҳам ўтмай, асарининг тақдимотини ўтказишга қарор қилди. Айтилган куни отахоннинг уйига ҳамроҳлар билан етиб бордик.

Ҳовли одамлар билан гавжум экан. Чеккароқдаги жойга ўтдик. Негадир мезбон Бердиқобил бобо ва ношир Темирпўлат Тиллаев кўзимга безовтароқ кўринди. Шунда денг, Темирпўлат қўл телефонида ким биландир узоқ гаплашиб олгач, мезбонга бир нималар деганди, Бердиқобил бобо бирдан: “Жумақул келмаса, шунча дов-дасканинг кимга кераги бор?” — дея ўшқириб юборди.

Мезбоннинг бу сўзини кимдир эшитди, кимдир йўқ. Тақдимот тугаб, машинада қайтар эканмиз, эшитганимни устоз Абдивой Раҳимга айтдим.

— Биласанми, Қаршида нефть ва газнинг катта идораси бор. Бошлиғи Жумақул Қурбонов деган одам. Ўша киши Худойқуловнинг китобига ҳомийлик қилган, аммо зарур иш сабаб бугунги тадбирга келолмабди, — дея жавоб берди у.

— Ҳа, бари тушунарли, демак, отахон бекорга бунчалик бетоқат бўлмаган экан-да, — деди шоир ва адиб Йўлдошбек Кенжа бироз асабийлашиб. — Майли, лекин ким нима деса-десин-у, барибир зўр одам экан ўша Жумақул Қурбонов деганлари…

Нима, ўзимизда бойлар, тадбиркорлар йўқми? Бор, анчагина, лекин уларнинг кўпчилиги маънавият, маърифатдан йироқ кимсалар. Ишонч билан айта оламанки, улар умрида китоб тугул, газета-журнал ҳам ўқимаган, ўқимайди ҳам. Бир пайтлар шундайлар ҳақида вилоят газетасига “Маърифатга бегона қалб” деган танқидий мақола ёзиб, озгина балога ҳам қолувдим…

Бу адиб Жумақул Қурбонов ҳақида иккинчи бор эшитишим эди…

* * *

Бунга ҳам анча йиллар бўлди, чоғи. Кунларнинг бирида ҳамроҳларим Йўлдошбек Кенжа, Турсунбой Боймировлар билан Қаршига, аниқроғи, “Қашқадарё” газетасига “юриш” қилдик. Таҳририятда Нуриддин Эгамов, Мақсуд Ҳамроевларга олиб борган мақолаларни топширгач, раҳматли таҳририят ғазначиси Самандар Мусаевнинг хонасидан яхшигина қалам ҳақини олиб, ташқарига чиқдик. Шунда кимдир бизни чақиргандек бўлди. Қарасак, миришкорлик тиниб-тинчимас ижодкор Абдунаби Абдиев уч-тўрт қадам нарида турибди. Кўришиб, ҳол-аҳвол сўрашгач, у қўлидаги газетани кўрсатиб, деди:

— Мубораклик Жумақул Қурбонов деган ёзувчини эшитганмисизлар?

Бараварига бош ирғадик.

— Ўша оғайнимиз янги “Эл” деган газета чиқарибди… Мана илк нишона сони, — дея биттадан янги босмахона бўёғи анқиб турган газетани узатди. — Энди камина шу газетанинг таҳририяти аъзоси, анови дарвеш укаларингиз Баҳодир Абдираззоқ эса масъул котиб бўлиб иш бошлади.

Орадан кўпам ўтмай, менинг ҳам ўтган асрнинг 60-йилларида донгдор жамоа хўжалиги раиси бўлган Лапас Муҳаммадиев ҳақидаги “Яхшилик боғи” номли ҳужжатли қиссам газетанинг бир нечта сонларида давомли босилди. Газета эса қисқа фурсатда ўз йўли ва ўқувчиларини топди.

Бу адиб Жумақул Қурбонов ҳақида учинчи бор эшитишим эди…

* * *

Бир куни қоратепалик шоир Абдимурод Қодировнинг уйида бўлган гурунгдан қайтаётган эдик.

— Абдимурод зўр шоир-у, лекин бор-йўғи биттагина ўттиз икки бетлик китоби чиққани чатоқ-да, — деди Йўлдошбек Кенжа ҳазил аралаш.

