Нурали Қобул сарҳисоби

Жамиятда юз бераётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар суръати бу борадаги илмий изланишлар самарадорлигининг янада ошишига замин яратади. Истиқлол даврида кўплаб ижодкорлар юртимиз тарихи, замонамиз қаҳрамонлари, шу билан бирга жамият ҳаётидаги айрим иллатлар ҳақида ўнлаб ўқишли асарлар яратди. Эътиборли жиҳати, ўзбек адабиётида таниқли адиб Нурали Қобул томонидан роман-памфлет жанрида илк асарлар дунёга келди.
Ёзувчининг босиб ўтган ижодий йўли ҳақида ҳикоя қилувчи “Нурали Қобул қадрияти” тўпламини ана шундай саъй-ҳаракатлардан бири сифатида қабул қилиш мумкин. Узоқ йиллик изланишлар, кузатишлар ҳосиласи ўлароқ тўпланган мақолалар ўқувчида катта қизиқиш уйғотиши шубҳасиз.
Академик, адабиётшунос олим Бахтиёр Назаровнинг “Тарихий ҳақиқат ёғдулари ёхуд ўзликни бадиий англаш” мақоласи сўзбоши ўрнида келган. Шунингдек, ушбу китобдан Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Ашраф Аҳмедов каби машҳур мунаққид, тарихчилар, халқимизнинг севимли адиблари Одил Ёқубов ва Раҳмат Файзийнинг самимий эътирофлари, адибнинг насри, шеърияти, публицистикаси борасида юз нафарга яқин ижодкорлар, турли соҳа вакилларининг фикр-мулоҳазалари, илмий тадқиқотлари, турли йилларда адиб билан уюштирилган суҳбатлар, эсселар ўрин олган.
Яна бир аҳамиятли томони шуки, бу тўплам адабиётшунос олимлар, тадқиқотчилар, докторант, магистрант, филология йўналишида таҳсил олаётган талабалар ҳамда ёзувчи ижоди билан қизиқувчи адабиёт ихлосмандлари учун мўлжалланган. Мазкур тадқиқлар ўзбек адабиётида ёзувчи ижоди бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар базасини янада бойитишга хизмат қилади. Салкам 700 бетдан иборат китоб Гулистон давлат университети ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Абдунаби Тўйчиев томонидан нашрга тайёрланган. Бу адибнинг ўз ўқувчилари олдидаги ўзига хос сарҳисобидир.
Куни кеча Гулистон давлат университетида 75 ёшни қаршилаган адибнинг бетакрор ижодига бағишланган “Нурали Қобул қадрияти” китобининг тақдимотига бағишланган адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди. Унда юртимиз ҳамда қўшни республикалардан ташриф буюрган адабиёт мухлислари иштирок этди.
Обидахон ФАЙЗУЛЛАЕВА,
Гулистон давлат университети профессори,
филология фанлари доктори.