Маърифатнинг фаол элчилари бўлиш керак!

Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ҳузуридаги “Зиё” медиа маркази ташаббуси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташкилотчилигида “Радикаллашув омилида ахборот манипуляцияси ва унга қарши курашиш” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясининг амалий кўмагида ўтказилди.

Семинарнинг очилишида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори, таниқли  олим Музаффар Комилов ва бошқалар мамлакатимизда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш масаласига катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Тадбирда қайд этилганидек, диний радикал ғоялар, экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотларнинг ахборот хуружи аҳоли, айниқса, ёшлар онгига жиддий таҳдид солмоқда. Ушбу таҳдидларга қарши самарали курашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни беқиёс. Телеканаллар, радиостанциялар, интернет сайтлари, газета ва журналларда минглаб журналистлар фаолият юритмоқда.

Бироқ радикализм, экстремизм ва терроризмга қарши журналистик йўналишда иш олиб бораётган ижодкорлар сони сезиларли даражада кам. Бунинг ортида мавзунинг мураккаблиги, журналистларнинг махсус тайёргарлиги етарли эмаслиги, хусусан, радикализм масаласининг сиёсий, геосиёсий, иқтисодий, диний ва мафкуравий жиҳатларидан воқифлик даражаси пастлиги каби қатор омиллар ётади.

— Диний мавзу жуда нозик саналади, — деди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси в.б. Холмурод Салимов. — Бу мавзуни ёритиш эса журналистларимиздан чуқур ва мукаммал билим, соғлом тафаккурни талаб этади. Шу сабабли мазкур мавзуда қалам тебратаётган журналистлар учун семинар ташкил этиш долзарбдир. Айтиш керакки, бу каби маърифий-амалий семинарларни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказиш кўзда тутилган. Маълумки, бугунги кунда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилаётган анжуманлар жараёнида мазкур муаммо янада яққолроқ кўзга ташланмоқда. Ўқув-семинардан кўзланган асосий мақсад эса журналистларни ахборот хуружи, дезинформация ва диний радикализм таҳдидларига қарши маърифий ёндашувлар асосида қайта тайёрлаш, уларни бу мураккаб жараёнларни холис ва таҳлилий ёритишга қодир мутахассисларга айлантиришдан иборат.

Айниқса, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар онгига таъсир ўтказишга қаратилган экстремистик гуруҳлар фаолияти жиддий хавотир уйғотмоқда. Ахборот майдонидаги манипуляциялар, сохта маълумотлар ва тарғибот-ташвиқот воситасида онгни бошқаришга қаратилган уринишлар фақат медиа соҳасининг муаммоси эмас, балки миллий хавфсизликнинг ажралмас қисмидир.

Шундай шароитда журналистлар ахборот тарқатувчи эмас, балки жамиятда маънавий иммунитет яратувчи, хавфсизликни мустаҳкамловчи маърифат элчилари сифатида фаолият юритишлари лозим.

Ўқув-семинар якунида ҳар бир иштирокчига ўқилган маърузалар асосида мақола ёки таҳлилий материал тайёрлаш юзасидан тавсиялар берилди. Уларга сертификатлар, келгусида мавзуни атрофлича ва самарали ёритишда қўл келадиган китоблар ва қўлланмалар тўплами тақдим этилди.

Назокат УСМОНОВА

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 − ten =