Аввало ўзимизни ҳурмат қилайлик!
Она тилимиз — миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир.
Ш. МИРЗИЁЕВ
Тил бу шунчаки одамлар ўртасидаги мулоқот воситаси эмас, балки миллатнинг борлигини, шу миллатга мансуб халқнинг яшаётганлигини дунёга кўрсатувчи воситадир.
Шунинг учун ҳам она тилимиз, яъни ўзбек тилининг қадр-қиммати масаласи доимо кун тартибида бўлган.
Аслида она тилини асраш, авайлаш ва унинг ривожи учун курашиш шу миллатга мансуб бўлган ҳар бир кишининг энг муҳим вазифаси, бурчидир. Айтиш жоиз бўлса, бу бурч ва жуда катта масъулият демакдир.
Хўш, биз бу бурчни, тилни асраб-авайлаш масъулиятини бугунги кунда нечоғлиқ уддалаяпмиз? Тилимизнинг ҳурматини, қадр-қимматини ўрнига қўя оляпмизми? Саволлар кўп, жавоблардан эса минг афсуски, кўнгил тўлмайди.
Она тилимиз миллатнинг ори, ғурури, ифтихори ҳисобланади. Хўш, оримиз, ғуруримиз ва ифтихоримиз бўлган тилимиз софлиги учун нималар қиляпмиз? Она тилимизни онамизни қадрлагандек қадрлай оляпмизми? Тилимизга онамизга ҳурмат-эътибор кўрсатган каби ҳурмат ва эътибор кўрсата оляпмизми?
Бу каби саволларга жавоб бериш жуда қийин. Чунки “ҳа” деб жавоб берсак, нафақат бошқаларни, балки ўзимизни ҳам алдаётган бўламиз.
Тўғри, бугунги кунда тилимизга ҳукуматимиз, хусусан, Президентимиз томонидан катта эътибор қаратилиб, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 35 йилдан ошди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун юртимизда ўзбек тили байрами куни деб эълон қилинди. Барча вазирликлар, давлат идораларида иш юритиш тўлиқ давлат тилида олиб борилмоқда.
Унда муаммо нимада, дерсиз? Масала шундаки, тилимизга давлат тили мақоми берилганига 35 йилдан ошган бўлса-да, унинг қадр-қимматини жойига қўя олдик, дея мақтана олмаймиз. Таниқли олим таъбири билан айтганда, биз бу кунни фақатгина байрам қилишимиз эмас, балки тилимизнинг қадр-қимматини жойига қўйишимиз керак.
Шу кунларда ўзбек бўла туриб фарзандларини бошқа тилдаги мактабларга олиб бораётган, уйида, кўча-кўйда фарзандлари билан бошқа тилда сўзлашаётганлар сони тобора ортиб бораётгани ҳар биримизни безовта қилиши керак. Тўғри, боланинг кўп тил билгани яхши, фақат бу ўз она тилини билмаслик ҳисобига эмас! Ахир маърифатпарвар жадид боболаримиз фарзандларимиз камида беш тилни билиши керак, аммо дастлабки саводини ўз она тилларида чиқариши керак, деб бежиз ёзишмаган.
Ҳа, фарзандларимиз саводини ўз она тилида чиқариши, ўз она тилида фикрлаши лозим. Чунки инсон қайси тилда фикрласа, ўша миллатга хизмат қилади.
Шу ўринда адабиётшунос олим, раҳматли Ғайбулла ас-Саломнинг фикрларини келтириб ўтсак: “Биз бола тарбияси, дидни ўстириш, ўсаётган ниҳолга шакл бериш, табиатни муҳофаза қилиш, ўрмон, кўл, денгизларни асраш ҳақида (кечикиб бўлса ҳам!) ўйлай бошладик. Йиртқичлар, балиқлар, капалаклар, чувалчанглар, шиллиққуртларни ҳалокатдан қутқазиш ҳақида қонунлар бор. Нега энди тилнинг софлиги, беғуборлиги, покизалиги тўғрисида ғамхўрлик йўқ? Ахир тил — руҳий ғизо, инсоннинг инсонлиги, унинг моҳияти-ку!”
