Юракдан сўзлаган инсон

Саодат Ўрмонова. Бу ном ўзбек журналистикасига ошно бўлган ҳар бир инсон учун таниш, азиз ва самимий бир овоздир. Бу овоз йиллар давомида кўплаб юракларга йўл топди, минглаб хонадонларга меҳр ва ҳақиқат сўзини олиб кирди. Бу тележурналист ўз фаолияти давомида фақат ахборот тарқатган эмас, балки ижоди билан инсонлар қалбига муҳаббат, садоқат, фидокорлик, инсонпарварлик каби туйғуларни ҳам сингдирган.
Ёшликдан ижодга, журналистикага муҳаббати кучли бўлган Саодат опа ўзининг илк қадамлариданоқ касбига сидқидилдан ёндашди. Унинг эфир орқали халққа тақдим этган ҳар бир дастури, ҳар бир чиқиши нафақат ахборот, балки руҳий озуқа, қалбга яқин мулоҳаза бўлиб эшитилар эди. Ҳар бир саволи, ҳар бир мулоҳазаси ортида чуқур билим, теран мушоҳада ва инсон қалбига етадиган ҳис-туйғулар мужассам эди.
Куни кеча пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси томонидан ташкил этилган “Ўзбекистон телерадиоканалиданман” номли китоб тақдимоти айнан ана шундай юракдан чиққан, қалбга етадиган сўзларнинг, воқеликнинг ифодаси бўлди.
Ушбу китоб нафақат шахсий хотиралар, балки бир даврнинг жонли гувоҳи, бир авлоднинг журналистик тафаккурини шакллантирган мактаб ҳақидаги ҳужжатдир. Унда нафақат фактлар, балки ҳаёт сабоқлари, изтироб ва хурсандчиликлар, қийинчиликлар ва зафарлар мужассам.
Ҳа, Саодат Ўрмонова нафақат устоз, балки унинг ижоди ўзига хос мактабдир. У кишининг меҳнати, қалами остидаги сатрлар, эфирдаги чиқишлари қанчадан-қанча ёш журналистлар учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилган. “Қишлоқ ҳақида ўйлар”, “Тележурналист”, “Мўъжизалар макони” каби китоблари орқали у инсонларга фақат фактларни эмас, балки ҳаёт ҳақиқатини, инсон юрагидаги садоларни етказишга ҳаракат қилди.
Китоб тақдимотида Хуршид Даврон, Насиба Ибрагимова каби таниқли ижодкорлар, устозлар сўз олиб, Саодат опанинг ҳаёт ва ижод йўли, касбга бўлган садоқати ҳақида самимий сўзлар айтишди. Бу сўзлар шунчаки мадҳ ёки табрик эмас, балки чинакам ижодкорнинг ҳақиқий қадрини англашга уриниш, унга бўлган юксак ҳурмат ифодаси эди.
Тадбир якунида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Х.Салимов Саодат Ўрмоновага уюшманинг эсдалик совғаларини топширди. Бу — миннатдорлик рамзи, ибрат ва эҳтиром тимсоли эди. Шундан сўнг муаллиф китобларини талабаларга ҳадя қилди. Бу — билимга, келажакка қилинган саодатли ҳиссадир.
Чиндан ҳам Саодат Ўрмонова — оддий ва камтар, бироқ қалби дарё инсон. Унинг овози орқали халқ ўзини эшитган, кўплаб ҳақиқатлар халққа етказилган. У кишининг ижоди бугунги кундаги ёш журналистлар учун қўлланма, ибрат мактаби сифатида хизмат қилмоқда.
Шу кунларда журналистиканинг ўзига хос мураккаб ва тезкор дунёсида юракдан сўзлаш, инсон юрагига етадиган сўз топиш осон эмас. С.Ўрмонова эса ана шундай сўзларнинг устаси. У киши ҳақида ёзилган ҳар бир сатр, айтилган ҳар бир сўз — бу бир эътироф, бир миннатдорлик.
Мухтасар айтганда, “Ўзбекистон телерадиоканалиданман” китоби — бу фақат хотира эмас. Бу — руҳий мерос, бу — журналистика тарихининг тирик гувоҳи, бу — келажакка йўлланган даъватдир. Саодат опа, сизнинг сўзларингиз, сизнинг меҳнатингиз яна кўп юракларга етсин, ёшлар учун илҳом булоғи бўлиб хизмат қилаверсин!
Нигина Искандарова,
ЎзЖОКУ 1-курс талабаси.