— Эй, “дард”имни янгилаб юбординглар, — деди Абдивой домла секингина кулимсираб. — Эсларингда бўлса, бундан анча йиллар бурун бир сайлов бўлувди. Бир куни кечқурун уйимга иккита нотаниш одам келди. Иккови ҳам катта амалдорлардан экан. Улардан бири шеригини кўрсатиб, унинг вилоят депутатлигига номзод экани, агар камина масъул котиб бўлган ҳудуддан яхши овоз олса, битта китобимизни чиқариб беришни бўйнига олди. Сайлов ҳам ўтди, бояги амалдор депутат ҳам бўлди. Кунларнинг бирида “ваъда” берган амалдорнинг идорасига бориб учрашдим. “Бир ҳафтадан кейин келинг”, деб яна ваъда берди. Ҳафта ўтиб яна бордим. Яна ўша гап. Охири ҳафсалам пир бўлди, уйга келиб, “Ваъдабоз тулки” деган масал ёздим ва “Муштум”га жўнатувдим, дарров босишибди. Ана шундай қилиб хуморидан чиқувдим…

— Биласизларми, водий тарафда Ҳазиний деган шоир ўтган. Унинг “Фарғона тонг отгунча” ғазали маҳзун қўшиқ бўлган. Водийликлар ўша шоирнинг ижод намуналарини тўплаб, чиройли китоб қилиб чиқаришибди. Ўзимизнинг Абдулла Гулшанийнинг ҳам ўша шоирдан кам жойи йўқ. Қани эди, бирорта мард чиқиб, китобини нашр эттирса, савобнинг тагида қоларди…

— Бизнинг раҳбарларда йўргакда теккан бир касаллик бор. Фақат юқоридан айтишса, қилишади, бўлмаса, йўқ. Ана, шоира Момохол Элмуродованинг Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлганига қирқ йилдан ошса ҳам, бирор китоби каттароқ тиражда нашр этилмаган. Инсоф билан айтсак, шоира опамизнинг шеърияти даражаси пойтахтда ижод қилаётган айрим машҳур адибаларнинг ижодидан кам эмас.

Яқинда Қаршига бориб, ёш ёзувчи Баҳодир Абдираззоқни учратиб қолдим. Оғзи қулоғида, ўзи осмонда юрибди. Қалингина “У” номли ҳикоя ва қиссалар тўплами нашр этилибди. “Ҳокимимиз Жумақул ака чиқариб берди”, — деди фахрланиб.

— Қани энди, ана шундай саховатпеша раҳбарлар кўпроқ бўлса, — деди машина рулини бошқариб келаётган ижодкор Сайфулла Ал-Мурод ўйчан оҳангда.

Бу Жумақул Қурбонов ҳақидаги навбатдаги эзгу гап эди.

* * *

Ҳаётда шундай одамлар кўпки, мабодо бирор каттароқ мансаб-лавозимга ўтириб қолса, энг яқинларини ҳам “танимай” қолади. Айрим форма кийган ғўддайганлар эса ияги осмонда, одамни танимайди. Аммо вақт ўтиб амалидан кетгач, обрўси йўқ, бировга яхшиликни раво билмаган шўртумшуқлар дами чиққан коптокдек писсайиб, ҳаммага аланг-жаланг қиладиган, ҳатто эгнига желак кийиб мачитга қатнайдиган “пешво”га айланадилар. Бундай юзсизларни ҳам кўриб юрибмиз.

Шундай. Бу дунё — бир синов. Ундан оёғи ердан узилганлар вақти келиб… қандай “ерга тушгани”ни сезмай қоларкан. Аммо ҳаётда яхшиямки Жумақул Қурбоновга ўхшаган инсонлар ҳам бор. У кабилар самимиятни “от устида” ҳам, ундан кейин ҳам унутишмайди. Доимо бирдек. Яхшилик қилишни умр мазмуни деб билади.

* * *

Ҳа, вақт дегани югурик, умр эса ўткинчи. Қаҳрамонимиз — адиб Жумақул Қурбонов бугун қутлуғ ёш остонасида. Ҳаёт дегани бу инсонга катта лавозим ва имкониятлар берди. Қолаверса, китобхон мухлислари ҳавас билан ўқийдиган гўзал ҳикоя ва қиссалар, романлар ёзди. Асарлари адабиётимизнинг атоқли шоир ва адиблари Абдулла Орипов, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов, Тоҳир Маликлар назарига тушиб, улар эътирофига сазовор бўлди.

Дарвоқе, юқорида ижодкорни саҳро фарзанди, сардобадан сув ичиб улғайган одам деб таърифламоқчи эдик.

Шуниси аниқки, Сардобадан сув ичганлар, албатта, яхши одамлар бўлади…

Ўролбой ҚОБИЛ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

10 − 2 =