Ҳаммамиз биламизки, юртимиз келажаги ёшлар қўлида. Ёш авлодни она тилини пухта биладиган, ўз фикрини лўнда ифодалай оладиган қилиб тарбиялаш лозим. Бунинг учун энг аввало ўзимиз она тилимизга эҳтиром кўрсатишимиз, қадр-қимматини жойига қўйишимиз керак.
Ёшлар нимага ишонади? Эшитганидан кўра кўпроқ кўрганига ишонади, албатта. Улар бугун кўчага чиқиб нимани кўряпти? Айниқса, мамлакатимиз пойтахтини сайр қилиб юрган ёшларнинг кўзи қандай ёзувларга тушяпти? Улар кўча-кўйда она тилимизга бўлган ҳурматни, эҳтиромни кўришяптими? Йўқ, албатта.
Авваллари: “Нега Ўзбекистондаги бинолар, турли ташкилотлар ва савдо дўконларининг номлари рус тилида ёзилган? Давлат тилида ёзиш керак-ку!” — дея нолир эдик. Бугун эса… яна қанча тилларга – инглиз, турк, хитой тилларига тутилдик. Катта-катта биноларимиз пештоқига бир неча хил ажнабий тилларда ёзиш урф бўлди.
Ишонмасангиз, бир вақт топиб пойтахтимиз марказини айланинг, аҳвол қай даражада эканлигини ўз кўзингиз билан кўрасиз.
Амир Темур хиёбони атрофидаги энг катта меҳмонхоналар, савдо ва кўнгилочар биноларнинг пештоқига номлари катта қилиб инглиз тилида ёзилганига гувоҳ бўласиз. Ҳатто номига кичикроқ қилиб бўлса ҳам давлат тилида ёзиб қўйилмаган. Аслида, акси бўлиши керак эмасми?! Бу биноларнинг пештоқларига катта ҳарфлар билан ўзбек тилида ёзилиши, агар лозим бўлса, пастроққа кичикроқ ҳарфларда бошқа тилларда ҳам ёзиш мумкин эди.
Ундан тепароққа, Амир Темур кўчаси бўйлаб Олой бозори, Минор метро бекати, ундан ўтиб, Бодомзор томон юрсангиз, ўзбек тилида ёзилган ёзувга кўзингиз ё тушади, ё тушмайди. Чунки бир-иккита давлат идораларидан ташқари, барчасининг номлари бошқа чет тилларида ёзилганига гувоҳ бўласиз. Хаёлингиздан “Мен ҳозир Ўзбекистонда юрибманми ёки бошқа давлатдами?” деган ўй ўтади.
Хўш, нимага пойтахтимиз марказида Ўзбек тили ҳақидаги қонунга риоя қилишмаяпти, беписандлик билан қарашяпти? Мутасаддилар қаёққа қараяпти?
Ҳадемай 21 октябрь — тилимизга давлат тили мақоми берилган кун келади. Яна бу кунни байрам сифатида нишонлаймиз. Ҳаммаёқ она тилимиз жонкуярлари ва фидокорларига тўлади. Телеэкранларда таниқли инсонлар, ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, санъаткорлар она тилимизни мадҳ этиб интервьюлар беради, шеърлар ўқийдилар.
Мамлакатимизга келганига эндигина бир-икки йил бўлган хорижлик талабаларнинг она тилимизни ўрганиб бийрон-бийрон гапираётгани, тилимизнинг бойлиги, жозибадорлиги ҳақида сўзлаётганини кўриб, эшитиб бошимиз кўкка етади. Аммо кейин-чи… Кейин эса бошқа байрамлар, тадбирлар билан овора бўламиз. Она тили байрами куни ҳам бошқа байрамлар каби бир кунлик тадбир сифатида ўтиб кетади. Ахир она тилимизга ҳурмат, эҳтиром бир кунлик байрам бўлиши керак эмас-ку. Она тилимизга ҳар нафасимизда, ҳар кунимизда эҳтиром кўрсатишимиз керак эмасми?
Ўзимизни ҳурмат қилайлик, ўзлигимизни унутмайлик. Неча минг йиллик тарихга эга бўлган, ўзбеклигимиз унвони бўлган ўзбек тилимизнинг қадр-қимматини жойига қўймас эканмиз, бизнинг дунёда борлигимиз бекордир.
Носиржон ЭРКАБОЕВ,
Фавқулодда вазиятлар вазирининг
Давлат тилини ривожлантириш ва
ижтимоий масалалар бўйича
маслаҳатчиси.