Ҳаётга йўл излаб кирайлик нурдай

Норбобо ШАКАРОВ
Муаллиф ҳақида:
Норбобо ШАКАРОВ — Қўшработ туманида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетида таҳсил олгач, мамлакатимизнинг етакчи матбуот нашрлари — “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон овози”, “Қишлоқ ҳаёти” газеталарида ишлаган. Унинг кўплаб танқидий ва таҳлилий мақолалари, очерк ва лавҳалари матбуот нашрларида эълон қилинган. Қуйида ҳамкасбимиз, I даражали “Меҳнат фахрийси” нишони соҳиби Норбобо Шакаровнинг турли йилларда қоғозга туширган шеърларидан намуналар эълон қилинмоқда.
Соҳилдаман, ўтирибман жим,
Тўлқинларнинг шовқинин тинглаб.
Гувиллайди дарёи азим,
Гоҳида шўх, гоҳида инграб.
Тўлқинларнинг сонин санайман,
Ва отаман ҳар бирига тош.
Тўлқин эмас, оқаётган ман,
Томчилари — кўзимдаги ёш.
Ўша менман оқаётган шўх
Қирғоқларга уриб бошини,
Пойингиздан оқиб ўтган дам,
Отманг зинҳор таъна тошини.
* * *
Ҳимолайни кашф этдим бугун,
Табрикланг сиз мени, онажон!
Ҳимолайни забт этдим бугун,
Табрикланг сиз мени, онажон!
Колумбдек қувончим чексиз,
Кашфиётим буюк, онажон.
Ҳимолайнинг борлигини сиз
Айтмовдингиз ахир, онажон.
Дунёдаги энг баланд жой деб,
Кўрсатгансиз Ғариб тепани,
Унга қўнар кечаси ой деб,
Юпатгансиз гоҳида мани.
Бўй чўзганда мен яна бир оз,
Сиз очдингиз менга бир сирни,
Айтдингизки, ўн йил бурун — ёз,
Кузатганман отанг фақирни.
Шу тепада қўл чўзиб унга
Узатганман отангни жангга.
Бу тепага, ўғлим, чиқиб боқ,
Кўринади отанг кетган ёқ…
* * *
Дўстим Бекпўлат Ўрозқуловга
Умримиз ўтмоқда, югурмоқда вақт,
Чавандоз маррага шошилган мисол.
Не бахтки, тирикмиз, дўстим, буюк бахт,
Демак, бу ҳаётда ҳали бор висол.
Ўтган дам — умрга ачинмай сира,
Бой берган фурсатлар учун хўрсинмай,
Яхшиси, эртанги тоза, бокира,
Ҳаётга йўл излаб кирайлик нурдай.
Бу ҳаёт кўҳнадир асрий обида,
Сен айтган Темур ва Бобур мероси,
Сен ва мен, дўстгинам, замон олдида,
Йилт этган мўъжаз бир учқунмиз, рости.
Ва лекин учқундан сачраган қудрат,
Бир замон яратган улкан қуёшни.
Шундан сўнг она-Ер — шу буюк хилқат,
Нур эмиб қуёшдан кўтарган бошни!
* * *
Бўрилар ҳақида сўзлаб одамлар,
Гўдак юрагимга соларди ғулув,
Ва тунлар алаҳсиб, қўрқинчли дамлар,
Хаёлим чулғарди чарх этиб ғув-ғув.
Шунда титраб-қақшаб онам бағрига
Бекиниб олардим нажоткорим деб.
Онамдан жилмасдан қадам нарига,
Эшикка боқардим суратдай қотиб.
Ва бир оз улғайиб таниб ақлимни,
Оқ нею, қора не ажратганим кез,
Бошқа бир шарпалар, қўрқув дилимни
Музлатиб титрата бошлади тез-тез.
Мен ҳамон гўдакман, қўрқаман абас,
Қўрқувдан ҳисларим кетар узилиб.
Энди тушларимда бўрилар эмас,
Ёвуз бир кимсалар ўтар тизилиб.
ОХИРГИ МАКТУБ
Қабул эт охирги мактубим, эркам,
Қалбингга тош отмоқ эмас истагим.
Ўтмишни эслашни хушламасам ҳам,
Нетай, эски дарддан халос бўлмадим.
Мен ҳамон ошиқман ўша сен кўрган,
Йўлларинг пойлаган ёниб интизор.
Тунлари мастона шеър ўқиб юрган,
Ишқингда Мажнундек бўлиб ғамгузор.
Нетайки, мен сени унутолмадим,
Қисмат деб шу ҳолни айтсалар керак.
Васлингга интилдим… Йўқ, етолмадим,
Елларга соврилди бор орзу-тилак.
НОМАЪЛУМ СОЛДАТ
Одамлар зиёрат қилишар бунда,
Олис-олислардан келиб атайин.
Муқаддас хилхона — кўҳна заминда,
Номаълум солдатнинг бош қўйган жойин.
Бош эгиб турибман қаршингда бу кун,
Бағримни бир ўкинч ўртар аламли,
Хаёлим оғир бир саволга тутқун,
Ўтмишга тик боққан кўзларим намли.
Ким эдинг? Бағримни ўртайди савол,
Балки жигаримсан қоним қўшилган.
Она юртим бўлсин дея пок-ҳалол,
Ўзи қаро ерга мангу кўмилган.
Ким эдинг? Оламга мангу саволсан,
Суронлар яширди ҳақиқий номинг.
Ким эдинг? Оламга мангу сабоқсан,
Замон тақдирида бор муқаддас қонинг.
* * *
Мадад бер, севгилим, мадад бер менга,
Кўмакка муҳтожман — қанотсиз бургут.
Меҳрингни қўмсайман интилиб сенга,
Кел, жоним, кела қол, қўлгинамдан тут.
Сенсиз менга ўзи кўк не, само не?
Бағримни илитмас юлдузлар тафти,
Сайёралар билмас ишқ не, вафо не?
Билса, тунда кўкка чиқмасди асти…
1973 йил.
МАЖНУНТОЛ
Анҳор ёқасида бир туп мажнунтол
Ўсарди шохлари эгилиб сувга.
Мен уни суярдим топиб бир тимсол,
Ўхшатардим ўзим севган сулувга.
Илк севги қалбимга бўлганда меҳмон,
Унинг оғушида хаёл сурардим.
У менга сўйларди сабо эсган он,
Мендан “ошиқмисан?” дея сўрарди.
Висолнинг маст-аласт ширин дамлари,
Унинг паноҳида ўтди бирма-бир,
Мажнунтолнинг содиқ қирқ кокиллари,
Бизни сақлар эди ёт назардан сир.
Аммо шум тақдирнинг аччиқ қисмати
Мажнунтол бағрини кетди тилкалаб,
Уни яшин урди илк баҳор пайти,
Қайта юз очмади барглари яшнаб.
Менинг ишқ ниҳолим урмагандек ниш,
У ҳам мунгли боқар маъюс юракка,
Иккимиз турибмиз… ғариб кўриниш,
Унинг шохлари йўқ, мен эса якка…
ТОЛЕ ҲАКАМИ
Ҳар куни бир маҳал — кеч. Анҳор бўйи,
Кезаман нимадир қўмсаб бетайин.
Тақдир эзиб келар мени шу кўйи,
Зарра ором бермай қийнаб атайин.
Не эксанг, ўрасан дер эди онам.
(Кечиринг онажон вақт ўтди энди.)
Мен бахтни авайлаб эъзозласам ҳам,
Кўнгил шишасига тош тегиб синди.
Энди ўша кемтик бахтимни, қаранг,
Кимгадир тутмоқчи бўламан ямаб,
Қачондир урилиб, босиб қолган занг
Омадни кўрмоқчи бўламан синаб.
Ва шунда қўзғолиб дилда аланга,
Енгмоққа шайлансам синовларни ҳам,
Оҳ, лекин нетайин, йўл бермас менга,
Мен сенга толе деб аталган ҳакам.
1971 йил.
ЁЛҒИЗ ЙЎЛОВЧИ
Бу йўлдан минг ўтдим, эҳтимол,
Бугунгиси — бир минг биринчи.
Якка ҳамроҳ — кўкдаги ҳилол,
Кўчада мен — ёлғиз ўткинчи.
Кетаяпман, йўлбошловчи мен,
Хаёлларим чўзилган карвон.
Дақиқалар асрларга тенг,
Карвонимга ураётган бонг.
Карвонбоши шошар манзилга,
Хаёлини тезлар, қамчилар.
Аммо, қаранг, сўнгги занжирга,
Тиркалган нор ортига тортар.
Йўлбошчининг ортар хуноби,
— Чуҳ, жин ургур, тезроқ юрсанг-чи!
Имиллашга чидамай тоби,
Жаҳли чиқиб тортади қамчи.
Чақнаб кетар қамчининг зарби,
Сескантириб ярим дунёни…
Олис йўлда ҳориган каби,
Қўзғалади хаёл карвони.
Ёдга тушар шу дам бирма-бир
Ёшлик, орзу, севги, хотира…
Дунё эса айланади гир,
Ўтганини қайтармай сира.
Бу йўлдан минг ўтдим эҳтимол,
Бугунгиси — бир минг биринчи.
Якка ҳамроҳ — кўкдаги ҳилол,
Кўчада мен сирли ўткинчи.
РЕГИСТОН
Ой сузади тунда маъюс — сўроқ белгиси,
Самарқандга кўкдан сочиб совуқ нур-зиё.
Минорлардан ўрмалайди ўтмишнинг иси,
Туйнуклардан мўралайди қадим Осиё.
Қасрларнинг соясида бир шарпа кезар,
Мозийдаги асрларнинг тилсиз элчиси.
Кошинларда ялтирайди сирли нақш-зар,
Кўрганларин сўзлай олмас, лолдир бариси.
Лекин анов минорларда менинг қоним бор,
Лойлари ҳам кўз ёшимга қорилган тупроқ,
Йиқилмаган қасрларда менинг жоним бор,
Шу боисдир мозий ҳукми улардан йироқ.
Бунда қанча афсона бор, қанча ҳақиқат,
Мен эшитган эртакларга қоришган дунё.
Бунда барча орзу қилган, етмаган фақат,
Абадият ва мангулик ётибди гўё.
Садо чиқмас, Регистон жим, асрлар жим,
Бир меҳрибон оғушида ётибди мудраб.
Ойдин тунда ҳайрат ила узоқ тикилдим,
Уйқудаги аждодларим қисматин ўйлаб.
МУВАШШАҲ
Ачинардим бир маҳаллар ўқиб китобдан,
Забун толе ҳамроҳ бўлган Мажнун ҳолига.
Истаганман ўшал онлар сахий офтобдан.
Зиёнг бирла паноҳ бўл деб ошиқ аҳлига.
Аммо кетди истакларим сўнгсиз самога,
Битган каби дилрабо куй, оҳангдор қўшиқ.
Олам иши тўла экан кўп муаммога,
Ногоҳ менинг бошимга ҳам тушди ошиқлик.
Уларга-ку мен ачиндим лек толеимга,
Гал бор экан шайдоликка, ҳайронман энди.
Ажаб, кимлар ачинаркан менинг ҳолимга?
…сен туфайли Мажнун бўлдим,
телба, қувғинди!